Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2019 й. 168-сон "Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
25.02.2019 й.
N 168
РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН
ТИББИЁТ МАРКАЗЛАРИ ТОМОНИДАН ТАШХИС
ҚЎЙИШ ВА ДАВОЛАШ СИФАТИ СТАНДАРТЛАРИГА
РИОЯ ҚИЛГАН ҲОЛДА АҲОЛИГА ПУЛЛИ АСОСДА
ЮҚОРИ МАЛАКАЛИ ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН
ТИББИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ ҚОИДАЛАРИГА
ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Республика тиббиёт муассасаларининг ташкилий-инфратузилмавий салоҳиятини такомиллаштириш, хорижий фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 июндаги 264-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 6-сон, 53-модда) билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя қилган ҳолда аҳолига пулли асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларининг 20-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
"20. Чет эл фуқаролари кўрсатилган тиббий хизматлар учун ҳақни белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлардан оширилган миқдорда рақобатбардош бозор нархларидан келиб чиқиб миллий валюта - "сўм"да тўлайдилар.
Чет эл фуқаролари учун тарифларнинг оширилган миқдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда Марказлар томонидан белгиланади.
Бунда, чет эл фуқароларини даволаш муассасасига жалб қилишда воситачилик хизматларини амалга оширган юридик шахсларни рағбатлантириш шартномага мувофиқ оширилган тарифлар бўйича хорижий мижозларга тиббий хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлар ҳисобига амалга оширилади".
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 26 февраль
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2019 йил 4 март, 9-сон, 153-модда