Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг автоматлаштирилган банк тизимларидаги антивирус ҳимояси тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.03.2000 й. 910-сон билан рўйхатга олинган, Марказий банк Бошқаруви томонидан 05.02.2000 й. 461-сон билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

10.03.2000 й.

N 910




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИ

ТОМОНИДАН ТАСДИҚЛАНГАН

05.02.2000 й.

N 461



ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ БИЛАН

КЕЛИШИЛГАН

24.02.2000 й.



Ўзбекистон Республикасининг автоматлаштирилган

банк тизимларидаги антивирус ҳимояси тўғрисидаги

НИЗОМ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Низом "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида", "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида", "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва банк фаолиятига доир бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган.


1.2. Низом Ўзбекистон Республикаси банк тизимида антивирус ҳимоясининг асосий мақсадини, вазифасини, ишларни ташкил этишни ва шахсларни масъулиятини белгилайди.


1.3. Антивирус ҳимояси бўйича олиб бориладиган ишлардан асосий мақсад автоматлаштирилган банк тизимида ахборот йўқолишининг олдини олишдир.


1.4. Антивирус ҳимояси вазифалари қуйидагилардан иборат:

антивирус ташхис воситалари таркибини ва уларни қўллаш, тафтишдан ўтказиш ва янгилаш тартибини белгилаш;

антивирус ташхис воситаларини қўллаган ҳолда профилактика ишларини ўтказиш;

автоматлаштирилган банк тизимини ишлатишнинг барча босқичларида зарар келтирувчи дастурлар таъсиридан узлуксиз тарзда ахборот ҳимоясини таъминлаш.



2. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


2.1. Компютер вируси - деструктив хусусият, ўз нусхасини кўпайтира олиш (асл нусха билан тўлиқ мос бўлмаслиги ҳам мумкин) ва фойдаланувчи билмаган ҳолда уларни компютер тизимлари, тармоқлари турли ресурслари ва шу борада жорий этиш қобилиятига эга бўлган дастурдир (бажариладиган кодлар тўплами). Бунда нусхаларнинг ўзи ҳам кейинчалик тарқалиш хусусиятига эга бўлиб қолади.


2.2. Антивирус дастури - компютер тизимлари, тармоқлари ресурсларида ва ҳоказоларда компютер вирусларини топиб, зарарсизлантириб ва уларни йўқотиб ташлайдиган дастурдир.


2.3. Антивирус ҳимояси - антивирус дастурлари ёрдамида компютер вируслари таъсирининг олдини олиш, вирусларни топиш ва зарарсизлантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи.


2.4. Антивирус химоясига доир ишлар иштирокчилари - шахсий компютердан фойдаланувчилар, антивирус ҳимояси билан шуғулланувчи мутахассислар, ахборот ҳисоблаш тармоқлари (АҲТ) маъмурлари.



3. АНТИВИРУС ҲИМОЯСИ БЎЙИЧА

ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


3.1. Банк раҳбарияти антивирус ҳимояси бўйича ишларни ташкил этишини таъминлайди.


3.2. Банкларда антивирус ҳимояси бўйича чора-тадбирни режалаш ва ўтказиш билан ахборотлаштириш бўлинмаларининг бу ишлар учун махсус ажратилган мутахассислари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида эса (кейинги ўринда - Марказий банк), Тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаменти ҳамда Хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш департаментининг мутахассислари шуғулланадилар. Зарур бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Давлат унитар корхонаси "Ахборотлаштириш Бош маркази"нинг мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

3.3. Банк ахборот антивирус ҳимояси бўйича лицензияли воситаларга ёки ваколатли давлат органлари томонидан аттестациядан ўтган бошқа антивирус ҳимояси воситаларига эга бўлиши керак.


3.4. Антивирус ҳимояси бўйича барча чора-тадбирлар якка тартибда ва марказлашган ҳолда олиб борилади. Якка тартибдаги тадбирлар ҳар бир фойдаланувчи томонидан, марказлашган ҳолдаги тадбирлар эса, антивирус ҳимояси мутахассислари ва АҲТ маъмурлари томонидан амалга оширилади.


3.5. Якка тартибдаги чора-тадбирлар компютер ишга туширилганда, шунингдек зарур бўлганда компютернинг ишлаш жараёнида операцион тизим ва унинг элементлари ҳолатини текширишдан иборатдир. Антивирус ҳимояси воситалари антивирус ҳимояси мутахассислари томонидан чора-тадбирлар режаси асосида марказлашган тарзда ойига камида бир марта ўрнатилади ва янгиланади. Сўнгра антивирус ҳимояси воситаларини инсталляция ва янгилаш дафтарида қайд этилади. Антивирус ҳимояси бўйича мутахассислар иш жойларида ўрнатилган антивирус дастурининг актуал ҳолатда бўлиши учун жавобгардирлар.


