Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.01.2019 й. 43-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 январдаги

43-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда

дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш,

кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, буташ, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ҳамда дарахтларни хатловдан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари:

жисмоний шахсларнинг томорқа ер участкаларида ўсадиган дарахтлар ва буталарга;

питомник ва плантацияларда етиштириладиган дарахтлар, ниҳоллар ва буталарга;

юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан қурилиш материали ҳамда ҳосил олиш мақсадида экилган дарахтлар ва буталарга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


дарахтларни экиш - ниҳоллар ёки қаламчаларни экиш ёки кўп йиллик дарахтларни бир жойдан бошқа жойга кўчириш;


буталарни экиш - сунъий (маданий) шароитда етиштирилган бутасимон ўсимликлар кўчатларини экиш ёки уларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш;


парвариш қилиш - дарахтлар ва буталарни суғориш, озиқлантириш, буташ, оқлаш, шунингдек, турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга ёхуд бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида агротехника қоидаларига риоя этган ҳолда кимёвий ишлов бериш;


буташ - дарахтлар ва буталарнинг ўсиш даражасига шикаст етказмасдан, агротехника қоидаларига риоя этган ҳолда шакл бериш;


дарахтлар ва буталарни кесиш - бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ҳамда реконструкция қилишда қурилиш майдонидаги ёки техника ва мосламаларнинг ишлашига, инфратузилмаларни жойлаштиришга халақит берадиган дарахтлар ва буталарни таг қисмидан кесиб олиб ташлаш;


санитария мақсадида кесиш - табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, авария ҳолатидаги дарахтлар ва буталарни таг қисмидан, танасининг бир қисмини (асосий танадан ажралиб чиққан қисми) ёки уларнинг шохларини кесиб олиб ташлаш;


дарахтларни хатловдан ўтказиш - дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш;


компенсациявий экиш - юридик ва жисмоний шахслар томонидан кесилган (йўқ қилинган) дарахтлар ўрнига мажбурий равишда манзарали ва бошқа дарахтлар кўчатларини экиш.


4. Дарахтлар ва буталарнинг қуйидаги тоифалари:

шаҳарлардаги ҳамда бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтлар ва бутазорлар, шунингдек, кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар;

темир йўллар ва автомобиль йўлларининг, табиий ва сунъий сув оқимларининг, сув ҳавзаларининг ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлар;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек, бошқа дарахтлар ва бутазорлар;

томорқа ер участкаларидаги ва боғ участкаларидаги дарахтлар ва бутазорлар ўрмон фондига кирмайди.


5. Юридик шахслар томонидан ўзларига тегишли ёки бириктирилган ҳудудлардаги дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, буташ, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилади.


6. Дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказиш устидан давлат назорати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси органлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.


7. Дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш, кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ва дарахтларни хатловдан ўтказиш устидан жамоат назорати фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ЎРМОН ФОНДИГА

КИРМАЙДИГАН ЕРЛАРДА ДАРАХТЛАР

ВА БУТАЛАРНИ ЭКИШ ВА ПАРВАРИШ ҚИЛИШ


8. Дарахтлар ва буталарни экиш уларнинг турлари, иқлим шароитига мосланувчанлигига, ер ости сувларининг яқинлиги, ернинг шўрланиш даражаси, суғориш тизими мавжудлиги ҳамда уларнинг функционал вазифаларига кўра амалга оширилади.

Бунда, экиш учун жой танлашда дарахтлар ва буталарнинг биоэкологик хусусиятлари, тупроқнинг унумдорлиги, қурғоқчиликка чидамлилиги, шунингдек, қуёшли ва соя жойларга мослашувчанлиги эътиборга олиниши лозим.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни экиш ва парвариш қилиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схема асосида амалга оширилади.


9. Дарахтлар ва буталарни экиш учун жой танлаш ва уларни экиш:

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бириктирилган йўл ва кўчалар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

ташкилотларга тегишли ҳудудларда - ушбу ташкилотлар;

темир йўллар ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари;

табиий ва сунъий сув оқимлари, сув ҳавзалари ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда сув хўжалиги органлари;

фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - ер эгалари;

захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


10. Экиш ишлари баҳор ва куз ойларида об-ҳаво шароити, дарахтлар ва буталарнинг тутувчанлиги, шунингдек, ҳар бир дарахт ва бутанинг турларига мос келадиган экишнинг агротехника қоидаларига риоя этган ҳолда олиб борилади. Йилнинг бошқа фаслларида ҳам эҳтиёждан келиб чиқиб, дарахтлар ва буталарни экиш мумкин, уларни кўчириш ишлари йил давомида амалга оширилади.


