Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 23.01.2019 й. 3128-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 07.01.2019 й. 3-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 23 январда 3128-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Лойиҳа бошқаруви миллий

агентлиги директорининг

2019 йил 7 январдаги

3-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги

Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув

республика олий мактабига ўқишга қабул қилиш

ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3930-сон "Корпоратив, лойиҳа бошқаруви ва давлат харидлари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабига (бундан буён матнда Олий мактаб деб юритилади) ўқишга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олий мактаб магистратурасида бошқарув кадрларни тайёрлаш тўлов-контракт асосида, ўзбек, рус ва инглиз таълим тилларида, ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда, олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ меъёрий ва қисқартирилган муддатларда, ўқишни тамомлагандан кейин тегишли мутахассислик бўйича магистр даражасини берувчи давлат намунасидаги ҳужжат бериладиган тартибда амалга оширилади.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим кундузги шаклда амалга оширилади.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим сиртқи, кечки шаклларда, шу жумладан масофавий ўқитишни қўллаш билан амалга оширилиши мумкин.

2. Олий мактаб магистратураси дастурлари бўйича ўқитиш етакчи ихтисослашган хорижий таълим муассасалари билан тузилган халқаро келишувларда назарда тутилган ўқув режалар, дастурлар ва жадваллар асосида "икки диплом" (dоublе dеgrее) модели бўйича амалга оширилиши мумкин.

Номзодларни "икки диплом" (dоublе dеgrее) модели бўйича Олий мактаб магистратурасига ўқишга қабул қилиш халқаро келишувларнинг талабларига мувофиқ амалга оширилади.

"Икки диплом" (dоublе dеgrее) модели бўйича ўқишни битиргандан сўнг хорижий таълим муассасасининг дипломи ва тегишли мутахассислик бўйича давлат намунасидаги магистр даражаси дипломи берилади.

3. Олий мактаб магистратурасида мутахассисларни тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишлари бўйича ихтисослашган дастурлар асосида амалга оширади.

Ўқитиш муддати ва шакллари Олий мактаб томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


4. Олий мактаб магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонлари ёзма имтиҳон ва тест синовлари шаклида (бундан буён матнда кириш имтиҳонлари деб юритилади) амалга оширилади.

Олий мактаб магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонлари магистратурада ўқийдиган тилда ўтказилади ва бу ҳақда магистратурага кириш тўғрисидаги аризада кўрсатилиши лозим.

Кириш имтиҳонлари магистратура мутахассисликлари ва ўқитиш тилларига кўра алоҳида ўтказилади.

Кириш имтиҳонлари учун максимал балл 100 баллни ташкил этади, ушбу баллар қуйидагилардан ташкил топади:

мутахассислик фанлари бўйича - 0 баллдан 75 баллгача;

инглиз тили фани бўйича - 0 баллдан 25 баллгача.

Номзодларнинг ҳужжатларини қабул қилиш, шунингдек, кириш имтиҳонлари ўқиш йилида икки марта (ёзги ва қишки қабул даврларида) амалга оширилади.

5. Олий мактаб магистратурасига ўқишга барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов принциплари асосида қабул қилинади.


6. Олий мактаб магистратурасида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчиларнинг асосий иш жойи ва ўртача иш ҳақи миқдори ўқиш муддати мобайнида сақланади. Бунда иш берувчи тасдиқланган иш ҳақи фонди доирасида магистратурада таълим олаётган тингловчининг ўқишни тамомлаш даври якунига қадар муддатга тузилган шартнома асосида бошқа ходимларни тегишли иш жойига қабул қилиши мумкин.



2-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБ МАГИСТРАТУРАСИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Олий мактабнинг магистратурасига ўқишга қабул қилишнинг йиллик квотаси, шунингдек кириш имтиҳонлари фанлари, дастурлари, натижаларни баҳолаш мезонлари рўйхати Агентлик томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.

8. Олий мактаб магистратурасига олий маълумотга, шу жумладан хорижий мамлакатларда олинган олий маълумотга (дипломли мутахассис, бакалавр) эга бўлган фуқаролар қабул қилинади. Бунда хорижий мамлакатларда олинган дипломлар тегишли тартибда тан олинган бўлиши лозим.

Инглиз тилини В2 ва ундан юқори даражада билишини тасдиқловчи амалдаги миллий малака сертификати ёки CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича B2, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 5,5 балл, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллдан кам бўлмаган даражада инглиз тилини билишини тасдиқловчи халқаро сертификатларга эга бўлган, шунингдек, олий таълим муассасаларини инглиз таълим тилида битирган номзодлар инглиз тили бўйича имтиҳон топширишдан озод қилинади. Уларга мазкур фандан белгиланган максимал балл берилади.

9. Олий мактаб магистратурасига қабул қилишни ташкил этиш учун қабул комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ташкил этилади. Комиссия аъзоларининг сони ва шахсий таркиби, шунингдек иш регламенти Олий мактаб директори томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


10. Олий мактаб магистратурасига кириш истагини билдирган номзодлар Олий мактабнинг расмий веб-сайти (бундан буён матнда веб-сайт деб юритилади) орқали Олий мактабнинг директори номига қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилишади:

олий маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

4х6 ўлчамдаги рангли фотосурат;

паспорт (имтиҳон вақтида асл нусхаси тақдим этилади);

инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи белгиланган намунадаги ҳужжат (агар мавжуд бўлса).

