Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.02.2019 й. 137-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 15 февралдаги

137-сон қарорига

ИЛОВА



Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун

молиявий ва моддий ресурслар захираларини

яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни

қайта тиклаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захираларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш тартибини белгилайди.


2. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда захира яратувчи органлар деб аталади) томонидан, уларни фавқулодда вазиятлар содир бўлганда шошилинч равишда жалб этиш мақсадида яратилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


моддий ресурслар захирасини қайта тиклаш - моддий захираларни, уларни ҳамда идиши ва қадоғининг белгиланган сақлаш муддати тугаганлиги, сақлаш муддати тугамаган ҳолда идиши бузилиши ёки бошқа сабабларга кўра маҳсулотнинг яроқсиз ҳолга келиши, сифати бузилиши натижасида маҳсулотнинг рўйхатдан чиқарилиши ва бир вақтнинг ўзида унинг миқдорига тенг бўлган худди шундай моддий бойликни унинг ўрнига қўйиш;


моддий ресурсларни захирадан чиқариш - захирадаги моддий бойликларни муайян шартлар асосида ёки беғараз тарзда олувчига (истеъмолчига) бериш ёки уларни бозорда сотиш;


моддий ресурсларни захирадан олиб туриш - моддий захираларни кейинчалик унинг ўрнига шунга ўхшаш бўлган тенг миқдордаги моддий бойликни қайтариш шарти билан олиб туриш;


захирадаги моддий ресурсларни алмаштириш - стандартлар ва тайёрлаш технологияларининг ўзгариши муносабати билан захирадаги моддий бойликларни чиқариш ва бир вақтнинг ўзида унинг ўрнини шунга ўхшаш ва шунга тенг миқдордаги моддий бойликлар билан тўлдириш;


моддий ресурсларни масъулиятли сақлаш - томонлардан бири (сақлаб берувчи) иккинчи томон берган моддий ресурсларни сақлаш ва талаб қилинганда бут ҳолда қайтаришни ўз зиммасига олувчи шартномавий муносабатлар;


фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираси - фавқулодда вазиятларни бартараф этишга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, дори-дармонлар, тиббий техника ва тиббиёт буюмлари, қурилиш материаллари, нефть маҳсулотлари, шахсий ҳимоя воситалари ва бошқа моддий ресурсларнинг махсус захиралари;


фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молиявий ресурслар захираси - тегишли захира яратувчи органлар тасарруфидаги фавқулодда вазиятларни бартараф этишда кўзда тутилмаган харажатларни қоплаш учун мўлжалланган пул маблағлари;


моддий ресурслар захираларини сақлаш - сақланаётган моддий ресурсларнинг бирламчи ҳолатда сақланишини, шу билан бирга, уларга хизмат кўрсатиш, уларни янгилаш, алмаштиришни таъминлашга йўналтирилган комплекс тадбирлар.


4. Зарур ҳолатларда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат моддий захиралари ресурсларидан фойдаланиш мумкин.



2-БОБ. МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ РЕСУРСЛАР

ЗАХИРАЛАРИНИ ЯРАТИШ ТАРТИБИ


5. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун қуйидаги турдаги молиявий ва моддий ресурслар захиралари яратилади:

идоравий моддий ресурслар захиралари - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан республика фавқулодда вазиятларини бартараф этиш ва 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун;

маҳаллий молиявий ва моддий ресурслар захиралари - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 1,0 минг баробаридан кўпи билан 5,0 минг баробаригача бўлган миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бюджети, тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан маҳаллий фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва 100 дан кам бўлмаган ва лекин 500 дан ортиқ бўлмаган одамларнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун;

объектнинг моддий ресурслар захиралари - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда бюджет, бюджетдан ташқари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, бошқа ташкилотларда эса ўз маблағлари ҳисобидан локал фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва 100 кишидан ортиқ бўлмаган одамларнинг ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун.


6. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларини яратадиган вазирликлар ва идоралар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан уларнинг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизимида (кейинги ўринларда ФВДТ деб аталади) бажарадиган функцияларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


7. Объектларнинг моддий ресурслар захиралари фуқаро муҳофазаси бўйича тоифага эга бўлган ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи ташкилотларда мажбурий тарзда, бошқа ташкилотларда эса содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар хавфи ва манбаларини ҳисобга олган ҳолда ушбу ташкилотларнинг раҳбарлари ихтиёрига кўра яратилади.


8. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг номенклатураси ва ҳажми, содир бўлиши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг прогнози, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш режалари, шунингдек, ҳудуднинг табиий, иқтисодий ва бошқа ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб захирани яратувчи органлар томонидан ишлаб чиқилади ва қуйидагилар билан келишилган ҳолда тасдиқланади:

Идоралар учун - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси билан;

маҳаллий ва объектлар учун - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг захиралари фақат маҳаллий моддий ресурслар захираси таркибида яратилади.

