Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талаблар тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 11.07.2001 й. 1048-сон билан рўйхатга олинган 17.06.2001 й. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2-сон, Ички ишлар вазирлигининг 2-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2001 йил 11 июлда 1048-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва

Ички ишлар вазирлигининг

2001 йил 17 июндаги

2, 2-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Гиёҳвандлик воситалари, психотроп

моддалар ва прекурсорларни сақлаш

бўйича техник талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 июлдаги 315-сон "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга лицензия талабгори - юридик шахсларнинг (кейинчалик "юридик шахслар" деб юритилади) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун мўлжалланган объект ва биноларини техник мустаҳкамлиги ҳамда қўриқлаш - ёнғинга қарши сигнализация мосламалари билан жиҳозлашга доир техник талабларни белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида фойдаланиш учун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ҳолатларида жорий қилинмайди.

2. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланадиган объект ва бинолар техник мустаҳкамлиги ва қўриқлаш-ёнғинга қарши сигнализация мосламалари билан жиҳозланишига қараб уч тоифага бўлинади:

1) Биринчи тоифадаги ҳудуд ва бино объектларига:

ўз фаолиятида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқарадиган юридик шахслар;

таркибида гиёҳванд модда бўлган ўсимликларни етиштириш фаолиятини амалга оширадиган юридик шахслар;

прекурсорларни сақлайдиган ва сотадиган база ва омборхоналар киради.

2) Иккинчи тоифадаги бино объектларига:

Психотроп воситалар ва прекурсорларни, наркотик воситаларни тарқатиш ва улгуржи сотишни амалга оширувчи юридик шахслар;

Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланувчи юридик шахслар;

Дорихона ва дорихона даволаш профилактика муассасалари киради.

3) Учинчи тоифадаги объектларга лабораториялар, даволаш-профилактика муассасаларининг бўлимлари, тиббиёт пунктлари, бошқа тиббиёт муассасалари киради.


3. Объектнинг тоифаси ва сақланувчи модданинг хоссаларига қараб объект ва бинолар ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни қуйидаги сақлаш тартиблари белгиланади:

1) Биринчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни мазкур Низомнинг III бўлим қоидаларига мувофиқ алоҳида жиҳозланган хоналарда жойлашган сейфларда ёки металл шкафларда сақланади. Шунингдек, ушбу сақлаш тартибида биринчи тоифали объектлар ҳудудларининг (сақлаш жойлари) техник жиҳатдан мустаҳкамлигига мазкур Низомнинг IV бўлим қоидаларига мувофиқ қўшимча талаблар ўрнатилади.

2) Иккинчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар мазкур Низомнинг V бўлим қоидаларига мувофиқ алоҳида жиҳозланган хоналарда сақланади. Бунда гиёҳвандлик воситалари сейфларда, психотроп моддалар эса металл шкафларда сақланади.

3) Учинчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар мазкур Низомнинг VI бўлим қоидаларига мувофиқ жиҳозланган алоҳида хоналарда сақланади. Бунда гиёҳвандлик воситалари сейфларда, психотроп моддалар эса металл шкафларда сақланади.

4) Биринчи тоифали объектларда прекурсорлар кимёвий ва физик-кимёвий хоссаларига ҳамда хавфлилик даражасига боғлиқ ҳолда мазкур Низомнинг IV бўлим қоидаларига мувофиқ техник жиҳатдан мустаҳкам объектлар ҳудудида (сақлаш жойларида) сақланади.

Ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни юридик шахс бошлиғининг шахсий жавобгарлиги асосида тегишли биноларда ўрнатилган қулфланиб муҳрланадиган музлаткичли камераларда ёки музлаткичларда (бундан буён матнда - музлаткичлар деб юритилади) сақлашга йўл қўйилади.

4. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун объект ва бинолар мазкур Низомнинг VII бўлим қоидаларига мувофиқ қўриқлаш - ёнғин сигнализация мосламалари билан жиҳозланиши зарур.


5. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари сақланадиган сейфлар ва металл шкафлар деворларининг қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган, мустаҳкам ички қулфга эга бўлиши ҳамда полга ёки деворга (700 кг дан оғир бўлган сейфлар бундан мустасно) бириктирилган (кавшарланган) бўлиши керак. Гиёҳвандлик воситаларини сақлаш учун мўлжалланган шкафларнинг эшикларини мустаҳкам бўлиши учун ёпиб турадиган устки қисм ёки бурчакликлар билан кучайтирилади.


6. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланадиган хонада сейфлар ва шкафларнинг сони ва рақамлари кўрсатилган рўйхат бўлиши керак.

Сейфлар ва металл шкафлар ёпиқ ҳолда бўлиши керак. Иш куни якунлангандан сўнг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланадиган сейф, металл шкаф ва хоналар қулфланиши ва муҳрланиши, калитлар, муҳр ва тамға эса - уларни сақлаш учун жавобгар шахсда бўлиши шарт.

7. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш хоналари ва сейфларининг (металл шкафларнинг) икки тўплам калити бўлиши керак: калитларнинг бир тўплами юридик шахс раҳбарининг буйруғига кўра гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун жавобгар шахсда ҳар доим бўлиши керак, иккинчи тўплами - муҳрланган қутичада юридик шахс раҳбарида сақланади. Бу калитларни столларда, бошқа жойларда қолдириш тақиқланади.


II. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН БИНОНИНГ

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА

ПРЕКУРСОРЛАРНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ТЕХНИК ТАЛАБЛАРГА

МУВОФИҚЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ ХУЛОСАЛАРИНИ БЕРИЛИШИ


8. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун юридик шахс ҳудудий ички ишлар органига объектнинг (бинонинг) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш учун ўзининг номи ва жойлашган манзилини (почта манзили) кўрсатилган ариза билан ёзма равишда мурожаат этади.


9. Ариза берилган кундан бошлаб уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ҳудудий ички ишлар органининг назорат-лицензиялаш хизмати ва ёнғин назорати вакиллари ҳамда юридик шахс томонидан белгиланган тартибда тайинланган вакил иштирокида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун мўлжалланган объект (бино) текширилади ва бу ҳақда тегишли текширув далолатномаси тузилади.


10. Кўрсатилган далолатнома асосида ва ариза берилган вақтдан беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ҳудудий ички ишлар органи томонидан:

объект (бино) мазкур Низомнинг талабларига тўлиқ жавоб берган тақдирда орган бошлиғи томонидан мазкур Низомга илова этилган шакл бўйича гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги имзоланган, гербли муҳр қўйилган хулосаси берилади;

объект (бино) мазкур Низом талабларига жавоб бермаган тақдирда, юридик шахс номига рад қилишнинг аниқ сабаблари ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрсатган ҳолда хулоса беришни рад этиш тўғрисида ёзма билдириш хати юборилади. Хулоса бериш тўғрисидаги рад жавоби мантиқан тўғри бўлиши шарт.


11. Юридик шахс текширувда аниқланган камчиликларни бартараф этганидан сўнг, ҳудудий ички ишлар органига объектнинг (бино)гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса берилиши юзасидан қайта ариза билан мурожаат этишга ҳақлидир. Такрорий ариза умумий асосларда қайта кўриб чиқилади.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича объект (бино) ларнинг техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари берилган юридик шахсларнинг реестри олиб борилади. Реестрда юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, юридик ва почта манзили, юридик шахс раҳбарининг фамилияси, исми-шарифи ва турар жойининг манзили, бинонинг текширилган муддати ва хулоса берилган вақти кўрсатилиши шарт.


13. Юридик шахслар ички ишлар органларининг қарори ва хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақлидир.



III. БИРИНЧИ ТОИФАЛИ ОБЪЕКТЛАРДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ВА ПСИХОТРОП

МОДДАЛАР САҚЛАНАДИГАН ХОНАЛАРГА

БЎЛГАН ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


14. Биринчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ушбу бўлим талабларига мувофиқ жиҳозланган алоҳида (ёрдамчи, хизмат ва бошқа хоналардан ажратилган) биноларга (хоналарда) ўрнатилган сейфлар ёки металл шкафлар ичида сақланади. Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни биринчи тоифали объектларда сақланишида тегишли объект ҳудудларини техник жиҳозланиши учун мазкур Низомнинг IV бўлими қоидаларига мувофиқ қўшимча талаблар белгиланади.

Ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, ушбу бинода ўрнатилган музлаткичларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни юридик шахс бошлиғининг шахсий жавобгарлиги асосида сақлашга рухсат этилади.

15. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар сақлаш учун мўлжалланган бинолар (хоналар) қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:

1) Мустаҳкам девор, пишиқ пол ва шифт тўсиқларига эга бўлиши керак. Деворларнинг мустаҳкамлиги жиҳатидан қалинлиги 380 мм дан кам бўлмаган ғишт девор ўлчамига, пол ва шифт тўсиқлари эса - 100 мм дан кам бўлмаган темир-бетон қалинлигига мос келиши керак.

Юқорида кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган девор, шифт тўсиқлари ва поллар бутун майдони бўйлаб ичкари томонидан диаметри 10 мм дан кам бўлмаган қалинликдаги металл симдан тайёрланган панжара ёрдамида мустаҳкамланади. Металл симлар ҳар бир кесишган жойда пайвандланган бўлиши, бунда ҳосил бўлган катакчалар ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаслиги керак. Панжаралар девор ёки тўсиқ плиталари урилганда чиқарилган жойларга диаметри 12 мм дан кам бўлмаган анкер (узун болт) билан 500х500 мм масофада пайвандланади.

Анкерларни деворга мустаҳкамлаш имкони бўлмаган тақдирда 100х50х6 мм ўлчамли металл тасмалардан тайёрланган тўсиқ деталлари темир-бетон ёки бетон сатҳларга тўртта дюбел михлари ёрдамида қоқилиши мумкин.

