Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2018 й. 674-сон "Давлат-хусусий шериклик асосида марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.08.2018 й.

N 674



ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

АСОСИДА МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН КЛИНИКА-

ДИАГНОСТИКА ЛАБОРАТОРИЯСИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришга доир қўшимча шароитлар ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 29 декабрдаги ПҚ-3450-сон қарорига мувофиқ ҳамда соғлиқни сақлаш тармоғига ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, лаборатория диагностикаси соҳасига энг янги технологияларни жалб этиш йўли билан аҳолини сифатли лаборатория-диагностика хизматлари билан таъминлаш, лаборатория ахборотлари тизимини жорий этиш, лаборатория тадқиқотлари сифатини назорат қилиш тизимини модернизациялаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

"Ягона клиника-диагностика лабораторияси" бошқарув компанияси" МЧЖ (кейинги ўринларда "ЯКДЛ" УК МЧЖ деб аталади) тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эга;

давлат-хусусий шериклик концессион модели бўйича марказлаштирилган лаборатория хизмати лойиҳаси ана шундай лойиҳалардан бири ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳрида тажриба тариқасидаги марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси ташкил этиш тўғрисида "ЯКДЛ" УК МЧЖ билан, истисно тарзида, бевосита музокаралар асосида концессион шартнома тузиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг тиббиёт ташкилотлари марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари билан қамраб олинади.

Белгилансинки, лойиҳа натижаларига кўра марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштирилиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда узоқ муддатда (15 йилгача) эгалик қилиш ва фойдаланиш мақсадида концессионерга бериш учун объектларни бир ой муддатда, белгиланган тартибда танлаб олишни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда концессионер билан биргаликда қуйидагиларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва концессион шартнома лойиҳасига киритсин:

лаборатория тадқиқотларини босқичма-босқич марказлаштиришда қатнашувчи тиббиёт ташкилотлари рўйхати;

тиббиёт ташкилотларини марказлаштирилган клиника-диагностика лабораторияси хизматлари билан қамраб олиш ҳар бир босқичининг аниқ муддатлари;

соғлиқни сақлаш соҳасига ажратиладиган бюджет маблағлари ва ҳар бир тадқиқот тури бўйича бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида лаборатория диагностикаси бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажмлари;

концессионер хизматининг энг юқори қийматини аниқлаш мақсадида ҳар бир тадқиқот тури бўйича лаборатория диагностикаси хизматининг энг юқори қиймати;

ташкил этилаётган марказлаштирилган клиника-диагностика лабораториясига, шунингдек, лаборатория жиҳозлари спецификациясига қўйиладиган техник талаблар.


6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2018 йил 1 октябргача бўлган муддатда, концессионер томонидан шартнома бўйича ўз ҳуқуқларини учинчи шахсларга бера олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолда "ЯКДЛ" УК МЧЖ билан концессион шартнома тузсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                     А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 20 август, 33-сон, 684-модда