11. Дарахтлар ва буталарни суғориш ва озиқлантириш:

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар;

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги ички кўчалар, маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофида, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида - ўзларига тегишли бўлган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар;

ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари;

темир йўллар бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - мазкур ер эгалари;

захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


12. Дарахтлар ва буталарни буташ:

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

бошқа аҳоли пунктларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари;

ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари;

темир йўллар бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - ер эгалари;

захира ерларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Буташдан ҳосил бўладиган шох-шаббаларни олиб чиқиб кетиш ушбу ишларни бажарган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


13. Турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга кимёвий ишлов бериш:

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

қолган ҳудудларда эса ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ташкилотлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда амалга оширилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ ЎРМОН ФОНДИГА

КИРМАЙДИГАН ЕРЛАРДАГИ

ДАРАХТЛАРНИ ХАТЛОВДАН ЎТКАЗИШ


14. Дарахтларни хатловдан ўтказиш статистик ҳисоботларни тузишда фойдаланиш учун маълумотлар олиш, кўкаламзорлаштиришни ривожлантириш, янги объектларни қуриш ва мавжуд объектларда реконструкция ишларини режалаштириш, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ландшафт-архитектура объектларини қайта тиклаш, реконструкция қилиш ва фойдаланиш, уларнинг сақланиши ва ҳолати учун жавобгар шахсларни аниқлаш мақсадида ўтказилади.


15. Хатлов натижасида дарахтларнинг сони, тури, ҳолати, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари ҳисобга олиниб, уларнинг реестрлари шакллантирилади.


16. Хатлов ҳар беш йилда бир марта, баҳор ойларида ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схема асосида ўтказилади. Уни ўтказиш учун Давлат экология қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатли органлар ҳисобланади.


17. Хатловни ўтказиш учун ҳар бир ҳудудда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари қабул қилинади. Ушбу қарорларда хатловни ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳ таркиби, хатловларни ўтказиш вақти ва натижаларини тақдим этиш муддатлари белгиланади.

Ишчи гуруҳ таркиби маҳаллий давлат ҳокимияти, Давлат экология қўмитаси, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри, уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш органлари вакиллари ҳамда ўзларига тегишли ёки бириктирилган ҳудудларда хатлов ўтказишга масъул бўлган ташкилотлар вакилларидан иборат бўлади.


18. Ишчи гуруҳ томонидан шаҳарлар, туманлар ва бошқа аҳоли пунктлари, темир йўл ва автомобиль йўллари ҳамда табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг хариталари ёки схемалари асосида хатлов ўтказиладиган участкалар ва уларга масъуллар белгиланади.

Ишчи гуруҳ фаолияти Давлат экология қўмитаси органлари томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.


19. Хатлов ишлари аҳоли яшаш пунктларида, темир йўл ва автомобиль йўллари, табиий ва сунъий сув ҳавзалари бўйларида, фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда, захира ерларда ҳамда ташкилотлар ҳудудларида олиб борилади.


20. Хатлов икки босқичда амалга оширилади:

хатлов ўтказишга масъул шахслар томонидан жойига чиққан ҳолда дарахтларни ҳисобга олиш ва уларни журналда қайд этиш;

қайд этилган маълумотларни қайта ишлаш, умумлаштириш, ушбу Низомга 3-иловада келтирилган Дарахтлар хатловини рўйхатга олиш дафтарига (кейинги ўринларда Рўйхатга олиш дафтари деб аталади) киритиш ҳамда электрон базани шакллантириш.


21. Хатлов ишлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган дарахтларни хатловдан ўтказиш бўйича методик қўлланма асосида амалга оширилади.


22. Янги (жорий йилда) экилган дарахтлар эса ушбу Низомнинг 9-бандида қайд этилган субъектлар томонидан Рўйхатга олиш китобига киритиб борилади.


23. Хатлов ўтказишда юз ёшдан ошган дарахтлар аниқланганда, уларни табиат ёдгорликлари сифатида муҳофазага олиш учун Рўйхатга олиш дафтари бўйича алоҳида реестр юритилади.

Ушбу дарахтларни табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш Ўзбекистон Республикасининг "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.


24. Табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган дарахтларни ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер эгалари билан биргаликда ушбу дарахтларнинг атрофи танасидан бир метрдан кам бўлмаган масофада ва баландлиги бир метр йигирма сантиметр бўлган металл панжара билан ўралишини таъминлашлари керак.

