Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.03.2016 й. 81-сон қарорига 5а-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 23 мартдаги

81-сон қарорига

5а-ИЛОВА



Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини

назорат қилиш инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Архитектура ишлари ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ахборот-таҳлил департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Инспекция ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Инспекция ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига ва Департамент мудирига бўйсунади ҳамда айни пайтда унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


4. Инспекция ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Инспекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек уларнинг ҳудудий бўлинмалари ва уларга қарашли бўлинмалар томонидан:

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, келишиш ва тасдиқлаш, аҳоли пунктлари ҳудудларини ва қишлоқлараро ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш ва қуриш, тасдиқланган бош режаларни, аҳоли пунктларини қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича мақсадли ҳудудий дастурларни изчил амалга оширишга доир белгиланган талабларга;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг, шунингдек Ҳукумат бошқа комиссиялари ва кенгашларининг Инспекция ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорларига риоя этилишини назорат қилиш;

аҳоли пунктларини ва қишлоқлараро ҳудудларни шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш масалалари бўйича лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизлик, шунингдек санитария нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш;

қуйидагилар бўйича таклифлар киритиш:

шаҳарсозлик ечимлари самарадорлигини ошириш, аҳоли пунктлари бош режаларининг асосий қоидаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

аҳоли пунктларини қуришда ва архитектура ечимларини қабул қилишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилишига йўл қўйганлиги учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш;

б) амалга оширилаётган қурилиш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш соҳасида:

шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан белгиланган тартибда рухсат олмасдан лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтда ишлаб чиққан ва молиялаштирган ҳолда объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриш;

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолиятини белгиланган тартибда чеклаш, тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш чора-тадбирларини кўриш;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашда техник талабларга ва регламентларга риоя этилиши, буюртмачилар (қурувчилар) томонидан лойиҳалаштириш, қурилиш сифати юзасидан техник назоратнинг, шунингдек объектни қуриш ва реконструкция қилиш учун шаҳарсозлик ҳужжатларини амалга оширишда муаллифлик назоратининг амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш;

қурилиш соҳасида рухсат берувчи тартиботларни амалга оширишнинг белгиланган тартибига ваколатли давлат органлари томонидан риоя қилиниши юзасидан назоратни таъминлаш;

ноқонуний қурилишнинг, шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер участкаларидан бошқа мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

қурилишда замонавий маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда илғор технологиялар ва янги конструктив ечимлар қўлланилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, қурилиш объектларининг юқори сифатини таъминлаш ва уларнинг қийматини пасайтириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитасининг лойиҳалаштириш ва қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан давлат назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий инспекциялари фаолиятини уларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши юзасидан ўрганиш;

қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектларини қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва зарур архитектура-қурилиш назорати таъминланиши юзасидан текшириш;

қурилиш объектларини қабул қилиш далолатномаларини тасдиқлаш юзасидан Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш;

қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқарувчилари томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидан норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини ўрганиш.


6. Инспекция ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси минтақалари, аҳоли пунктлари, қишлоқлар ва овуллар фуқаролар йиғинлари ҳудудларини режалаштириш ва қуриш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларининг бажарилишини, экспертизадан ўтказилишини, шунингдек уларни ишлаб чиқиш молиялаштирилишини таъминлайди;

бош лойиҳа-қидирув ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши, шунингдек шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатлари юзасидан мониторинг олиб боради;

барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан шаҳарсозлик ҳужжатларини келишиш муддатлари ва тартибига риоя этилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари, шаҳарсозлик ҳужжатларининг асосий қоидаларини амалга ошириш бўйича дастурлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларини қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича мақсадли ҳудудий инвестиция дастурлари изчил амалга оширилиши юзасидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари томонидан эски ва ўзбошимчалик билан қурилган объектларни бузиб ташлаш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан қурилиш учун ер участкалари бериш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Давархитектқурилиш" қўмитаси, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-қурилиш кенгаши ва Аҳоли пунктларини комплекс қуришни назорат қилиш комиссияси қарорлари бажарилишини таъминлайди;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, тасдиқлаш, амалга киритиш ва қайта кўриб чиқиш тартибини тайёрлашда иштирок этади;

давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича методологик кўрсатмалар ва тавсияларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

капитал қурилишда ишларнинг сифатини яхшилаш ишларини ташкил этишда иштирок этади;

капитал қурилишда сифатни таъминлашни ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганади, уларни қўллаш бўйича тавсиялар тайёрлайди;

бош режаларнинг аниқланган қоида бузилишларини таҳлил қилади, ҳудудлар бўйича тенденцияларни умумлаштиради;

бош режалар бузилишини бартараф этиш бўйича таҳлилий ахборотлар ва таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

амалга оширилган назорат натижаларини умумлаштиради ва таҳлил қилади, сифатни яхшилаш бўйича норматив талабларни, методологик ва йўриқномавий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив ҳужжатлар, шу жумладан "Давархитектқурилиш" қўмитаси томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг жойларда бажарилишини назорат қилади.



III. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Инспекция ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Инспекция ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўтказилган назорат текширишлари натижаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатига киритиш;

берилган ваколатлар доирасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига ва махсус ваколатли давлат органига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, буюртмачи ва пудратчи ташкилотларга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор бўлган шахсларни тегишли турдаги жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва махсус ваколатли давлат органи фаолиятини шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш юзасидан режали текширишлар ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги аризалари бўйича белгиланган тартибда режадан ташқари текширишлар ўтказиш;

қурилиш даврида объект қиймати ошишига таъсир кўрсатган ҳолатларни таҳлил қилиш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти соҳасида архитектура-қурилиш назорати, капитал қурилишда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалаларини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;

ўз ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материалларни давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда олиш учун сўровлар тайёрлаш;

шаҳарсозлик ва шаҳарсозлик фаолияти масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва методологик ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритиш;

давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш соҳасида энг муҳим муаммоларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссиялар ва кенгашлар ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш;

тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда амалга оширилаётган объектлар қурилишини тўхтатиб туриш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Инспекция фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун ҳудудий инспекциялар, лойиҳалаш ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимларини, алоҳида мутахассисларни, олимларни жалб этиш;

ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида ташкилотларга, қурилиш объектларига бориш;

лойиҳалаш, пудрат ташкилотларидан ва буюртмачи ташкилотлардан (инвесторлардан) бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг сифатини текшириш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни олиш.


8. Инспекция:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган ҳужжатлар лойиҳалари, таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши;

давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши;

лойиҳалаш ишларининг такомиллаштирилиши, лойиҳалаш ва қурилиш ишлари сифатининг оширилиши;

марказлаштирилган манбалар ҳисобига қуриладиган объектлар қурилиши сифати юзасидан назоратни амалга ошириш мониторинги олиб борилишининг ташкил этилиши учун жавоб беради.



IV. ИНСПЕКЦИЯНИНГ ТУЗИЛМАСИ


9. Инспекциянинг тузилмасига: Инспекция бошлиғи; архитектура ишлари бўйича бош инспектор; қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш бўйича бош инспектор; етакчи инспекторлар киради.

Инспекция тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


10. Инспекция ишларига бошлиқ раҳбарлик қилади.


11. Инспекция бошлиғи ва инспекторлари белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ИНСПЕКЦИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Инспекция ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппарати тўғрисидаги низомга, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича Йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департамент ва Инспекциянинг чораклик иш режалари, бошлиқ ва инспекторларнинг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Инспекциянинг иш режалари ва Инспекция бошлиғининг шахсий иш режалари Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан тасдиқланади.

Инспекция инспекторларининг шахсий иш режалари Департамент мудири ва Инспекция бошлиги томонидан тасдиқланади.

Инспекциянинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, бошқа органлар ва ташкилотларда амалга оширилиши тизимли мониторингини амалга ошириш бўйича фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг топшириқларига мувофиқ комплекс ўрганишлар йўли билан, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати, Комплекс мажлисларида ҳисоботларни эшитган ҳолда таъминланади.


13. Инспекция бошлиғи:

Инспекция фаолиятига бевосита раҳбарликни амалга оширади ва Инспекцияга юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Инспекциянинг юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларни эксперт жиҳатидан пухта ишлашни ташкил этади ва ҳужжатларнинг тайёрланган лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

архитектура ва қурилиш соҳаларида ислоҳотларнинг ҳолати тўғрисидаги тизимли мониторинг ташкил этилишини ва маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлайди;

инспекторлар ўртасида вазифалар тақсимланишини, ярим йиллик учун Инспекция иш режаси лойиҳасини ва Инспекциянинг инспекторлари иш режаларини ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Департамент мудирига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган, улар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинишини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсатининг мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ва ташкилий қўмиталар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ва Департамент мудири томонидан Инспекция юритиши соҳасига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва капитал қурилишда давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш масалалари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг тегишли ўринбосарининг ва Департамент мудирининг топшириғи бўйича вазирликлар ва идораларнинг ҳайъатлари мажлислари ва йиғилишларида қатнашади, Инспекция ваколатига кирувчи масалалар бўйича ташкилотлар ва муассасаларда вакиллик қилади;

Инспекциянинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, инспекторларнинг касбий даражасини ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ва Департамент мудирига кўриб чиқиш учун киритади;

Инспекция кадрлари захирасини шакллантиришни ва янгилашни, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли ишлар ташкил этилишини таъминлайди;

Инспекциядан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


14. Инспекция бошлиғи вақтинчалик бўлмаган тақдирда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосари томонидан белгиланадиган Инспекциянинг бош инспекторларидан бири бажаради.


15. Инспекциянинг бош инспектори:

функционал вазифаларга мувофиқ таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтидалиги, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатлар бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқарувининг органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Инспекция бошлиғига ва Департамент мудирига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича туркумлаштирилган маълумотлар банки шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил этади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганади, улар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ва Департамент мудири ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек тайёрланаётган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича Инспекция бошлиғи билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи инспекторнинг фаолиятини назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


16. Инспекциянинг етакчи инспектори:

ўзининг функционал вазифаларига мувофиқ таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтидалиги, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатлар бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиб чиқади, улар бўйича зарур таҳлилий материаллар ва эксперт хулосаларини тайёрлайди, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ уларнинг зарур тарзда келишилишини таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Инспекция бошлиғига ва Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича туркумлаштирилган маълумотлар базаси шакллантирилиши ва юритилишини, унинг мунтазам равишда янгилаб борилишини ташкил этади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ва Департамент мудири ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Инспекция бошлиғи, бош инспектор билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)