Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.12.2018 й. 1066-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 31 декабрдаги

1066-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш

давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш

ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда Бандлик жамғармаси деб аталади) меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга доир тадбирларни молиялаштиришни самарали ташкил этишни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг, унинг ҳудудий ташкилотларининг ва идора бўйсунувидаги ташкилотлари фаолиятининг устувор йўналишларини ва лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.


3. Бандлик жамғармасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

меҳнат бозорининг барқарор ва мутаносиб равишда ривожланишини таъминлаш, аҳоли бандлиги даражасини ошириш ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини молиялаштириш;

ишсизларни, профессионал таълим муассасалари, академик лицейлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини, шунингдек, иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган ва меҳнат бозорида тенг шартлар асосида рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган кафолатларни амалга оширишни молиялаштиришда иштирок этиш;

ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилишга ҳамда меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир сифатли хизматларнинг ишсизлар ва банд бўлмаган аҳолига, биринчи навбатда, ёшларга, хотин-қизларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилишини ташкил этишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш.


4. Бандлик жамғармаси юридик шахс ташкил этмасдан республика ва маҳаллий даражада тузиладиган давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади.

Бандлик жамғармаси маблағлари унинг мустақил балансида акс эттирилади.


5. Республика ва маҳаллий даражада ташкил этилган Бандлик жамғармаси маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошқармалари томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақларида (кейинги ўринларда Бандлик жамғармаси шахсий ғазна ҳисобварақлари деб аталади) жамланади.



2-БОБ. БАНДЛИК ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


6. Қуйидагилар Бандлик жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

ягона ижтимоий тўловдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган бинолар, иншоотлар ва хоналарни реализация қилишдан тушадиган, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тўлиқ ҳажмда Бандлик жамғармасига йўналтириладиган маблағлар, бундан баҳолаш ва реализация қилишга сарфланадиган амалдаги харажатлар мустасно;

фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат ташкилотлар томонидан Бандлик жамғармасига ҳар бир юборилган фуқаро учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ставка бўйича белгиланган сумма шаклида ажратиладиган ажратмалар;

барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига таъсисчи томонидан белгиланадиган миқдорда тўлангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўйсунувидаги давлат унитар корхоналарида қоладиган фойданинг бир қисми;

Бандлик жамғармасининг бўш маблағларини тижорат банкларига ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиришдан тушган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бандлик жамғармаси маблағлари солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.


7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тегишли равишда, Бандлик жамғармаси маблағларини тасарруф этувчилар ҳисобланади.


8. Бандлик жамғармасининг маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида (кейинги ўринларда бандликка кўмаклашиш маркази деб аталади) иш қидираётган ва ишсиз мақомига эга шахс сифатида рўйхатдан ўтган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир ишларни молиялаштириш;

бандликка кўмаклашиш марказларининг таклифига биноан ишлаш учун бошқа жойга ихтиёрий равишда кўчиб кетиши муносабати билан ишсизлик бўйича нафақалар, ишсизларга компенсациялар, моддий ёрдам, шунингдек, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш вақтида фуқароларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тўланадиган стипендияларни тўлаш;

ишсизларга муддатидан олдин пенсиялар тайинланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатларини қоплаш;

ишга жойлаштириш, ўқитиш ва малака ошириш, малакани баҳолаш бўйича хизматларга бўлган давлат буюртмасини молиялаштириш, кейинчалик тегишли равишда хусусий бандлик агентликларига, ишсизларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитиш марказларига ҳамда малака ошириш марказларига ҳақ тўлаш;

бандликка кўмаклашиш марказлари, вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказлари, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлар, ишсизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув марказларининг айрим бўлинмаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий-техник таъминлаш ва сақлаб туриш, шунингдек, меҳнат органларини жойлаштириш учун бинолар, хоналар ва иншоотларни харид қилиш, қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлашни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ижтимоий заиф фуқаролар тоифалари меҳнатидан фойдаланиш учун ихтисослаштирилган иш ўринларини яратишга доир тадбирларни қисман молиялаштириш;

