Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.03.2016 й. 81-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 23 мартдаги

81-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги

маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол

товарлари масалалари ахборот-таҳлил

департаменти тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


2. Департаментнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасини, унинг Раёсатини, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратини қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш; ердан оқилона фойдаланиш; сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши; чорвачиликни ривожлантириш; озиқ-овқат саноатини ривожлантириш; пахтани қайта ишлаш ва енгил саноатни ривожлантириш; савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳаси масалалари бўйича ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлашга йўналтирилган.


3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Департамент ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади.

Департамент ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига бўйсунади, айни вақтда унинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан мувофиқлаштириб борилади.


5. Департамент ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



II. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш соҳасида:

қишлоқ хўжалигида, ердан фойдаланишда, сув хўжалиги комплексида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

қишлоқда ижара муносабатларини ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг етакчи бўғини ва шакли сифатида фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилишни ва фаолияти самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш ишларини мувофиқлаштириш;

фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллигини ва молиявий барқарорлигини оширишни таъминлаш, уларнинг манфаатдорлигини рағбатлантириш, замонавий технологияларни ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсини комплекс қайта ишлашни жорий этиш, шунингдек қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизматлар соҳасини ташкил этиш ва ривожлантириш ҳисобига механизациялаш ва рентабеллик даражасини ошириш;

кўп соҳали фермер хўжаликларини ривожлантиришда уларнинг фаолиятига сувни тежайдиган самарали технологияларни, биринчи навбатда - томчилатиб суғоришни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишда кўмаклашиш;

қишлоқда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектларини шакллантириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш ва доривор ўсимликларни ўстириш мониторингини ва таҳлилини таъминлаш;

давлат ва хўжалик бошқарувининг манфаатдор органлари билан биргаликда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда қишлоқни юксалтиришнинг қисқа муддатли ва узоқ муддатли прогнозлари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шартнома муносабатлари негизидаги ижара муносабатлари ва хўжалик юритиш тизимларини кенг ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчисининг манфаатлари ишончли таъминланишига қаратилган иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш ишларини мувофиқлаштириш;

Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ер участкалари бериш борасидаги тўсиқларни олиб ташлаш, ер ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш, республикада экологик вазиятни яхшилаш, маҳаллий ижро этувчи органлар, бошқа органлар ва ташкилотларнинг сув хўжалиги тизимининг фаолият кўрсатиши масалаларида ўзаро ҳамкорлиги бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида" 2015 йил 11 февралдаги ПҚ-2298-сон ҳамда "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарорларида белгиланган вазифаларга мувофиқ тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини, шунингдек сув хўжалигида энергия сарфини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

республикада ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш, ўрмонларни тиклаш ва муҳофаза қилиш, ўрмон майдонларидан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликларни ва манзарали дарахтларнинг қимматли турларини ўстириш чора-тадбирларини амалга оширишни таъминлаш;

ўрмонларни бошқариш, улардан фойдаланишни ташкил этиш, уларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, давлат ўрмон кадастрини юритиш ва қўриқхона ишларини ташкил этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, мини-технологияларни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни аграр секторга кенг жалб этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш чора-тадбирлари комплексини амалга оширишни ташкил этиш;

аграр секторда монополиядан чиқариш жараёнларини чуқурлаштириш, рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, ердан фойдаланишда бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, сув хўжалигида бошқарув шакллари, методлари ва тузилмаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, замонавий агротехнологияларни ва қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича жойлаштириш, ер тузиш ва ер мониторинги, тупроқни сақлаш, унинг унумдорлигини ошириш ва тиклашни ташкил этиш, барча даражаларда сувдан фойдаланишнинг бозор принципларини жорий этиш ишларини ташкил этиш;

селекция ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер муносабатларини тартибга солиш, ирригация тизимларини бошқаришнинг ҳавза принципи асосида сув ресурсларини бошқариш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиялаштириш ва кредитлаш тизимини таҳлил қилиш ва уни такомиллаштириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ўрмонлардан фойдаланиш, уларни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалигини ривожлантиришга доир таклифлар тайёрлаш;

фермер хўжаликларини, шу жумладан лизинг асосида юқори унумли, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси билан таъминлаш ишлари мониторингини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалигини комплекс механизациялашни таъминлашни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини синаш ва сертификатлаштириш ишларини мувофиқлаштириш;

бозор принциплари ва механизмлари асосида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи тармоқлар, бўғинлар ва тузилмаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