Давлат моддий захирасини шакллантириш вазифаси юкланган ташкилотлар томонидан фавқулодда вазиятларларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захираларининг номенклатурасини ишлаб чиқишда, такрорланишнинг олдини олиш мақсадида, уларга топшириқда белгиланган моддий бойликларни киритмайди.


9. Айрим моддий ресурсларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқаларни) сотиб олиш ва сақлаш ўрнига, улар доимо мавжуд ёки муомалада бўлган корхоналар билан шошилинч етказиб бериш (сотиш) юзасидан тегишли шартномалар тузилиши мумкин. Бунда ушбу моддий ресурсларни сотиб олиш, сақлаш ва ушлаб туришга мўлжалланган молиявий маблағлар, зарур бўлган ҳолатларда фойдаланиш учун махсус банк ҳисобрақамларида ташкил этиладиган молиявий ресурслар захирасига мақсадли йўналтирилади.


10. Захирага қўйилаётган моддий ресурслар, агар уларга одамларнинг ҳаёт хавфсизлиги, саломатлиги ва атроф-муҳит муҳофазасига доир талаблар белгиланган бўлса, сақлаш муддати давомида ушбу талабларга мослиги юзасидан мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.


11. Аввал фойдаланилган, бироқ соз ва бутловчи қисмлари тўлиқ бўлган махсус жиҳозларни моддий ресурслар захирасига тўплашга рухсат этилади.


12. Моддий ресурслар захиралари улар қаерга жойлаштирилганлигидан қатъий назар давлат ёки уларни ташкил этган (сотиб олган) юридик шахснинг мулки ҳисобланади.



3-БОБ. МОДДИЙ РЕСУРСЛАР ЗАХИРАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ВА УЛАРНИ ҚАЙТА

ТИКЛАШ ТАРТИБИ


13. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурслар захиралари ушбу ресурсларни сақлашга мўлжалланган, фавқулодда вазият ҳудудига тезкор етказиб бориш имкони мавжуд бўлган объектларда сақланади.


14. Моддий ресурслар захираларини сақлашнинг асосий вазифаси, уларни бутун сақлаш муддати давомида миқдор ва сифат жиҳатидан сақлаб туриш ҳамда уларнинг мақсадли фойдаланиш учун доимий тайёрлигини таъминлашдан иборат.


15. Моддий ресурсларнинг миқдор ва сифат жиҳатидан сақлаб туришни таъминлаш уларни масъулиятли сақлашни амалга оширувчи ташкилотлар зиммасига юкланади.


16. Моддий ресурслар қуйидаги ҳолатларда захирадан чиқарилади:

фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун;

ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш пайтида ёки шу ҳаракатлар оқибатида юзага келадиган хавфларни бартараф этиш учун;

уларни янгилаш ёки алмаштириш муносабати билан.


17. Чегарадош ёки бошқа ҳудудларда ва объектларда содир бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун моддий ресурсларни захирадан чиқариш, вақтинча фойдаланиш шарти билан, агар бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, захира яратувчи орган ва олувчи ўртасида олти ойгача бўлган муддатга тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Шартномада вақтинча фойдаланиш учун олинган воситаларни қайтариш тартиби, муддати ва шартлари ҳамда шартнома талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланади.


18. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун сарфланган моддий ресурсларни қайта тиклаш тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва ташкилотлар ҳисобидан амалга оширилади.

Захирадан ишлатилган барча турдаги ресурслар уч ойдан кўп бўлмаган муддатда қайта тикланади. Моддий ресурсларни қайта тиклаш муддати уларни етказиб бериш шартларини ҳисобга олган ҳолда узайтирилиши мумкин.


19. Сақлаш муддати тугаши муносабати билан моддий ресурслар захирасини қайта тиклаш, ушбу захирани яратувчи орган томонидан ҳар йили ишлаб чиқиладиган жадвал асосида сақлаш муддати тугаган моддий ресурсларни ташкилотлар эҳтиёжи учун бериш ёки сотувга чиқариш йўли билан амалга оширилади.


20. Моддий ресурсларни захирадан чиқариш, уларни вақтинча фойдаланиш шарти билан олиш, қайта тиклаш ва алмаштириш, шунингдек, молиявий ресурслар захирасидан фойдаланиш тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг - фуқаро муҳофазаси бошлиқларининг қарорлари асосида амалга оширилади.


21. Локал фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ушбу объектнинг ва юқори турувчи органларнинг моддий ресурслар захираси, маҳаллий фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун - маҳаллий моддий ресурслар захираси, республика фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун - тегишли ҳудудларнинг маҳаллий моддий ресурслар захирасидан фойдаланилади.

