Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.05.2008 й. 1801-сон билан рўйхатга олинган 02.04.2008 й. ҚҚБФМНҚМ 2008-06-сон, ДМБДК 01/ЦККФРЦБ-18/02-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 1 майда 1801-сон

билан рўйхатга олинган

Қимматли қоғозлар бозори

фаолиятини мувофиқлаштириш

ва назорат қилиш маркази ва

Давлат мулкини бошқариш

давлат қўмитасининг

2008 йил 2 апрелдаги 2008-06,

01/ЦККФРЦБ-18/02-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ

бўлган акциядорлик жамиятларини фонд

биржасида мажбурий листингга

қўйиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил, 39-сон, 387-модда, 51-52-сон, 507-модда) мувофиқ, устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларини фонд биржасида мажбурий листингга қўйиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


листинг - акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозларини расмий биржа ахборотномасига киритган ҳолда, фонд биржаси савдоларига қўйиш тартиботи;


биржа савдоси қоидалари - қонун ҳужжатларига мувофиқ, фонд биржасининг юқори бошқарув органи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган биржаларда қимматли қоғозлар билан савдо қилиш қоидалари;


ваколатли давлат органи - Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази;

фонд биржаси - белгиланган қоидалар асосида олдиндан белгиланган жойда ва вақтда, оммавий ва ёрқин биржа савдоларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали қимматли қоғозлар билан савдолар учун шароитлар яратувчи юридик шахс;


Марказий депозитарий - Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозларнинг Марказий депозитарийси.


2. Мазкур Низом тижорат банкларига татбиқ қилинмайди.

3. Биржа листингини ўтказиш тартиби фонд биржасининг биржа савдоси қоидалари билан белгиланади.


4. Фонд биржасининг расмий листингига киритилган қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича битишувлар фақат ушбу фонд биржасининг савдо майдонларида амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.



II. МАЖБУРИЙ ЛИСТИНГГА ҚЎЙИШ

ТАОМИЛИНИНГ ЎТКАЗИЛИШИ


5. Листингга қўйиш таомилидан мажбурий ўтиш фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Фонд биржасида листингга қўйиш таомилидан:

устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган;

500 ва ундан зиёд акциядорларга эга бўлган;

молиявий-хўжалик фаолияти кўрсаткичлари листингга қўйиш талабларига мувофиқ келадиган акциядорлик жамиятлари мажбурий ўтадилар.


7. Мажбурий листингга қўйиш тааллуқли бўлган акциядорлик жамиятларининг йиллик рўйхатини аниқлаш мақсадида:

Марказий депозитарий ҳар йилнинг 15 мартидан кечиктирмасдан, устав капитали 500 миллион сўмдан ортиқ бўлган ва акциядорлари 500 ва ундан зиёд бўлган акциядорлик жамиятларининг рўйхатини фонд биржасига тақдим этади;

Фонд биржаси Марказий депозитарийдан рўйхатини олгандан сўнг 10 иш куни ичида, листингга қўйиш таомиллари учун молиявий-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблашни ўтказиш тўғрисида рўйхатдаги акциядорлик жамиятларини ёзма равишда хабардор қилади.


8. Акциядорлик жамияти мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, фонд биржаси акциядорлик жамиятини фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларида белгиланган тартибда расмий биржа ахборотномасига киритади.


9. Мажбурий листингга қўйиш тааллуқли бўлмаган акциядорлик жамиятлари, фонд биржасининг биржа савдоси қоидаларида назарда тутилган тартибда листингга қўйиш таомилидан ўтишга ҳақлидирлар.


10. Молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш методикаси ҳамда уларнинг листингга қўйиш мақсадларидаги меъёрий аҳамияти фонд биржаси томонидан тасдиқланади.


11. Фонд биржаси манфаатдор шахсларнинг молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш методикаси, фонд биржаси қоидалари, шунингдек, бошқа ҳужжатлар ҳамда ахборотлардан фойдалана олишларини таъминлаши шарт.


12. Молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблаш акциядорлик жамиятининг аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботи маълумотлари асосида амалга оширилади.


13. Фонд биржаси томонидан тасдиқланган методикага мувофиқ, молия-хўжалик фаолияти кўрсаткичларини ҳисоблашни 15 июндан кечиктирмасдан акциядорлик жамиятининг ўзи ёхуд мазкур акциядорлик жамияти билан тузилган тегишли шартнома асосида фонд биржаси томонидан амалга оширилади.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


14. Мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан назоратни ваколатли давлат органи амалга оширади.


15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


16. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 18-сон, 152-модда.