Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Патентга лаёқатли истиқболли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни руйҳатга олиш ва бошқаларга ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.12.2018 й. 979-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 3 декабрдаги

979-сон қарорига

3-ИЛОВА



Патентга лаёқатли истиқболли техник ечимлар ва ишлаб

чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган тижорат

сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк

объектига бўлган ҳуқуқларни руйҳатга олиш ва

бошқаларга ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Фуқаролик кодекси, "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида", "Тижорат сири тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 14 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ патентга лаёқатли техник ечимлар ва ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хаулар)ни ўз ичига олган, тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқларни руйхатга олиш ва бошқаларга ўтказиб бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тижорат сири - учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг махфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар кўради;


интеллектуал мулк объектлари - илм-фан, адабиёт, санъат, ижро, фонограмма, эфир ёки кабель эшиттириши, ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари, селекция ютуқлари, электрон ҳисоблаш дастурлари, маълумотлар базаси, эълон қилинмаган маълумотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау), товар белгилари, фирма номланишлари, маҳсулотнинг келиб чиқиш жойлари номлари ва Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал фаолиятнинг қонунда кўзда тутилган бошқа натижалари (кейинги ўринларда ИФН деб аталади);


тижорат сири режими - тижорат сиридан фойдаланишни чеклайдиган ҳуқуқий, ташкилий, техник ва бошқа чора-тадбирлар тизими;


тижорат сирини ташкил қилувчи ИФНни бошқаларга ўтказиб бериш -шартномага асосан маълумотлар махфийлигини ҳимоя қилиш чораларини кўриш шартларини ўз ичига олувчи шартномада кўзда тутилган шартларда ва ҳажмда тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) ИФНларини манфаатдор шахсларга ўтказиб бериш;


тижорат сирини ташкил қилувчи ахборотни ошкор этиш - тижорат сирини ташкил этувчи ахборотнинг учинчи шахсларга бундай ахборот мулкдорининг ёки конфидентнинг розилигисиз ёхуд меҳнат шартномаси (контракт) ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномага хилоф равишда, мумкин бўлган ҳар қандай шаклда (оғзаки, ёзма, бошқа шаклда, шу жумладан техника воситаларидан фойдаланган ҳолда) маълум бўлиб қолишига олиб келадиган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.


3. Ушбу Низомнинг амал қилиши тижорат сирини ўз ичига олган маълумотлар эгасининг розилигисиз ҳар қандай шахс учун фойдаланиш имкониятини бекор қилишга, шунингдек, шундай маълумотларни рухсатсиз тарқатишни тўхтатишга қаратилган.



2-БОБ. ТИЖОРАТ СИРИ РЕЖИМИДА ҲИМОЯ

ҚИЛИНАДИГАН ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ФАОЛИЯТ

НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ, ТАСДИҚЛАШ

ВА РЎЙХАТГА ОЛИШ ТАРТИБИ


4. Тижорат сири режимида ҳимоя қилинадиган ИФНларга қуйидагилар киради:

интеллектуал фаолият жараёнида олинган объектлар;

илмий-техник натижалар, муҳандислик-техник ечимлар, услублар, технологик жараёнлар, ўқув методикалари, қурилмалар, моддалар ва штаммлар ва бошқалар бўйича маълумотлар;

тематик режалар, танлов аризалари ҳамда давлат шартномалари, дастурлар, лойиҳалар, грантлар бўйича техник топшириқлар;

ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базаси, интеграл микросхемалар топологиялари;

ИФН ни патентлаш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича берилмаган буюртманомалар;

эълон қилинмаган маълумотлар, шу жумладан бирга ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау);

маҳсулот ва хизматларни реализация қилиш соҳасидаги билим ва тажрибалар, бозор конъюнктураси ҳақида маълумот, маркетинг тадқиқотлар натижалари;

техник, технологик, тижорий, методологик ва ташкилий-бошқарув ҳужжатлари;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар ва бошқа хизмат ҳисоботлари.


5. Тижорат сири режимида қонуний ҳимоя остида бўлган ИФНни ошкор қилиш бўйича жавобгарлик, ташкилотлар ва илмий-техник кенгашга тегишли шаклда уларни тақдим қилиш ташкилотларнинг бевосита ИФНларни яратиш ёки фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тегишли таркибий бўлинмалари (кейинги ўринларда интеллектуал мулк масалалари бўйича бўлинма деб аталади) раҳбарларига юкланади.


6. Ташкилотларнинг илмий-техник кенгашида олинган интеллектуал фаолият натижаларини реализация қилиш ва кейинчалик фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилади. ИФНнинг муҳим аҳамиятлилиги ёки истиқболли тижорат қиймати мавжудлиги ҳолатида ташкилотнинг тижорат сири режимида уларнинг ҳуқуқий ҳимояси бўйича қарор қабул қилинади.


