Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизматни кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 15.02.2019 й. 134-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 февралдаги

134-сон қарорига

1-ИЛОВА



Туғилганликни қайд этиш бўйича

давлат хизматни кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент жисмоний шахсларга (боланинг ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолатларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар) (кейинги ўринларда ариза берувчилар деб аталади) туғилганликни қайд этиш бўйича давлат хизмати (кейинги ўринларда давлат хизмати деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ушбу Регламент талаблари қуйидаги ҳолатларда:

никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган боланинг туғилишини уларнинг биргаликдаги аризаси (оталикни белгилаш) асосида қайд этишда;

топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда;

боланинг туғилишини ёлғиз онанинг аризаси асосида қайд этишда;

ўлик туғилган боланинг туғилганлигини, ҳаётининг биринчи ҳафтасида ўлган (перинатал ўлим) болаларнинг туғилганлигини, шунингдек, эгизаклардан бири ўлик туғилганда ёки ҳаётининг биринчи ҳафтасида (перинатал ўлим) вафот этганда тирик эгизакнинг туғилганлигини қайд этишда;

боланинг у ёки бу онадан туғилганлик фактини суднинг ҳал қилув қарорига асосан қайд этишда татбиқ этилмайди.


2. Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари орқали марказлар биносида жойлашган ҳудудий фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари (кейинги ўринларда ФҲДЁ бўлимлари деб аталади) томонидан кўрсатилади.


3. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.


4. Давлат хизмати кўрсатиш ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


5. Ариза берувчи давлат хизмати олиш учун бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этади.


6. Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан ушбу Регламентнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон равишда тўлдиради.


7. Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома;

ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар;

никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома).

Бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ўтказиб юборилганда - туғилиш фактини тасдиқловчи ҳужжатга қўшимча равишда қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ҳужжатлар ҳам тақдим этилади.

Ота-оналардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган алоҳида ҳолатларда ота ёки она ҳақида маълумотлар никоҳ тузилганлиги ёки аввалги болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари асосида кўрсатилади.

Ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилади.

Бола туғилгунга қадар унинг отаси вафот этган вақтдан, ота-онаси никоҳи бекор қилинганлигидан ёки ота-онасининг никоҳи суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилгандан кейин 300 кундан кўп вақт ўтмаган бўлса ариза берувчи томонидан никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳнома, суднинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги қароридан кўчирма (нусха) ёки никоҳни ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган қароридан кўчирма (нусха) ёки отасининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет элда туғилган ва унинг туғилганлиги консуллик муассасаси томонидан қайд этилмаган тақдирда белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган хорижий давлатнинг ваколатли органлари томонидан берилган бола туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.


8. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.

9. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштирилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида герб йиғими ундирилади.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мазкур банднинг биринчи хатбошида белгиланган йиғимнинг 50 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Давлат хизмати кўрсатиш учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаш ахборот -коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Тўлов суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига;

15 фоизи - туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадига;

31 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ғазначилик ҳисобрақамларига ўтказилади ва гербли гувоҳномалар ва фуқаролик ҳолати ёзувлари бланкаларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига;

34 фоизи - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус ташкил қилинадиган ғазначилик шахсий ҳисобварағига йўналтирилади ва фақат ФҲДЁ бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тадбирлари, ходимларининг узоқ муддат хизмат қилгани учун иш ҳақига устама ҳақ тўлаш ва мартаба даражалари учун қўшимчаларига, шунингдек, уларни моддий рағбатлантиришга (лавозим маошининг ва мукофотларнинг 100 фоизи миқдоригача шахсий устамалар) тадбирларига сарфланади.


10. Ариза берувчи сўровномасида нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш учун тўловни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


11. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, давлат хизмати кўрсатиш учун тўланган маблағлар қайтарилади.


12. Давлат хизматлари марказлари томонидан сўровнома тўлдирилиб, у ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланганидан сўнг, ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (маълумотнома), туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг асл нусхалари далолатнома тузган ҳолда 2 соат мобайнида тегишли ФҲДЁ бўлимларига тақдим этилади.


13. ФҲДЁ бўлимлари туғилганликни қайд этиш масаласидаги сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни қабул қилиб олганидан сўнг 2 иш кунида ҳамда қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолатларда 3 иш кунида Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан кўриб чиқади ва натижасига кўра болага нисбатан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиради ёки уни расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган маълумотномани тузади.


14. ФҲДЁ бўлимлари 1 соат мобайнида қайд этилган туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви, туғилганлик ҳақида гербли гувоҳнома ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топшириш учун туғилганлик ҳақида маълумотнома ёки туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштиришни рад этиш тўғрисидаги асослантирилган маълумотномани ариза берувчига етказиш учун Давлат хизматлари марказига юборади.


15. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини расмийлаштириш қуйидаги ҳолатларда рад этилиши мумкин:

агар туғилганликни қайд этиш қонунчиликка зид бўлса;

агар тақдим этилган ҳужжатлар уларга нисбатан қонун ҳужжатларида қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаса;

агар туғилганликни қайд эттириш учун мурожаат қилган шахс бунга ҳуқуқли бўлмаса ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса.


16. Давлат хизматлари маркази ФҲДЁ бўлимлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилиб олгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади ва ариза берувчига ҳужжатларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзолатган ҳолда тақдим этади.

Агар ариза берувчи туғилганликни қайд этиш ва у билан боғлиқ бўлган ҳужжатларни 3 иш куни давомида Давлат хизматлари марказидан олиб кетмаса, Давлат хизматлари маркази ушбу ҳужжатларни далолатнома тузган ҳолда тегишли ФҲДЁ бўлимларига топширади ва бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган ариза берувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.


18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


19. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


20. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Туғилганликни қайд этиш бўйича

давлат хизмати кўрсатиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


Ариза берувчи


1. Туғилганликни қайд этиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш.


2. Герб йиғимини тўлаш.


1. Хоҳишига кўра


2. Мурожаат этганида











2-босқич


Давлат хизматлари маркази


Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ФҲДЁ бўлимига юбориш.


1 иш кунида











3-босқич


ФҲДЁ бўлими


1. Сўровноманинг ва унга иловаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш.


2. Ариза берувчига туғилганликни қайд этиш ҳақида гувоҳномани расмийлаштириш.


3. Давлат хизмати марказига юбориш.


2 иш кунида, қўшимча ўрганишни талаб этган ҳолатларда - 3 иш кунида


1 соатда












4-босқич


Давлат хизматлари маркази


Туғилганлик гувоҳномаси келиб тушгандан сўнг, ариза берувчига ҳужжатларни қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзолатган ҳолда гувоҳномани бериш.


10 дақиқада
















Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА







(сана)

(рақам)


Туғилганликни қайд этиш учун

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи ҳақида маълумот:

1. Фамилияси, исми, отасининг исми:


2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР) (мавжуд бўлганда):


3. Телефон ва электрон манзили:


4. Яшаш жойи:


II. Тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:

1. Туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома:


2. Ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар:


3. Никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома:


4. Бошқа ҳужжатлар


....


III. Боланинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳақидаги маълумот (маълумотлар тўлиқ ёзилиши шарт):

1. Боланинг фамилияси:


2. Боланинг исми:


3. Бола отасининг исми:


4. Боланинг ота-онаси қаерда ва ким бўлиб ишлаши тўғрисида маълумот:


4.1. Отаси:


4.2. Онаси:


5. Боланинг ота-онаси маълумоти:


5.1. Отаси:


5.2. Онаси:


6. Ариза билан мурожаат этган шахснинг болага нисбатан алоқадорлиги


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 февраль