Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тўғрисида Низом (ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва ЎзР Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 29 декабрдаги 1399-III/КҚ-283-III-сонли Қўшма қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати Кенгашининг 2017 йил 29 декабрдаги

1399-III/ҚҚ-283-III-сонли Қўшма қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти (бундан буён матнда Институт деб юритилади) давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси бўлиб, у ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир.


2. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


3. Институт юридик шахс бўлиб, ўз мол-мулкига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигида ғазначилик ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи кўрсатилган бланкаларга, штампга ҳамда ўз фаолияти учун зарур бўлган бошқа хизмат белгиларига ҳамда реквизитларга эга бўлади.

Институт ўз номидан шартномалар тузиши, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.


4. Институтнинг расмий номи:

а) давлат тилидаги:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти; қисқартирилган номи -Қонунчилик муаммолари институти;

б) рус тилидаги:

тўлиқ номи - Институт проблем законодательства и парламентских исследований при Олий Мажлисе Республики Узбекистан; қисқартирилган номи -Институт проблем законодательства;

в) инглиз тилидаги:

тўлиқ номи - Legislation and Parliamentary Research Institute under the Oliy Majlis of the Republic of Uzbekistan; қисқартирилган номи - Legislation Research Institute.



II. ИНСТИТУТНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Институтнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қонунчилик муаммоларини ўрганиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашиш;

ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқиш;

хорижий парламентлар иши тажрибасини унинг самарали шаклларидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятида фойдаланиш мақсадида ўрганиш;

миллий қонунчиликнинг халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқлигини ўрганиш, уларни қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


6. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қуйидаги функцияларни амалга ошириш йўли билан бажаради:

қонун ҳужжатларини, уларнинг амалда рўёбга чиқарилишини таҳлил қилиш, номувофиқликлар, қарама-қаршиликлар, ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш;

қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қонун лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича фуқароларнинг, жамоатчиликнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, долзарб фикр ва таклифларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, уларнинг қўмита ва комиссияларига тақдим этиш;

депутатлар, сенаторларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг буюртмалари бўйича қонунчиликнинг, ҳуқуқни қўллашнинг долзарб масалалари ва хорижий тажриба бўйича илмий, ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда уларга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатлари лойиҳалари ва амалдаги қонунларни илмий-ҳуқуқий экспертизи, уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашни, шу жумладан халқаро ташкилотлар, хорижий мутахассис ва олимларни жалб этган ҳолда амалга ошириш;

депутатларга, сенаторларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталари ва комиссияларига, Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларига илмий-услубий, эксперт ёрдами кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари фаолиятининг жорий ва истиқболга мўлжалланган режаларини тайёрлашда иштирок этиш;

ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда фундаментал, амалий ва инновацион, шу жумладан, қонунчиликни, унинг тармоқлари ва институтларини ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқиш;

илмий-амалий тадқиқот материаллари, миллий ва хорижий қонунчиликнинг қиёсий таҳлили асосида қонун ҳужжатларининг шарҳларини, шунингдек мавзули шарҳларни тайёрлаш ва нашр этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган илғор илмий-техникавий воситалар ва ахборот-коммуникация технологияларини, ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш муаммоларини ва хорижий тажрибани ўрганиш натижалари бўйича тайёрланган илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, таклифларни ҳамда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, уларнинг қўмита ва комиссиялари кўриб чиқиши учун киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърузаларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг дастурий ҳужжатларида баён этилган мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига доир қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларда иштирок этиш;

Институт ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар, шу жумладан, мамлакатдаги илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва ўқув марказлари, олимлар ҳамда мутахассислар билан илмий ва амалий алоқаларни ўрнатиш ҳамда ривожлантириш, улар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузиш;

депутатлар ва сенаторларнинг профессионаллик даражасини оширишга қаратилган семинарлар ва "давра суҳбатлари"ни, шунингдек қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро конференциялар ва бошқа тадбирлар ташкил этиш, шундай тадбирларда, шу жумладан хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш;

давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳалари доирасида ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан ажратиладиган грантларни, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб этиш.



III. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


7. Институт ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимияти органларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, таълим ва илмий муассасалардан, бошқа ташкилотлардан институтнинг ваколатларига киритилган масалаларни тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

таълим ва илмий муассасаларнинг, марказларнинг, ҳуқуқни қўлловчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан (банкларидан), ахборот-кутубхона ресурсларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

бевосита давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органларидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш;

илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда Институтнинг ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислар орасидан ишчи гуруҳлар ташкил этиш, шу жумладан шартнома асосида ташкил этиш;

илмий тадқиқотларга вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг мутахассисларини, илмий-тадқиқот марказларининг ходимларини, олимларни ва олий таълим муассасаларининг ўқитувчиларини, шу жумладан хорижлик шундай мутахассисларни жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, улар кенгашларининг, қўмиталари ва комиссияларининг, депутатлар бирлашмаларининг мажлисларида иштирок этиш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти муаммоларини ўрганиш масалалари бўйича бошқа ташкилотлар, шу жумладан, илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш;

тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни амалга ошириш;

шартнома асосида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, даромад тарзида олинган маблағларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Институт ходимларини моддий рағбатлантиришга, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтириш;

Институт томонидан грантлар сифатида олинадиган бюджетдан ташқари маблағлардан, шу жумладан валюта маблағларидан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, даврий илмий-амалий нашрларни чиқариш.

