Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Молия вазирининг 12.07.2018 й. 107-сон "Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (22-сон БҲМС) "Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби"га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 20.08.2018 й. 1364-3-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

20.08.2018 й.

N 1364-3




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

12.07.2018 й.

N 107


БУЙРУҒИ



Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия

ҳисобининг миллий стандарти (22-сон БҲМС)

"Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва

мажбуриятларнинг ҳисоби"га ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2004 йил 23 мартадаги 51-сон буйруғи (рўйхат рақами 1364, 2004 йил 21 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 246-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (22-сон БҲМС) "Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби"га иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.



Вазир                                                                      Д. Кучкаров






Буйруққа

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия

ҳисобининг миллий стандарти (22-сон БҲМС)

"Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва

мажбуриятларнинг ҳисоби"га киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 5-банднинг "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги фаолият - Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги таркибий бўлинмалари орқали ошириладиган фаолияти;".


2. 6-бандда:

а) "а" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"а) активлар, ишлар ва хизматларни чет эл валютасида харид қилади ёки реализация қилади;";

б) "в" кичик банди "мажбуриятларни қоплаганда" деган сўзлардан кейин ", ёхуд олинадиган счётларга эга бўлганда" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


3. 12-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.


4. 3-параграфнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"§ 3. Чет эл валютасида харид қилинган

товар-моддий захиралар ва бошқа

активларни баҳолаш".


5. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"13. Чет эл валютасида харид қилинган товар-моддий захиралари (бундан консигнация шартномалари бўйича товарлар мустасно) ва бошқа активларни баҳолаш, уларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатларида (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларациясида) кўрсатилган қийматидан келиб чиқиб, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санасидаги Марказий банк курси бўйича қайта ҳисоблаб, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1.1.12-банди, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (5-сон БҲМС) "Асосий воситалар" (рўйхат рақами 1299, 2004 йил 20 январь) ва Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (4-сон БҲМС) "Товар-моддий захиралар" га (рўйхат рақами 1595, 2006 йил 17 июль) мувофиқ шаклланадиган, харид қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлардан келиб чиқиб аниқланади.".


6. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"15. Мазкур БҲМСда қайта баҳолаш ва курс фарқларини аниқлаш мақсадида баланснинг валюта моддаларига қуйидагилар киритилади:

а) кассадаги ва банк ҳисобварақларидаги валюта маблағлари;

б) тўланиши ёки олиниши чет эл валютасида белгиланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари, кредит ва қарзлар, пул эквивалентлари ва бошқа актив ҳамда мажбуриятлар.".


7. 16-банд қуйидаги таҳрирдаги "в" кичик банди билан тўлдирилсин:

"в) устав капиталига ва акцияларга инвестициялар.".


8. 17-банддан иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


9. 19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"19. 2019 йил 1 январдан бошлаб жамғариш усули қўлланилмайди. 2019 йил 1 январгача жамғарилган курс фарқлари молиявий-хўжалик фаолияти натижаларига қуйидагича олиб борилиши мумкин:

а) чет эл валютасидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари бўйича - уларнинг тўланишига (ёки ҳисобдан чиқарилишига) қараб;

б) қолган ҳолларда - баланснинг тегишли валюта моддалари билан хўжалик операцияларининг содир этилишига қараб.

Жамғарилган курс фарқлари молиявий натижаларга чет эл валютасининг бир бирлигига тўғри келадиган курс фарқларининг ўртача миқдори бўйича олиб борилиши мумкин.".


10. 20, 24 ва 25-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.


11. 23-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"23. Таъсисчиларнинг устав капиталига улушини чет эл валютасида киритиши бухгалтерия ҳисобида, улушни киритиш санадаги Марказий банкнинг курси бўйича амалга оширилади.".


12. 26-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидан "ифодаланган" деган сўз чиқариб ташлансин.


13. 6-параграфнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"§ 6. Консолидациялашган молиявий ҳисоботга

киритиш учун шўъба (тобе) хўжалик жамиятлари,

мустақил балансга ажратилган таркибий

бўлинмаларнинг молиявий ҳисоботини

қайта ҳисоблаш".


14. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар иловасига мувофиқ илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин.






Ўзгартириш ва қўшимчаларга

ИЛОВА



"Ўзбекистон Республикаси

бухгалтерия ҳисобининг миллий

стандарти (22-сон БҲМС) "Чет эл

валютасида ифодаланган активлар

ва мажбуриятларнинг ҳисоби" га

ИЛОВА



Чет эл валютасидаги айрим операцияларни

амалга ошириш саналари

РЎЙХАТИ


Чет эл валютасидаги операциялар

Чет эл валютасида амалга оширилган

операцияларнинг санаси бўлиб ҳисобланади


Чет эл валютасидаги банк ҳисобварақлари бўйича операциялар

Чет эл валютасидаги пул маблағларининг банкдаги ҳисобварақларга келиб тушиш ёки уларни банкдаги ҳисобварақлардан ҳисобдан чиқариш санаси


Чет эл валютасидаги касса операциялари

Чет эл валютасини кассага кирим қилиш ёки уларни кассадан бериш санаси


Чет эл валютасидаги даромадлар

Чет эл валютасидаги даромадларни тан олиш санаси


Чет эл валютасидаги харажатлар

Чет эл валютасидаги харажатларни тан олиш санаси


Товар-моддий захиралари ва бошқа активларни баҳолаш

Товар-моддий захиралари ва бошқа активларнинг харид қилинганлигини тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари (товарнинг кузатув ҳужжатлари ёки божхона юк декларацияси) мавжуд бўлганда, уларни бухгалтерия ҳисобига қабул қилиш санаси


Ходимларнинг ҳисобдор суммалари бўйича чет эл валютасидаги қарзларини акс эттириш

Бўнак ҳисоботини тасдиқлаш санаси


Чет эл валютасидаги қарзларнинг тўланиши

Чет эл валютасидаги қарзларни тўлаш санаси


Устав капиталига таъсисчиларнинг улушлар бўйича қарздорлигининг юзага келиши

Юридик шахс мақомини олиш санаси


Устав капиталининг шаклланиши (кўпайиши)

Устав капиталига таъсисчилар томонидан улушларини киритиш санаси

".

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 август