Айрим ҳолатларда тегишли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳудудий комиссияларнинг қарорларига асосан локал фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун маҳаллий моддий ресурслар захирасидан фойдаланиш мумкин.

Молиявий ва моддий ресурслар захираси етарли бўлмаган тақдирда вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан маблағ ажратилиши юзасидан асослантирилган талабнома билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилишлари мумкин.



4-БОБ. МОДДИЙ РЕСУРСЛАР ЗАХИРАЛАРИ

БИЛАН ИШЛАШДА ҲИСОБГА ОЛИШ ВА

ҲИСОБОТНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ


22. Моддий ресурслар захираларини ҳисобга олишнинг асосий мақсади уларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан сақлаб туришни таъминлаш, фойдаланилмаётган, белгиланган тартибда сотишга чиқарилиши лозим бўлган воситаларни аниқлаш, мавжуд қолдиқ тўғрисида аниқ маълумотларни олишдан иборат.


23. Моддий ресурслар захираларини ҳисобга олиш, улар тўғрисида бирламчи ҳужжатларни талаб даражасида расмийлаштириш (номи, сони, нави, маркаси ва ўлчами) ҳамда моддий ресурсларнинг ҳаракати ва сифат (техник) ҳолатининг ўзгаришлари билан боғлиқ барча қайдларни тўғри ва ўз вақтида амалга оширишдан иборат.


24. Захира яратувчи органлар ҳар йили 1 январдаги ҳолатига фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий захираларнинг мавжудлиги, фойдаланилганлиги ва қайта тўлдирилганлиги тўғрисида ҳисобот (кейинги ўринларда ҳисобот деб аталади) тайёрлашади.

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий захираларнинг мавжудлиги, фойдаланилганлиги ва қайта тўлдирилганлиги юзасидан ҳисоботларни тақдим этиш ушбу Низомга илова қилинган схема асосида амалга оширилади.



5-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ЗАХИРА

ФОНДИДАН ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРЛАРНИ

БАРТАРАФ ЭТИШ УЧУН МАБЛАҒЛАР

АЖРАТИШ ТАРТИБИ


25. Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси захира фондидан (кейинги ўринларда захира фонди деб аталади) бюджет маблағларини ажратиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятларни баратараф этиш учун захира фонди маблағларидан фойдаланиш юзасидан таклифлар тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади.


26. Захира фонди маблағларини ажратиш юзасидан қарорда ажратилаётган маблағларнинг умумий миқдори ҳамда уларни тадбирлар турларига кўра тақсимланиши кўрсатилади, шу жумладан:

фавқулодда вазият ҳудудида қутқарув ишларини олиб бориш;

фавқулодда вазият оқибатида шикастланган объектларда авария-қутқарув ишларини олиб бориш;

эвакуация қилинган фуқароларнинг керакли бироқ бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатгача вақтинча яшаши ва овқатланиши учун пунктларни ташкил этиш ва сақлаш;

жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

жабрланганларни фавқулодда вазиятнинг зарарли омилларидан муҳофаза қилиш;

фавқулодда вазият ҳудудидан аҳолини эвакуация қилиш ва уларни доимий яшаш жойларига қайтариш;

ҳудудларни ва объектларни муҳофаза қилиш учун вақтинчалик қурилмаларни ташкил этиш ва қуриш, уларни демонтаж қилиш.

Захира фонди маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.


27. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда захира фондидан фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун ажратилган маблағларнинг ҳисоби юритилишини ташкиллаштиради ҳамда улардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назоратни амалга оширади.

Захира фонд маблағларини олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларига захира фондидан ажратилган маблағлар ишлатилганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш

учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари

мавжудлиги, улардан фойдаланилганлиги ва

уларнинг қайта тўлдирилганлиги тўғрисида

ҳисоботларни тақдим этиш

СХЕМАСИ

     

Босқич

Тадбирлар

Масъул ижрочилар

Бажариш

муддатлари

1-босқич

Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун молиявий ва моддий ресурслар захиралари мавжудлиги, улардан фойдаланилганлиги ва уларни қайта тўлдирилганлиги тўғрисида ҳисоботларни (кейинги ўринларда ҳисоботлар деб аталади)

Идоравий, маҳаллий ва объектнинг захираларини яратувчи ташкилотлар

Ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 5 январидан кечикмасдан



2-босқич

Ҳисоботларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаларига тақдим этиш

Маҳаллий ва объектнинг захираларини яратувчи ташкилотлар

Ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 10 январидан кечикмасдан



  

3-босқич

Ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этиш

Идоравий захираларни яратувчи ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармалари


Ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 20 январидан кечикмасдан





4-босқич

Ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 февралидан кечикмасдан



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 16 февраль