Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллардаги меҳнат фаолияти тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.11.2003 й. 505-сон Қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 12 ноябрдаги

505-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг

чет эллардаги меҳнат фаолияти

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига татбиқ этилади.


1. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар ва битимлар асосида фақат Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик кўмагида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хусусий меҳнат контрактлари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга фақат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси бўйича агентлик томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

2. Фуқароларнинг хусусий контрактлар бўйича чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан белгиланган шаклга мувофиқ бериладиган рухсатномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

3. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан рухсатнома берилгандан кейин фуқаролар чиқишни расмийлаштириш учун яшаш жойидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг келиш, кетиш ва фуқаролик бошқармаси бўлинмасига ариза берадилар.

4. Ўзбекистон Республикасининг хусусий меҳнат контрактига эга бўлган фуқаролари чет элларда ижтимоий муҳофазаланишни таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига қуйидаги ҳужжатларни икки нусхада тақдим этадилар:

ариза;

хорижий фирмадан (иш берувчидан) олинган давлат тилига таржима қилинган, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғурта кўрсатилган, шунингдек меҳнат визаси (EMPLOYMENT VIZA) билан таъминлаш борасида иш берувчининг мажбурияти назарда тутилган ҳолда нотариал тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги консуллик муассасаси томонидан легализация қилинган контракт нусхаси. Агар ҳужжатга апостиль қўйилган бўлса, легаллаштириш талаб этилмайди;

иш берувчи тўғрисидаги қисқа маълумотлар;

маълумотнома-холиснома;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тегишли шаклдаги соғлигининг ҳолати тўғрисида маълумотнома.


5. Рухсатнома бланкасида рухсатномани берган органнинг номи, унинг юридик манзили, рўйхатдан ўтказиш рақами, рухсатнома берилган мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг фуқаролиги, фаолият тури, рухсатнома амал қиладиган ҳудуд, амал қилиш муддати, узайтириш вақти кўрсатилади. Рухсатнома Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатли раҳбари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

6. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг рухсатномаси билан меҳнат контракти асосида чет элга кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ишга жойлашиш мамлакатида Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида ҳисобда туриши шарт. Республиканинг вакиллик органлари бўлмаган тақдирда ўзбекистонлик фуқаролар МДҲ мамлакатларининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан вакил қилинган консуллик органларида рўйхатдан ўтиши керак.

7. Фуқароларга чет элларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан тақдим этилган кундан бошлаб 15 кун мобайнида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади.

8. Чет элларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома берилишининг асосли рад этилиши ариза берувчига рухсатнома бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда ёзма равишда юборилади.


9. Рухсатнома меҳнат контракти муддатига берилади. Ариза берувчининг илтимосига кўра мазкур контракт узайтирилган тақдирда рухсатноманинг амал қилиш муддати белгиланган тартибда қайта кўриб чиқилиши мумкин.


10. Рухсатнома берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун белгиланган тартибда тўлов ундирилади. Мазкур тўлов рухсатнома бериш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплашга сарфланади.


11. Рухсатнома олишнинг мазкур Низомда белгиланган мажбурий тартиби Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқароларига нисбатан қўлланилмайди:

а) Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги дипломатик ва консуллик муассасалари ходимлари;

б) олий касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳукуматларо дастурлари доирасида таътил даврида ишлаб чиқариш амалиётини ўтаётган талабалар;

в) Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги мухбирлари ва журналистлари;

г) хорижий олий касб-ҳунар таълими муассасаларида маърузалар курси ўқиш ва бошқа ишлар учун таклиф этилган лекторлар ва инструкторлар;

д) Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан тузган давлатлараро битимларида ишга жойлашишнинг улар учун ўзгача тартиби белгиланган шахслар, шунингдек Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан хорижий ташкилотлар билан тузилган идоралараро шартномалар бўйича ишга кетаётган шахслар.