2) Хоналарга бутун, кесакисига яхши мосланган иккиталик эшиклар ўрнатилган бўлиши керак, бунда:

а) сақлаш хонасининг кириш (ташқи) эшиги яхлит металл ёки ичи бўш бўлмаган ва қалинлиги 40 мм дан кам бўлмаган ёғочдан тайёрланади. Эшик иккала томонидан 0,6 мм дан кам бўлмаган қалинликдаги металл тунука билан қопланиб, металл тунука қирралари (четлари) эшикнинг ички юзасига қайрилиши ёки ён томондан бир-бирини устига чиқиб турадиган ҳолда букланиши керак. Ташқи эшик камида иккита ўйма қулфли бўлиши ва мастик муҳр билан муҳрланиши ёки пломбаланиши шарт;

б) эшик ичкари томондан қўшимча равишда диаметри 16 мм дан кичик бўлмаган арматурадан ясалган, катакчалар ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаган, ҳар бир кесишиш жойида пайванд қилинган панжарали металл эшик билан мустаҳкамланади. Ички панжарали эшик ички ёки осма қулф ёрдамида қулфланади.

в) эшик кесакиси металл профилдан тайёрланади. Эшик кесакиси ёғочдан ясалишига ҳам рухсат этилади, бунда кесакилар 30х40 мм ўлчамли, қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл бурчаклар ёрдамида мустаҳкамланиши, бурчакларининг ўзи диаметри 10 - 12 мм, узунлиги 120х150 мм ли арматурадан ясалган мих ёрдамида деворга маҳкамланиши керак.

3) Дераза ўрнига хонанинг ички томонидан симининг диаметри 16 ммдан кам бўлмаган ва катакларининг ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаган металл панжара ўрнатилади. Панжара симларининг учлари деворга 80 мм дан кам бўлмаган чуқурликда ўрнатилиб, бетон ёрдамида қотирилади. Мустаҳкамлиги юқорида кўрсатиб ўтилган панжаралардан қолишмайдиган декоратив панжара ёки жалюзилардан фойдаланишга ҳам рухсат этилади. Биринчи қаватда жойлашган хоналарда дераза ўринларига ичкари тарафдан металл ёки иккала томонидан металл пластинка билан қопланган ҳамда осма қулфлар ёрдамида қулфланадиган ёғочли дераза эшикларни ўрнатишга рухсат этилади.

4) Хоналарида вентиляция туйнуклари ва люклар мавжуд бўлган ҳолларда уларга диаметри 16 мм дан кам бўлмаган, катакчаларининг ўлчами 100х100 мм дан катта бўлмаган, ушбу системалар орқали хона ичига киришга тўсқинлик қила оладиган металл панжаралар ўрнатилади.

Девордаги вентиляция қурилмалари ўтишига мўлжалланган тешикларнинг диаметри 200х200 мм дан ошмаслиги керак.


16. Гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва қадоқлашга мўлжалланган омборхона бино ва хоналарининг девор, шифт ва ички конструкцияларини пардозлашда осон тозалаш ва ювиш имконини берадиган, чанг ва буғ йиғмайдиган материаллардан фойдаланилган бўлиши керак. Деворнинг пол билан туташган қисми айланасимон шаклда ишланади. Бу хоналар ҳавони тортувчи вентиляция қурилмаси билан жиҳозланиши керак.



IV. БИРИНЧИ ТОИФАЛИ ОБЪЕКТЛАРДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП

МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАР САҚЛАНАДИГАН

ҲУДУДЛАРГА (ЖОЙЛАРГА) ҚЎЙИЛАДИГАН

ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


17. Биринчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ҳудудларига қўйиладиган талаблар қуйидагича:

1) Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланадиган ҳудудлар Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган қурилиш меъёрлари ва қоидалари (СНиП) ҳамда лойиҳалашнинг санитария меъёрлари талабларига жавоб бериши керак.

2) Ҳудудларнинг юзаси текис, ёғингарчилик, қор-муз сувлари ва суғориладиган сувлар оқиб кетадиган қияликларга эга бўлиши керак. Ҳудудларда тозаликка риоя қилиниши шарт. Кириш ва ўтиш жойлари қаттиқ қопламага эга бўлиши, эркин ҳаракатланишда тўсиқлар бўлмаслиги керак. Йўллар, ўтиш жойлари ва йўлкаларни ўз вақтида таъмирлаш, қишда қордан тозалаш, муз билан қопланган ҳолларда қум сепилиши талаб этилади. Кириш ва ўтиш жойлари кечқурун ёритилган бўлиши керак.

3) Ҳудудларда ишлаб чиқариш натижасида ҳосил бўладиган зарарли чиқиндилар йиғилиб қоладиган қазилган чуқурликлар ёки ўйилган жойлар бўлмаслиги керак. Ҳудудларда жойлашган люк, ариқ ва қудуқлар ёпиқ ҳолда бўлиши керак. Вақтинча очиб қўйилган люк, қудуқ ва ариқлар баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган, қоронғи пайтда кўринадиган чироқли сигнализация ўрнатилган тўсиқлар билан ўралган бўлиши керак.

4) Қудуқларга, шунингдек муюлиш бурчакларида камераларга эга бўлмаган ер ости муҳандислик тизимларида уларнинг жойлашиш схемасини аниқлаш имконини берувчи ташқи аниқлаш белгилари ўрнатилиши зарур.

5) Алоҳида жойлашган омборхоналар, шунингдек, сақлаш омборхоналари ва бошқа турли бинолар ҳамда қурилмалар оралиғидаги масофа ўрнатилган ёнғин хавфсизлигини таъминловчи масофалардан кам бўлмаслиги керак.