Шунингдек, ушбу дарахтларни кўришга келган ташриф буюрувчилар учун маълумот сифатида давлат тилида, рус ва инглиз тилларида дарахтнинг номи, унинг ёши, хатлов рақами, жойлашган манзили ёзилган ёрлиқ дарахтга осиб қўйилиши зарур.


25. Дарахтларни хатловдан ўтказиш:

шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофи, шу жумладан, кўчаларда, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида - ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари;

ташкилотларга тегишли бўлган ҳудудларда - ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ташкилотлари;

темир йўллар бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - бириктирилганлиги бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда сув хўжалиги органлари;

фермер хўжаликлари ерларида ва бошқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда - ер эгалари;

захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


26. Ушбу Низомнинг 25-бандида назарда тутилган субъектлар томонидан тақдим этилган хатлов натижалари тегишли Ишчи гуруҳ томонидан умумлаштирилади ва унинг электрон маълумотлар базаси шакллантирилади.

Мазкур маълумотлар Ишчи гуруҳ томонидан 20 кундан кечиктирмасдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича базани шакллантириш учун Давлат экология қўмитаси органларига тақдим этилади.

Ўз навбатида тақдим этилган маълумотлар Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари томонидан республикада ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юборилади.

Давлат экология қўмитаси республика бўйича ягона электрон маълумотлар базасини шакллантиради ва ўзининг веб-сайтида жойлаштиради.


27. Ягона электрон маълумотлар базасига ўзгартиришлар фақат кейинги хатлов натижалари, Давлат экология қўмитаси органлари хулосасига биноан санитария мақсадида ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатномасига мувофиқ қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши билан боғлиқ ҳолда, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар томонидан дарахтларни ноқонуний кесиш ҳамда янги экилган дарахтлар тўғрисидаги маълумотлар асосида киритилади.


28. Ягона электрон маълумотлар базасидан келажакда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш учун дарахтзорлар мавжуд участкаларда лойиҳалаштириш, давлат экологик экспертизасини ўтказиш ва бошқа ишларни олиб бориш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар бепул фойдаланишлари мумкин.



4-БОБ. ДАВЛАТ ЎРМОН ФОНДИГА

КИРМАЙДИГАН ЕРЛАРДАГИ ДАРАХТЛАР

ВА БУТАЛАРНИ КЕСИШ ЁКИ САНИТАРИЯ

МАҚСАДИДА КЕСИШ


29. Дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида кесиш улар табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари таъсирида зарарланган, қуриётган ёки қуриб қолган ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки хавфсизлигига таҳдид солаётган, шохлари бетартиб ўсиши натижасида қўшилиб кетган ёки синган, шунингдек, авария ҳолатида бўлган ҳолларда амалга оширилади.


30. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарнинг шохлари:

қуриётган ёки қуриб қолган;

бетартиб ўсиши натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган;

касалланган;

турли инфратузилмалар фаолиятига халақит бераётган;

шунингдек шамол, қор ёки бошқа табиий жараёнлар таъсирида синиши натижасида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда кесилади.


31. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталар танасининг бир қисми:

қуриётган ёки қуриб қолган;

шакли хунук ўсиши натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган;

касалликка чалинган;

турли инфратузилмалар фаолиятига халақит бераётган;

шохлари касаллик тарқатувчи ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг манбаига айланган;

шунингдек шамол, қор ёки бошқа табиий жараёнлар таъсирида синиши ёки синиш эҳтимоли натижасида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда кесилади.


32. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарни таг қисмидан кесиш:

қуриётган ёки қуриб қолган;

декоратив хусусиятини йўқотиш натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган;

касалликка чалинган;

турли инфратузилмаларга халақит бераётган;

касаллик тарқатувчи ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг манбаига айланган;

аҳоли яшаш жойлари, жамоат бинолари ва болалар ўйин майдончалари учун инсоляция (қуёш нури тушиши) бўйича кўрсатилган санитария талабларига мос келмайдиган;

ўзидан турли аллергия чақирувчиларни тарқатадиган;

қурилиш нормалари ва қоидалари талабларига тўғри келмайдиган;

шунингдек одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда амалга оширилади.


