Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 05.01.2019 й. ПФ-5611-сон Фармонига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 январдаги

ПФ-5611-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида

туризм соҳасини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш Концепцияси қулай иқтисодий шароитлар ва омилларни яратиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича устувор мақсад ва вазифаларни белгилаш, унинг иқтисодиётдаги ўрни ва улушини ошириш, хизматларни диверсификациялаш ва уларнинг сифатини ошириш ҳамда туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган.



1-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИНИНГ ЖОРИЙ

ҲОЛАТИ ТАҲЛИЛИ


Ўзбекистон жуда катта туризм ва рекреация салоҳиятига эга, унда жами 7,4 минг маданий мерос объектлари мавжуд, улардан 209 таси тўртта музей шаҳарлар - "Хива шаҳридаги Ичан-қалъа", "Бухоро шаҳрининг тарихий маркази", "Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази", "Самарқанд шаҳри" ҳудудида жойлашган бўлиб, ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

2010-2017 йиллар давомида туризм хизматлари экспорти ҳажми икки баравар ошди ва 2017 йилда 546,9 миллион АҚШ доллари, 2018 йилда эса - 1 041 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 2016 йилгача хорижий ташриф буюрувчилар сонининг ўсиш суръати ўртача йиллик 8 фоизни, 2017 йилда - 7 фоизни ташкил қилиб, 2,69 миллион нафардан ошди. 2018 йил якунлари бўйича республикага 5,3 миллион хорижий туристлар ташриф буюрди. Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилишга қаратилган чоралар кўрилгани натижасида, 2015 йилда 398 тани ташкил қилган туризм ташкилотлари сони2018 йил якуни бўйича 950 тага, меҳмонхона хўжаликлари сони - 661 тадан 900 тага етди.

Сўнгги йилларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, шу жумладан Тошкент шаҳрида "Нyatt Regency Tashkent" ва "Lotte City Нotel Tashkent Palace" брендли меҳмонхоналар очилиши, Андижон, Урганч ва Тошкент шаҳрида маданий-кўнгилочар боғларнинг ташкил этилиши, "Ангрен-Поп" темир йўли очилиши, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарларига тезюрар поездлар учун электрлаштирилган темир йўллари очилишини айтиб ўтиш жоиз.

Туризм соҳасида давлат сиёсати истиқболда ҳудудлар ва уларнинг инфратузилмасини комплекс жадал ривожлантиришда туризм соҳаси етакчилик қилиши, долзарб ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ечиш, иш ўринларини кўпайтириш, ҳудудлар диверсификацияси ва ривожланишини таъминлаш, аҳолининг даромадлари, яшаш даражаси ва сифатини ошириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва имиджини яхшилашга қаратилган.

2018 йилда кириб келаётган хорижий туристлар сонини икки бараварга оширишнинг муҳим омиллари сифатида виза режими, Ўзбекистонда бўлиш қоидалари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш тартиби соддалаштирилгани, туризм соҳасида инфратузилманинг ривожланиши ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш чоралари кўрилганини кўрсатиш мумкин, шу жумладан:

қўшимча 9 та (умумий 18 та) давлатга визасиз режим жорий этилгани, фуқароларига кириш визаларини беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган давлатлар сони 12 тадан 50 тага кўпайгани;

электрон кириш визаларини расмийлаштириш ва тақдим этиш тизими ишга туширилгани, Ўзбекистон ҳудудидан транзит билан ўтаётган 101 давлат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш, вақтинча бўлиш ва фуқароларни ўтказиш пунктлари орқали чиқиб кетиш тартиби жорий қилингани;

хорижий фуқароларни республика ҳудудида вақтинчалик рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилгани, мазкур тартиб "E-MEНMON" тизими орқали тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани;

меҳмон уйларини сертификация қилиш тартиби бекор қилингани;

республика ҳудудига олиб кирилаётган 8 ва ундан кўпроқ йўловчи ташишга мўлжалланган туристик классдаги автотранспорт воситаларини сертификация қилишнинг янги механизми жорий этилгани ҳамда бунинг натижасида 2018 йилда туристик класс автотранспорт воситаларининг парки 128 донага кўпайтирилгани (47 автобус ва 81 микроавтобус).



2-БОБ. ТУРИЗМ СОҲАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ ВА БОСҚИЧЛАРИ


2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси туризм соҳасини ривожлантиришнинг мақсадлари туризмни миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айлантириш, туристик хизматларни диверсификациялаш ва сифатини ошириш ҳамда туристик инфратузилмани, шу жумладан хорижий сармояларни жалб қилиш ва самарали реклама-маркетинг ишларини олиб бориш эвазига такомиллаштириш орқали иловада кўрсатилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш.

Туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий босқичлари қуйидагилардан иборат:

2019-2020 йилларда - туризмни ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базани яратишга қаратилган институционал ислоҳотлар, инфратузилмани модернизациялаш ва мамлакат брендини тарғиб қилиш;

2021-2025 йилларда - мамлакат иқтисодиётида туризм индустрияси улушини кўпайтириш. Ушбу йўналишда зарур инфратузилмани ривожлантириш ва дунё бозорида республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида туризм улушини 5 фоизгача (2017 йил якуни бўйича - 2,3%) етказиш, шунингдек, 2025 йил якунига қадар 9 миллиондан ортиқ туристларни, шу жумладан узоқ хориждан - 2 миллион туристни жалб қилиш белгилаб қуйилган.

Узоқ истиқболда Ўзбекистон туризми миллий иқтисодиётдаги ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, минтақа ва дунё туристик хизматлари бозорига энг рақобатбардош давлатлар қаторида кириб бориши мумкин.



3-БОБ. ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


Туризм соҳасида қисқа муддатли истиқболга мўлжалланган мақсадли вазифа ва устуворлардан келиб чиқиб, қуйидаги асосий йўналишлар бўйича чора-тадбирларни фаол амалга ошириш кўзда тутилган:


1) туристик фаолият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган халқаро меъёр ва стандартларни жорий этиш, шу жумладан:

туристик фаолиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, бунда қонунчилик асосини кучайтириш ва туризм соҳасида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватловчи нормаларни ягона ҳужжатга бирлаштиришни назарда тутиш;

республикага асосий туристик оқимини таъминловчи, иқтисодий барқарор ва хавфсиз давлатларнинг фуқаролари учун виза режимини янада либераллаштириш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирларни амалга ошириш;

хусусий секторни жалб қилиш ва тадбиркорлар фаоллигини рағбатлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, соҳани барқарор ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

мамлакат норматив-ҳуқуқий базасини халқаро стандартлар ва меъёрлар билан уйғунлаштириш, туризм соҳасини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иқтисодиётда туризм соҳасининг ролини ошириш учун иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш, шу жумладан 2025 йилда туризм экспортини 951 млн. АҚШ долларидан 2,2 млрд. АҚШ долларигача оширишни таъминлайди.


2) туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларини инобатга олган ҳолда, мамлакатнинг барча ҳудудларида туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани ривожлантириш, хусусан:

талабни инобатга олган ҳолда, янги жойлаштириш воситаларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш билан бир қаторда ёндош инфратузилмани (умумий овқатланиш объектлари, транспорт-логистика тузилмалари, кўнгилочар масканлар индустрияси, маданий ва спорт муассасалари, туристик намойиш объектлари ва бошқаларни) ривожлантиришга қаратилган туризм индустриясини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

меҳмонхоналар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини қуришга оид лойиҳаларни амалга ошириш механизмини соддалаштириш, тадбиркорларга ўз хизматларининг сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жаҳонга машҳур меҳмонхона бизнеси брендларини Ўзбекистонга жалб қилишни рағбатлантириш;

жойлаштириш воситаларини босқичма-босқич ривожлантириш, йирик, ўрта, кичик меҳмонхоналар ва хостелларни қуришни рағбатлантириш ҳамда мавжуд меҳмонхоналарни реконструкция ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратиш;

замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда кўча инфратузилмасини (ўтиш йўллари, тротуарлар, кичик архитектура шакллари, санитар-гигиеник шохобчалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун ободонлаштириш элементлари ва бошқаларни), шу жумладан туризм-рекреацион марказларда яратиш;

туризм навигациясининг ягона унификациялаштирилган тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, кўчаларда, ҳудудларда, туризм намойиши объекти ҳисобланган бино ва иншоотлар ичида, транспорт воситалари ва тармоқларида ҳамда автомобиль йўлларида туризм навигациянинг унификациялаштирилган кўрсаткичларини ўрнатиш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

туроператорлар сони 860 дан 1 676 тагача ҳамда туризм соҳасининг бошқа субъектлари сонини ошириш эвазига халқаро стандартларга мос туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек жойлаштириш воситалари сони 850 дан 3 000 тагача ўсишини;

туризм хизматлари сифати, хилма-хиллиги ва экспорт ҳажмининг ўсиши, жаҳон бозорининг йирик вакиллари (брендларини) жалб қилиш ва хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришни таъминлайди.


