Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.12.2018 й. 1027-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 18 декабрдаги

1027-сон қарорига

ИЛОВА



Мактабгача таълимни ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда  Жамғарма деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг (кейинги ўринларда  Вазирлик деб аталади) шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Республика бюджети маблағлари, шу жумладан, 2018-2019 йилларга мўлжалланган, ҳар чоракда ажратилиб, ҳар йили бюджет қоидаларига мувофиқ индексацияланадиган жами 100 миллиард сўм миқдорида;

давлат мактабгача таълим ташкилотларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулкини сотишдан тушган маблағлар - 100 фоиз миқдорида;

Вазирлик тузилмасига кирадиган ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирлик ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалари даромадига ундирилган бюджет маблағларининг ноқонуний харажатлари, ўғирлик, камомад суммаларининг 50 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия эҳсонлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағлари:

мактабгача таълим ташкилотларини белгиланган тартибда қурилишларнинг манзилли рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;

мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга;

юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;

Вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;

Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва Вазирлик тизимидаги ташкилотларни жиҳозлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этишга, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


5. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда  Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Кенгаш раиси ҳисобланади.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг буйруғи билан камида етти нафар кишидан иборат таркибда тасдиқланади ва вазир ўринбосарлари, вазирликнинг бошқармалари ва бўлим бошлиқларидан  шакллантирилади.

Кенгаш мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.


6. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда ёхуд зарур бўлганда навбатдан ташқари ўтказилади.


7. Кенгаш:

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;

ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни белгилайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

йил чораклари якунлари бўйича Жамғарманинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғармага халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари  жалб этилишига кўмаклашади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8. Вазирликнинг Молиявий-иқтисодий ривожлантиришни режалаштириш бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.


9. Ишчи орган:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларини тайёрлайди;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

тушумлар манбалари бўйича Жамғарманинг даромадлари ҳамда харажатларнинг асосий йўналишлари  ҳисобини юритади;

ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга тақдим этади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ЮЗАСИДАН ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.


11. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Кенгаш томонидан тасдиқланади.


12. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Вазирлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.


13. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.


14. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


15. Кенгаш Жамғарма маблағларидан  мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради.


16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 декабрь