6) Тегишли ҳудудларда жойлашган барча бино ва қурилмалар ичига эркин кириш имконияти таъминланган бўлиши керак. Бинолар ва ёнғинни ўчирувчи сув манбаларига ўтиш жойлари ва кириш йўллари, шунингдек, ёнғинга қарши қўлланиладиган асбоблар, ускуналар ва резервуарлар жойлаштирилган бўлинмалар ҳудудига ҳам эркин кириш имконияти таъминланган бўлиши керак.

Завод ичидаги металл йўлларнинг ўтиш жойлари ўт ўчиришга мўлжалланган автомобиллар ҳаракати учун бемалол бўлиши керак. Ўтиш ва бинолар орасидаги жойлардан автомобиллар туришига, хом-ашё, материаллар ва тайёр маҳсулотни сақлаш мақсадларида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

7) Тегишли ҳудудларда материаллар, хом-ашё, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотлар ва идишларни сақлашга мўлжалланган майдонларни тузилиши ёнғин хавфсизлиги органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

8) Объект ҳудуди девор билан чегараланиб, бинодан сув чиқиб кетиши учун қияликлар ўрнатилади.

9) Иш вақтидан ташқари пайтларда сақлаш жойлари ёпиқ, муҳрланган бўлиши, бутун сутка давомида қўриқланиши, тунги вақтларда эса кириш жойлари ёритилган бўлиши керак.

10) Биринчи тоифали объектларни сақлаш жойларининг қўриқлаш хизмати ўқотар қурол билан қуролланади. Қўриқлаш хизматининг тури, қурол русуми, постлар сони, техник воситалар ва уларнинг сони ташкилот раҳбари томонидан ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.


18. Биринчи тоифали объектларда сақлаш жойларининг техник мустаҳкамлигига бўлган талаблар:

1) Сақлаш жойларининг ҳудудида девордан 3 м дан кам бўлмаган кенгликдаги таъқиқланган зона бўлиши керак. Таъқиқланган зонанинг чегаралари ва ундан фойдаланиш тартиби ички ишлар органининг назорат-лицензиялаш хизмати вакили билан келишилган ҳолда юридик шахс маъмурияти томонидан белгиланади. Таъқиқланган зонанинг чегараларида тўсиқлар ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади. Тўсиқдан энг яқин омборхонагача бўлган масофа 3 м дан кам бўлмаслиги керак. Тоғли ҳудудларда ушбу масофа ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда камайтирилиши мумкин. Таъқиқланган зонанинг чегаралари дарахт ва буталар олиб ташланиб, қуруқ ўт, ўтин, шох-шабба ва бошқа осон алангаланувчи буюмлардан тозаланган бўлиши керак.

2) Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш жойларининг ҳудуди девор билан ўралади. Девор тиканли сим, ғиштли, тошдан ёки металлдан тайёрланади. Девор баландлиги 2 м дан кам бўлмаслиги керак. Ғиштли, тошдан ёки металлдан ишланган девор устига 0,5 м дан кам бўлмаган баландликда металл асосларга тўрт қатор тиканли сим тортилиши лозим. Деворда қулфланадиган дарвоза ва эшиклар ўрнатилади.

3) Прекурсорларни сақлаш жойларининг ҳудуди баландлиги 2,5 м дан кам бўлмаган металл-бетонли девор билан ўралиб, девор устидан баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган тўрт қатор тиканли симдан қия соябонли қилиб ясалган устун ўрнатилади; ушбу деворнинг ички томонидан эни 3 м дан кам бўлмаган назорат чизиғи ўрнатилади. Қўшимча равишда баландлиги 2 м дан кам бўлмаган ички симли девор ўрнатилиб, унинг устидан ҳам баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган тўрт қатор тиканли симдан соябонли ясалган устун ўрнатилади.


19. Биринчи тоифали объектларда прекурсорларнинг сақланиши мазкур Низомнинг 17-18-бандлари қоидаларига мувофиқ техник мустаҳкамланган объектлар ҳудудида ёнғин хавфсизлиги қоидалари, моддаларнинг ўзаро мутаносиблиги ҳамда ўт ўчирувчи воситаларининг бир хиллиги белгиларига асосланган ҳолда амалга оширилади.


20. Прекурсорларнинг сақлаш жойлари қуйидаги турларга бўлинади:

омборхоналар;

майдонлар (очиқ ва усти ёпиқ);

резервуар жойлар.

1) Муайян типдаги сақлаш жойларида сақланиши лозим бўлган прекурсорларнинг аниқ типи ва турлари ҳамда уларни чегара сиғими амалдаги меъёрий-техник ҳужжатлар билан белгиланади.

2) Биринчи тоифали объектларда прекурсорлар сақланадиган бинолар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) прекурсорларни таралаб (махсус идишлар ичида) сақлаш учун мўлжалланган омборхоналар ёнмайдиган материаллардан қурилиши керак. Омборхона деворлари мустаҳкамлиги жиҳатдан қалинлиги 120 мм дан кам бўлмаган ғишт девор ўлчамига тенг бўлиши, пол ва тўсиқлар - қалинлиги 80 мм дан кам бўлмаган темир-бетон плитадан бўлиши керак. Бу талабларга жавоб бермайдиган девор ва тўсиқлар ички томондан диаметри 12 мм дан кам бўлмаган қалинликдаги металл симдан ясалган, катакчалар ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаган панжара ёрдамида мустаҳкамланади.

