Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.09.2018 й. 774-сон "Республикада паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
28.09.2018 й.
N 774
РЕСПУБЛИКАДА ПАРРАНДАЧИЛИК
ТАРМОҒИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ
ВА МАВЖУД ИМКОНИЯТЛАРДАН САМАРАЛИ
ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Республикада паррандачилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳага замонавий ва илғор технологияларни жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва ички истеъмол бозорини паррандачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, "Паррандасаноат" уюшмаси ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банкининг "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари - "Паррандасаноат" уюшмаси кенгаши раиси ҳамда "Паррандасаноат" уюшмаси ижрочи директори лавозимларини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари - "Паррандасаноат" уюшмаси кенгаши раиси ҳамда "Паррандасаноат" уюшмаси ижрочи директори зиммасига паррандачилик хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳага хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, замонавий ва илғор технологияларни кенг жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари юклансин.
3. "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки раисининг ўринбосари "Паррандасаноат" уюшмаси кенгаши раиси ҳамда "Паррандасаноат" уюшмаси ижрочи директори лавозимларига номзодлар бўйича бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
4. "Паррандасаноат" уюшмаси "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки билан биргаликда ушбу қарордан келиб чиқиб "Паррандасаноат" уюшмасининг уставига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2018 йил 29 сентябрь