33. Санитария мақсадида дарахтлар ва буталарнинг шохлари, танасининг бир қисмини ва таг қисмидан кесиш:

шаҳарлар ва туманлар марказидаги кўчаларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофи, шу жумладан, кўчалар ва бошқа аҳоли пунктларида - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, шунингдек, фуқароларнинг мурожаатига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг ташкилотлари;

темир йўллар бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари;

дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - тегишлилиги бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ва сув хўжалиги органлари;

фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - ер эгалари;

захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


34. Дарахтлар ва буталарни санитария мақсадида танасининг бир қисмини ва (ёки) таг қисмидан (қуриган ва касалланган дарахтларни) кесиш Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси асосида тўловларсиз амалга оширилади.

Дарахтлар ва буталарнинг шохларини санитария мақсадида кесиш ёки буташга хулоса талаб этилмайди.


35. Дарахтлар ва буталарни кесишга бинолар, иншоотлар, коммунакациялар ва бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилишга, шунингдек, муҳандислик тадқиқот ишларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳолатларда йўл қўйилади.

Бунда кесилиши кўрсатилган дарахтлар ва буталарни Давлат экология қўмитаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқа жойга кўчириш масаласини кўриб чиқади. Агар кўчиришнинг имкони бўлмаса Давлат экология қўмитаси органлари хулосаси асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рухсатномалар расмийлаштирилади.


36. Дарахтлар ва буталарни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш учун хулоса ва рухсатномалар олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.

37. Юридик ёки жисмоний шахсларнинг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтлар ва буталарни, шу жумладан, ипак қуртини боқиш мақсадида тут дарахти шохларини кесишга Давлат экология қўмитаси органларининг хулосаси талаб этилмайди.


38. Дарахтлар ва буталарни кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесиш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ободонлаштириш бошқармалари ёки ушбу турдаги хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар томонидан тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин.


39. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ҳамда касб-ҳунар таълими муассасаларида дарахтлар ва буталарни кесиш ёки санитария мақсадида кесиш ишлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бепул амалга оширилади.


40. Дарахтлар ва буталарни кесиш ёки санитария мақсадида тагидан кесиш ишлари уларнинг ердан униб чиққан таналарини ер билан бир текис қилиб кесиш йўли билан амалга оширилиши шарт.


41. Дарахтлар ва буталарни юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан кесиш ушбу Низомга 4-иловада келтирилган тўловлар асосида амалга оширилади.


42. Кесиш, шу жумладан, санитария мақсадида кесишдан ҳосил бўлган шох-шабба ва бошқа ҳосилаларни ташиш ва олиб чиқиб кетиш ушбу ишларни амалга оширган масъуллар томонидан бажарилади.


43. Давлат бюджети, хорижий ва халқаро ташкилотлар кредитлари ва грантлари ёки халқаро молия институтларининг инвеститциялари ҳисобига молиялаштирилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари, фармойишларида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кесиладиган дарахтлар ва буталар истисно тариқасида, белгиланган тўловлардан озод этилган ҳолда Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бериладиган рухсатномалар асосида кесилади.


44. Дарахтларни кесишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари дарахтларни кузги ёки баҳорги экиш даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тавсия этилган ҳудудларда ҳар бир кесилган дарахт ўрнига ўн туп дарахт экиб бериш мажбуриятини олади.

Дарахтларнинг амалда экилганлиги Давлат экология қўмитаси, дарахтларни кесишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари, шунингдек бириктирилган ҳудудлар бўйича ушбу Низомнинг 11-бандида келтирилган субъектлар томонидан имзоланган далолатнома билан тасдиқланади.

Экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш Давлат экология қўмитаси томонидан амалга оширилади.


45. Дарахтлар ва буталарни Давлат экология қўмитаси органларининг хулосалари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатномаларисиз кесиш ноқонуний кесиш ҳисобланади.


46. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш ва ноқонуний кесишдан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атрофмуҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология, атрофмуҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасининг ҳисобварағига тушади ва унинг 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

Тут дарахтларини ғайриқонуний равишда кесганлик, шикастлантирганлик ёки йўқ қилганлик учун ундирилган жарималар Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига йўналтирилади. Бунда, ундирилган жарималарнинг 50 фоизи "Ўзбекипаксаноат" уюшмасининг ҳисобварағига, 26 фоизи Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси ҳисобварағига ўтказилган маблағлар, қонунбузарлик содир этилган ҳудудда мақсадли равишда янги тут кўчатларини экишга йўналтирилади. Ушбу маблағларни бошқа мақсадларга, шу жумладан, қарздорликни қоплашга йўналтириш тақиқланади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. Дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, таги билан қўпориб олиш ёки уларни қуриб қолиш даражасигача шикастлантиришга йўл қўйилмайди. Уларни ноқонуний кесиш ёки таги билан қўпориб олиш ҳолатлари содир этилганда, кесилган ёки қўпориб олинган дарахтлар ва буталар танаси қонунбузарлардан олиб қўйилади.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


