Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.12.2018 й. 991-сон "Тошкент шаҳрининг марказий қисмида кўп тармоқли комплекс қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.12.2018 й.

N 991



ТОШКЕНТ ШАҲРИНИНГ МАРКАЗИЙ

ҚИСМИДА КЎП ТАРМОҚЛИ КОМПЛЕКС

ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётнинг молия секторини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда замонавий бизнес маркази, савдо-кўнгилочар ва меҳмонхона комплексини ташкил этиш йўли билан Тошкент шаҳрининг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг "Taskent Merkez Park Gayrimenkul Yatirim Anonim Sirketi" компанияси (Туркия Республикаси) ва "UzTur Investment and Development" МЧЖ (Ўзбекистон Республикаси) (кейинги ўринларда инвесторлар деб аталади) томонидан Тошкент шаҳрида "Tashkent Central Park" кўп тармоқли комплекси қуриш лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Инвесторлар лойиҳани амалга ошириш доирасида 2019-2022 йилларда ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ беш юлдузли меҳмонхона, савдо-кўнгилочар марказ, тижорат банки учун маъмурий бинолар ҳамда бошқа иншоотлар қуриш мажбуриятини олганликлари маълумот учун қабул қилинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

хорижий инвесторлар билан хорижий инвесторлар ҳукуқ ва мажбуриятлари, инвестициялар ҳажми, янги ташкил этиладиган иш ўринлари, тақдим этиладиган имтиёзлар ва преференциялар ҳамда бошқа шартларни қамраб олувчи инвестиция шартномаси бир ой муддатда, белгиланган тартибда тузилишини таъминласин;

хорижий инвесторлар томонидан инвестиция шартномасидан келиб чиқувчи мажбуриятларнинг ижро қилиниши юзасидан назорат ўрнатсин.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда "UzTur Investment and Development" МЧЖга лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз ва Истиқлол кўчалари доирасидаги умумий майдони 2,5 гектар бўлган ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.


5. Лойиҳани амалга ошириш доирасида инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотларига:

қурилишни "fast-track" услубида, фойдаланишга "тайёр ҳолда топшириш" шартларида амалга оширишга;

қурилиш учун олиб келинадиган импорт товарларни ўз омборларида "божхона омбори" режимида жойлаштиришга рухсат берилсин.

6. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2022 йил 31 декабрга қадар:

а) инвесторлар ва пудрат ташкилоти:

ягона ижтимоий тўловдан ташқари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлашдан;

инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотларининг хорижий мутахассисларининг иш ҳақи фонди бўйича ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган материаллар (шу жумладан мебель ва жиҳозлар), хомашё, ускуналар, технологии ҳужжатлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, шунингдек, металл прокати, асбоблар-ускуналар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича "вақтинча олиб кириш" божхона режимида олиб келинадиган қурилиш техникаси, машина ва механизмлар, асбоб-ускуналар, вақтинчалик бино ва иншоотлар, транспорт воситалари даврий божхона тўловлари тўлашдан;

б) инвесторлар, пудрат ва субпудрат ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ушбу қарор билан берилган солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланилишининг қонунийлиги ҳамда имтиёзлар қўлланган ҳолда импорт қилинган товарлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсин.


8. Белгилансинки:

инвесторлар ушбу қарорга мувофиқ имтиёзларни қўллаган ҳолда белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган товарлардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавоб берадилар;

солиқ ва божхона имтиёзларини ноқонуний қўллаш ҳамда ушбу қарорга мувофиқ берилган имтиёзларни қўллаган ҳолда белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган товарлардан мақсаддан ташқари фойдаланиш ҳолатлари аниқланган тақдирда солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкцияларини қўллаган, шу жумладан пеняларни ҳисоблаб ёзган ҳолда тўлиқ ҳажмда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундирилади.


9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ҳамда "Ўзбектелеком" АЖ билан биргаликда инвесторлар маблағлари ҳисобидан лойиҳа қувватларига мувофиқ қурилиш объектларига муҳандислик - коммуникация инфратузилмалари (электр энергияси, газ таъминоти, ичимлик сув, канализация, телефон алоқаси ва бошқалар) ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инвесторларнинг буюртманомаларига биноан, лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмаган ҳолда расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги инвесторларнинг буюртманомаларига биноан, лойиҳани амалга оширишда қатнашадиган хорижий мутахассисларга кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, улар вақтинча яшайдиган жойда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини давлат божи ундирмасдан расмийлаштиришни белгиланган тартибда таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инвесторларнинг буюртманомаларига биноан, хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига жалб этишга рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқукига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 декабрь