Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 14.12.2018 й. 3099-сон билан рўйхатга олинган 20.11.2018 й. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 52-сон, Ички ишлар вазирлигининг 74-сон, Олий суднинг 11-192-18-сон, Бош прокуратуранинг 68-ққ-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 14 декабрда 3099-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги,

Олий суди ва Бош прокуратурасининг

2018 йил 20 ноябрдаги 52, 74,

11-192-18, 68-ққ-сон қарорига

ИЛОВА



Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст

ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июндаги ПҚ-3786-сон "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЙҲХХ деб юритилади) ходимлари томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


2. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув (кейинги ўринларда текширув деб юритилади) Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан сертификатланган транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита - алкотестер (кейинги ўринларда техник восита деб юритилади) ёрдамида амалга оширилади.

3. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширув бевосита ДЙҲХХ ходимлари иштирокида туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларининг масъул ходимлари томонидан ўтказилади.


4. Қуйидагилар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:

ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши;

ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);

ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги;

ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;

ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.



2-БОБ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАРИНИНГ

АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИКЛАР ТАЪСИРИДАН МАСТ

ҲОЛАТДА ЭКАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ УЧУН

ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан техник восита ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади.


6. Текширув олдидан ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчисини техник воситанинг ишлаш тартиби билан таништиради, зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига асосан техник воситага тегишли ҳужжатларни кўрсатади.


7. Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади, ДЙҲХХ ходими томонидан кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган текширувлар бундан мустасно.


8. Текширув жараёнида ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси ва бошқа фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, уларга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонун талаблари асосида бўлиши, шунингдек санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши лозим.


9. Текширув ўтказишда ДЙҲХХ ходими транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаво намунасини техник воситани қўллаш йўриқномасига асосан олади.


10. Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.


11. Транспорт воситаси ҳайдовчиси техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда техник восита орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.


12. Транспорт воситаси ҳайдовчиси текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда ДЙҲХХ ходими унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради.


13. Техник восита ёрдамида ўтказилган текширув натижаларига асосан, транспорт воситаси ҳайдовчиси алкоголли ичимлик таъсиридан маст ҳолатда эканлиги аниқланмаган, бироқ унинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги белгилари мавжуд бўлган тақдирда шахс тиббий текширувга олиб борилиши лозим.


14. Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлиги техник восита ёрдамида ёки туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасалари ходимлари томонидан ўтказилган текширув натижалари асосида тасдиқланган тақдирда ДЙҲХХ ходими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Маъмурий баённомага текширув техник восита ёрдамида ўтказилган тақдирда текширув натижалари бўйича ушбу воситадан чоп этилган маълумот, туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасалари ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилганда эса, тиббий хулоса илова қилинади.



3-БОБ. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ҲАЙДОВЧИЛАРИНИНГ

АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИКЛАР, ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ

ТАЪСИРИДАН ЁКИ ЎЗГАЧА ТАРЗДА МАСТ ҲОЛАТДА

ЭКАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ УЧУН ТИББИЙ

ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


15. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш учун тиббий текширув унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий билети ва б.) асосида амалга оширилади.

Транспорт воситаси ҳайдовчисининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслиги уни тиббий текширувдан ўтказмаслик учун асос бўлмайди.


16. Шахсини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд бўлмаган транспорт воситаси ҳайдовчисининг шахсини аниқлаш ДЙҲХХ ходими томонидан махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобиль электрон қурилма (планшет)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Мобиль электрон қурилма (планшет) хотирасига киритилган транспорт воситаси ҳайдовчиси тўғрисидаги маълумотлар "онлайн" тарзда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси маълумотлар базаси орқали аниқланади.


17. Тиббий текширув транспорт воситаси ҳайдовчиси тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим.


18. Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш, наркологик диспансерларда наркологлар томонидан ёки соғлиқни сақлаш идоралари белгилаган туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар томонидан ўтказилади.