3.6. Марказлашган ҳолдаги тадбирлар банк автоматлаштирилган тизими сервери учун антивирус ҳимояси бўйича профилактик ишлар, танлаб олинган шахсий компютерлар текширувидан, ташқи ташувчиларда ўрнатилган архивларни режали текшириш ишларидан иборат.


3.7. Умумий фойдаланишдаги серверлар антивирус ҳимояси бўйича профилактик текшириш ишлари антивирус ҳимояси мутахассислари томонидан АҲТ маъмурлари билан келишилган ҳолда олиб борилади. Уларни ўтказиш даври узоқ муддат сақланадиган архив тузиш даврига мос келиши шарт, лекин бу ишларни ўтказиш хафтада бир мартадан кам бўлмаслиги керак. Антивирус ҳимояси базаларини янгилаш ишлари антивирус ҳимояси мутахассислари зиммасига юклатилади.


3.8. Ташқи ташувчиларда сақланувчи архивларни режали текшириш ишлари антивирус ҳимояси мутахассислари ва АҲТ маъмурлари билан биргаликда тасдиқланган жадвал асосида олиб борилади.


3.9. Танлаб олинган айрим компютерларни текшириш ишларини антивирус ҳимояси мутахассислари олиб борадилар. Ўтказилган текширув натижаси махсус дафтарда қайд этилади. Компютер вируси аниқланганда, антивирус ҳимояси мутахассиси вирусларни йўқ қилиш бўйича ҳамма чора-тадбирларни кўради ва олиб борилган иш, йўқотилган ахборот ва вируснинг юзага келишининг тахминий сабаблари ҳақида далолатнома тузади. Мазкур далолатнома компютердан фойдаланувчи ходим ва антивирус химояси мутахассиси, ҳамда мазкур компютер бириктирилган бўлим бошлиғи ҳамда банкдаги ахборот хавфсизлиги хизмати раҳбари томонидан имзоланади. Банкдаги ахборот хавфсизлиги хизмати раҳбари белгиланган тартибда компютер вирусининг келиб чиқиши сабаблари бўйича хизмат текширувини ўтказади ва тегишли таъсир чораларни кўради.


3.10. Банк бўлимларида компютер вируси борлиги аниқланганда, вируснинг келиб чиқиши ва унинг тури ҳақида Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича Бош бошқармаларига тезкор ахборот берилиши шарт.

3.11. Антивирус ҳимояси бўйича чора-тадбирлар қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:

антивирус ҳимояси бўйича чора-тадбирлар режаси;

антивирус ҳимояси бўйича якка тартибда олиб бориладиган қоидалар;

антивирус ҳимоясини марказлашган ҳолда олиб бориш услуби;

антивирус ҳимояси бўйича ишлар қатнашчиларининг лавозим йўриқномалари.

Ушбу ҳужжатлар ҳар бир тижорат банки томонидан мустақил равишда тузилади ва Марказий банкнинг техникавий-дастурий мажмуалари билан ахборот алмашинувида, ахборот хавфсизилигини таъминлаш қисми Марказий банк Хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш департаменти билан келишилади.

3.12. Чора-тадбирлар режаси ҳар йили ишлаб чиқилади. Ушбу режа ўзида қуйидагиларни жамлаши керак: профилактик ишлар, танлаб олинган текширувлар, ҳисоботлар тайёрлаш ва банкда антивирус ҳимояси воситаларини тарқатиш чора-тадбирлари.



4. АНТИВИРУС ҲИМОЯСИГА ДОИР

ИШЛАР ИШТИРОКЧИЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


4.1. Антивирус ҳимояси мутахассисининг лавозим йўриқномасида мутахассисга қўйиладиган талаблар, яъни махсус антивирус ҳимояси технологияларини билиши ва антивирус ҳимояси воситалари билан ишлаш тажрибасига эга эканлиги акс эттирилиши лозим.


4.2. АҲТ маъмурининг лавозим йўриқномасида антивирус ҳимоясини марказлашган ҳолда олиб бориш бўйича вазифалари белгиланган бўлиши шарт.



5. АНТИВИРУС ҲИМОЯСИГА ДОИР ИШЛАР

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


5.1. Мазкур Низом талабларини бузган антивирус ҳимояси иштирокчилари амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Раис ўринбосари                                                     Ш. Пулатов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)