3) транспорт логистикасини ривожлантириш, ташқи ва ички йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, шу жумладан:

йўловчилар ташувини ривожлантириш, шу жумладан доимий транспорт қатновини йўлга қўйиш, турли транспорт воситаларининг қулай туташ боғламаларини ташкил этиш, туризм марказларини бирлаштирувчи республика ва минтақавий аҳамиятга молик янги автомобиль йўлларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, туташ йўл инфратузилмаси (кемпинг ва сервис хизмат кўрсатиш объектлари, умумий овқатланиш марказлари, тиббий ва санитария шохобчаларини) яхшилашга қаратилган давлатлараро шартномалар билан тасдиқланган дастурни шакллантириш,

транспорт тарифларини оптималлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

йирик халқаро авиаташувчиларни жалб қилиш, бюджет авиаташувларни ташкил қилиш;

республика ҳудудлари ўртасида авиақатновларни ривожлантириш;

янги темир йўлларни қуриш ва мавжудларини такомиллаштириш, юқори тезликда ҳаракатланадиган электропоездлардан фойдаланишни кенгайтириш;

сифатли транспорт хизматларини кўрсатиш учун транспорт воситаларининг ҳаракатланувчи таркибини мунтазам янгилаб бориш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

халқаро парвозлар ва тўғридан-тўғри, шу жумладан мамлакатнинг тарихий шаҳарларига рейсларнинг географиясини кенгайтириш, авиақатновлар сифатини ошириш ва қийматини пасайтириш;

ўз ичига ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортини қамраб олган қулай ва арзон транспорт логистикасини таъминлаш, республика ҳудудларига ва хорижий давлатларга саёҳатларни амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратиш;

мамлакатни йўловчилар ташиш соҳасида йирик минтақавий транспорт "хаби"га айлантиришни таъминлайди.


4) қуйидагиларни таъминлаш мақсадида туризм бозорининг турли қатламларига мўлжалланган туристик маҳсулотлар ва хизматларни диверсификация қилиш орқали мавсумий омиллар таъсирини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш:

туризм йўналишларини тизимлаштириш ва паспортлаштиришни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг маршрутлари тармоғи ва туризм намойиши объектларининг ягона ахборот базасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикасининг хилма-хил ҳамда йилнинг турли фаслларида жозибадор ва рақобатбардош туристик маҳсулотлари, шу жумладан мамлакат ҳудудларида тематик туристик зоналари ва кластерларни яратиш орқали ҳамда туризмнинг истиқболли турлари (зиёрат, маърифий, экологик, этнографик, гастрономик, спорт, даволовчи-соғломлаштирувчи, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик ва бошқаларни) ҳисобга олган ҳолда, янги туризм дастурларини ишлаб чиқиш;

замонавий ва рақобатбардош ҳунармандчилик-сувенир маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда "MICE - туризм"ни ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

бир нечта туризм турларини бирлаштириш ҳамда турли-туман тадбирлар билан бойитиш орқали таклиф этиладиган туристик турларининг жозибадорлигини ошириш, мамлакат бўйлаб туристик турларининг ўртача давомийлигини камида икки суткага ошириб, 8 суткагача етказиш, шаҳарлар бўйича эса амалдаги 1,5-2,0 суткадан 3 суткагача кўпайтириш;

туризмнинг барқарор ривожланиши ва мамлакатимизга такрорий ташрифлар сони ошишини таъминлайди.


5) республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга қаратилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминлайдиган ички туризмни ривожлантириш, хусусан:

туристик-экскурсион хизматлар истеъмолига аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш, ички туризм ҳаракатининг оммавийлигини қайта тиклаш, туризм хизматларини ишлаб чиқиш ҳамда мавсумий нотекислик оқибатларини юмшатишда кенг миқёсли таъсирдан фойдаланиш мақсадида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" Дастурининг амалга ошириш механизмини такомиллаштириш;

ижтимоий, маданий-ривожлантирувчи, экологик, этномаданий ҳамда қишлоқ туризми дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

умумий ва касб-ҳунар таълими дастурларига туристик экскурсия тадбирларини киритиш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

сифатли туристик маҳсулотларни шакллантириш, мавсумий омилларга бўлган қарамликни камайтириш ҳамда меҳмонхоналар юкловини, айниқса йилнинг номавсумий ойларида ошириш мақсадида ички ресурслардан самарали фойдаланиш;

ҳудудлар ўртасида туристлар ички оқимини кенгайтириш, улар сонини йилига 14 миллиондан 19 миллионгача оширишга имкон беради.


