Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартиби ҳақидаги Низом (АВ томонидан 30.11.2018 й. 3093-сон билан рўйхатга олинган Бош прокурорнинг 31.10.2018 й. 205-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 30 ноябрда 3093-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокурорининг

2018 йил 31 октябрдаги

205-сонли буйруғига

ИЛОВА



Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона

тизимини  юритиш тартиби ҳақидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан назорат қилувчи органлар ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда назорат қилувчи органлар деб юритилади) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимини юритиш тартибини белгилайди.




1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига (бундан буён матнда Ягона тизим деб юритилади) назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларига (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) юборилган буюртма, шунингдек текширув тўғрисида маълумотлар, мониторинг ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида аниқланган қонунбузишларни бартараф қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар киритилади.


2. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар Ягона тизимда мажбурий тарзда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Ягона тизим тўлиқ ишга туширилгунга қадар текширув ўтказишни келишиш билан боғлиқ бўлган ёзишмалар қоғоз шаклида расмийлаштирилади.

Назорат қилувчи органлар ва ваколатли орган ўртасидаги давлат сири билан боғлиқ бўлган текширувларни ўтказишга оид ахборот алмашинуви давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади ҳамда бундай текширувлар ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.



2-БОБ. ЯГОНА ТИЗИМДА РЎЙХАТДАН ЎТИШ


3. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда prokuratura.uz сайти орқали рўйхатдан ўтади.


4. Назорат қилувчи органларга Ягона тизимга кириш учун логин ва пароль Бош прокуратура томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ берилади ва алоҳида муҳрланган конвертда юборилади.


5. Логин ва пароллар реестри Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси (бундан буён матнда Бош прокуратура бошқармаси деб юритилади) томонидан юритилади.


6. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда рўйхатдан ўтганидан сўнг Бош прокуратура бошқармаси унинг маълумотларини тизим ичида тасдиқлайди.

Ягона тизимда рўйхатдан ўтказишни тасдиқлаш бир иш куни давомида амалга оширилади.


7. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими Ягона тизимда бир маротаба рўйхатдан ўтказилади.


8. Назорат қилувчи органнинг масъул ходими ўзгарганда Ягона тизимдаги логин ва пароль назорат қилувчи орган томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига оид ички қоидалар асосида янги ходимга ўтказилади.

Назорат қилувчи органнинг масъул ходими ўзгарганлиги ҳақида назорат қилувчи орган бир иш кунида Бош прокуратура бошқармасини хабардор қилади.


9. Ваколатли органнинг масъул ходимига логин ва пароль Бош прокуратура бошқармаси томонидан берилади ҳамда ходим белгиланган тартибда prokuratura.uz сайтида рўйхатдан ўтади.



3-БОБ. ТЕКШИРУВЛАРНИ КЕЛИШИШ УЧУН

БУЮРТМА КИРИТИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


10. Текширув ўтказишни келишиш учун назорат қилувчи орган томонидан Ягона тизимга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли маълумотлар киритилади.


11. Текширувларни ўтказишга оид буюртмалар ваколатли органнинг масъул ходими томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Буюртма уч иш куни ичида, фавқулодда ҳолатлар бўйича бир иш кунида кўриб чиқилади.


12. Ваколатли орган томонидан текширув ўтказишни келишиш ҳақида қарор қабул қилинганда ушбу органнинг масъул ходими томонидан Ягона тизимда махсус рақам (код) асосида "Рухсат берилсин" мақоми танланади.


13. Текширув ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан унинг аниқ сабаби кўрсатилган ҳолда "Рад этилсин" мақоми танланади.


14. Рад этиш сабаблари бартараф этилганда, текширувларни ўтказиш учун буюртма янгидан расмийлаштирилади.


15. Ягона тизимда буюртма рўйхатдан ўтказилиб, текширув учун махсус рақам (код) олингандан кейин назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятида текширув ўтказиш ташкил этилади.



4-БОБ. ЎТКАЗИЛГАН ТЕКШИРУВЛАР

НАТИЖАЛАРИНИ ЯГОНА ТИЗИМГА

КИРИТИШ


16. Ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган далолатномада қайд этилган қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар текширув якунлангандан сўнг уч иш куни ичида, тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари тўғрисидаги маълумотлар (ёзма кўрсатма, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома, молиявий ва иқтисодий жарималарни қўллаш тўғрисида қарорлар, суд қарорлари ва бошқалар) мазкур чоралар қўлланилгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан назорат қилувчи орган томонидан Ягона тизимга киритилиши шарт.

Бош прокуратура билан келишилган ҳолда ўтказиладиган текширувлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар назорат қилувчи органнинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари билан келишилган текширувлар бўйича маълумотлар назорат қилувчи органнинг тегишинча ҳудудий бўлинмаси томонидан Ягона тизимга киритилади.

Тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланилган таъсир чоралари бекор қилинган ёки ўзгарган тақдирда, тегишли назорат қилувчи орган томонидан шу ҳақидаги маълумотлар Ягона тизимга киритилиши лозим.


17. Текширув натижасида аниқланган банк сирига оид маълумотлар Ягона тизимга киритилмайди.



5-БОБ. ХАБАРДОР ЭТИШ ТАРТИБИДА

ЎТКАЗИЛАДИГАН ТЕКШИРУВЛАРНИ

ЯГОНА ТИЗИМГА КИРИТИШ


18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатида (бундан буён матнда хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхати деб юритилади) белгиланган текширувларни ўтказиш учун назорат қилувчи орган томонидан Ягона тизимга мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган маълумот киритилади.


19. Хабардор этиш тартибида текширув ўтказилиши ҳақида Ягона тизимга маълумот киритилгандан сўнг унинг тўғрилиги текширилмасдан, автоматик равишда махсус рақам (код) генерация қилинади.


20. Назорат қилувчи органнинг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, шунингдек ишончли маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар ёки текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган график Ягона тизимга киритилгандан сўнг текширув амалга оширилади.


21. Хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида кўрсатилган икки ёки ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувлар тўғрисида ваколатли органни хабардор қилиш ҳар бир орган томонидан алоҳида амалга оширилади.


22. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хабардор этиш тартибидаги текширувлар рўйхатида назарда тутилган масалалар бўйича мурожаатлари асосида текширувларни ўтказиш ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

Агар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида бир нечта масала кўрсатилиб, улардан камида биттаси келишиш тартибида текширув ўтказилишини талаб қилса, текширув ваколатли орган билан келишилган ҳолда ўтказилади.



6-БОБ. ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ЯГОНА ТИЗИМДАН ФОЙДАЛАНИШИ


23. Тадбиркорлик субъекти ўз сўровига кўра ўтказилаётган текширув ҳақидаги ахборотни Ягона тизимдан қисқа хабар (SMS) кўринишида ва реал вақт режимида Интернет тармоғи орқали олиши мумкин.


24. Ушбу ахборотни олиш учун тадбиркорлик субъекти Ягона тизимда рўйхатдан ўтади.


25. Ягона тизим тегишли тадбиркорлик субъектига оид маълумотларнинг тизимда мавжудлигини автоматик равишда солиштиради.

Агар киритилган маълумотлар тўғри бўлса, тадбиркорлик субъекти текширув, уни амалга оширувчи орган, шунингдек барча ўтказилган текширувлар тўғрисидаги маълумотлардан текшириш кунидан бошлаб фақат танишиш учун фойдаланадилар.


26. Агар тадбиркорлик субъектининг сўрови бўйича Ягона тизимда рўйхатга олинмасдан текширув ўтказилганлиги аниқланса, Ягона тизим бу ҳақда ваколатли органнинг масъул ходимини автоматик равишда хабардор қилади.

Ваколатли органнинг масъул ходими уч иш куни ичида Ягона тизимда рўйхатга олинмасдан ўтказилган текширувларни ўрганиш натижалари бўйича қўлланилган чоралар ҳақида маълумотларни киритади.



7-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАРНИНГ

НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ОРГАНЛАР БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


27. Бош прокуратура Ягона тизимда сақланадиган барча маълумотлардан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тегишли ҳудудга оид маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


28. Назорат қилувчи органларнинг марказий аппарати ўз тизими бўйича барча маълумотлардан, назорат қилувчи органларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари ўз ваколатларига тааллуқли маълумотлардан фойдаланади.


29. Назорат қилувчи органларнинг марказий аппарати (марказий бошқармалар) томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш учун Бош прокуратурага Ягона тизим орқали буюртма юборилади.


30. Назорат қилувчи органларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлинмалари томонидан бир кунлик текширувлар бўйича буюртмалар Ягона тизим орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларига, бир кундан ортиқ бўлган текширувлар бўйича назорат қилувчи органнинг марказий аппарати орқали Бош прокуратурага Ягона тизим орқали киритилади.


31. Назорат қилувчи органнинг туман (шаҳар) бўлинмаси ташаббуси билан ўтказиладиган текширувлар буюртма ва текширувга асос бўлган ҳужжатларни ушбу органнинг вилоят даражасидаги бўлинмасига тақдим этиш орқали амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Назорат қилувчи орган томонидан киритилган маълумотлар Ягона тизим билан ишлаш жараёнида унинг ўзи томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Киритилган маълумотни ўзгартириш ёзма равишда Бош прокуратура раҳбарияти билан келишилиши лозим.


33. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 3 декабрь, 48-сон, 932-модда