Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2018 й. 664-сон "Тўқимачилик саноати корхоналарини янада рағбатлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.08.2018 й.

N 664



ТЎҚИМАЧИЛИК САНОАТИ КОРХОНАЛАРИНИ

ЯНАДА РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА УЛАРНИНГ

РАҚОБАТБАРДОШЛИГИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тўқимачилик соҳаси корхоналарини айланма маблағлар билан ўз вақтида таъминлаш, уларнинг барқарор ишлаши учун қулай шароитлар яратиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017 йилги пахта толаси ҳосилини ишлаб чиқариш ва 2018 йилнинг январь-август ойларида етказиб беришнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида" 2018 йил 18 январдаги ПҚ-3483-сон қарори билан тасдиқланган пахта толаси балансининг амал қилиш муддати 2018 йил 15 августда тугаши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ пахта толаси тўқимачилик корхоналарининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда биржа савдолари орқали қуйидаги тартибда чекловларсиз сотилади:

а) 2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

б) 2018 йилги ҳосил учун - нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш.


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш тўғрисида" 2018 йил 12 февралдаги 106-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 2-сон, 31-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 15 августдаги

664-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг ""Ўзпахтасаноат" акциядорлик

жамияти корхоналарида ишлаб чиқарилган пахта толасини

сотиш ва ҳисоб-китоблар механизмини такомиллаштириш

тўғрисида" 2018 йил 12 февралдаги 106-сон қарорига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 5-банга қуйидаги мазмундаги  учинчи хатбошилар қўшилсин:

"Бунда маҳаллий тўқимачилик корхоналарига пахта толаси биржа савдоларида қуйидагилар асосида миллий валютада сотилади:

2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

2018 йилги ҳосил учун - нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш".


2. 1-иловада:


а) 12-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"тасдиқланган улгуржи прейскурант нархлардан паст даражада бўлганда, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олган ҳолда, республика ташкилотлари учун пахта толасини сотишда пахта тозалаш заводлари амалда юклаб жўнатиш кунида биржада ҳақиқатда юзага келган нархлардан келиб чиқиб, қўшилган қиймат солиғини қуйидаги формула бўйича ҳисоблайди: 20/120 га кўпайтирилган ҳақиқий сотиш нархи (қўшилган қиймат солиғи = ҳақиқий сотиш нархи х 20/120)";


б) 17-банднинг тўртинчи хатбошидан "Жамғармага "Ўзпахтасаноат" АЖнинг олинган маблағлар бўйича қарздорлигини қоплаш ҳисобрақамига ёки" сўзлари чиқариб ташлансин.


3. 2-иловада:


а) 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"14. Пахта толаси маҳсулотларини сотувчилар томонидан етказиб бериш 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш шартларида амалга оширилади.

Бунда маҳаллий тўқимачилик корхоналарига пахта толаси биржа савдоларида қуйидагилар асосида миллий валютада сотилади:

2017 йилги ҳосил учун - нархининг 15 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 85 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш;

2018 йилги ҳосил учун - нархининг 35 фоизини олдиндан тўлаш, қолган 65 фоизига банк кафолати бериш ва якуний ҳисоб-китобни 90 кун мобайнида амалга ошириш";


б) 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"17. Харидорлар:

биржада аванс билан таъминланган ҳажмлардаги маҳсулотни сотиб олишга битимлар тузиш;

пахта толасини текшириш ва маҳсулотни харид қилиш бўйича битим шартларига мувофиқ миқдорда ва сифатда танлаш;

товарни қабул қилиш-топшириш далолатномаси имзолангунига қадар (биржа битимида келишилган уни етказиб бериш шартларини бажариш) пахта толаси сақланадиган жойларда уни текшириш (танлаш) далолатномасини тузишни талаб қилиш ҳуқуқига эга";


в) 19-банддаги "тузилган биржа битимига" сўзларидан кейин "ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ" сўзлари қўшилсин;


г) 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. ҲККП олди-сотди шартномасига мувофиқ зарур маблағлар тушгандан кейин бир иш кунида ушбу Низом талабларига мувофиқ сотувчининг шахсий кабинетига тўланган битимлар тўғрисидаги реестрни юбориши шарт";


д) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"21. Сотувчи ҲККПдан сотиб олувчи томонидан олдиндан тўлов тўлангани тўғрисидаги маълумотни олгандан кейин ушбу Низомнинг 14-бандига мувофиқ маҳсулотни харидорга 3 иш куни мобайнида пахта терминалининг FCA шартларида ёки етказиб беришнинг биржа битимида келишилган бошқа шартларида етказиб беради.

Сотувчи товарни етказиб бериш бўйича биржа битимида келишилган шартларни бажаргандан сўнг сотувчи ва харидор рўйхатдан ўтказилган биржа битими бўйича маҳсулотни топшириш-қабул қилиш тўғрисида далолатнома тузадилар".


4. Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тўғрисидаги Низомга илова қилинган Биржа савдоларида харидорларга сотиладиган пахта толаси учун ҳисоб-китоб қилиш схемаси VI босқичининг "Тадбирлар" устунида:


а) 1-банддаги "молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун маблағлар" сўзлари "зарур маблағлар" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Биржанинг ҲККП сотувчига ушбу Низом талабларига мувофиқ тушган маблағлар бўйича тўланган битимлар реестрини юборади ва бу пахта толасини топшириш-қабул қилиш далолатномасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 16 август