ахборот-маълумот ва реклама-ноширлик ишларини амалга ошириш;

бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш, нормалаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари бўйича норматив-методик ва инструктив материаллар ишлаб чиқилишини молиялаштириш;

республика ва ҳудудий даражаларда ижтимоий ўрганишлар ўтказиш, аҳолининг айрим гуруҳлари ўртасида бандлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат миграцияси масалалари бўйича сўровнома ўтказиш;

банд бўлмаган аҳолига ишга жойлаштириш, шу жумладан маслаҳат беришда ва касбга йўналтирадиган ишларни, транспорт ва бошқа хизматларни ташкил этишда, шу жумладан йўлда овқатланиш, ёрдамини кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

коворкинг-марказларни ташкил этишни ва сақлаб туришни молиялаштириш;

меҳнат бозоридаги вазият кескин бўлган туманлар ва шаҳарларда яшовчилар учун бандлик ва иш ўринларини яратиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишни, шу жумладан айрим ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияларини тайёрлашни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини лойиҳалаштиришни ва хизматлар соҳаси, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида объектлар яратиш учун архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқишни молиялаштириш;

маслаҳатлашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш, мақолалар, рисолалар, қўлланмалар ва бошқа ахборот материаллари тайёрлаш, шу жумладан видео ва аудиороликлар ва фильмлар, илмий-амалий тадқиқотлар ҳамда бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига тааллуқли бошқа тадбирларни ташкил этиш бўйича хизматларга ҳақ тўлаш;

ишга жойлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш, вакансиялар ва банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш соҳасида ахборот-компьютер тизимлари ва технологияларини яратиш, ривожлантириш ва техник қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва техник воситаларни харид қилиш;

ишсиз фуқароларни ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ҳамда малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш, сақлаш, қайта ихтисослаштириш;

меҳнат органларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппаратининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалари балансида турган бинолар ва иншоотларни сақлаб туриш, эксплуатация қилиш, қуриш ва таъмирлаш, уларни зарур инвентар, шу жумладан жиҳозлар, алоқа, компьютер ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларида, шу жумладан Тошкент шаҳридаги Сергели тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ўқув-амалий базасида, шунингдек, чет давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш ва амалиёт ўтказишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг идора бўйсунувидаги ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмалар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шу жумладан дастурий таъминот ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимларининг ҳам мамлакат ичига, ҳам ташқарисига сафар қилиши билан боғлиқ харажатларни тўлаш;

аҳоли бандлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни молиялаштириш;

хорижга ишга юборилган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ишга жойлаштирилишини ташкил этиш ва ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича халқаро лойиҳалар ва шартномаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалаларга бағишланган халқаро ва миллий конференциялар, форумлар, семинарлар ва тренинглар ўтказиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, хорижий ҳукуматлар, давлат органлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларда иштирок этиш учун меҳнат органлари ходимларини хорижга юбориш, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар билан боғлиқ масалалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва миллий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;

ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ва меҳнат органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасини молиялаштириш, шу мақсадларга Бандлик жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизини йўналтириш;

қўлланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ундирилган жарималар суммасининг 10 фоизигача миқдорда Давлат меҳнат инспекциясининг меҳнат органлари раҳбарларига ва ходимларига тўланган мукофотлар ўрнини Меҳнат органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш жамғармасига қоплаш;

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида писта ва каврак плантацияларини ташкил этиш мақсадида "Тадбиркорликни ривожлантириш офиси" МЧЖ ва Деҳқонобод тумани ҳокимлигининг қўшма хулосаси асосида ҳар бир гектар ер учун 3,0 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда писта кўчатларини харид қилиш;

тижорат банкларида очиладиган кредит линиялари бўйича ресурслар жойлаштириш, кейинчалик банклар томонидан республика туманлари ва шаҳарларида янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга ошириш учун микрокредитлар ажратиш;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламига мансуб шахсларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга бир марталик субсидиялар бериш;

