Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2018 й. 938-сон "2-ГМЗнинг қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш (I-II босқичлар)" инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11.2018 й.

N 938



"2-ГМЗНИНГ ҚАЙТА ИШЛАШ ҚУВВАТЛАРИНИ

КЕНГАЙТИРИШ (I-II БОСҚИЧЛАР)" ИНВЕСТИЦИЯ

ЛОЙИҲАСИНИНГ ТЕХНИК-ИҚТИСОДИЙ

АСОСИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" 2018 йил 3 февралдаги ПҚ-3507-сон қарорига мувофиқ ва замонавий технологияларни жорий этган ҳолда, қайта ишлаш қувватларини янада ошириш ҳисобига қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни барқарор кўпайтиришни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "2-ГМЗнинг қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш (I-II босқичлар)" инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда инвестиция лойиҳаси деб аталади) амалга ошириш доирасида:

а) умумий қиймати 168,30 млн АҚШ доллари эквивалентидаги инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши ишлаб чиқилиб, "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКда белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилгани;

б) объектни 2023 йилнинг ноябрида ишга тушириш орқали йилига таркибида олтин бўлган 12,0 млн тонна ҳажмда рудаларни қайта ишлаш бўйича қўшимча қувватлар ташкил этилиши;

в) инвестиция лойиҳаси техник-иқтисодий асосланишининг ишлаб чиқилиши ва экспертизадан ўтказилиши натижасида:

"Навоий КМК" ДКнинг махсус инвестиция ҳисобрақамидаги маблағлари ҳисобидан 95,88 млн АҚШ доллари эквивалентидаги ўз маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки орқали қайта молиялаштириладиган ва қайта молиялаштирувчи банкнинг йиллик 2,0 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси ҳамда йиллик 0,25 фоиз миқдоридаги маржаси қўшилган ҳолда 10 йил муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли даврга бериладиган 72,42 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобидан маблағларга бўлган эҳтиёж аниқлангани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

"Навоий КМК" ДК қарз олувчи ва инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредитидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

жалб этиладиган кредитни қоплаш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар "Навоий КМК" ДКнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


3. Қуйидагилар:

"2-ГМЗнинг қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш (I-II босқичлар)" инвестиция лойиҳаси техник-иқтисодий асосланишининг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

"2-ГМЗнинг қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш (I-II босқичлар)" инвестиция лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитини қоплашнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини белгиланган тартибда таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султанов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва "Навоий КМК" ДК бош директори К.С. Санақулов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                              А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 ноябрь