19. Даволаш-профилактика муассасаларида алкоголли мастлик ҳолатида эканлигига гумон қилинган шахслар барча тарафлама клиник текширувдан ўтказиладилар ва этанол буғлари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида улардан фақат чиқарилаётган нафас ҳавоси намунаси олинади.

Шахснинг гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигига гумон пайдо бўлганда мастлик ҳолатини келтириб чиқарган моддани аниқлаш мақсадида биологик суюқликлар (пешоб, сўлак) текширувдан ўтказилиши шарт.


20. Мастликнинг клиник белгиларини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда (шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатилишини талаб қилувчи ҳолатлар) текширувдан ўтказиш учун қон намунаси суриштирувчи, терговчи ёки прокурор қарори асосида тегишли даволаш-профилактика муассасаларида олинади.

Шахснинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлиги тўғрисидаги тиббий хулосани чиқариш қоннинг лаборатор текшируви натижалари асосида амалга оширилади.

Шахснинг алкогол маҳсулотини истеъмол қилганлиги тўғрисидаги тиббий хулоса алкогол маҳсулотининг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда чиқарилади.


21. Биологик суюқликлар олинган даволаш-профилактика муассасаларида тегишли лаборатор ускуналар бўлган ҳолда, ушбу суюқликлар текшируви шу муассасаларда ўтказилади ёки суд-тиббий экспертизалар худудий бюролари қошидаги кимё-токсикологик лабораторияларига текширув учун юборилади. Биологик суюқликларнинг олиниши ва намуналарининг етказилиши Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


22. Суд-тиббий экспертиза бюролари томонидан кимёвий текширув натижаларининг далолатномаси биологик суюқликлар олиб келинган вақтдан етти кундан кечиктирмай берилиши шарт.


23. Чиқарилаётган нафас ҳавоси таркибидаги алкогол миқдорини, инсоннинг биологик суюқликлари таркибидаги гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатига олиб келган бошқа воситаларнинг миқдори ва сифатини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикасида қўлланишга рухсат этилган ҳамда текширувдан ўтган техник воситалардан фойдаланилади.


24. Шахснинг маст ҳолатда эканлиги тўғрисида хулоса чиқаришда биологик суюқликларни махсус лаборатор текширувидан ўтказиш зарурати туғилса, хулоса текширув натижалари олингандан сўнг чиқарилади ва барча текширув натижалари баённомада акс эттирилади. Лаборатор текшириш натижаларининг асл нусхаси текширув ўтказган мутахассис имзоси билан тасдиқланган ҳолда тиббий текширув баённомасининг иккинчи нусхаси билан бирга сақланади. Баённоманинг биринчи нусхаси текширилувчини олиб келган мансабдор шахсга топширилади.



4-БОБ. ТИББИЙ ТЕКШИРУВ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


25. Тиббий текширув натижалари бўйича мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ икки нусхада баённома тузилади. Баённомада текширув санаси ва тартиб рақами алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича тиббий текширувдан ўтган шахслар ҳисобини юритиш дафтарининг тартиб рақамига мувофиқ ҳолда кўрсатилади.


26. Баённоманинг барча бандлари ҳеч қандай қисқартириш ва бошқа ўзгартиришларсиз тўлдирилади. Баённома тиббий текширувни ўтказган шифокор томонидан имзоланади ва текширув ўтказилган тиббиёт муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.


27. Даволаш-профилактика муассасаларида текширувдан ўтказиш баённомаси бланклари бўлиши шарт.

Даволаш-профилактика муассасаларида текширувдан ўтказиш баённомаси бланклари бўлмаган тақдирда уларда кўрсатилган барча маълумотлар акс эттирилган ҳолда эркин шаклда баённома расмийлаштирилади.

Тиббий текширувдан ўтказилган шахсга, унинг талабига кўра, тиббий текширув баённомаси нусхаси (қоғоз ёки электрон шаклда) берилиши шарт.


28. Ўтказилган тиббий текширув тўғрисидаги маълумот мазкур Низомнинг 2а-иловасида келтирилган махсус тикилган, рақамланган, тиббиёт муассасаси раҳбари имзоси ва ташкилот муҳри босилган дафтарда қайд этилиши шарт.

