Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.02.2019 й. 149-сон "Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.02.2019 й.

N 149




ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИ

ҲУЗУРИДА МУСИҚА СОҲАСИ ПЕДАГОГЛАРИНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон давлат консерваторияси фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3178-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, мусиқа соҳасидаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 11 нафардан иборат тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларининг ўқув-методик базасини шакллантириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларга ташкилий-методик раҳбарликни амалга ошириш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштиришни таъминлаш;

мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнларининг илмий муаммоларига йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий изланишлар олиб борилишини мувофиқлаштириш;

ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, самарали педагогик технологиялар, электрон ахборот ресурсларидан кенг фойдаланган ҳолда таълим жараёнининг юқори даражада олиб борилишини таъминлаш;

мусиқа соҳаси педагогларининг малакасини ҳар беш йилда бир марта ошириш, бунда илғор халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш, профессионал билимларни ва кўникмаларни ривожлантиришга йўналтирилган самарали ўқитиш дастурлари ва услубларини жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва хорижий тилларни самарали ўзлаштиришлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

халқаро танловларда муносиб қатнашадиган иқтидорли ёш профессионал мусиқачилар тайёрлаш учун уларнинг кўникма ва билимларини ривожлантиришга йўналтирилган замонавий ўқитиш дастурлари ва услубларини жорий этиш.


4. Белгилаб қўйилсинки, Марказ юридик шахс мақомига, ўз уставига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварағига эга бўлган, мусиқага ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернатлар), ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари, хусусан, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг педагог ходимларини (кейинги ўринларда мусиқа соҳаси педагоглари деб аталади) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослаштирилган илмий-методик ва таълим муассасаси ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

а) бир ҳафта муддатда Марказга Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳудудидан бино ва хоналар ажратиш чораларини кўрсин;

б) икки ой муддатда:

соҳани ривожлантиришга йўналтирилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Марказ уставини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Марказни юқори малака ва тажрибага эга бўлган кадрлар, шунингдек, халқаро даражадаги танловларнинг ғолиб ва совриндорлари бўлган малакали мусиқа соҳаси мутахассислари билан таъминласин;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари учун ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, уларнинг доимий равишда такомиллаштириб борилишини таъминлаш чораларини кўрсин.


6. Белгилаб қўйилсинки:

тизимида мусиқа соҳаси педагог ва мутахассислари бўлган вазирлик ва идоралар ҳар йили 15 ноябрга қадар тегишли муассасаларда фаолият юритаётган мусиқа соҳаси педагог ва мутахассисларининг эгаллаб турган лавозимига кўра малака ошириш курсларидан ўтиши бўйича белгиланган даврийликни инобатга олган ҳолда кейинги календарь йилда малака ошириш курсларига ўқишга юбориладиган тингловчилар контингентини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этиб борадилар;

Марказ ходимларига олий таълим муассасалари учун белгиланган меъёрлар бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади;

таълим жараёнига олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда мусиқа соҳасидаги етакчи мутахассислар жалб этилганда, уларга белгиланган тартибда соатбай асосида иш ҳақи тўланади.


7. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тўлов-контракт асосида тингловчиларни ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушадиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқишдан ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки, Марказни сақлаш харажатлари 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ижтимоий соҳа учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида Марказ қурилиши учун 10 млрд. сўм маблағ назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган ривожланиш давлат дастури параметрларини шакллантиришда Марказни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказга 1 та хизмат автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 февралдаги

149-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги

Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш маркази

ТУЗИЛМАСИ

        



Директор


Илмий-методик кенгаш





Ўқув жараёнини ташкил этиш бўлими

3

Бухгалтерия

2






Қайта тайёрлаш ва малака ошириш

жараёни мониторингини олиб бориш

ва сифатини баҳолаш бўлими

2

Умумий бўлим

1






Хўжалик бўлими*

1



Ахборот-ресурс маркази

1





Кафедралар*



Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони (профессор-ўқитувчилар таркиби, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар ҳисобга олинмаган ҳолда) - 11 нафар.


*) Марказ Хўжалик бўлимининг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари ҳамда кафедраларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-ёрдамчи ходимлари сони қонун ҳужжатларида олий таълим муассасалари учун ўрнатилган нормативларга мувофиқ белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 февраль