Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.12.2018 й. 1043-сон "Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.12.2018 й.

N 1043



ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ

МУАЙЯН ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН

ШАХСЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

МАРКАЗЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР

КИРИТИШ ҲАҚИДА



Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги 309-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 4-сон, 95-модда) билан тасдиқланган Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин..



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                            А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 декабрдаги

1043-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига

эга  бўлмаган  шахсларни  реабилитация  қилиш

марказлари тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 36-банднинг биринчи хатбошидаги "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда эксперт-криминалистика хизматларининг" сўзлари "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, шунингдек, эксперт-криминалистика хизматининг" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. 38-банднинг биринчи хатбошидаги "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати" сўзлари "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. 42-бандда:

иккинчи хатбошидаги "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматига" сўзлари "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига" сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати" сўзлари "миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Қуйидаги мазмундаги 42-1-42-3-бандлар қўшилсин:

"42-1. Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар шахсини тасдиқловчи вақтинчалик маълумотнома билан туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этганда қуйидагилар амалга оширилади:

муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги унинг туғилган вақти ва жойи, қаерда яшаганлиги, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги, ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари, аввалги доимий прописка қилинган манзили ҳақидаги маълумотларни аниқлаш орқали ўрганиб чиқилади;

Ўзбекистон Республикаси ёки бошқа давлат фуқаролигига мансублиги аниқланмаган тақдирда, туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари шахсини тасдиқловчи вақтинча маълумотномани белгиланган тартибда беради, шунингдек, маҳаллий хокимликлар билан биргаликда доимий пропискани рамийлаштириш, яшаш гувоҳномасини ҳужжатлаштириш чораларини кўради.

42-2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти билан аввал ҳужжатлаштирилган, аммо уни йўқотиб қўйган ва доимий пропискаси бўлмаган (суд қарори билан доимий пропискадан чиқариб юборилган ва/ёки доимий пропискага қўйишга асослари мавжуд бўлмаган) муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга истисно тариқасида, вақтинчалик прописка асосида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти қайта расмийлаштирилади.

42-3. Ушбу Низомнинг 42-1 ва 42-2-бандларида назарда тутилган ҳолларда фуқаролик паспортларни расмийлаштиришда ички ишлар органлари томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 21 ва 308-1-моддаларида назарда тутилган тартибда маъмурий жавобгарликдан озод этиш чоралари кўрилади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг фуқаролик паспортларини расмийлаштириш учун давлат божлари туман (шаҳар) ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг талабномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни маъмурий жавобгарликдан озод этиш ва паспортни расмийлаштиришда давлат божини қоплаш учун тегишли хужжатларни расмийлаштириш ҳамда судларга ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади".


5. 70-бандга қуйидаги мазмундаги жумла қўшилсин:

"Зарур бўлганда, реабилитация марказининг буюртманомасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан уларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йўл харажатлари учун пул берилади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 декабрь