Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.01.2019 й. 44-сон "Термиз" эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.01.2019 й.

N 44



"ТЕРМИЗ" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ

ЗОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Термиз" эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида" 2018 йил 18 сентябрдаги ПФ-5540-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда "Surkhan Global Trade" МЧЖнинг:

"Термиз" эркин иқтисодий зонасига (кейинги ўринларда "Термиз" ЭИЗ деб аталади) кирувчи ҳудудлар чегараларини иловага* мувофиқ белгилаш;

"Термиз" эркин иқтисодий зонаси дирекциясининг (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкилий-ҳуқуқий тузилмасини қонунчиликда белгиланган тартибда масъулияти чекланган жамият шаклида таъсис этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар "Термиз" ЭИЗнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

"Термиз" ЭИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш;

Сурхондарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда Маъмурий кенгаш деб аталади) томонидан қабул қилинган қарорларга асосан "Термиз" ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

инвесторлар билан инвестициялар киритиш тўғрисида битимлар тузиш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни қидириш ва улар билан ишлаш;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан ўз зиммаларига қабул қилинган мажбуриятларнинг зарур тарзда бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

"Термиз" ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан давлат органларида уларнинг манфаатларини ифодалаш йўли билан хизматлар кўрсатиш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида инфратузилма объектларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш жараёнларини мувофиқлаштириш;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудидаги ер майдонларини ва кўчмас мулк объектларини бошқариш.


3. Белгилансинки, "Surkhan Global Trade" МЧЖ:

Дирекциянинг ягона таъсисчиси ҳисобланади;

"Термиз" ЭИЗ ҳудудида тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи фаол инвестиция сиёсатини амалга оширади ва мувофиқлаштиради.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан Дирекцияга, келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан, 2019-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


5. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ билан биргаликда "Термиз" ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жойлаштириш ва ташкил этиш дастурини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Дирекциянинг ўз бинолари қурилгунга қадар Дирекцияни Сурхондарё вилояти Термиз туман ҳокимлигининг биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи билан хизмат хоналари билан таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда белгиланган тартибда уларга "Термиз" ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини назарда тутсин.


7. Автомобиль йўллари давлат қўмитаси "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда "Термиз" ЭИЗ ҳудудида логистик маркази ва божхона пункти ташкил этиш бўйича уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 январь