б) Хоналарга энг камида иккита эшик ўрнатилади. Эшиклар кесакисига яхшилаб мосланган бўлиши керак. Эшик кесакиси металлдан ясалиши зарур ёки кесакилар 30х40 мм ўлчамли, қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл бурчаклар ёрдамида мустаҳкамланиб, бурчакларнинг ўзи диаметри 10 - 12 мм, узунлиги 120х150 мм ли арматурадан ясалган мих ёрдамида деворга мақкамланади.

Кириш (ташқи) эшиги яхлит металл ёки ичи бўш бўлмаган ҳамда қалинлиги 40 мм дан кам бўлмаган ёғочдан тайёрланади. Эшик иккала томонидан металл тунука билан қопланиб, бунда металл тунука қирралари (четлари) эшикнинг ички юзасига қайрилиши ёки ён томондан бир-бирини устига чиқиб турадиган ҳолда букланиши, камида иккита қулф, улардан биттаси - ўйма қулф ўрнатилган бўлиши керак.

Ташқи эшик ичкари томондан қўшимча равишда диаметри 16 мм дан кам бўлмаган, катакчалар ўлчами 150х150 мм дан кўп бўлмаган, ҳар бир кесишиш жойида пайванд қилинган арматурадан ясалган панжарали металл эшик ёрдамида мустаҳкамланади. Ички панжарали эшик ички ёки осма қулф билан қулфланади.

в) сақлаш хонаси деразаларининг ўрни диаметри 12 мм дан кам бўлмаган ва катакчаларининг ўлчами 150х150 мм дан кўп бўлмаган металл панжаралар билан мустаҳкамланади.

3) Омборхона биносининг эшиклари ёпиқ ҳолда бўлиши керак. Иш вақти тугаганидан сўнг эшиклар қулфланиши ва муҳрланиши, калитлар, муҳр ва тамға моддий жавобгар шахсда сақланиши керак.

4) Ҳар бир омборхонанинг кўринадиган жойига 12.4.026-ГОСТ бўйича "Сигнал ранглари ва хавфсизлик белгилари", омборхонада сақланаётган материалларни сақлашда хавфсизлик қоидалари ҳамда бахтсиз ҳодисаларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича йўриқнома осилган бўлиши керак.

5) Ёнғин-хавфли моддалар сақловчи омборхоналарнинг биноси қуруқ, яхши шамоллатиладиган ёки вентиляцияланадиган, ёнғинга қарши инвентарлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

6) Хом ашё ва тайёр маҳсулотлар сақланадиган омборхоналарда умумий алмашинувчан вентиляция, силос сақловчи тўкилувчан моддалар сақланадиган омборхоналарда эса аспирация бўлиши керак.

7) Хом ашё ва тайёр маҳсулотлар сақловчи майдонлар тик (тўғридан-тўғри) тушувчи қуёш нурлари таъсиридан ҳамда атмосфера ёғинларидан ҳимояланган бўлиши,транспорт юрадиган қисмидан камида 15 см баландликда жойлашиши, атмосфера ва грунт сувлари йиғилиб қолмаслиги ҳамда суюқликларнинг оқиб тарқалмаслиги учун зарур бўлган мослама ва тарновлар билан жиҳозланиши керак.

8) Кислоталар сақловчи омборхоналар бошқа материалларни сақлашга мўлжалланган омборхоналардан алоҳида жойлашган бўлиши керак. Кислоталарнинг ертўлаларда сақланишига рухсат этилмайди. Кислоталар сақловчи омборхонанинг вентиляцияси табиий бўлиши керак.

9) Махсус майдонларда хом ашё ва тайёр маҳсулотларни идишлар ичида сақланган ҳолатларда уларнинг сони ҳар бир гуруҳда 100 донадан кўп бўлмаслиги, гуруҳлар орасидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги керак. Ҳар бир гуруҳда маълум бир турдаги моддалар сақланиши зарур.

10) Хом ашёнинг суткалик захирасини сақлаш учун бўлимларда ҳавони тортиб оладиган вентиляция ускунаси ўрнатилган омборча ажратилиши керак.



V. ИККИНЧИ ТОИФАЛИ ОБЪЕКТЛАРДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП

МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАР САҚЛАНАДИГАН

ХОНАЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


21. Иккинчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар мазкур бўлимнинг талабларига мувофиқ жиҳозланган алоҳида хоналарда сақланади. Бунда гиёҳвандлик воситалари сейфларда, психотроп моддалар эса металл шкафларда сақланади. Прекурсорларни сейф ёки металл шкафлардан ташқарида сақланишига рухсат этилади.

Ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни юридик шахс бошлиғининг шахсий жавобгарлиги асосида биноларда ўрнатилган қулфланиб муҳрланадиган совутгич камераларида ёки совутгичларда сақлашга рухсат этилади.

