Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.04.1998 й. ПФ-1989-сон "Диний жамоалар, оқимлар ва гуруҳлар фаолиятининг қонунийлигини ўрганиш бўйича идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияни ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

21.04.1998 й.

N ПФ-1989



ДИНИЙ ЖАМОАЛАР, ОҚИМЛАР ВА ГУРУҲЛАР

ФАОЛИЯТИНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИНИ ЎРГАНИШ

БЎЙИЧА ИДОРАЛАРАРО МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИ

КОМИССИЯНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Охирги вақтда айрим диний жамоалар, оқим ва гуруҳларнинг вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги ва "Жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Қонунлар талабларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйилиши, хориждан мамлакатда барқарор муҳитни издан чиқариш ниятидаги гуруҳларнинг қонунсиз кириб келиши, динни ниқоб қилиб фуқароларнинг ҳаёти ва мулкига қарши қаратилган оғир жиноятларнинг содир этилиши оқибатида конституциявий тузум ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солинмоқда.

Республикада барқарор ижтимоий-сиёсий муҳитни сақлаб қолиш, диний кўринишдаги экстремизм ва террорчиликка йўл қўймаслик ҳамда амалдаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида:


1. Мамлакатда мавжуд бўлган барча диний жамоа, оқим ва гуруҳлар фаолиятининг қонунийлигини ўрганиш ва амалдаги қонун талабларига мослаштириш бўйича 1 ва 2-иловаларга* кўра идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия ҳамда унинг таркибида ишчи гуруҳлари тузилсин.


2. Комиссия ва ишчи гуруҳларининг асосий вазифаси тариқасида қуйидагилар белгилансин:

амалда бўлган қонун талаблари доирасида ислом, христиан, будда ва бошқа барча динларга қарашли жамоалар, оқимлар, гуруҳларни хатлаш ҳамда қайтадан рўйхатдан ўтказиш, қонунсиз фаолият кўрсатаётган жамоа, оқим ва гуруҳларнинг фаолиятини тўхтатиш;

экстремистик йўналишдаги ҳуқуққа зид ҳаракат қилаётган диний гуруҳларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан қатъий чоралар кўриш;

аҳоли орасида диний ва миллий низоларни келтириб чиқариш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан чоралар кўриш ҳақида жойлардаги давлат ҳокимияти идораларига зарур тавсиялар бериш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда террорчилик ва экстремизмни тарғиб қилишга, хориждан шу мақсадда мамлакатга даъватчиларнинг қонунсиз кириб келишига қарши қатъий чоралар кўриш:

жойлардаги оммавий ахборот воситалари, расмий диний ташкилотлар билан биргаликда ноқонуний диний оқим ва гуруҳларнинг фаолияти, диннинг террорчилик, экстремизм ва бошқа жиноий кўринишларга зид эканлиги ҳақида аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини ташкил этиш;

диний жамоалар, оқимлар ва гуруҳлар фаолиятини тартибга солувчи амалдаги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш.


3. Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссиянинг қарорлари жойлардаги давлат ҳокимияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар учун мажбурий эканлиги белгилаб қўйилсин.


4. Амалга оширилган ишларнинг натижалари юзасидан комиссия уч ойлик муддатда Республика Президентига батафсил ахборотнома тақдим этсин.


5. Ушбу Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.Ч. Ҳудойқулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.