илмий муассасаларнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишнинг муҳим муаммолари, илмий ишланмаларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш ва тақсимлашнинг молиявий таъминоти балансининг, шунингдек Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳисоб-китоб жамғармаси даромади ва унинг маблағларидан фойдаланиш балансининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

б) чорвачиликни ривожлантириш соҳасида:

шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорвачиликни ривожлантиришни тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

республикада чорвачиликни янада ривожлантиришга йўналтирилган тадбирларнинг амалга оширилиши мониторинги олиб борилиши ва таҳлил этилишини, интенсив методлар ва технологияларнинг чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга жорий қилинишини таъминлаш;

чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

наслчилик ишларини сифатли ташкил этиш ҳамда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига зооветеринария хизматлари кўрсатиш соҳасида хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш;

келгусида товар хўжаликларини наслчилик хўжаликлари этиб таркибий ўзгартирган ҳолда чорва моллари зотини яхшилаш бўйича узоқ муддатли селекция режаларини ишлаб чиқишни таъминлаш;

зооветеринария пунктларини жиҳозлаш ҳамда шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига зоотехника ва ветеринария хизмати кўрсатиш даражасини ошириш, ветеринария препаратларини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариш базасини кенгайтириш ишларини ташкил этиш;

чорва озуқа экинлари экиш таркибини мақбуллаштириш ва чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларининг ер майдонларидан мақсадли фойдаланиш, чорва озуқа экинларининг серҳосил навлари уруғларини етиштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари етиштиришга интенсив ва замонавий технологияларни кенг жорий этишни таъминлаш;

пиллачиликнинг озуқа базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, юқори маҳсулли ипак қурти уруғини мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариш, тирик пилла ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишларини мувофиқлаштириш;

фермер хўжаликларида ва якка тартибдаги секторда қоракўлчилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантиришни таҳлил қилиш ва таклифлар тайёрлаш;

в) озиқ-овқат саноатини ривожлантириш соҳасида:

озиқ-овқат саноати тармоқларида ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

мева-сабзавот, виночилик, ёғ-мой, гўшт-сут ва мазали озиқ-овқатлар саноати, шунингдек донни қайта ишлаш ва омихта ем ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти мониторинги олиб борилиши ва таҳлил қилинишини ҳамда уларнинг ривожлантирилишини таъминлаш;

озиқ-овқат саноати товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш масалалари бўйича. фаолиятини мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва мазкур соҳани ривожлантириш вазифаларининг комплекс ҳал этилишини ташкил қилиш;

ички истеъмол бозорини озиқ-овқат товарлари билан тўлдириш масалалари бўйича мониторингни таъминлаш ҳамда таҳлил этиш, озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишдаги сифат ўзгаришларини ва уни ривожлантириш тенденцияларини баҳолаш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш тармоқларида бозор принциплари ва механизмларини кенг жорий этиш, озиқ-овқат саноати корхоналарида замонавий технологияларни жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

озиқ-овқат товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

замонавий бозор механизмлари воситасида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар, қайта ишловчилар ва етказиб берувчилар ўртасидаги узоқ муддатли барқарор кооператив алоқалар ўрнатиш ва шу асосда янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда турларини кенгайтириш, уларни сотишнинг янги бозорларини ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонида белгиланган вазифаларга мувофиқ қишлоқда замонавий мини-технологиялардан ва ихчам асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш, хусусий мулкни, кичик ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширишни таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологияларни кенг жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш;

озиқ-овқат тармоғи корхоналарида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури амалга оширилиши мониторингини таъминлаш;

узумчиликни янада ривожлантириш, токзорларни кенгайтириш ва минтақаларнинг тупроққлим шароитларни ҳисобга олган ҳолда уларни жойлаштиришни мақбуллаштириш, узумчиликнинг илмий базасини мустаҳкамлаш, узумнинг янги, истиқболли, серҳосил навларини жорий этиш, шунингдек узумни қайта ишлаш ҳажмларини кенгайтириш ва тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш ишларини мувофиқлаштириш;

жаҳон стандартларига жавоб берадиган озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, импорт ўрнини тўлдирадиган товарлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ энергия сиғимини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат тармоғида маҳсулотлар таннархини пасайтириш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш мониторингини таъминлаш;

манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар билан биргаликда мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва узум, озиқ-овқат спирти, ўсимлик ёғи ва озиқ-овқат дони етиштириш ва уларни тақсимлаш балансларини ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқишни ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

г) пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат соҳасида:

пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатишни ривожлантириш соҳасида иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишини тизимли ва комплекс ўрганишни ташкил этиш;

ички истеъмол бозорини енгил саноат товарлари билан тўлдириш масалалари бўйича мониторингни таъминлаш ҳамда таҳлил қилиш, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ривожлантириш, савдо ва пулли хизматлар фаолият кўрсатиши соҳасидаги сифат ўзгаришларини ва тенденцияларини баҳолаш;

пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бажарилишини ташкил этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш, савдо ва пулли хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

пахтани қайта ишлаш тармоғида, енгил саноатда, савдода ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш вазифаларини комплекс ҳал этишни ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707-сон Фармонида белгиланган вазифаларга мувофиқ, пахтани қайта ишлаш саноатида ва енгил саноатда технологик жараёнларни мақбуллаштириш ва рационализациялаш мақсадида ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартиришни, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш бўйича бажарилаётган ишлар мониторингини ташкил этиш;

пахтани қайта ишлаш саноати, енгил саноат товарлари ишлаб чиқариш ва сотиш соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш, тармоққа хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонида белгиланган ишлаб чиқариш, инвестиция, маркетинг жараёнларини бошқариш самарадорлигини оширишга йўналтирилган вазифаларга мувофиқ пахтани қайта ишлаш саноатида ва енгил саноатда корпоратив бошқаришнинг замонавий методларини жорий этишни таҳлил қилиш ишларини ташкил этиш;

пахта тозалаш ва енгил саноат корхоналарини ривожлантиришнинг илмий-техник даражасини ошириш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техника ва технология билан қайта жиҳозлаш, кўрсатиб ўтилган вазифаларни ҳал этиш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини бошқариш тизимини жорий этиш ҳамда уларнинг жаҳон стандартларига мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида" 2015 йил 11 февралдаги ПҚ-2298-сон ҳамда "2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарорларида белгиланган вазифаларга мувофиқ пахтани қайта ишлаш саноати ва енгил саноат корхоналарида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини, шунингдек энергия сиғимини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш мониторингини олиб бориш;

бозорлар фаолиятини, ярмаркалар ва кўргазмаларнинг истеъмол товарлари, аҳолини истеъмол товарлари ва пулли хизматлар билан таъминлаш бўйича маркетинг тадқиқотлари борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

республика аҳолисини қиш-баҳор даврида узлуксиз таъминлаш учун мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турларини ғамлашни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

чакана ва улгуржи савдони ташкил этиш тизимини, пулли хизматлар кўрсатиш соҳасини такомиллаштириш, савдо ва хизматлар кўрсатишни ташкил этишнинг янги шакллари ва методларини кенг жорий этиш, хусусий ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек савдо ва хизматлар кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

пахтани қайта ишлаш, енгил саноат, савдо соҳалари учун кадрлар тайёрлашни ташкил этиш тизимини ўрганиш ва таҳлил қилиш, мазкур соҳаларни малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда пахта толаси ва линт ишлаб чиқариш ва етказиб бериш балансларининг ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқилиши ва келишилишини ҳамда уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш,


7. Департамент ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ўзи юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича ахборотларни тўплайди ва умумлаштиради;

иқтисодиётнинг ўзи мутасаддилик қиладиган тармоқларида ва ҳудудларда ишларнинг ҳолатини ўрганади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари учун тегишли материалларни тайёрлайди;

тегишли тармоқларнинг ривожланиши, ислоҳотларни чуқурлаштириш дастурлари, таркибий ўзгартиришлар, ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва диверсификациялаш, тегишли тармоқларда корпоратив бошқарувнинг замонавий методлари жорий этилиши юзасидан мониторинг олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси топшириқларининг ижросини назорат қилади;

тегишли тармоқлар бўйича тизимлаштирилган маълумотлар базаси яратилиши ва юритилишини, уларнинг мунтазам равишда тўлдирилиши ва янгиланишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун таҳлилий, маълумотнома материаллар ва бошқа материалларни, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари топшириқлари лойиҳаларини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа ҳужжатлар лойиҳалари экспертизасини амалга оширади ва уларни ишлаб чиқади, улар юзасидан зарур таҳлилий ва маълумотнома материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари томонидан ўтказиладиган йиғилишларга материаллар тайёрлашда ва уларда қабул қилинадиган қарорларни расмийлаштиришда қатнашади;

материалларнинг, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг комплекслилиги ҳамда уларнинг сифатли ишлаб чиқилиши ва тайёрланишини, шунингдек уларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви манфаатдор органлари, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг таркибий бўлинмалари билан келишилишини таъминлайди;

Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва уларнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини ташкил этади;

ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ давлат ва хўжалик бошқарувининг мутасаддилик қилинадиган органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари бошчилик қиладиган тегишли Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар ишлари самарадорлигини таъминлайди, улар томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлайди, кўриб чиқиш ва чора-тадбирлар кўриш учун ушбу мурожаатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига юборади, уларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини назорат қилади, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади;

Департаментга ўзига юкланган бошқа функцияларни ҳам белгиланган тартибда амалга оширади.



III. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Департамент ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратининг бошқа таркибий бўлинмаларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, бошқа органлар ва ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар коллегиал органлари мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғига биноан эса - давлат бошқа органларининг, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган мажлислари ва йиғилишларида қатнашиш;

зарурат бўлганда, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этиш, тегишли масалалар бўйича вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

зарурат бўлганда, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилган ҳолда тушган ҳужжатларни қайтариб юбориш.

Департаментнинг зарур материаллар, маълумотларни тақдим этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини пухта ишлаб чиқиш бўйича талаблари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириқларида бажаришнинг бошқа муддатлари белгиланмаган бўлса, Департамент белгилаган муддатларда бажарилиши керак.


9. Департамент:

ўзига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун;

Вазирлар Маҳкамасига киритилган ҳужжатлар лойиҳаларини, таклифлар ва масалаларни эксперт жиҳатидан сифатли ишлаб чиқишнинг ташкил этилиши учун;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти топшириқларининг мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланиши учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизоми мустаҳкамланиши учун жавоб беради.



IV. ДЕПАРТАМЕНТНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Департаментнинг тузилмасига қуйидагилар киради:

қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш шўъбаси;

чорвачиликни ривожлантириш масалалари шўъбаси;

озиқ-овқат саноатини ривожлантириш шўъбаси;

пахтани қайта ишлаш ва енгил саноат шўъбаси.

Ҳар қайси шўъба таркибига шўъба мудири, бош ва етакчи мутахассислар киради.

Департамент тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.


11. Департамент ишларига Департамент мудири раҳбарлик қилади.


12. Департаментнинг мудири, шўъба мудирлари ва мутахассислар белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



V. ДЕПАРТАМЕНТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Департамент ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати тўғрисидаги низомга, ушбу Низомга, Вазирлар Маҳкамаси Ижро этувчи аппаратида иш юритиш бўйича йўриқномага, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг, унинг ўринбосарларининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Департаментнинг иш режалари, Департамент мудири, шўъба мудирлари ва мутахассисларининг шахсий иш режалари асосида ташкил этилади.

Департаментнинг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсати томонидан тасдиқланадиган Комплекснинг иш режаси асосида шакллантирилади.

Департаментнинг иш режаси, Департамент мудирининг шахсий иш режаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.

Шўъбалар мудирлари ва мутахассисларнинг шахсий иш режалари Департамент мудири томонидан тасдиқланади.

Департаментнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари амалга оширилиши тизимли мониторингини амалга ошириш бўйича фаолияти мутасаддилик қилинадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида, бошқа органлар ва ташкилотларда Вазирлар Маҳкамасининг иш режасига мувофиқ комплекс ўрганишларни ўтказиш йўли билан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати, Комплекс мажлисларида ҳисоботларни эшитиш йўли билан таъминланади.


14. Департамент мудири:

Департаментга бевосита раҳбарликни амалга оширади, шўъба мудирлари ва мутахассислар ишларини ташкил қилади, Департаментга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган Департамент мутасаддилик қиладиган соҳага кирувчи масалалар бўйича таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, уларнинг эксперт жиҳатидан пухта ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

иқтисодиётининг тегишли тармоқлари, соҳаларида ва республика ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва натижадорлиги тўғрисида тизимли мониторинг ташкил этилишини ҳамда маълумотлар банки шакллантирилишини, шунингдек муаммоли масалаларни ҳал этиш, республика тармоқлари ва ҳудудларини ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди;

Департаментнинг тасдиқланган тузилмаси ва штатлар жадвалига мувофиқ лавозимга тавсия этилаётган номзодлар, шўъбалар мудирлари ва мутахассисларнинг касбий даражаси ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва жазолаш чоралари бўйича таклифларни пухта ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси билан келишган ҳолда Комплекс раҳбарига кўриб чиқиш учун киритади;

шўъба мудирлари ва мутахассислар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишини, шунингдек Комплекснинг ярим йиллик учун иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Комплекс раҳбарига келишиш ҳамда тасдиқлаш учун киритади, Департамент шўъба мудирлари ва мутахассисларининг иш режаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тушган республика Ҳукумати қарорини талаб қилмайдиган ҳужжатларни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўриб чиқиш учун юборади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар, кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси томонидан Департамент юритадиган соҳага кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган йиғилишларда қатнашади;

Департаментнинг кадрлар захираси шакллантирилишини ва янгилаб борилишини, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли ишларнинг ташкил этилишини таъминлайди;

Ижро этувчи аппаратда амалда бўлган Йўриқномага мувофиқ иш юритишни таъминлайди;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди.