22. Иш вақтидан сўнг бинолар ёпиқ, муҳрланган ва қўриқлаш учун топширилган бўлиши, тунги вақтда кириш жойлари ёритилган бўлиши керак.


23. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланадиган бино (хона) лар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

1) Мустаҳкам ташқи деворлар, пол ва шифт тўсиқларига эга бўлиши керак. Ички деворлар (тўсиқлар) мустаҳкамлиги бўйича қалинлиги 80 мм дан кам бўлмаган, оралиғига металл панжара ўтқазилган жуфт гипсобетон панелга ёки қалинлиги 120 мм дан кам бўлмаган ғишт девор қалинлигига мос келиши керак.

2) Хоналарга иккита эшик ўрнатилади. Эшиклар кесакисига яхши мосланган бўлиши керак, бунда:

а) эшик кесакиси металл профилдан тайёрланади. Аввал қурилган биноларда эшиклар кесакисини ёғочдан ясалганлигига ҳам рухсат этилади, бунда кесакилар 30х40 мм ўлчамли, қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл бурчаклар ёрдамида мустаҳкамланиб, бурчакларнинг ўзи диаметри 10 - 12 мм, узунлиги 120х150 мм дан кам бўлмаган арматурадан ясалган мих ёрдамида деворга ўрнатилиши керак.

б) кириш (ташқи) эшиги яхлит металл ёки ичи бўш бўлмаган ҳамда қалинлиги 40 ммдан кам бўлмаган ёғочдан тайёрланган бўлиши керак. Эшик иккала томонидан металл тунука билан қопланиб, бунда металл тунука қирралари (четлари) эшикнинг ички юзасига қайрилиши ёки ён томондан бир-бирини устига чиқиб турадиган ҳолда букланиши керак. Ташқи эшикка камида иккита қулф (улардан биттаси - ўйма) ўрнатилади. Эшик мастик муҳр билан муҳрланади ёки пломбаланади;

в) ички панжарали металл эшик диаметри 12 мм дан кам бўлмаган, катакчалар ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаган, ҳар бир кесишиш жойида пайванд қилинган арматурадан ясалади. Ички панжарали эшик ички ёки осма қулф ёрдамида қулфланади.

3) Дераза ўрнига хонанинг ички томонидан симининг диаметри 15 мм дан кам бўлмаган металл панжара ўрнатилади. Панжара катакларининг ўлчами 150х150 мм дан кўп бўлмаган ҳолда улар ҳар бир кесишиш жойларида пайванд қилиниши керак. Панжара симининг учлари деворга 80 мм чуқурликда ўрнатилиб, бетон қуйиб қотирилади.

Мустаҳкамлиги юқорида кўрсатиб ўтилган панжаралардан қолишмайдиган декоратив панжара ёки жалюзилардан фойдаланишга ҳам рухсат этилади. Биринчи қаватда жойлашган хоналарда дераза ўринларига ичкари тарафдан металл ёки иккала томонидан металл пластинка билан қопланган ҳамда осма қулфлар ёрдамида қулфланадиган ёғочли дераза эшикларни ўрнатишга рухсат этилади.

Хоналарида вентиляция туйнуклари ва люклар мавжуд бўлган ҳолларда уларга диаметри 15 мм дан кам бўлмаган, катакчаларининг ўлчами 100х100 мм дан катта бўлмаган, ушбу системалар орқали хона ичига киришга тўсқинлик қила оладиган металл панжаралар ўрнатилади. Девордаги вентиляция қурилмалари ўтишига мўлжалланган тешикларнинг диаметри 200х200 мм дан ошмаслиги керак.


24. Даволаш-профилактика муассасаларида навбатчи тиббиёт ходимлари томонидан олинган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар уларни сақлаш учун махсус ажратилган, деворга ёки полга мустаҳкамланган сейф ёки металл шкафларда сақланиши зарур.

Тиббий мақсадлар учун ташилганда (тез ёрдам машинасида) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тиббий қутиларда сақланади.


VI. УЧИНЧИ ТОИФАЛИ ОБЪЕКТЛАРДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП

МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАР САҚЛАНАДИГАН

БИНОЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


25. Учинчи тоифали объектларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар мазкур бўлимнинг талабларига мувофиқ жиҳозланган алоҳида хоналарда сақланади.

Бунда гиёҳвандлик воситалари сейфларда, психотроп моддалар металл шкафда сақланади. Прекурсорларни сейф ёки металл шкафлардан ташқарида сақланишига рухсат этилади.

Ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни юридик шахс бошлиғининг шахсий жавобгарлиги асосида тегишли бинога ўрнатилган қулфланиб муҳрланадиган совутгич камераларида ёки совутгичларда сақлашга рухсат этилади.

26. Учинчи тоифали объектларнинг хоналари мустаҳкам қурилган биноларда жойлашган бўлиши керак. Иш вақтидан сўнг бинолар ёпиқ, муҳрланган ва қўриқлаш учун топширилган, тунги вақтда кириш жойлари ёритилган бўлиши керак.


27. Хона фақат битта кириш жойига эга бўлиб, бинонинг ташқи томонидан баланд товушга (сиренага) эга бўлган алоҳида сигнализация қурилмаси билан таъминланиши, мазкур қурилма энг яқин қўриқлаш постига (қоровулхонага) чиқарилиши зарур.


