Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.12.2018 й. 1047-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 декабрдаги

1047-сон қарорига

ИЛОВА


Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий

зарарларни компенсация қилиш бўйича республика

ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини

шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар юридик шахс ҳисобланмайди.

Бунда республика даражасида - Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси (кейинги ўринларда - республика компенсация жамғармаси);

ҳудудий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда - маҳаллий ҳокимликлар) ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар (кейинги ўринларда - ҳудудий компенсация жамғармалари) ташкил этилади.


3. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармалари Ўзбекистон Республикасининг "Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон ҳамда "Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2022 йил 24 августдаги ПФ-198-сон фармонларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.


4. Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни қоплаб бериш 1-иловадаги;

Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий ва маънавий зарарларни қоплаб бериш 2-иловадаги схемаларга мувофиқ тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРГА

ЕТКАЗИЛГАН МУЛКИЙ ЗАРАРЛАРНИ КОМПЕНСАЦИЯ

ҚИЛИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ВА ҲУДУДИЙ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


5. Республика компенсация жамғармаси қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармаси маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва унинг қўшимча манбалари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари тарзидаги маблағлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.


6. Ҳудудий компенсация жамғармалар қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

маҳаллий ҳокимликлар захира жамғармалари маблағларининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари маблағлари;

тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни электрон савдо платформасида реализация қилишдан келиб тушган, Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг махсус ғазна ҳисобварақларига қўшимча манбалар сифатида ўтказиладиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари тарзидаги маблағлар;

маҳаллий бюджет параметрларида мулкий ва маънавий зарарларни қоплаш учун назарда тутилган маблағлар;

давлат фойдасига мусодара қилинган мол-мулкларни реализация қилишдан тушган маблағлар (ҳудудий компенсация жамғармаларига йўналтириладиган қисми);

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Мазкур банднинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган манбалар бўйича шакллантирилган маблағлар фақат мулкий ва маънавий зарарларни қоплаш учун йўналтирилади.


7. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармаларга тушган маблағлар тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида очилган шахсий ғазна ҳисобварақларида жамғарилади.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРГА

ЕТКАЗИЛГАН МУЛКИЙ ЗАРАРЛАРНИ КОМПЕНСАЦИЯ

ҚИЛИШ БЎЙИЧА РЕСПУБЛИКА ВА ҲУДУДИЙ МАҚСАДЛИ

ЖАМҒАРМАЛАР МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


8. Республика компенсация жамғармаси маблағларидан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш учун фойдаланилади.


9. Ҳудудий компенсация жамғармалари маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

а) ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш;

б) жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарларни (кейинги ўринларда - мулкий ва маънавий зарар) қоплаш:

кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида уларга ишониб ҳаракат қилган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар;

давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарлар;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф деб топилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиёнлар;

турар жой инсофли эгалловчидан қонунчиликда белгиланган тартибда талаб қилиб олинишига йўл қўйилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар.



4-БОБ. ЕР УЧАСТКАЛАРИ ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ

УЧУН ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ЗАРАРЛАРНИНГ ЎРНИНИ ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК

ШАХСЛАРГА ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


10. Республика компенсация жамғармаси маблағларидан фақат Ўзбекистон Республикасининг "Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган тартибда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ёки республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ташаббусига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан компенсация эвазига ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганлиги муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш учун фойдаланилади.


11. Ҳудудий компенсация жамғармаларининг маблағларидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ташаббусига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли халқ депутатлари вилоят ёки Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилинганлиги муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш учун фойдаланилади.


12. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашлари мазкур жамғармаларни бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашлари (кейинги ўринларда - кузатув кенгашлари) тегишли равишда мазкур Низомга 3 ва 4-иловаларга мувофиқ таркибда фаолият юритади.


13. Кузатув кенгашлари қуйидаги ваколатларга эга:

ер участкасини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ташаббускори томонидан тақдим этилган асослантирувчи материалларни кўриб чиқиш ва келишиб олиш;

ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрни жисмоний ва юридик шахсларга қопланишини молиялаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

тегишли жамғарма маблағларининг келиб тушиши ва улардан фойдаланиш прогнозларини кўриб чиқиш, шунингдек, уларни кейинги йил учун тасдиқлаш;

тегишли жамғарма даромадларининг барқарор шакллантирилишини ҳамда ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаб беришни ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлаш.


14. Кузатув кенгашлари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар барча давлат органлари ва ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Кузатув кенгашларининг қарорлари кузатув кенгаши мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади.


15. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармаларининг ишчи органлари уларнинг ижро этувчи органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги республика компенсация жамғармаси кузатув кенгашининг, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари эса ҳудудий компенсация жамғармалари кузатув кенгашларининг ишчи органи ҳисобланади.


16. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармаларининг ишчи органлари:

тегишли жамғармалар маблағлари тушуми ва улардан фойдаланиш прогнозларини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган муддатларда жамғармаларнинг кузатув кенгашларига тасдиқлаш учун тақдим этади;

етказилган зарарларни қоплашни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлар тушуми жадвалларини ишлаб чиқади, шунингдек, уларнинг бажарилишини таҳлил қилади ва тегишли жамғармалар маблағларининг ўз вақтида жамланишига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўради;

етказилган зарарларни қоплашни молиялаштиришга ажратилган маблағларнинг мақсадли йўналтирилиши мониторингини тизимли асосда юритади;

жамғармалар даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги чораклик ва ҳар йилги ҳисоботларни тузади ҳамда кўриб чиқиш учун тегишли жамғармаларнинг кузатув кенгашларига киритади.


17. Республика компенсация жамғармасидан маблағлар ҳудудий компенсация жамғармалари орқали ажратилади.


18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари республика компенсация жамғармасидан тегишли маблағларни ҳудудий компенсация жамғармаларига ажратиш тўғрисида қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда республика компенсация жамғармасининг ишчи органига мурожаат қилади:

Вазирлар Маҳкамасининг ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш назарда тутилган қарори;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимидаги ҳудудий қурилиш органларининг тегишли хулосалари;

бузилишга тушган объектларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқланган рўйхати;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлари;

бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шунингдек олиб қўйиладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш бўйича ҳисобот нусхалари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ва мулкдор ўртасидаги нотариал тасдиқланган келишув шартномаси ёки суд қарори нусхалари.


19. Республика компенсация жамғармасининг ишчи органи тақдим этилган ҳужжатларни тўлиқлигини кўриб чиқиб, уларни республика компенсация жамғармаси кузатув кенгашига киритади.


20. Республика компенсация жамғармаси кузатув кенгаши тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаш учун тегишли ҳудудий компенсация жамғармасига маблағ ажратиш ёки маблағ ажратишни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.


21. Туман (шаҳар) ҳокимликлари ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қоплаб бериш учун қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда, тегишли ҳудудий компенсация жамғармаси кузатув кенгаши ишчи органига мурожаат қилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказиш тўғрисидаги қарорлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорлари;

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимидаги ҳудудий қурилиш органларининг тегишли хулосалари;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаларининг (филиалларининг) ер участкасига нисбатан ҳуқуқ эгалари ҳамда унда жойлашган кўчмас мулк объектлари ҳақидаги тегишли маълумотлари;

кадастр ҳужжатидан нусхалар;

бузиладиган кўчмас мулк объектларини, шунингдек, олиб қўйиладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқларни баҳолаш бўйича ҳисобот нусхалари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ва мулкдор ўртасидаги нотариал тасдиқланган келишув шартномаси ёки суд қарори нусхалари.


22. Ҳудудий компенсация жамғармаларининг ишчи органи тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигини кўриб чиқиб, уларни ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгашларига киритади.


23. Ҳудудий компенсация жамғармаларининг кузатув кенгаши тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қопланишини молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.


24. Кузатув кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий ҳокимликларнинг (шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликларининг) ҳисоб-китоб бўлими ҳудудий компенсация жамғармасидан ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар суммасини қоплаб беради.


25. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағларини бошқариш ҳамда тақсимлаш ушбу жамғармаларнинг кузатув кенгашлари раислари томонидан амалга оширилади.


26. Ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан боғлиқ бўлган маълумотларни, кузатув кенгашларининг қарорлари лойиҳаларини ва бошқа зарур ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш тегишли жамғармалар кузатув кенгашлари котиблари томонидан амалга оширилади.



5-БОБ. МУЛКИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЗАРАРЛАРНИ

ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


27. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ва маънавий зарарларни қоплаб бериш бўйича аризаси (мурожаати) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим қилинади.