49. Етказилган зарарни ундириш ушбу Низомга 4-иловада келтирилган битта дарахт ва бутани кесиш учун берилган рухсатнома қиймати миқдорининг базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффицентлари:

кам қимматли дарахтлар тури учун 5 бараварга;

қимматли ёғочбоп дарахтлар учун 10 бараварга;

100 ёшдан ошган дарахтлар учун эса 20 бараварга кўпайтириш билан ҳисобланади.






Низомга

1-ИЛОВА



Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда

дарахтлар ва буталарни экиш ва парвариш қилиш

СХЕМАСИ

       

Босқичлар

Тадбирларни бажарувчи субъектлар

Тадбирлар

Тадбирларни бажариш муддати

1-босқич

1. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари.


2. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бириктирилган йўл ва кўчалар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.


3. Ташкилотларга тегишли ҳудудларда - ушбу ташкилотлар.


4. Темир йўллар ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари.


5. Табиий ва сунъий сув оқимлари, сув ҳавзалари ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда сув хўжалиги органлари.


6. Фермер хўжалиги ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - ер эгалари.


7. Захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

1. Дарахтлар ва буталарни экиш учун жой танлаш ва экиш.




2. Дарахтларни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш.

1. Дарахтлар ва буталарни экиш - баҳор ва куз ойларида ёки эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бошқа фаслларда



2. Дарахтларни кўчириш - йил давомида.

2-босқич

1. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқда ташкилотлар.


2. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги ички кўчалар, маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофида, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида - ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, ўзлари фаолият кўрсатаётган бинодан кўчагача бўлган оралиқдаги ташкилотлар.


3. Ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари.


4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари.


5. Темир йўллари бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари.


6. Дарё, сой ирмоқ канал зовур ва ариқлар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари.


7. Фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - мазкур ер эгалари.


8. Захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Дарахтлар ва буталарни суғориш ва озиқлантириш.

Йил давомида

3-босқич

1. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - бириктирилганлигига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.


2. Бошқа аҳоли пунктларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари.


3. Ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари.


4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари.


5. Темир йўллари бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари.


6. Дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари.


7. Фермер хўжаликлари ерларида ва бошқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда - ер эгалари.


8. Захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Дарахтлар ва буталарни буташ

Бахор ойларида ёки эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда - йил давомида.

4-босқич

1. Шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.


2. Ташкилотларнинг ҳудудларида - ер эгалари.


3. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари.


4. Темир йўллари бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари.


5. Дарё, сой ирмоқ канал зовур ва ариқлар бўйларида - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва сув хўжалиги органлари.


6. Фермер хўжаликлари ерларида ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган бошқа ерларда - мазкур ер эгалари.


7. Захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

Турли зараркунанда ва касалликлар таъсирида зарарланган ёки касалликларга чалинган дарахтлар ва буталарга кимёвий ишлов бериш

Йил давомида






Низомга

2-ИЛОВА



Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда

дарахтларни хатловдан ўтказиш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар

Тадбирларни бажарувчи субъектлар

Тадбирлар

Тадбирларни бажариш муддати

1-босқич

1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари.


2. Давлат экология қўмитаси органлари.

1. Хатлов ўтказиш тўғрисида маҳаллий давлат органи қарорини қабул қилиш.


2. Хатловни ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳни шакллантириш.

Хатлов ўтказиладиган йили 10 февралга қадар*



2-босқич

1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари.


2. Давлат экология қўмитаси органлари.


3. "Давгеодезкадастр" давлат қўмитаси органлари.


4. Туман (шаҳар) уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари.

5. Ташкилотлар (ўзларига тегишли ёки бириктирилган ҳудудлар бўйича)

Хатлов ўтказиладиган участкаларни ва маъсулларни белгилаш.

Хатлов ўтказиладиган йили 1 мартга қадар.

3-босқич

1. Шаҳарлар ва туманлар марказларидаги кўчаларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.


2. Маҳаллалар ҳудудлари ҳамда кўп қаватли уйлар оралиғи ва атрофи. шу жумладан. кўчаларда. шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида - ўзларига бириктирилган ҳудудлар бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари.


