Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбарининг функционал вазифалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.09.2017 й. 755-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 24 сентябрдаги

755-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

ўринбосари - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш,

коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш

индустрияси масалалари комплекси раҳбарининг

функционал вазифалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 12 июндаги ПҚ-3051-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбарининг (кейинги ўринларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари деб аталади) функционал вазифаларини белгилайди.


2. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.


3. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Бош вазир биринчи ўринбосарининг фаолияти ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, коммунал хўжалиги тизимини ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини, транспорт коммуникацияларини модернизациялаш, капитал қурилишда ислоҳотларни, пудрат ишлари дастурларини изчил амалга ошириш, қурилиш ишлари ва архитектура ишлари сифатини назорат қилиш, қурилиш индустриясини ривожлантириш фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларини ҳал этишга йўналтирилган.


5. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзоси ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати таркибига киради.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Қуйидагилар Бош вазир биринчи ўринбосарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таҳлил қилиш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикасини, вилоятларни, Тошкент шаҳрини, шаҳарлар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденциялари ва даражасини комплекс таҳлил қилиш, мавжуд номутаносибликлар, захираларни ва ишлаб чиқаришга жалб этилмаган минерал-хомашё ресурсларини, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлаш;

асосий иқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг, таркибий ва институционал қайта ўзгартиришларнинг, маҳаллий бюджетлар ижросининг тизимли мониторингини олиб бориш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, уларни тезкор ҳал этиш бўйича таклифлар киритган ҳолда уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни аниқлаш;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, бошқа ҳудудий дастурларни мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш даражасини баҳолашнинг самарали методикалари ва индикаторларини жорий этиш;

ҳудудларнинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини ривожлантиришнинг ҳолати бўйича комплекс таҳлилий материалларни, шунингдек ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, қабул қилинган ҳудудий дастурларга тузатишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш, шу жумладан уларнинг ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қисқа муддатли ва узоқ муддатли таъсирини комплекс баҳолаш;

б) ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг минтақавий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ишлаб чиқиладиган иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат ва қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, савдо айланмаси, экспорт, истеъмол нархлари индекси, бандлик кўрсаткичлари асосланганлигини эксперт жиҳатидан баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик устувор вазифаларидан келиб чиқиб, шунингдек ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасини, вилоятларни, Тошкент шаҳрини, шаҳарлар ва туманларни комплекс ва жадал ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ҳудудлар иқтисодиётининг барқарорлигини ва мувозанатли фаолият кўрсатишини таъминлаш, ҳар бир ҳудуднинг минерал-хомашё ресурсларидан, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини кенгайтириш, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг субвенциявийлигини қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш, корхоналарнинг молиявий барқарорлигини ошириш, ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини саноат йўли билан чуқур қайта ишлаш бўйича янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни барпо этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва шу асосда экспортга етказиб бериладиган маҳсулотлар ҳажми ва турларини кўпайтириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг, таркибий қайта ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва минтақа иқтисодиётини диверсификациялашнинг жорий, ўртача муддатли ва узоқ муддатли дастурларини, шу жумладан минтақавий инвестиция дастурларини, саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурларини, маҳаллийлаштириш дастурини, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурларини, иш ўринлари ташкил этиш ва бандликни таъминлаш дастурларини, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш, айниқса пахта толаси ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича дастурларни, хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурларини ҳамда бошқа ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этиш;

шаҳарлар, туманлар, вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетлари параметрлари билан боғлиқликда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ишлаб чиқилаётган дастурларини молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгилаш;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, давлатнинг мақсадли дастурлари, қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда, Тошкент шаҳрида, шаҳарлар ва туманларда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш, иқтисодиётдаги, энг аввало, саноат ва қишлоқ хўжалигидаги таркибий қайта ўзгартиришлар бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш;

тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлаш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқлари ва кафолатлари таъминланиши учун ҳудудий бошқарув органларининг масъулиятини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

ҳудудлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини тубдан ошириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектларининг экспортдаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини ташкил этиш;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишини ташкил этиш;

в) аҳоли ҳаёти сифати ва даражасини ошириш соҳасида:

демографик жараёнларни ва ҳудудлар аҳолиси жинс ва ёш таркибини, аҳоли бандлиги, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт тармоқларининг даражаси ва тузилмасини, аҳоли ҳаёти даражасини, шунингдек маданий-маърифий ишлар соҳасида ишларнинг ҳолатини тизимли таҳлил қилиш;