7. ИФНнинг тижорат сири режимида сақланиши бўйича қарор, шунингдек унга кириш имкониятига эга бўлган шахслар рўйхати илмий-техник кенгаш қарорига асосан ташкилотнинг фан ва инновациялар бўйича раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан тасдиқланади.


8. Тижорат сири режимида сақаланадиган ИФН, шунингдек, ундан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахслар рўйхати ташкилотнинг интеллектуал мулк масалалари бўйича бўлимида сақлашга берилади. Бунда ИФН узоқ вақт сақлаш ва маълумотларни ишга туширишга яроқли қуйидаги шакллардаги маълумотлар материал манбаига жойлаштирилган бўлиши шарт:

нашр этилган шаклдаги қоғозли манбада;

тегишли маълумот манбаларидан (лазер дисклари, флэш-карталар в.б.) фойдаланган ҳолда электрон шаклда;

маълумотни узоқ вақт сақлайдиган бошқа шаклларда.


9. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН титул варақда чоп этилган шаклда ёки бошқа сақлаш шаклларида ифодаланадиган "тижорат сири" грифи билан белгиланади. Ташкилотнинг интеллектуал мулк маслалари бўйича бўлими ходимлари ИФНни сақлашга жавобгар бўлади ва қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:

рухсат бериш рўйхатига қатъий амал қилган ҳолда ИФНдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;

зарурат бўлганда ИФНнинг чегараланган миқдордаги нусхаларини тайёрлайди;

ИФНдан фойдаланиш имконияти ёки унинг нусхалари ҳисоби журналини юритади.


10. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН ҳисоби ИФНнинг ягона реестрини юритиш (реестрда ИФН номланиши, ИФН муаллифи, ИФНнинг яратилиш вақти тўғрисида маълумотлар акс эттирилади).


11. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНни ҳисобга олиш бир йилда камида бир марта ўтказилиши шарт.


12. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН ҳисоби ИФН яратилган (сақланган, фойдаланилган, қўлланилган) жойнинг ўзида амалга оширилади.


13. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН ҳисоби юритилиши натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) белгиланган тартибда ҳар йили 15 декбардан кечикмасдан тақдим этилади.


14. Интеллектуал мулк объектлари тарзида тижорат сири режимида сақланадиган ИФНни ҳисобга олиш якунлари мониторинги Вазирлик томонидан амалга оширилади.



3-БОБ. ТИЖОРАТ СИРИ РЕЖИМИДА

САҚЛАНАДИГАН ИНТЕЛЛЕКТУАЛ ФАОЛИЯТ

НАТИЖАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


15. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНлардан фойдаланишнинг, тасдиқланган руҳсат бериш рўйхатига мувофиқ шахслар томонидан таништирилишдан ташқари ҳар қандай кўриниши ташкилотларнинг фан ва инновациялар бўйича раҳбари ёки раҳбар ўринбосари фармойиши асосида амалга оширилади.


16. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНнинг бошқаларга ўтказилиши томонларнинг ёзма шартномасига асосан ташкилотларнинг мулкий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Шартномада қабул қилган томоннинг берилган маълумотлар махфийлигини таъминлаш мажбурияти акс этган бўлиши шарт.



4-БОБ. ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ТИЖОРАТ СИРИ

РЕЖИМИДА САҚЛАНАДИГАН ИНТЕЛЛЕКТУАЛ

МУЛК ОБЪЕКТЛАРИГА БЎЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ

ТАЪМИНЛАШ


17. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНга бўлган ҳуқуқни таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


18. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФН махфий маълумотлардан иборат бўлади. Ташкилотнинг ИФНдан фойдаланиш имкониятига эга ходимлари қуйидаги йўллар билан уларнинг ҳимоясини таъминлаши шарт:

ИФНдан фойдаланишни ташкилотнинг ИФНга бевосита алоқаси бўлмаган ходимлари ва бегона шахслар учун чеклаб қўйиш (шу жумладан маълумотларни моддий манбаларда зарур даражада сақлашни юклаб қўйишни ташкил этиш орқали);

Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНга тааллуқли маълумотларни оммавий воситаларда, маърузаларда, ҳужжатларда, кўргазмаларда, ташкилий-техник музокараларда ташкилотларнинг рухсатисиз ошкор қилмаслик.


19. Тижорат сири режимида сақланадиган ИФНнинг бошқа ташкилот билан шартнома асосида ишонч билан топширилган ташкилот томонидан ҳимоя қилиниши ташкилотнинг ИФНни ҳимоя қилиш тартибига ўхшаш тарзда амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. ИФНнинг ичида бўлган махфий маълумотни тарқатиш қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 декабрь