3. Ташкилотларга тегишли бўлган ҳудудларда - ер эгалари.


4. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида - Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкилотлари.


5. Темир йўллар бўйларида - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ташкилотлари.


6. Дарё, сой, ирмоқ, канал, зовур ва ариқлар бўйларида - бириктирилаганлиги бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда сув хўжалиги органлари.


7. Фермер хўжаликлари ерларида ва бошқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда - ер эгалари.


8. Захира ерларда - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.

1. Жойига чиққан ҳолда дарахтларни ҳисобга олиш.


2. Олинган маълумотларни рўйхатга олиш дафтарига киритиш.


3. Маълумотларни қайта ишлаш ва хатлов ўтказилган субъект бўйича маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш.

Хатлов ўтказиладиган йили 1 мартдан 1 июнга қадар.

4-босқич

1. Ишчи гуруҳ.

1. Туман (шаҳар) бўйича хатлов натижаларини умумлаштириш ва уларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантириш.

Хатлов ўтказиладиган йили 20 июндан 20 июлга қадар.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари

2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий электрон маълумотлар базасини шакллантириш.


5-босқич

Давлат экология қўмитаси.

1 .Республика бўйича ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш.


2. Давлат экология қўмитасининг веб-сайтига жойлаштириш.

Хатлов ўтказиладиган йили 1 августга қадар.

*) Хатлов ҳар 5 йилда бир марта ўтказилади.






Низомга

3-ИЛОВА



Дарахтларни хатловдан ўтказишни рўйхатга олиш дафтари

(титул варағи)

      

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерлардаги

дарахтларни хатловдан ўтказишни рўйхатга олиш

ЖАДВАЛИ

(рўйхатга олиш дафтари учун)

   

Т/р

Хатлов

ўтказилган

сана

Хатлов ўтказилган

жой (вилоят,

туман, массив,

маҳалла,

қишлоқ

фуқаролар

йиғини, трасса,

разъезд,

хўжалик,

контур ва бошқалар)

Хатлов

ўтказилган

уй-жой ширкати,

гузар, кўчалар,

трассалар ва

разъездлар

оралиқлари,

контурлар

қисми ва

бошқалар

Хатловга

олинган дарахтлар бириктирилган

объектлар (чорраҳа,

бекат, уй, бино,

пикетажлар

оралиғи ва

бошқалар)

Дарахтнинг тури (номланиши)

Дарахтнинг хатловда рўйхатга олинган

рақами

Дарахт танасининг

диаметри (1,3 метр

баландликдаги), см

Дарахтнинг тахминан

ёши, йил

1

2

3

4

5

6

7

8

9





































Низомга

4-ИЛОВА



Давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларда дарахтлар

ва буталарни кесганлик учун тўлов

МИҚДОРЛАРИ

      

Кесишга рухсат берилган дарахтларнинг 1,3 м баландликдаги танасининг диаметри, см (дарахтларни ноқонуний кесишда дарахт танасининг ер билан туташган жойидаги диаметри олинади)*

Битта дарахтни кесиш учун берилган рухсатнома қиймати миқдори

(белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан коэффициентларда)

кам қимматли дарахтлар тури учун: айланта, акация, япон софораси, терак ва бошқалар**

қимматли (ёғочбоп) дарахтлар: ёнғоқ, писта, бодом, қарағай, барча турдаги арчалар, шарқ биотаси, эман, чинор, шумтол, оққайин, каштан, лола дарахти, магноли, форзиция ва тут ва бошқалар**

4 см гача

0,2

0,4

4,1-8

0,3

0,6

8,1-12

0,4

1,0

12,1-16

0,6

1,3

16,1-20

1,0

1,8

20,1-24

1,5

2,5

24,1-28

1,8

3,5

28,1-32

2,3

4,5

32,1-36

3,3

5,5

36,1-40

4,4

6,5

40,1-44

5,2

8,0

44,1-48

6,2

9,5

48,1-52

7,2

10,5

52,1-56

8,2

11,5

56,1-60

9,2

13,5

60,1-64

10,5

14,5

64 сантиметрдан ортиқ диаметрнинг ҳар бир сантиметри учун тўлов 0,5 коэффициент миқдорида ошади.

Изоҳ.


*) Буталарнинг диаметри илдиз бўғзидан ўлчанади;


**) Кам қимматли ва қимматли ёғочбоп дарахтларнинг умумий рўйхати Фанлар академияси билан келишилган ҳолда Давлат экология қўмитаси томонидан тасдиқланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 январь