жойларда, айниқса қишлоқ жойларда аҳолининг бандлиги ҳолатини чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда меҳнат бозорини ривожлантириш ва бошқариш, демографик омилларни ва ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ишга жойлаштиришнинг илғор шаклларини жорий этиш, ишлаб чиқариш кучларини мақбул жойлаштириш ва янги иш ўринлари ташкил этиш ҳисобига аҳолининг айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

аҳоли даромадлари ўсишини таъминлаш, харид қобилияти даражасини ошириш ва ички истеъмол бозорини тўлдириш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳолига тиббий, таълим ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш, аҳолининг айрим қатламларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида мутахассислар номенклатурасини такомиллаштириш ва ўзгартириш, шунингдек олий маълумотли мутахассисларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрлари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

муҳандислик, йўл-транспорт ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт хизмати кўрсатишни янада яхшилаш, кўрсатилаётган уй-жой-коммунал хизматлар даражаси ва сифатини тубдан ошириш, сифатли ичимлик сув ва санитария жиҳатидан тозалаш тизими, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, арзон ва қулай уй-жой билан таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт тармоқларини ривожлантириш дастурлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, арзон ва қулай уй-жой қуриш дастурлари амалга оширилиши, шунингдек демографик жараёнлар динамикаси ва аҳоли ҳаёти даражаси, амалга ошириладиган маданий-маърифий ишларнинг ҳолати ва натижалари тўғрисида таҳлилий материаллар тайёрлаш;

аҳолининг электр энергияси, табиий газ ва кўмир билан таъминланганлигини узлуксиз таъминлашнинг ҳолатини ўрганиш ва таклифлар киритиш;

г) аҳоли билан ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот қилиш соҳасида:

муҳим иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, шунингдек ҳудудларни янада ривожлантириш масалалари бўйича аҳолининг фикрлари ва қонуний талабларини ўрганиш ва таҳлил қилиш;

аҳолининг фикрини ва қонуний талабларини таҳлил қилиш асосида тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда уларни ҳал этишга доир амалий чора-тадбирларни, шунингдек қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, зарур ҳудудий дастурларни қабул қилиш ёхуд амалдаги дастурларга тузатишлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

аҳоли билан ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш масалалари бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини таҳлил қилиш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқиш;

д) Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш соҳасида:

вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара бўйи муаммоларини ҳал қилиш, нолегал миграция, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотлар олиб кирилишининг олдини масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг чегара бўйида юзага келиши мумкин бўлган вазиятнинг ҳар томонлама ва чуқур ўрганилишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, муҳандислик-техник жиҳатдан жиҳозлаш, шунингдек чегара бўйи муаммоларини ҳал қилиш бўйича ишларни самарали ташкил учун зарур шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирлар кўриш;

халқаро ҳамкорлик, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш масалалари бўйича архив, картография материалларини ва бошқа материалларни йиғиш, умумлаштириш, туркумлаш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш бўйича комплекс ишларни ташкил этиш";

е) коммунал хўжалиги соҳасида:

коммунал хўжалиги соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ривожлантиришнинг прогнозлари ва энг муҳим дастурлари ишлаб чиқилишини ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш;

коммунал соҳада мониторингни таъминлаш, ушбу соҳадаги ҳолат ва вазиятни таҳлил этиш, коммунал хизмат кўрсатишдаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ижро этиш бўйича фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга ва коммунал хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантиришга доир вазифаларнинг комплекс ҳал этилишини ташкил қилиш;

коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари билан биргаликда коммунал хизмат кўрсатиш учун тарифлар ошганда аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи механизмларни ишлаб чиқиш;

сув таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш, аҳоли пунктларини ривожлантириш схемаларига ва бош режаларга мувофиқ сув таъминоти, канализация объектларини ривожлантириш, модернизациялаш ва реконструкция қилишга доир дастурий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш, сув таъминоти ташкилотлари фаолияти мувофиқлаштирилиши ва бошқарилишини таъминлаш;

сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва коммунал соҳа ташкилотларида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органлари билан биргаликда уй-жой-коммунал хўжалиги объектларини замонавий ҳисобга олиш приборлари билан жиҳозлашни, қурилиш-монтаж ишлари таннархини пасайтиришни таъминловчи замонавий ва сифатли маҳаллий қурилиш материалларини кенг қўллашни назарда тутувчи механизмларни ишлаб чиқиш;

арзон кўп квартирали уй-жойлар, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш давлат дастурларини амалга ошириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини такомиллаштириш, кўп квартирали, шу жумладан эскириб кетган ва авария ҳолатидаги уй-жойлар ҳолатини хатловдан ўтказиш ишларини мувофиқлаштириш;