Дафтарнинг тузилиши, уни юритиш ва сақлаш мазкур Низомнинг 2б-иловасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Дафтарнинг тузилиши, уни юритиш ва сақлаш тартибини бузган шифокор ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади.


29. Текширилувчи шахснинг ҳолати тўғрисидаги хулосанинг асоси бўлиб, биологик суюқликларнинг ва чиқарилаётган нафас ҳавоси таркибининг лаборатор текшируви натижалари инобатга олинган комплекс тиббий текширув натижалари ҳисобланади.


30. Текширилувчи шахснинг текширувдан ёки айрим текширув туридан бош тортган ҳолларда, шифокор томонидан дафтарга ва баённомада "текширувдан бош тортди" деб ёзиб қўйилади.


31. Тиббий текширув асосида хулоса тузилади, унда текширилувчи шахснинг текширув вақтидаги ҳолати аниқ ёритилиши зарур. Шифокор хулоса тузаётганда қуйидаги ҳолатлардан бирини белгилаши лозим:

мастлик ҳолати аниқланмади;

алкоголли мастлик ҳолати аниқланди;

гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолати аниқланди (бу ҳолатда аниқланган модда кўрсатилиши шарт ва хулоса фақат модданинг аниқ ҳаққоний лаборатор таърифи бўлгандагина чиқарилади);

саломатлик ҳолати бўйича юқори хавф манбаи бор ишлардан четлатишни талаб этувчи функционал ҳолатнинг бузилишлари мавжуд.


32. Тиббий текширувдан ўтказиш натижалари тўғрисидаги хулоса текширувдан ўтказилган шахсга уни олиб келган ДЙҲХХ ходими олдида таништирилади.


33. Текширилувчида хулосага нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган ҳолларда у бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда қайта тиббий текширувдан ўтказиш мастлик аломатлари аниқланган ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтдан эътиборан икки соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида амалга оширилиши лозим. Ушбу кайта текширувга текширилувчи ДЙҲХХ ходими билан биргаликда етказилади.



5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


34. Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларни тиббий текширувдан ўтказиш зарурати юзага келган ҳолларда, фақатгина уларнинг розилиги билан мазкур Низомда назарда тутилган умумий асосларга кўра, текширувдан ўтказилади.


35. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий

текширувдан ўтказилганлик тўғрисидаги

__ сон БАЁННОМА


20___й. "____"____________


Фамилияси, исми, отасининг исми

Ёши (туғилган йили)

Қаерда ва ким бўлиб ишлайди

Ким томонидан ва қачон (аниқ вақти) текширишга юборилган


Текширув ўтказилган кун ва аниқ вақт

Ким томонидан текширилган (шифокор)

Текширилиш сабаби: транспорт бошқараётганлик вақтида мастлик ҳолатига гумон, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа ҳолатларда текшириш (сабаби кўрсатилсин)

Текширилувчининг ташқи кўриниши: кийимлари ҳолати, тери қоплами, жароҳат

(яраланиш, лат ейиш ва бошқалар)

Ўзини тутиши: зўриққан, индамас, таъсирчан, қўзғалувчан, жаҳлдор, эйфорик ҳолатда, эзма, мижғов, кайфияти ўзгарувчан, уйқусираган, ўз ҳолатидан шикоят қилади (айнан нимага)




Эс-ҳуш ҳолати, турган жойига, вақтга ва ўз шахсига бўлган мўлжали


Нутқ қобилияти: фикрларнинг боғлиқлиги, артикуляциянинг бузилиши, сўзларни

ноаниқ талаффуз қилади ва бошқалар

Вегетатив қон-томир реакциялари: (тери қопламлари ҳолати, кўз шиллиқ пардаси,

тил, терлаш, уйқучанлик)

Нафас олиши: тезлашган, секинлашган


Пульс

Қон босими

Кўз қорачиғлари: торайган, кенгайган, ёруғликка реакцияси


Томонларга қараганда нистагм

Ҳаракат доираси

Мимикаси: бўшашган, жонланган

Қадам босиши: (гандираклаган, оёқларини ҳар томонга ташлаб юради )