28. Мулкий ва маънавий зарарларни қоплаб бериш бўйича аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

суд ҳужжати (ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор) нусхаси;

суд ҳужжати асосида берилган ижро варақанинг асл нусхаси (агар суд ҳужжати асосида берилган ижро варақа судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган бўлса, унинг асл нусхасини илова қилиш талаб этилмайди);

ҳудудий компенсация жамғармаси ҳисобидан маблағлар ўтказиш учун аризачининг тегишли банкдаги ҳисобварағи реквизитлари ҳақида маълумот.


29. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қуйидаги ҳолларда аризани қайтаради:

ушбу Низомнинг 28-бандида назарда тутилган ҳужжатлар аризага илова қилинмаганда;

суд ҳужжати асосида берилган ижро варақа Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

суд ҳужжати асосида берилган ижро варақа Ўзбекистон Республикасининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 27-моддасида назарда тутилган ижрога топшириш муддати ўтгандан кейин тақдим этилганда;

ижро варақани беришга асос бўлган суд ҳужжати бекор қилинганда;

ариза берувчининг тегишли банкдаги ҳисобварағи реквизитлари тўлиқ тақдим этилмаганда.

Ариза ва унга илова қилинган тегишли ҳужжатларни ушбу бандда назарда тутилмаган асослар бўйича кўриб чиқмасдан қайтаришга йўл қўйилмайди.


30. Ариза қабул қилингандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг юридик хизмати уч иш куни ичида ариза ва унга илова қилинган тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги таклифлардан бирини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки ҳокимга киритади:

ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларга асосан унда кўрсатилган маблағларни тўлаб бериш тўғрисида;

аризага илова қилинган суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят киритиш тўғрисида (шикоят лойиҳасини илова қилган ҳолда).


31. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари уч иш куни ичида юридик хизматнинг тегишли таклифи асосида қуйидаги ҳаракатлардан бирини амалга оширади:

ҳисоб-китоб бўлимига суд ҳужжатида кўрсатилган маблағларни қоплаб бериш бўйича кўрсатма беради;

суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят киритади.


32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисоб-китоб бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки тегишли ҳокимнинг кўрсатмаси келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳудудий компенсация жамғармасида мавжуд маблағлар доирасида ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маблағларни ариза берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий компенсация жамғармасида етарли маблағлар мавжуд бўлмаганда, икки иш куни ичида ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда назарда тутилган маблағларни маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб бериш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашига таклиф киритади.


33. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифи Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.


34. Аризага илова қилинган суд ҳужжати устидан судга шикоят киритилган ва ижро ишини юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки иш куни ичида ариза берувчига ижро ишини юритиш тўхтатилганлиги ҳақида суднинг тегишли қарорини (ажримини) илова қилган ҳолда хат юборади. Бунда суд ҳужжати асосида берилган ижро варақани ижро этиш бўйича барча ҳаракатлар суд томонидан ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади.


35. Суднинг ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги қарори (ажрими) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида суд ҳужжатида кўрсатилган маблағлар ариза берувчининг тегишли банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.


36. Суд ҳужжати белгиланган тартибда бекор қилинганда бир иш куни ичида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий компенсация жамғармасидан маблағлар тўлашни рад этиш тўғрисида ариза берувчига хат юборади.


37. Суд ҳужжатида регресс тартибида ундириш назарда тутилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий компенсация жамғармалари ҳамда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қоплаб берилган маблағларни кейинчалик айбдор деб топилган давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларидан тўлиқ миқдорда регресс тартибида ундириб олиш чораларини кўради.

Бунда жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи, унинг мансабдор шахси ва хизматчисининг қонунга хилоф деб топилган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида етказилган зарарлар, биринчи навбатда, тегишли давлат органининг бюджетдан ташқари махсус ҳисобварағига тушадиган маблағлари ҳисобидан қопланади ва кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.



6-БОБ. РЕСПУБЛИКА ВА ҲУДУДИЙ КОМПЕНСАЦИЯ

ЖАМҒАРМАЛАРИ МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ, НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


38. Республика компенсация жамғармаси ва ҳудудий компенсация жамғармалари кузатув кенгашлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағларидан мақсадли ва тежаб фойдаланишни белгиланган тартибда назорат қилади.


39. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобини, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги республика компенсация жамғармаси маблағларининг ҳисобини юритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар ва уларнинг регресс тартибида ундириб олинишига оид ҳисоботни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар тақдим этиб боради.


40. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги республика ва ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловлар ва уларнинг регресс тартибида ундириб олинишига оид ҳисоботларни умумлаштириб боради.


41. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат

эҳтиёжлари учун олиб қўйиш натижасида жисмоний

ва юридик шахсларга етказилган мулкий

зарарларни қоплаб бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар









1-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари


Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати асосида ёки ўз ташаббусига кўра тегишли ҳужжатларни жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармалар кузатув кенгашларининг (кейинги ўринларда - кузатув кенгашлари) ишчи органларига мурожаат қилади.


Заруратга кўра









2-босқич

Кузатув кенгашлари


Кузатув кенгашларининг ишчи органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини жисмоний ва юридик шахсларга қопланишини молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.


Уч иш куни мобайнида









3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликлари


Етказилган зарарларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар ҳисобидан қоплаб беради.


Уч иш куни мобайнида









4-босқич

Кузатув кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Маблағлардан мақсадли тежаб фойдаланишни белгиланган тартибда назорат қилиб боради, маблағлардан фойдаланиш ҳисобини юритади ҳамда белгиланган тартибда ҳисоботини шакллантиради.


Доимий

 



        





Низомга

2-ИЛОВА



Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган

мулкий ва маънавий зарарларни қоплаб бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар









1-босқич

Жисмоний ва юридик шахс


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий ва маънавий зарарларни қоплаш бўйича ариза, суд қарори ва бошқа тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилади.


Ихтиёрий









2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Юридик хизмат ариза ва унга илова қилинган тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги таклифлардан бирини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки ҳокимга киритади:

1) ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларга асосан унда кўрсатилган маблағларни тўлаб бериш;

2) аризага илова қилинган суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят киритиш (шикоят лойиҳасини илова қилган ҳолда).


Уч иш куни ичида









3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими


Юридик хизматнинг тегишли таклифлари асосида қуйидаги ҳаракатлардан бирини амалга оширади:

1) ҳисоб-китоб бўлимига суд ҳужжатида кўрсатилган маблағларини қоплаб бериш бўйича кўрсатма беради;

2) суд ҳужжати устидан белгиланган тартибда шикоят киритади.


Уч иш куни ичида









4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


1. Ҳисоб-китоб бўлими:




а) ҳудудий компенсация жамғармасида мавжуд маблағлар доирасида ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маблағларни ариза берувчининг банкдаги ҳисобварағига ўтказиб беради;


Бир иш куни ичида


б) ҳудудий компенсация жамғармасида етарли маблағлар мавжуд бўлмаганда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашига таклиф киритади



Икки иш куни ичида


2. Юридик хизмат ариза берувчига ижро бўйича иш юритиш тўхтатилганлиги ҳақида суднинг тегишли қарорини (ажримини) илова қилган ҳолда хат юборади.


Икки иш куни ичида







5-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


1. Суднинг ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги қарори (ажрими) келиб тушган кундан бошлаб, суд ҳужжатида кўрсатилган маблағлар ариза берувчининг тегишли банк ҳисобварағига ўтказиб беради.


2. Суд ҳужжати белгиланган тартибда бекор қилинганда ҳудудий компенсация жамғармасидан маблағлар тўлашни рад этиш тўғрисида ариза берувчига хат юборади.


Бир иш куни мобайнида

 



6-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари



Ҳудудий компенсация жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилган тўловларни давлат органларининг бюджетдан ташқари махсус ҳисобварағидан қоплаш учун талабнома киритади.


Уч иш куни мобайнида

 



      





Низомга

3-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик

шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация

қилиш бўйича республика мақсадли жамғармасидан маблағ

ажратиш бўйича республика кузатув кенгашининг

ТАРКИБИ

1. Ж. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири, Кенгаш раиси


2. Б. Закиров

-

қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири


3. А. Ортиқов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори


4. Ф. Пулатов

-

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори


5. А. Хайдаров

-

иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари


6. А. Бобоев

-

иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари


7. лавозими бўйича

-

Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, Кенгаш котиби


         

Изоҳ. Республика компенсация жамғармаси кузатув кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.






Низомга

4-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги

Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни

компенсация қилиш бўйича ҳудудий компенсация жамғармаларидан

маблағ ажратиш бўйича ҳудудий кузатув кенгашларининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари , Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари.


3. Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиқлари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциялари бошлиқлари.


4. Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг масъул ўринбосари.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмасидаги Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шуъбалари раҳбари, Кенгаш котиби.


Изоҳ. Ҳудудий компенсация жамғармалар кузатув кенгашлари аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 декабрь