28. Дераза ўрни симининг диаметри 15 мм дан кам бўлмаган, катакчаларининг ўлчами 150х150 мм дан катта бўлмаган металл панжаралар билан мустаҳкамланади. Панжара симининг учлари деворга 80 мм чуқурликда ўрнатилиб, бетон қуйиб қотирилади.

Мустаҳкамлиги юқорида кўрсатиб ўтилган металл панжаралардан кам бўлмаган декоратив панжаралар ёки жалюзилардан фойдаланишга ҳам рухсат этилади.


29. Хона эшиги бутун, эшик кесакисига яхши мосланган, ичи бўш бўлмаган, қалинлиги камида 40 мм ли, иккала томонидан металл тунука билан қопланиб, бунда металл тунука қирралари (четлари) эшикнинг ички юзасига қайрилиши ёки ён томондан бир-бирини устига чиқиб турадиган ҳолда букланиши керак. Ташқи эшикка камида иккита қулф ўрнатилиши, улардан биттаси - ўйма қулф бўлиши зарур.


30. Прекурсорлар сақланадиган хоналар табиий усулда шамоллатилиши керак.



VII. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ,

ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИ

САҚЛАШ ХОНАЛАРИНИ ҚЎРИҚЛАШ-ЁНҒИН

СИГНАЛИЗАЦИЯ МОСЛАМАЛАРИ БИЛАН

ЖИҲОЗЛАШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


31. Қўриқлаш-ёнғин сигнализация мосламалари (ҚЁТМ) қуйидаги мақсадларда ўрнатилади:

қўриқланадиган зона чегараларини бегона кишилар томонидан бузиш ҳолатлари юз берганда огоҳлантириш йўли билан қўриқлашни кучайтириш (қўриқлаш сигнализацияси);

ёнғин содир бўлган ҳолларда ёнғин ўчоғини тезда аниқлаб, хабар бериш (ёнғин сигнализацияси);

хавфли ҳолатлар рўй берган ҳолларда ҳудудий ички ишлар органларини тезда хабардор этиш.


32. Хавфни билдирувчи сигнал етиб келганда ташкилот қоровулининг (қоровуллик хизматининг) хатти-ҳаракатлари ҳудудий ички ишлар органи билан келишилган ҳолда юридик шахс раҳбари томонидан тасдиқланган Йўриқнома билан тартибга солинади.


33. ҚЁТМ комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, таъмирлаш (созлаш) ва техник хизмат кўрсатиш ишлари фақатгина ушбу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган лицензияга эга бўлган махсус ташкилотлар томонидан амалга оширилади.


34. ҚЁТМ нинг техник ҳужжатлари, уни ўрнатиш ва эксплуатация қилишга оид ёзишмалар хизмат доирасида қўллашга мўлжалланган бўлиб, "ХДФУ" грифи бўлиши керак.


35. ҚЁТМ ни ўрнатишда бажариладиган қурилиш-монтаж ва ишга тушириш ишлари Ўзбекистон Республикасининг амалда бўлган қурилиш меъёрлари ва қоидалари (СНиП) ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


36. Биринчи тоифали объектлар мазкур Низомнинг 39 - 41-бандларига мувофиқ иккита - ташқи ва ички ҳудудларга (чегараларга) эга бўлган қўриқлаш тизими, шунингдек, ёнғин сигнализацияси билан жиҳозланиши керак.


37. Иккинчи тоифали объектлар мазкур Низомнинг 40-41-бандларига мувофиқ қўриқлаш сигнализациямнинг ички ҳудудига (чегараси) эга бўлган қўриқлаш тизими ҳамда ёнғин сигнализацияси билан жиҳозланиши керак.


38. Учинчи тоифали объектлар мазкур Низомнинг 40-бандига мувофиқ қўриқлаш сигнализациясининг ички ҳудудига (чегараси) эга бўлган қўриқлаш тизими билан жиҳозланиши керак.


39. Ташқи ҳудуддаги ҳимоянинг биринчи тизими объект ҳудуди атрофида яхлит ҳимоя зонаси кўринишида бинонинг ташқи деворидан 5 м дан кам бўлмаган масофада ёки ер сатҳидан юқорида жойлашган биноларда-юқорида, ёки ер сатҳидан чуқурликда жойлашган биноларда чуқурлик четидан ўрнатилади. Бино атрофидаги ҳимоя зонаси узлуксиз бўлиши ва унда ҳаракатланаётган одамни аниқланишини таъминлаши керак. Яхлит зона ўрнига ҳимоянинг ташқи муҳит чегарасидан 1,5 - 2 м кенгликдаги доира периметрли ҳимоя зонасини жиҳозлаш мумкин.

Ташқи чегарадаги ҳимоя зонаси одамларни илғайдиган радиотўлқин ускуналари билан жиҳозланади, бунда объект атрофида яхлит ҳимоя зонасини яратиш учун ҳажмли типдаги хабар берувчи ускунасидан ёки ёпиқ узлуксиз периметр бўйича тор, чизиқли, тортилган ҳимоя зонасини яратиш учун чегарадаги хабар берувчи ускунасидан фойдаланилади.