координатор синамалар: тез бурилишлар билан юриш (бурилишларда гандираклаш)



Ташен синамаси

Ромберг ҳолатида синама (оддий ва мураккаблаштирилган)

Аниқ ҳаракатлар (полдан тангани олиш, бармоқ-бурун синамаси)

Қовоқлар, тил, қўл бармоқларининг титраши

Текширилувчида марказий асаб тизимининг органик бузилишлари, руҳий-асаб

касалликлар белгилари бор-йўклиги, жисмоний толиққанлик


Илгари олган жароҳатлари (текширилувчининг сўзларидан)

Охирги истеъмол қилинган алкоголли ичимликлар ёки дори воситалари ҳақида маълумот: субъектив, объектив (ҳужжатлар бўйича ва бошқа манбалардан)

Оғиз бўшлиғидан алкоголли ёки бошқа моддалар ҳиди

Чиқарилган нафас ва организмнинг бошқа биологик муҳитларида алкоголь ва бошқа моддалар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги:


а) чиқарилган нафас алкотестер ёки Раппопорт усули ёрдамида текширилди



Текшириш натижалари ва ўтказилган вақти

Қайта текшириш натижалари


б) биологик муҳит (пешоб, сўлак, лаб юзасидан, қўл бармоқларидан олинган суртма)

қайси усул бўйича

синаманинг олинган вақти

Текширув вақти ва натижалари


Текшириш ўтказган тиббий ходимлар Ўз.Р.ЖКнинг 238 ва 240-моддалари бўйича

жавобгар ҳисобланади ва огоҳлантирилган

Хулоса:



Текширув ўтказган шифокор имзоси

Текширилувчининг текшириш натижалари билан танишганлиги ҳақидаги ёзма

билдируви ва имзоси





Низомга

2а-ИЛОВА



Мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий

текширувдан ўтган шахсларни руйхатдан ўтказиш

ДАФТАРИ

  

Т/р

Тиббий текширувга йўлланма, тўлди-

рилган

сана ва

вақт

Тиббий текши-

рувга олиб келган ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва хизмат гувоҳ-

номаси рақами

Тиббий текширувга

олиб келинган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми,

туғилган йили

Текши-

рилув-

чининг яшаш манзили, иш

жойи, лавозими

Текши-

рилувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат

Тиббий текширувни ўтказган шифокор-

нинг фамилияси, исми, отасининг исми

Тиббий текширув

ўтказилган сана ва вақт

Хулоса (кимё-

токси-

кологик

текширув натижаси билан бирга)

Тиббий текширув баённома-

сини олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи, лавозими ва имзоси

Тиббий текши-

рувни ўтказган шифокор-

нинг

имзоси

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11















Низомга

2б-ИЛОВА



Мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий

текширувдан ўтган шахсларни руйхатдан ўтказиш

дафтарини юритиш ва сақлаш тўғрисидаги

ТАРТИБ


Дафтар тиббий текширув ўтказиладиган тиббиёт муассасасида юритилади.

Дафтар тиббий текширув ўтказишда қатнашаётган тиббий ходим томонидан тўлдирилади.

Ҳар бир ўтказилаётган тиббий текширув уни ўтказаётган шифокор томонидан имзоланади.

Дафтар варақлари рақамланади, тикилади ва муассаса раҳбарининг муҳри ва имзоси билан тасдиқланади.

Тиббий текширувларни рақамлаш ҳар йили 1 январдан бошланади.

Дафтарнинг юритилиши энг ками ҳар уч ойда бир марта тиббий текширув олиб борилаётган тиббиёт муассасаси раҳбари томонидан текширилади, ҳар бир текширувдан сўнг текширув ўтказилган сана қўйилиб, имзо чекилади.

Дафтар учинчи шахслардан ҳоли жойда сақланиши лозим.

Тўлдирилган дафтар тиббиёт муассасаси раҳбари имзоси билан якунланади ва 5 йил давомида тиббий муассасасини ўзида сақланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 15 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 17 декабрь, 50-сон, 967-модда