кўп квартирали уй-жойларнинг ёндош ҳудудларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативларга мувофиқ сақлаш ишларини ташкил этиш, кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш, улардан фойдаланиш, мажбурий бадаллар ва фойдаланиш харажатларини, кўп квартирали уйлардан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари ва нормаларини белгилашга доир талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш, ҳудудларни ободонлаштиришга доир дастурий ҳужжатларнинг сифатли бажарилишини назорат қилиш, ушбу соҳа ташкилотлари фаолияти мувофиқлаштирилиши ва бошқарилишини таъминлаш;

ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини, уй-жой-коммунал хўжалиги методологиясини ҳисобга олган ҳолда уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

уй-жой-коммунал соҳа учун кадрлар тайёрлаш, хорижда ўқув стажировкалари ташкил этишни ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий маҳсулотларни, идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базасини жорий этиш юзасидан таклифлар киритиш;

ж) транспорт соҳасида:

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникацияларининг барча турлари фаолияти мониторингини таъминлаш ҳамда таҳлил этиш ва ушбу соҳаларда давлат сиёсатини, бошқарув шакллари, усуллари ва тузилмасини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт соҳасининг фаолият кўрсатиши ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш;

йўловчилар ва юк ташишни мақбуллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш ва уни оқилона ташкиллаштириш, транспорт коммуникацияларини жадал ривожлантириш ҳамда уларнинг барқарор фаолият кўрсатиши, транспортда ташиш ва трансмиллий транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳаси фаолияти масалаларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

рақобат муҳитини шакллантириш, транспорт хизматлари бозоридан тенг фойдаланилишини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт хизматларига ҳақ тўлаш бўйича аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига бериладиган имтиёзларнинг мавжуд тизимини таҳлил қилиш ва уларни унификация қилишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

транспорт тармоғи корхоналарида фойдаланиладиган, маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишни ва саноат маҳсулотларининг янги турлари ўзлаштирилишини таъминловчи бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари тизимини янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан транспорт корхоналари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини потенциал инвесторларга сотиш йўли билан жалб этиш, шу асосда транспорт паркини модернизациялаш ва янгилашни таъминлашни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги корхоналарда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши мониторингини таъминлаш ва таҳлил қилиш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурлари ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати назорат қилинишини мувофиқлаштириш;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларининг бажарилиши учун энергия ресурслари билан таъминлашни мувофиқлаштириш;

йўл ишлари молиялаштирилишини мувофиқлаштириш;

кўмир қазиб олиш, сотиш ва уни ташиш дастурлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш;

аҳолини, иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани кўмир хомашёси билан зарур миқдорда ўз вақтида таъминлаш;

з) қурилиш соҳасида:

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида, шунингдек капитал қурилиш ва пудрат ишлари дастурлари соҳасида ислоҳотларнинг ва сиёсатнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

шаҳарсозлик фаолиятида ва капитал қурилишда, муҳим халқ хўжалиги объектлари қурилишида, шу жумладан ижтимоий соҳа, уй-жой ва инфратузилма объектлари қурилишида пудрат ишларини ташкил этиш соҳасида мониторингни таъминлаш ҳамда ҳолат ва вазиятни таҳлил қилиш;

шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантириш масалалари ва капитал қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилиши бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

қурилиш комплексини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, капитал қурилишда бошқарув тизимига ва хўжалик муносабатларига бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

шаҳарсозлик фаолияти ва капитал қурилишнинг норматив-техник ва ахборот базасини янгилаш ва такомиллаштириш, лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишларининг замонавий усулларини жорий этиш ишларини ташкил қилиш;

объектларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини шакллантириш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш даражасини ошириш ҳамда тартибини такомиллаштириш;

лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш юзасидан буюртмаларни жойлаштиришда янги самарали механизмларни жорий этиш ва танлов савдолари ўтказиш даражасини ошириш, шунингдек шартномавий муносабатларнинг ролини кучайтириш;

шаҳарларда ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қуриш бўйича дастурий ҳужжатларни амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

инновация технологияларини ва монтажнинг илғор тизимларини жорий этиш, шунингдек ихтисослаштирилган қурилиш-монтаж ишларини индустриялаштириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш асосида уларни ташкил этишни такомиллаштириш йўли билан махсус ва монтаж ишларини ташкил этиш даражасини оширишга доир чора-тадбирларнинг бажарилишини таҳлил қилиш;