40. Ички чегарадаги ҳимоя зонасида ўрнатилган иккинчи ҳимоя тизими рухсатсиз кирган бегона кишиларни аниқлаш учун хонанинг дераза ва эшигига ўрнатилган қўриқлаш қурилмаси датчиклари орқали қоровул постига сигнал юборилишини таъминлайди.


41. Ёнғин сигнализацияси хонанинг ичига ёнғин чиқишига сабаб бўлган (ҳарорат кўтарилиши, тутун ҳосил бўлиши ва бошқалар) ҳолларда ёки ёнғин бошланганда хавфни билдирувчи сигнал (хабар) беришни таъминлаш мақсадида ўрнатилади. Ёнғин сигнализацияси хона ичида ёнғин содир бўлгани ёки ёнғин содир бўлишига сабаб бўлган омилларни аниқлаш ҳақида сигнал олиш учун қўлланиладиган тутун ҳосил бўлиши, иссиқлик, ёруғлик ва/ёки жамланган (комбинацияли) хабар берувчи сигнализация билан жиҳозланади.


42. Қўриқлаш ва ёнғин сигнализация мосламаларининг огоҳлантирувчи хабари бутун сутка давомида ишлайдиган қоровулхонада жойлашган товуш, ёруғлик ёки бошқа турдаги огоҳлантирувчи сигнал берувчи кўп каналли (кўп нурли) пультига тушиши ҳамда ушбу пультдаги махсус таблода ёнғин содир бўлган ёки ёнғин хавфи туғилган жойлари ёруғлик индикаторлари орқали кўрсатилиши керак. Сигнализация комплекси бинонинг ташқи томонида жойлаштирилган баланд товуш чиқарувчи ускуна билан жиҳозланган бўлиши керак. Бундан ташқари, I тоифали объектларда қоровулхонадаги (қўриқлаш хизматидаги) қабул қилувчи пультга ёнғин ёки қоидабузарлик ҳақидаги хабар тушиши билан бу хабар тезда симли ёки радиоалоқа тизими орқали ҳудудий ички ишлар органига юборилиши лозим. Шу билан бирга, хавфни билдирувчи сигнал сабабларини аниқлаб, тезкор равишда керакли чораларни кўриш ва ёлғон (сабабсиз) чақирилишини олдини олиш мақсадида қоровул (қўриқлаш хизмати) ва ички ишлар органи орасида икки томонлама алоқа ташкил этилади.


43. Қоровулхонага ва ички ишлар органига хавфни билдирувчи сигнал сабабини етказиш пайтида қўриқлаш ва ёнғин сигнализацияси автоматик режимда ишлаши керак. ҚЁТМ комплексини электр таъминлаш тармоғи комплекснинг сутка давомида узлуксиз ишлашини таъминлаши керак.


44. Сигнал ва электр таъминоти кабеллари тасодифий ёки қасддан шикастланишига қарши юқори даражада ҳимояланган бўлиши керак. Кабеллар ер остига ўрнатилиши, шунингдек кабеллар электр таъминлаш қурилмасидан датчикларигача бўлган масофада ер (девор) ичига ёпиқ усулда жойлаштирилиши керак.


45. ҚЁТМ тизимига ушбу тизимни лойиҳалаш, монтаж ва ўрнатиш ишларини амалга оширган махсус ташкилот билан келишмасдан туриб ўзгартиришлар киритиш таъқиқланади.


46. ҚЁТМ ни эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш учун жавобгар шахслар юридик шахс буйруғига асосан тайинланади.






Низомга

ИЛОВА

           

(ички ишлар органининг номи)

        


Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва

прекурсорларни сақлаш бўйича объект (бино)ни

техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги

ХУЛОСА

20___ й. "___" __________

___ -сонли




(шаҳар, туман номи)

Ушбу билан


- га тегишли бўлган,


(ташкилотнинг номи)



манзил бўйича жойлашган

объект (бино)нинг қуйидагиларни



(сақлашга рухсат этиладиган моддалар категорияси-гиёҳвандлик


сақлаш бўйича техник талабларга

воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар - алоҳида кўрсатиб ўтилади)


  

мувофиқлиги тасдиқланади.

        

Асос: 20___ й "____" ___________________ -даги текширув далолатномаси.

        

     


(орган бошлиғининг унвони, фамилияси, исми-шарифи)

     

      


(имзо)

М.Ў.

        

       

       

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва

прекурсорларни сақлаш бўйича объект (бино)ни

техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги

ХУЛОСА КОРЕШОГИ

20___ й. "___" __________

- сонли


(шаҳар, туман ва ички ишлар органи номи)

Ушбу билан


- га тегишли бўлган,


(ташкилотнинг номи)



манзил бўйича жойлашган

объект (бино)нинг қуйидагиларни



(сақлашга рухсат этиладиган моддалар категорияси-гиёҳвандлик


сақлаш бўйича техник талабларга

воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар - алоҳида кўрсатиб ўтилади)


мувофиқлиги тасдиқланади.

        

Асос: 20___ й "____" ____________________ -даги текширув далолатномаси.


Изоҳ: хулоса корешоги хулоса берган ички ишлар органида қолади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)