бандликка кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий заиф қатламига мансуб ходимларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни касбга ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун иш берувчиларга бир марталик субсидиялар бериш;

бандликка кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз шахсларни, айниқса кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизларни касбга ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига грантлар ажратиш;

касбга ўқитиш марказларида, профессионал таълим муассасаларида ва олий таълим муассасаларида касбга ўқитишга, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва ходимларини ҳамда томорқа ер эгаларини агротехнологиялар, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳасига қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун грантлар ажратиш;

кластер усулида фаолият юритадиган "Томорқа хизмати" МЧЖлар томонидан ташкил этиладиган томорқачилик илмий-амалий ўқув марказларини жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини молиялаштириш;

ўзини ўзи банд қилган шахсларга рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар.


9. Юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари:

Бандлик жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларида ягона ижтимоий тўловдан тушган ажратмалар бўйича маблағларнинг жамланишини;

ишсизлик бўйича нафақалар, ишсизларга компенсациялар, стипендиялар, моддий ёрдам ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларнинг ўз вақтида тайинланиши, молиялаштирилиши ва тўланишини;

Бандлик жамғармасининг молиявий ҳолати мунтазам таҳлил қилиниши ва прогнозлаштирилишини, шунингдек, унинг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлаш учун огоҳлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини;

ягона ижтимоий тўловдан ажратмалар ҳажмларини белгилаш тўғрисида таклифлар тайёрланишини;

бўлғуси даврга мўлжалланган бюджет сўрови ишлаб чиқилишини ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилишини;

Бандлик жамғармаси самарали фаолият кўрсатиши учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқилишини;

Бандлик жамғармасининг кейинги йилга мўлжалланган даромад манбалари ва маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича прогноз лойиҳаси ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилишини;

Бандлик жамғармаси бюджетини ижро этиш бўйича ҳисоботлар, шунингдек, бир йилда бир марта Бандлик жамғармаси даромадлари ва маблағларидан фойдаланиш бўйича мустақил аудитор текшируви натижалари тайёрланишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини;

Бандлик жамғармаси тўлов субъектлари ва молиялаштириш объектлари бўйича электрон маълумотлар базаси тўлиқ ҳисобга олинишини ва юритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандлик жамғармаси ваколатига кирадиган масалалар юзасидан халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг ваколатли органлари билан белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.


10. Ягона ижтимоий тўловдан тушган ажратмалар ва бошқа манбалар ҳисобига шаклланадиган Бандлик жамғармаси маблағларининг етмиш фоизи Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари ихтиёрида қолади, улар кейинчалик бандликка кўмаклашиш марказлари ўртасида тақсимланади, ўттиз фоизи эса Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, тегишли ҳудудий бандлик бош бошқармалари тўлов ҳужжати билан ўтказиш орқали республика даражасида жамланади.


11. Ҳудудий даражада ташкил этилган Бандлик жамғармасининг етишмаётган маблағлари республика Бандлик жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Зарурат бўлса, ҳисобот даври якунлари бўйича маҳаллий даражада ташкил этилган Бандлик жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиғи Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарори билан кейинчалик тақсимлаш учун республика даражасига йўналтирилиши мумкин.

Бандлик жамғармасининг шахсий ғазна ҳисобварақларидаги бўш маблағлар йил бошида қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини қоплашга йўналтирилиши мумкин эмас.


12. Бандлик жамғармаси маблағларини мазкур Низомда назарда тутилмаган мақсадлар учун ишлатишга йўл қўйилмайди.