йирик ихтисослаштирилган қурилиш пудрат ташкилотларини шакллантириш дастурини амалга ошириш ҳамда Қурилиш-пудрат ташкилотларининг реестрини юритиш ишларини мувофиқлаштириш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан пудрат ташкилотлари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини хусусий инвесторларга сотиш йўли билан жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

пудрат ташкилотларида корпоратив бошқарувнинг замонавий методлари жорий қилинишини ташкил этиш, ишлаб чиқариш, моддий-техника, молия ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

капитал қурилиш соҳасида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

капитал қурилиш ва архитектура соҳасида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари дастури амалга оширилиши мониторингини таъминлаш ва таҳлил қилиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг ҳудудий ва идоравий мансуб бўлинмалари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ҳукумат комиссиялари ва кенгашлар қарорларига риоя этилишини назорат қилиш;

ваколатли давлат органлари томонидан лойиҳа-қидирув ташкилотларининг объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли тайёрлаш ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишга доир фаолияти мониторинги олиб борилишини ва назорат қилинишини ташкил этиш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан шаҳарсозлик ечимларининг самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режаларининг асосий параметрлари ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

белгиланган талаблар бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тақиқлаш чораларини кўриш;

шаҳарсозлик субъектлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни амалга оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда техник шартлар ва регламентларга риоя этилиши, буюртмачилар (қурувчилар) томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш сифати устидан техник назорат, шунингдек муаллифлик назорати амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш;

ваколатли давлат органлари томонидан архитектура ва қурилиш соҳасида рухсат берувчи тартиб-таомилларни амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

ноқонуний қурилишнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ажратилган ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

қурилиш-монтаж ишлари ва зарур архитектура-қурилиш назорати сифати юзасидан қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектларининг тизимли мониторингини амалга ошириш;

қурилишда илғор технологиялар ва замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда янги конструктив ечимлар қўлланилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, қурилишнинг юқори сифатини ва таннархини пасайтиришни таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритиш;

ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан қурилиш материаллари, конструкциялар ва буюмларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини ўрганиш;

и) қурилиш индустрияси соҳасида:

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида ислоҳотларнинг амалга оширилиши тизимли ва комплекс ўрганилишини ташкил этиш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида мониторингни таъминлаш ва ишларнинг ҳолатини таҳлил қилиш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш соҳасида қабул қилинган қарорлар амалга оширилишини таъминлаш;

қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантириш, қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари саноатида бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, шунингдек ушбу соҳаларда хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қурилиш материаллари саноатини янги технологиялар, қурилиш асбоб-ускуналари, техника, материаллар билан таъминлашнинг комплекс дастурларини шакллантириш;

қурилиш материалларининг илғор турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, қурилиш индустрияси корхоналарида замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қурилиш индустрияси корхоналарида фойдаланиладиган, маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишни ва саноат маҳсулотларининг янги турлари ўзлаштирилишини таъминловчи бутловчи буюмлар ва деталлар ишлаб чиқаришга доир лойиҳалар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини ташкил этиш;

хусусийлаштириш жараёнларига потенциал инвесторларни жалб этиш, шу жумладан қурилиш индустрияси корхоналари устав капиталларидаги давлат улуши ва активларини потенциал инвесторларга сотиш йўли билан жалб этишни чуқур ўрганиш ва эксперт баҳолашни ўтказиш;

қурилиш индустриясини янада модернизациялаш ва диверсификациялаш, биринчи навбатда, ташқи бозорларда рақобатбардошли экспортбоп ва импортнинг ўрнини босадиган тайёр маҳсулотлар турларини маҳаллий хомашёни қайта ишлаш негизида ишлаб чиқаришни кўпайтириш ишларини ташкил этиш;

потенциал хорижий инвесторларни кенг жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришга замонавий илғор, энергиядан самарали фойдаланадиган ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш, шу асосда тармоқнинг экспорт потенциалини ошириш, ана шундай маҳсулотларни импорт қилишни босқичма-босқич қисқартириш ишларини ташкил этиш;

қурилиш индустрияси корхоналарида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни ташкил этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

қурилиш индустрияси корхоналарида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежашга доир ташкилий-техник тадбирлар ва энергия сарфини камайтириш тармоқ дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

қурилиш индустрияси корхоналарини жадал ривожлантириш учун хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича дастурий маълумотларнинг амалга оширилишини таҳлил қилиш;

к) фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш соҳасида:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш соҳасида ислоҳотларнинг боришини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, иқтисодиёт тармоқларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатишга тайёрлиги ҳолатини тизимли ўрганиш ва таҳлил қилиш;