6) Қуйидагилар орқали Ўзбекистон Республикаси туристик маҳсулотини ички ва ташқи туризм бозорларида илгари суриш, унинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз мамлакат сифатидаги имиджини мустаҳкамлаш:

Ўзбекистон Республикасининг ягона миллий туризм брендини яратиш ҳамда унга асосан ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, ҳудудларнинг туризм брендларини яратиш;

барқарор, асосан муҳим ҳамда йўналтирувчи туристик бозорларга қаратилган миллий туристик маҳсулотни илгари суриш бўйича самарадор стратегиясини ишлаб чиқиш;

миллий туризм бозорида минтақадаги энг йирик туризм кўргазмаларидан бирини ташкил қилиш мақсадида соҳадаги кўргазма фаолиятини жипслаштириш ва қўллаб-қувватлаш;

мамлакатда ва хорижда имиджни тарғиб қилувчи реклама-ахборот кампаниясини ўтказиш;

туристик характерга эга халқаро тадбирларда туризм ташкилотларининг ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларини илгари суриш бўйича иштирокини рағбатлантириш;

республика бўйича бепул фаолият кўрсатувчи, шу жумладан брон қилиш, сувенирлар, китоблар ва туризм хариталари бўйича маълумот берувчи ахборот шохобчалари сонини ошириш;

юқори туристик салоҳиятга эга бўлган ҳудудларда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича ички ишлар органларининг махсус бўлинмаларини ташкил қилиш, уларни замонавий техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш мамлакатимизни ривожланган туризм индустрияси ҳамда бой туристик салоҳиятга эга бўлган, саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз давлат имиджини шакллантиришга, шунингдек янги туризм бозорларини ўзлаштириш, хориждан ташриф буюрувчилар сонини йилига 4,8 миллиондан 9 миллионгача, шунингдек Ўзбекистонга туристларни жалб қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар сонини оширишга хизмат қилади.


7) қуйидагиларни назарда тутган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, хизмат кўрсатувчи ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш:

туризм соҳасида касб-ҳунар таълими муассасаларидаги кадрлари ва битирувчиларининг малакасини баҳолашни ташкил қилиш;

туризм соҳасида халқаро талабларга жавоб берадиган узлуксиз, кўп босқичли таълим тизимини яратиш;

таълимнинг амалиётга йўналтирилган ва модернизациялашган таълим стандартлари, ўқув-услубий дастурлар ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

ички ва кириш туризми соҳасида бевосита туристик хизматларни кўрсатувчи туризм соҳаси ходимлари (гидлар, йўриқчи-кузатувчи, туризм фаолияти субъектлари, умумий овқатланиш ташкилотлари, транспорт ва бошқалар ходимлари) учун мажбурий малака талабларини белгилайдиган стандартлар ишлаб чиқиш;

туризм соҳаси ходимларини туристларга ахборот бериш ишлари ва хавфсизлик бўйича йўриқномаларни ўтказиш қоидаларга ўқитиш бўйича тизимни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини ташкил этиш учун, шу жумладан ҳудудларда таълим муассасалари сонини ошириш;

туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш учун етакчи хорижий олий ўқув юртлари филиалларини очиш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш профессионал кадрлар тайёрлови борасида интеграциялашган тизимни яратиш, таълим ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юқори малакали менежер, администратор, оператор ва портье, ошпазларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


Концепцияни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат олиб бориш, умумий мувофиқлаштирув, тезкор кўриб чиқиш ва республикада туризмни ривожлантириш бўйича муаммоли масалаларни ҳал этиш Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида давлат-хусусий шериклик ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.

Концепцияни самарали амалга ошириш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб боради.






Концепцияга

ИЛОВА



2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида

туризм соҳасини ривожлантириш Концепциясини

амалга оширишнингмақсадли

КЎРСАТКИЧЛАРИ

    

Т/р

Кўрсаткичлар номи

2018 й.

2019 й.

2020 й.

2021 й.

2022 й.

2023 й.

2024 й.

2025 й.

1.

Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сони (минг киши)

5 346

6 041

7 010

8 410

10 010

10 600

11 250

11 810

2.

Туризм хизматлари экспорти (млн АҚШ доллари)

1 041

1 180

1 360

1 620

1 900

2 000

2 080

2 170

3.

Ички туристлар сони (мингта ташриф)

15 493

16 100

17 230

18 806

20 317

21 867

23 404

25 010

4.

Меҳмонхоналар ва шу каби жойлаштириш воситалари сони (дона)

914

1 100

1 620

2 200

2 600

2 800

2 900

3 050

5.

Жойлаштириш воситаларидаги хоналар сони (минг)

20,2

24

35

47

55

59

62

64

6.

Жойлаштириш воситаларидаги ўринлар сони (минг)

41

49

72

95

110

122

124

128

7.

Туроператорлар сони (нафар)

983

1 100

1 190

1 250

1 320

1 390

1 420

1 450

    

Изоҳ: Прогноз қилинаётган кўрсаткичларга туризмни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 январь, 1-2-сон, 5-модда