Олий мактаб магистратурасига кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодлар юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг аслини ёки уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаларини Олий мактабга тақдим этади.

11. Шартнома шартлари, томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, тўловларни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади ва веб-сайтда эълон қилинади.


12. Олий мактаб магистратурасига қабул қилиш шартлари, ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, Олий мактаб магистратурасига ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин веб-сайтда оммавий эълон қилинади.


13. Номзодлар мазкур Низомда белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда магистратурага қабул қилиш учун ўтказиладиган кириш имтиҳонларида иштирок этишига йўл қўйилади.

14. Олий мактаб магистратурасига қабул қилиш учун ўтказиладиган кириш имтиҳонларида иштирок этишга йўл қўйилганлар рўйхати веб-сайтда эълон қилинади.

15. Кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби Комиссия томонидан белгиланади.

Кириш имтиҳонларининг саволлари Комиссия томонидан тузилади.

Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича Комиссия томонидан баённома расмийлаштирилади.

Номзодларнинг кириш имтиҳонларидан қайта ўтказилишига йўл қўйилмайди.

17. Олий мактаб магистратурасига кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган номзодлар белгиланган квоталар доирасида Комиссия томонидан Олий мактаб магистратурасига қабул қилиш учун тавсия этилади.


18. Олий мактаб магистратурасига кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган номзодлар рўйхати веб-сайтда эълон қилинади.


19. Комиссиянинг номзодларни Олий мактаб магистратурасига қабул қилиш ҳақидаги қарори асосида номзод (ташкилот) билан тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тегишли шартнома тузилади.


20. Белгиланган намунадаги шартнома бланкалари Олий Мактаб томонидан магистратурага кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинганидан кейин берилади.


21. Тингловчиларни Олий мактаб магистратурасига қабул қилиш Комиссия қарорига мувофиқ Олий мактаб директорининг буйруғи билан, шартномада белгиланган муддатларда тегишли таълим тўлови тўланганидан кейин амалга оширилади.


22. Номзод томонидан шартномада кўрсатилган муддатда таълим тўлови тўланмаган тақдирда, унинг ўрнига тўпланган баллар сони бўйича навбатдаги номзод қабул қилинади.


23. Тингловчилар Олий мактабнинг ички тартиб қоидаларини бузганлиги ёки академик қарздорлик сабабли тингловчилар сафидан чиқарилган тақдирда, мазкур тингловчи учун амалга оширилган таълим тўлови қайтарилмайди.


24. Олий мактаб магистратурасига кириш имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Олий мактаб маблағлари ҳисобига қопланади.


25. Олий мактаб магистратурасига кириш имтиҳонларидан ўта олмаган номзод кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида Олий мактаб орқали апелляция комиссиясига апелляция бериш ҳуқуқига эга.

26. Апелляция комиссиясининг таркиби ва унинг иш регламенти Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Апелляция комиссиясининг таркиби қабул комиссияси фаолиятида иштирок этмаган шахслар орасидан шакллантирилади.

Апелляция комиссияси апелляция шикоятини уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида номзодга шу куннинг ўзида ёзма равишда хабар беради.

27. Номзоднинг апелляциясини кўриб чиқишда номзод иштирок этиш ҳуқуқига эга.


28. Апелляция комиссияси номзоднинг шикоятини кўриб чиқиб, унинг натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади. Қарорда номзоднинг шикоятини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш масаласи кўрсатилади.



3-БОБ. ОЛИЙ МАКТАБ ЎҚУВ КУРСЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА ЎҚИТИШ


29. Олий мактабда ўқув курслари ўқишни тамомлагандан кейин тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар бериладиган махсус таълим дастурлари асосида ўтказилади.


30. Олий мактаб махсус таълим дастурлари асосида:

Бизнесни бошқариш ва корпоратив бошқарув йўналиши бўйича хўжалик бошқаруви органлари, акционерлик жамиятлари ва бошқа тадбиркорлик субъектларининг олий маълумотга эга бўлган (дипломли мутахассис, бакалавр) юқори ва ўрта бўғин раҳбарларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда, белгиланган намунадаги сертификат (гувоҳнома) бериладиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимларини, шунингдек бошқа шахсларни лойиҳа бошқаруви йўналиши бўйича, шунингдек суд бошқарувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

белгиланган намунадаги малака сертификати берилган ҳолда баҳоловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этади.


31. Тингловчиларни ўқув курсларида ўқитиш тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

32. Ўқув курсларининг қиймати Агентлик билан келишилган ҳолда Олий мактаб директори томонидан тасдиқланади.

Ўқув курсларини ўтказиш санаси, давомийлиги, таълим шакли, шартнома шартлари, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўловларни амалга ошириш тартиби ва ўқув курслари бўйича бошқа маълумотлар Олий мактаб директори томонидан тасдиқланади.


4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 23 январь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 28 январь, 4-сон, 75-модда