Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.01.2019 й. 18-сон "Билет операцияларининг ягона электрон тизимини яратиш ва жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.01.2019 й.

N 18



БИЛЕТ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИНГ ЯГОНА

ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ ВА ЖОРИЙ

ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПҚ-3920-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2018-2020 йилларда маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш "Йўл харитаси" тадбирларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади), Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг маданият ва санъат муассасаларида блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда Билет операциялари ягона электрон тизимини (кейинги ўринларда БОЯЭТ деб аталади) ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

БОЯЭТда блокчейн технологиясидан ички жараёнларни оптималлаштириш ва БОЯЭТга уланадиган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган билет операциялари шаффофлигини ошириш, БОЯЭТ фойдаланувчилари томонидан амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш, шунингдек, БОЯЭТ доирасида фойдаланувчилар ва юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган фаолият бўйича маълумотлар ҳисобга олинишининг шаффофлигини ошириш ва оптималлаштириш билан боғлиқ бўлган бошқа мақсадларда фойдаланилади.

маданият ва санъат соҳасида, шунингдек, билетлар эмиссияси билан боғлиқ бўлган бошқа соҳаларда, шу жумладан кинотеатрлар, театрлар, шунингдек, тадбирларга бориш учун электрон билетлар сотиш сервислари ва хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари мазкур қарорда белгиланган тартибда БОЯЭТга уланиш ҳуқуқига эга;

Жамғарма БОЯЭТ ишлаб чиқилиши бўйича давлат буюртмачиси бўлиб, БОЯЭТ ишлаб чиқилиши, жорий қилиниши ва ишлаши учун зарур бўлган ишлар, хизматлар, маҳсулотлар давлат хариди учун, шу жумладан қонунчиликда белгиланган тартибда БОЯЭТ ишлаб чиқувчисини, ускуналар, шунингдек, БОЯЭТ ишлашини таъминлаш, модернизация қилиш, кейинги ривожланиши учун бошқа товар ва хизматлар етказиб берувчисини танлаш, шунингдек, БОЯЭТ фойдаланувчилари - юридик ва жисмоний шахсларнинг уланиши ва уларга хизмат кўрсатилиши бўйича давлат буюртмачиси ҳисобланади.


3. Жамғарма:

2020 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда ўз маблағлари ҳисобига БОЯЭТ яратилиши ва ишга туширилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда 2020 йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда БОЯЭТ доирасида интернет-эквайрингни қўллаб хорижий валютада электрон тўлов ва электрон билетлар сотиб олишнинг замонавий механизмларини жорий этсин.


4. Қуйидагилар:

Билет операцияларининг ягона электрон тизими тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Маданият ва санъат муассасаларида билетлар сотишнинг автоматик тизимидан фойдаланмасдан билет хўжалигини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарор билан мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 январь