3-БОБ. БАНДЛИК ЖАМҒАРМАСИНИНГ ДАРОМАДЛАРИ

ПРОГНОЗИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА КЕЛИШИШ ҲАМДА

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандлик жамғармасининг тушум манбалари бўйича кейинги йилга мўлжалланган даромадлари прогнозини ва маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича харажатлар прогнозини (кейинги ўринларда Бандлик жамғармасининг бюджет лойиҳаси деб аталади) ҳар йили қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда, бироқ жорий йилнинг биринчи июлидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади. Бандлик жамғармасининг бюджет лойиҳаси қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади:

аввалги йил учун маблағларнинг амалда тушиши ва ҳудудлар кесимида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги тушумлар манбалари бўйича даромадларнинг кутилаётган ижроси;

Бандлик жамғармасига ҳудудлар кесимида тўланадиган қонун ҳужжатларида белгиланган тўловлар бўйича ҳисобот молия йили охиридаги ташкилотларнинг (иш берувчиларнинг) кредитор қарздорлиги;

Бандлик жамғармасининг аввалги йилдаги маблағлари сарфининг якуний кўрсаткичлари ва фойдаланиш йўналишлари ва ҳудудлар кесимида, кўриб чиқилаётган даврда тасдиқланган прогнозларни бажариш натижаларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги Бандлик жамғармаси харажатлар қисмининг кутилаётган ижроси;

аввалги йилда иш ҳақи ошиши ва ходимлар сони кўпайиши суръатларини инобатга олган ҳолда ҳисоблаб чиқилган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг прогноз параметрлари.


14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик жамғармасининг тақдим этилган бюджет лойиҳасини кўриб чиқишда Бандлик жамғармасига тўланадиган ягона ижтимоий тўлов ажратмалари ставкасининг бўлғуси йилга мўлжалланган прогноз ўзгаришини ва макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози таъсирини ҳисобга олади.


15. Бандлик жамғармасининг кўриб чиқилган ва келишилган бюджет лойиҳаси кейинги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси билан бирга бюджетнома таркибида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кейинги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг асосий параметрлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлангандан кейин ўн иш куни ичида Бандлик жамғармаси бюджетининг асосий параметрларини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига етказади.


17. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигидан тасдиқланган Бандлик жамғармаси бюджетининг асосий параметрларини олганидан кейин:

тушумлар манбалари Жамғарманинг кейинги йилга мўлжалланган даромадларининг асосий параметрларини ва маблағлардан фойдаланиш йўналишлари бўйича харажатларнинг асосий параметрларини бир ҳафта муддатда тасдиқлайди, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, бандликка кўмаклашиш марказлари учун чоракма-чорак тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳайъат мажлисида улар ишлари якунларининг кўриб чиқилишини таъминлайди.


18. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, бандликка кўмаклашиш марказлари Бандлик жамғармаси бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичларини бажариш учун Бандлик жамғармаси даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлайди.



4-БОБ. БАНДЛИК ЖАМҒАРМАСИНИНГ

ИЖРО ЭТУВЧИ ОРГАНИ


19. Қуйидагилар Бандлик жамғармасининг ижро этувчи органлари ҳисобланади:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш бошқармаси;

ҳудудий даражада - Бандлик жамғармаси маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича шуъбалар.


20. Ижро этувчи орган:

Бандлик жамғармаси даромадлари ва харажатлари бўйича прогнозни ва ҳисобот балансларини шакллантиради;

Бандлик жамғармасининг даромадлари ва харажатларини ижро этиш бўйича ҳисоб ва ҳисобот юритилишини таъминлайди, Бандлик жамғармаси маблағлари тақсимловчи томонидан тасдиқландан сўнг, ҳисоботни тегишли молия органларига юборади;

Бандлик жамғармаси молия ҳисоботининг ишончлилигини таъминлайди;

Бандлик жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланиш аудитини ташкил этади;

Бандлик жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалалари бўйича изоҳлар беради.



5-БОБ. БАНДЛИК ЖАМҒАРМАСИНИНГ ТУШУМИНИ

ВА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИК


21. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, бандликка кўмаклашиш марказлари Бандлик жамғармаси маблағларидан қатъиян мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавоб беради.


22. Ишсизлик бўйича нафақалар, ишсизларга компенсациялар, стипендиялар ва молиявий ёрдам ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлар тўғри тўланиши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва ҳудудий меҳнат органлари томонидан назорат қилинади.


23. Бандлик жамғармаси маблағларидан фойдаланиш юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 31 декабрь