15. Департамент мудири вақтинчалик бўлмаганда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан белгиланадиган Департаментнинг шўъба мудирларидан бири бажаради.


16. Шўъба мудири:

шўъба мутахассислари ишларини мувофиқлаштиради ва шўъбага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

шўъбага бириктирилган масалалар бўйича маълумотнома, таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар, шунингдек қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутахассислар томонидан сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикасининг қабул қилинган қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ҳукумат қарорларини амалга ошириш бўйича мутахассислар томонидан ташкилий чора-тадбирлар ёки назорат режалари тайёрланишини, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланишини мувофиқлаштиради, эришилган натижаларнинг мониторингини доимий равишда таъминлайди;

масалаларни ўрганиб чиқишни мувофиқлаштиришни ва тегишли давр учун мутахассислар, Департамент ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган иш режаларидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида тегишли таклифларни кўриб чиқиш учун Департамент мудирига ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига киритади;

иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари, соҳалари ва секторлари, шунингдек республика ҳудудлари бўйича туркумланган маълумотлар базасининг мутахассислар томонидан яратилиши ва юритилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

маълумотнома материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шунингдек белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунингдек Департамент ваколатига кирувчи масалалар бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва уларни Департамент мудирига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ҳамда идоралараро комиссиялар ва кенгашлар мажлисларида, шўъба юритадиган соҳага кирадиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда қатнашади;

Департамент мудири топшириғига биноан чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказади, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


17. Департаментнинг бош мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

давлат ва хўжалик бошқарувининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятнинг тегишли органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига ва шўъба мудирига, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, уларнинг коллегиал органлари мажлисларида қатнашади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда кўриб чиқишга материаллар тайёрлаш учун, шунингдек ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилиш учун ўзига бириктирилган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан йиғилишлар ўтказади;

тегишли масалалар бўйича етакчи мутахассиснинг фаолиятини назорат қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


18. Департаментнинг етакчи мутахассиси:

ўз функционал вазифаларига мувофиқ таклифларнинг ва ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, ишончлилиги ва ўз вақтида тайёрланиши, топшириқлар ва қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилиши юзасидан назоратнинг таъминланиши учун шахсан жавоб беради;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама таҳлил қилади, улар юзасидан зарур таҳлилий материалларни ва эксперт хулосаларни тайёрлайди, шунингдек улар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентига мувофиқ зарур келишувларни таъминлайди;

материаллар ва ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисида Департамент мудирига, шўъба мудирига ва бош мутахассисга, шунингдек белгиланган тартибда - Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ҳамда унинг ўринбосарларининг иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари ва соҳалари ёки республика ҳудудлари бўйича топшириқларининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши юзасидан тизимли назоратни амалга оширади;

тегишли функционал масалалар ва ҳужжатлар бўйича маълумотларнинг туркумланган базасини шакллантиришни ва юритишни, унинг мунтазам равишда тўлдириб ва янгилаб борилишини ташкил қилади;

тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари марказий аппаратлари (иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий хизматлари)нинг таркибий бўлинмалари ишларининг ҳолати ва натижадорлигини доимий равишда ўрганиб боради, улар фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

ўзига бириктирилган масалалар бўйича ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ўтказадиган йиғилишларда, Ҳукумат комиссиялари ва идоралараро комиссиялар ҳамда кенгашлар мажлисларида, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ўтказадиган йиғилишларда белгиланган тартибда қатнашади;

шўъба мудири билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи органлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар билан ижродаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг лойиҳаларини уларни тайёрлаш мақсадида муҳокама қилади;

вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.


19. Инспектор Департаментда иш юритишни амалга оширади, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, ҳужжатлар йиғмажилдларининг тайёрланишини ва архивда сақлашга ўз вақтида берилишини таъминлайди, ўзига юкланган бошқа функцияларни бажаради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)