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



IV. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Институтга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Сенатининг Кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланадиган ҳамда лавозимидан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Директор республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек бошқа миллий, хорижий ҳамда халқаро ташкилотларда Институт номидан иш кўради.


9. Институт директори:

Институт ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар қабул қилади;

тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида белгиланган тузилмага ва ходимлар сонига мувофиқ Институтнинг штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Институтнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Институт ходимлари ўртасида мансаб вазифаларини тақсимлайди;

Институтнинг иш режаларини, ҳисоботларини ва услубий ишланмаларини тасдиқлайди;

Институтнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Институтнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ ходимларни рағбатлантириш ва мукофотлаш шаклларини белгилайди, уларнинг лавозим маошларига устамалар ва қўшимчалар белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қарорлар қабул қилади;

Институтнинг активларини тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш бўйича қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ҳужжатларини ҳамда бошқа ҳужжатларни имзолайди;

Институт номидан шартномалар ва битимлар тузади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни ҳал этади.

Институт директори белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан тежаб қолинган маблағларни, шунингдек тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган бирликлар тўлдирилмаганда бўшаб қолган маблағларни Институт ходимларини моддий рағбатлантириш учун ишлатишга ҳақли.


10. Институт директорининг ўринбосари Институт директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Сенатининг Кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Институт директорининг ўринбосари Институтнинг ўзига топширилган бўлинмалари ишини самарали ташкил этиш учун масъул бўлади, директорнинг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради ҳамда директор йўқлигида ёки у ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажариб туради.


11. Институт ходимларига эгаллаган лавозимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган қуйидаги даражадаги махсус унвонлар - мартабадаражалари берилади:

Институт директорига - 2-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;

Институт директорининг ўринбосарига - 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси;

Институтнинг бўлим бошлиқларига - 1-даражали адлия маслаҳатчиси;

Институтнинг бош илмий ходимларига - 2-даражали адлия маслаҳатчиси;

Институтнинг етакчи илмий ходимларига - 3-даражали адлия маслаҳатчиси.


12. 3 ва 2-даражали давлат адлия маслаҳатчилари мартаба даражалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.

3, 2 ва 1-даражали адлия маслаҳатчиси мартаба даражалари Институт директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан берилади.

Институт ходимларига мартаба даражаларини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ва Институт директорининг қўшма буйруғи билан тасдиқланади.


13. Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонларининг ходимлари учун белгиланган тиббий таъминот, моддий рағбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади. Бунда Институт ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 25 % миқдорида белгиланади.

Институт ходимларига мансаб даражалари учун қўшимча устамалар Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги органлари ва муассасалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, узоқ йиллик хизмати учун қўшимча ҳақлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан белгиланган тартибда тўланади.


14. Институт ходимлари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддатли хизматлари, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун қўшимча тўлов ва устамалар сақлаб қолинади.


15. Институт ходими сифатидаги иш стажи бошқа давлат органларига, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга ишга ўтиш чоғида навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олиш, шунингдек ҳарбий ва махсус унвонлар учун устамалар ҳамда узоқ муддатли хизмат учун қўшимча ҳақлар ҳисоблаш учун иш стажига қўшиб ҳисобланади.


16. Институтда ишлаш вақтида ҳарбий ва махсус унвонлар бериш тегишли ҳарбий ва махсус унвонлар бериш учун зарур бўлган муддатлар ўтгач, илгариги иш жойида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


17. Институт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, мансаб йўриқномаларига, Институтда амал қиладиган низомларга, йўриқномаларга, ички меҳнат тартиби қоидаларига, жамоавий ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади. 



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан жорий таъминот учун ажратиладиган маблағлардан, давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳалари доирасида ажратиладиган грантлардан, шартнома асосида ўтказилган тадқиқотлардан олинадиган тушумлардан, шунингдек халқаро молиявий ва бошқа ташкилотларнинг, чет эл ҳукумат ташкилотларининг грантларидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан иборатдир.


19. Институтнинг тегишли бўлимлари ҳузурида илмий-экспертлик кенгашлари - маслаҳат органлари тузилади, уларнинг таркибига Институтнинг етакчи ходимлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказларининг, олий таълим муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларва тадбиркорлик субъектларининг вакиллари киради.


20. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.