фавқулодда вазиятлар ва уларнинг оқибатларини тугатиш тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари бажарилиши назорат қилинишини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш тизимини такомиллаштириш, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги хатти-ҳаракатлар давлат тизими функциялари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси бошлиғи сифатидаги фаолиятини ахборот-таҳлилий ва ташкилий жиҳатдан таъминлаш;

гидрометеорология, сейсмология, кичик кемалардан хавфсиз фойдаланиш, шунингдек йирик ва ўта муҳим сув хўжалиги объектлари соҳасида ахборот-таҳлилий таъминотни ўтказиш;

хавфли юклар транзити ҳолати таҳлилини таъминлаш, хавфли юклар транзитини назорат қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

хавфли юклар транзитига рухсатномалар бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишни белгиланган тартибда таъминлаш, хавфли юклар транзитига рухсатномалар беришни ёки рухсатнома беришнинг рад этилишини расмийлаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

хавфли юклар транзити юзасидан назоратни ташкил этиш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техника таъминоти масалаларини кўриб чиқиш ва улар бўйича таклифлар тайёрлаш, ушбу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш.


7. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг тегишли хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига биноан республиканинг тегишли ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва дастурлари бажарилишини мувофиқлаштириб боради;

Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига раҳбарлик қилади;

Давлат чегараларини делимитация, демаркация ва редемаркация қилиш, чегара бўйи муаммоларини ҳал қилиш, нолегал миграция, республика ҳудудига товарлар ва контрафакт маҳсулотлар олиб кирилишининг олдини масалаларини мувофиқлаштиради;

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментига бевосита раҳбарлик қилади;

Комплекс юритувига кирадиган масалалар бўйича мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг Вазирлар Маҳкамаси қарорини талаб қиладиган масалалар бўйича таклифлари кўриб чиқилишини ташкил этади;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари тадбирлари сўзсиз ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашга йўналтирилган олдини олувчи чоралар кўради;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларидаги ва бошқа ташкилотлардаги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчилари номенклатурасига кирадиган лавозимларга номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан келишган ҳолда, белгиланган тартибда киритади;

Комплекс юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ҳукумат қарорлари лойиҳаларининг экспертизадан ўтказилишини ва сифатли тайёрланишини ташкил этиш масалаларида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Ҳукумат қарорларининг ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди;

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг департамент мудири, мудир ўринбосари, шўъба мудирлари, бош ва етакчи мутахассислари ҳамда инспекторлар лавозимларига кадрлар танлашни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан биргаликда амалга оширади;

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг департамент мудири, мудир ўринбосари, шўъба мудирлари, бош ва етакчи мутахассислари ҳамда инспекторларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментида ҳамда Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментида кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил қилади.


8. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари тегишли комиссиялар (кенгашлар)га раҳбарлик қилади, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири бошчилик қиладиган комиссиялар (кенгашлар) фаолиятини, уларнинг қарорлари бажарилишини ташкил этиш юзасидан назоратни таъминлайди.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари коллегиал органларининг мажлисларида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири топшириқлари бўйича - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг Комплекс бошқарадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларини Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар тузиш;

"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талаблари бузилган ҳолда тушадиган ҳужжатларни қайтариш.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари ва топшириқлари унинг томонидан белгиланган муддатларда бажарилиши керак.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг ўзи бошқарадиган масалалар бўйича вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига топшириқлари белгиланган тартибда бажарилиши мажбурийдир.


10. Бош вазирнинг ўринбосари:

зиммасига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва сифатли бажарилиши;

ўзи раҳбарлик қиладиган Комплексдаги ишларнинг ҳолати, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиши ва назорат қилиниши, Комплекс юритувига кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш;

Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ тақдим этиладиган Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини республика манфаатларини, иқтисодий самарадорлигини назарда тутиб ва улардаги масалаларни барча манфаатдор тузилмалар билан боғлаган ҳолда пухта экспертизадан ўтказилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Ҳукумат қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибига кирадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИРНИНГ БИРИНЧИ ЎРИНБОСАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Бош вазир биринчи ўринбосарининг ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари ҳамда Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг иш режаси асосида ташкил этилади.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланади.


12. Бош вазир биринчи ўринбосарининг Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Ҳукумат қарорларининг мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида амалга оширилиши тизимли мониторингини таъминлаш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишларни амалга ошириш йўли билан, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати, Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси мажлисларида ҳисоботларни эшитган ҳолда ташкил этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)