Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.02.2019 й. ПҚ-4194-сон "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.02.2019 й.

N ПҚ-4194



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЙИЛҚИЧИЛИК

ВА ОТ СПОРТИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда йилқичилик ва от спортини оммалаштириш учун шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш, мазкур спорт тури бўйича юртимизни халқаро спорт майдонларида муносиб равишда танитиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ташкил этилди, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича мажмуалар фаолият кўрсатмоқда.

Тошкент вилоятида Ахалтака зотли ва спорт отларини етиштириш ва кўпайтириш от заводини қуриш, шунингдек, Тошкент шаҳрида "Марказий ипподром" акциядорлик жамиятини Халқаро от спорти федерацияси талабларини инобатга олган ҳолда реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, республикада йилқичилик ва от спортининг янада ривожланишига тўсқинлик қилаётган бир қатор ҳал этилмаган масалалар мавжуд. Жумладан, от спорти клублари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг яхлит тизими мавжуд эмаслиги ўқув-машғулот жараёнини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, иқтидорли чавандозларни аниқлаш ва танлаб олиш имконини бермаяпти.

Моддий-техник база ва от спорти инфратузилмаси етарли даражада ривожланмаган, от спорти билан шуғулланиш ва ушбу спорт турини оммалаштириш учун спорт базалари ва шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўрилмаяпти.

Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш, ёшларни спорт билан шуғулланишга фаол жалб этиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, от спорти бўйича миллий ва халқаро мусобақаларда юқори спорт натижаларига эришишни таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖнинг:

2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини (кейинги ўринларда - болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари) босқичма-босқич ташкил этиш;

Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича "Қорабайир отчилик мажмуаси" УКни "Шўртангазкимё мажмуаси" МЧЖ тасарруфидан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ тасарруфига бериш;

Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича "Қорабайир отчилик мажмуаси" УК ва "Водий тулпорлари" МЧЖ мажмуаларини, улар таъминотини молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда ва йиллик харажатлари кўрсаткичларини Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси (кейинги ўринларда - Федерация) билан мажбурий келишиш шарти билан, Федерация таркибига киритиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва Федерация билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда аниқ ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳудудида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш, шунингдек, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига топшириш учун уларнинг рўйхатини шакллантирсин;

бир ой муддатда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш истагини билдирган салоҳиятли тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларни (кейинги ўринларда - ташаббускорлар) аниқласин;

уч ой муддатда энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида ер участкалари ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ташаббускорларга тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун, шу жумладан, уларнинг бир қисмида ёки алоҳида ажратилган ҳудудда болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини ташкил этиш бўйича ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда тақдим этилишини таъминласин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари биринчи навбатда ипподромлар ҳудудида ташкил этилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг моддий-техник базасини дастлабки мустаҳкамлаш, жумладан, техника, анжомлар ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш ташаббускорлар томонидан амалга оширилади;

спорт отларини сотиб олиш бўйича харажатлар, шунингдек, болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг моддий-техник базасини кейинчалик мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан қопланади;

мазкур қарорга мувофиқ ташкил этилган болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг балансига ўтказилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларининг жорий фаолиятини ташкил этиш (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, коммунал хизматлар, спорт отларига озуқа ва дори-дармонлар сотиб олиш ҳамда бошқалар бўйича харажатлар) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари ва спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг от спорти бўлинмалари фаолиятини ташкилий-методик таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан Федерация билан биргаликда амалга оширилади.

5. "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва "Ўзқурилишматериаллари" АЖнинг мазкур қарорга мувофиқ Қашқадарё вилоятида ташкил этилаётган болалар-ўсмирлар от спорти мактаби ҳамда Фарғона шаҳар спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг от спорти бўлинмаси ўқувчилари кейинчалик бепул фойдаланишлари учун "Қорабайир отчилик мажмуаси" УК ва "Водий тулпорлари" МЧЖнинг Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш мажмуаларига спорт отларини тегишлича "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ҳамда "Kvarts" АЖнинг маблағлари ҳисобидан сотиб олиш ташаббуси қўллаб-қувватлансин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда от спорти клубларини ташкил этиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бепул фойдаланиш учун зарур бинолар ва иншоотларни тақдим этиш чораларини кўрсин, зарур ҳолларда мазкур бандни амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ юридик шахсларнинг солиқ солинадиган даромади Федерация фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган хайрия ёрдами кўринишидаги маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камайтирилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Федерация:

болалар-ўсмирлар от спорти мактабларини малакали мутахассислар, зарур ўқув-методик адабиётлар билан жамлаш, шунингдек, ўқув-машқ жараёнини лозим даражада ташкил этиш учун ўқув биноларини жиҳозлашнинг зарур чора-тадбирларини таъминласин;

икки ҳафта муддатда 2019 йилда от спорти бўйича ҳудудлар ва республика биринчилиги мусобақаларини ўтказиш, шунингдек, кейинчалик Спорт ва жисмоний-оммавий тадбирлар календарь режасига киритиш учун мазкур спорт тури бўйича халқаро турнирларда иштирок этиш режасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга пуллик хизмат кўрсатиш тартибини, жумладан, мазкур хизматлар ҳажмини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

уч ой муддатда "Марказий ипподром" АЖнинг қурилиш-монтаж ишларини якунлаш, шунингдек, кейинчалик илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда фаолият кўрсатиши учун молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини жалб қилиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Федерация билан биргаликда ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олаётган жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни иппотерапия услуби ёрдамида тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни қабул қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу қарор доирасида ташкил этиладиган болалар-ўсмирлар от спорти мактаблари таъминоти ҳамда уларни моддий-техник жиҳозлаш, шу жумладан, спорт отларини парваришлаш учун зарур бўлган бюджет маблағларини назарда тутсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги 2019-2020 йилларда Федерация кўмагида от спорти мактаблари ҳамда клубларини ташкил этиш ва ўз тасарруфида бўлганларини такомиллаштириш чораларини кўрсин, шунингдек, идоравий мансуб йилқичилик ва спорт базаларини уларда ёшларни от спорти билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида барча учун очиқ бўлган секциялар ҳамда тўгаракларни ташкил этган ҳолда модернизация қилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларида кадрлар ва мутахассис-йилқичилар тайёрлаш ўқув режалари ҳамда дастурларини такомиллаштиришни таъминласин, шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чораларини кўрсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 июндаги "Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3057-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 18 февралдаги

ПҚ-4194-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2017 йил 15 июндаги "Ўзбекистон Республикасида

йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир

қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3057-сон

қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 1-иловада:


а) "Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш мажмуаси ("Шўртангазкимё мажмуаси" МЧЖ)" блокидаги "Шўртангазкимё мажмуаси" МЧЖ" сўзлари "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) "Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази" блоки билан тўлдирилсин;


в) "Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш мажмуаси ("Kvarts" АЖ)" блоки билан тўлдирилсин.


2. 2-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти

Федерацияси ижро этувчи аппаратининг

ТУЗИЛМАСИ

        

Конференция

Раис

Раис ёрдамчиси

Раис ўринбосари - спорт масалалари бўйича бош котиб

Йилқичиликни ривожлантириш масалалари бўйича раис ўринбосари

Раис ўринбосари - Қорабайир зотли отларни етиштириш ва кўпайтириш бўйича инновацион селекция-генетика маркази директори

Молиявий-иқтисодий таҳлил ва бухгалтерия ҳисоби бўлими

2

От спортини ривожлантириш бўлими

3

Наслчилик ишларини ривожлантириш бўлими

2

Йилқичилик ва от спортини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини бошқариш бўйича мутахассис

Қорабайир зотли отларни етиштириш бўлими

2

Халқаро алоқалар бўлими

2

Ветеринария бўлими

2

Ҳудудлар билан ишлаш бўлими

2

Қорабайир зотли отларни синаш, стандартлаштириш ва ҳисобга олиш бўлими

2

Соҳани ривожлантириш, маркетинг ва ташқи савдони ташкил этиш бўлими

2

Бош юрисконсульт

Тиббий профилактика бўлими

2

Кадрлар билан ишлаш бўйича мутахассис

АКТ бўйича мутахассис


Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассис

Бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони - 30 нафар.".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 февраль


"Халқ сўзи", 2019 йил 19 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 февраль, 8-сон, 133-модда