Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органлар томонидан гербли гувоҳномаларни тўлдириш Қоидалари (АВ томонидан 13.12.2018 й. 3098-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 13.12.2018 й. 554-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 13 декабрда 3098-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2018 йил 13 декабрдаги

554-мҳ-сонли буйруғига

ИЛОВА



Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари

томонидан гербли гувоҳномаларни тўлдириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (бундан буён матнда ФҲДЁ органлари деб юритилади) томонидан гербли гувоҳномалар бланкаларини (бундан буён матнда гербли гувоҳномалар деб юритилади) тўлдириш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Гербли гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари асосида тўлдирилади.


2. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 сентябрдаги 768-сон "Гербли гувоҳномалар шаклларини такомиллаштириш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари сифатини яхшилаш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган гербли гувоҳномаларни тўлдиришга нисбатан татбиқ этилади.


3. Чет элдаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш билан боғлиқ бўлган гербли гувоҳномаларни тўлдиришни мазкур Қоидаларда белгиланган тартибда амалга оширадилар.



2-БОБ. ГЕРБЛИ ГУВОҲНОМАЛАРНИ ТЎЛДИРИШ


4. Гербли гувоҳномалар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд этилган алифбода тўлдирилади.

Гербли гувоҳномаларнинг устунларига киритиладиган ёзувлар фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларининг тегишли устунларидаги ёзувлар билан бир хил бўлиши лозим.


5. Гербли гувоҳномалар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, фақат босма ҳарфлар билан, матрицали ва пурковчи принтерлар ёрдамида чоп этилади. Бунда шрифт қора рангда бўлиши лозим.


6. Ёзувлар гербли гувоҳноманинг тегишли устуни марказий қисмида киритилади.


7. Гербли гувоҳномаларни техник воситалар (компьютер) ёрдамида тўлдиришда 14 ўлчамли "Times New Roman" шрифтидан фойдаланилади.


8. Гербли гувоҳнома тўлдирилгандан сўнг ФҲДЁ органи раҳбари томонидан имзоланиб, муҳр билан тасдиқланади.

Тўлдирилган гербли гувоҳномаларга тузатишлар киритишга йўл қуйилмайди.


9. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувининг айрим устунлари тўлдирилмаган бўлса, гербли гувоҳноманинг тегишли устунларига чизиқлар қўйилади.


10. Туғилганлик ҳақида гербли гувоҳномада шахснинг туғилган санаси рақамлар ва сўзлар билан ёзилади.

Никоҳ тузилганлиги ва никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гербли гувоҳномаларда никоҳ қайд этилган ҳамда никоҳ бекор қилинган йил ва кун рақамлар билан, ой эса ҳарфлар билан ёзилади.

11. Никоҳдан ажралганлик ҳақида гербли гувоҳноманинг "Guvohnoma" устунида у кимга берилаётган бўлса, шу шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади.


12. Ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномада шахс вафот этган йил ва кун рақамлар билан, ой эса ҳарфлар билан ёзилади. Агар ўлим содир бўлган кун ҳақида аниқ маълумот бўлмаса, гувоҳномада фақат аниқ бўлган маълумот ёзилади, аниқ бўлмаган маълумот ўрнига чизиқ чизилади (масалан, 2018 йил - октябрь).

13. Гербли гувоҳноманинг "Tug'ilgan joyi" ва "Vafot etgan joyi" устунларида туғилган жойи ва вафот этган жойининг манзиллари далолатнома ёзувида қайд этилган кетма-кетликда жойлаштирилади.


14. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига такрорий берилган гувоҳноманинг юқори ўнг бурчагида "Takroriy" деб белги қўйилади. Белги компьютер ёрдамида ёки штамп босиш орқали қўйилиши мумкин.

15. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларига ўзгартириш, тузатиш ёки тўлдириш киритилганда, тегишли ўзгартириш, тузатиш ёки тўлдиришлар акс эттирилган бошқа гербли гувоҳнома берилади.


16. Такрорий гербли гувоҳнома берилганда қуйидагилар ёзилиши лозим:

маъмурий-ҳудудий бўлиниш ўзгарган ёҳуд аҳоли пункти номи ўзгартирилган тақдирда, гербли гувоҳноманинг туғилган жойи, вафот этган жойи устунларида фуқаролик ҳолати далолатномасида ёзувлар қайд этилган вақтдаги жой номи;

ФҲДЁ органи номи ўзгарган тақдирда гербли гувоҳноманинг "Guvohnoma bergan organ" устунида ФҲДЁ органининг такрорий гувоҳнома берилаётган вақтдаги номи.

17. Такрорий гувоҳнома, уни берган ФҲДЁ органининг муҳри ва масъул ходими имзоси билан тасдиқланади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


18. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 17 декабрь, 50-сон, 966-модда