Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.03.2019 й. ПҚ-4231-сон "Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.03.2019 й.

N ПҚ-4231



ҲУДУДЛАРДА АҲОЛИНИ

ТАДБИРКОРЛИККА КЕНГ ЖАЛБ

ҚИЛИШ ВА ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида қатор чоралар кўрилмоқда.

Ҳудудларда оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга, уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига, миллий ҳунармандчилик янада ривожланишига, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга оширилишига, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳалари рўёбга чиқишига ҳамда шу асосда аҳолининг бандлиги таъминланишига замин яратилмоқда.

Шу билан бирга, аҳолининг меҳнат орқали даромад топишга бўлган қизиқишини кескин ошириш, айниқса муҳтож оилаларнинг ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини, шунингдек, ҳудудларда фойдаланилмаётган биноларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни, аҳоли томорқалари ва бўш экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни имтиёзли шартларда молиялаштиришни тизимли равишда давом эттиришни тақозо этмоқда.

Республика ҳудудларида аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш ва мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида:


1. Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Марказий банки, тижорат банклари ва тегишли идоралар раҳбарларидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарларидан иборат Республика комиссияси 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида, вилоят, туман (шаҳар) иқтисодиёт ва саноат, бандлик, молия, инвестиция, солиқ, статистика бўлинмалари, ҳудудий Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва ходимларидан иборат таркибда "Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари" (кейинги ўринларда - Марказлар);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги марказий аппарати таркибида бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида бўлинмалар;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тузилмасида Аҳоли тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш дастурларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таркибида бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида тегишли секторлар ташкил этилсин.


2. Ижтимоий дастурларни молиялаштиришда иштирок этаётган банкларга аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш дастурларини молиялаштириш ва мониторинг юритишни ташкил этиш бўйича махсус бошқармалар ва филиалларда махсус бўлимлар очиш ҳамда бошқарма (бўлим)лар фаолиятига бевосита раҳбарликни раис ўринбосарига бириктириш тавсия этилсин.

4. "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида:

назарда тутилган лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, АТ Халқ банки, "Микрокредитбанк" АТБ, "Агробанк" АТБ ҳамда халқаро молия институтлари кредит линиялари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

имтиёзли кредитлар оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 3-6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади. Бунда, 2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар АТ Халқ банки, "Микрокредитбанк" АТБ ва "Агробанк" АТБ орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида, 2022 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан йиллик 14 фоиз ставкада берилади;

тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади;

халқаро молия институтлари маблағларини жалб этишга Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.А. Вафаев масъул этиб белгиланади.

Кредитлар боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки) учун 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ҳар бир маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги хулосаси асосида берилади.

6. Иқтисодиёт ва молия вазирининг, Марказий банк раисининг ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосарлари Дастур координаторлари этиб белгилансин ҳамда уларга:

вилоятлар ва туман (шаҳар)лар Марказлари томонидан амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш;

вилоятлар ва туман (шаҳар)ларда дастур ижросини таъминлашда иштирок этадиган тижорат банкларини белгилаш;

ажратилаётган ресурсларни ҳудудларнинг салоҳияти, маблағларни ўзлаштириш даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар ва банклар кесимида тақсимлаш;

ҳақиқий эҳтиёждан ҳамда шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда ажратилаётган ресурсларни тижорат банклари ҳамда ҳудудлар кесимида тезкор қайта тақсимлаш ваколатлари берилсин.


6-1. Мазкур қарорга мувофиқ тижорат банкларига тақсимланган маблағлардан "Туронбанк" АТБга кредит ресурси сифатида қайта молиялаштирилган қисмининг 2021 йил 1 август ҳолатига қолдиқ қисми Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг банк устав капиталидаги улушини ошириш учун йўналтирилсин.

7. Дастур координаторлари ва тижорат банкларининг раҳбарлари зиммасига:

туман (шаҳар)лар ихтисослашуви ҳамда аҳоли кўникмаларидан келиб чиққан ҳолда тадбиркорлик фаолияти ривожланиши учун маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда қўшимча чора-тадбирларни белгилаш;

қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолининг оилавий бизнесни ривожлантириш борасидаги таклифлари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб ҳамда дастурни амалга оширишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан вилоят Марказларига кўрсатмалар бериб бориш;

Дастурда белгиланган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш вазифалари юклансин.


8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5242-сон Фармони, 2018 йил 7 июндаги ""Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги ПҚ-3777-сон ва 2018 йил 14 июлдаги "Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3856-сон қарорлари асосида имтиёзли кредитлар:

вилоятлар ёки туман (шаҳар)лар Марказлари томонидан оилаларнинг хоҳиш ва истаклари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларнинг лойиҳалари, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлиги чуқур ўрганилиб, ҳар бир оила ва тадбиркорлик субъектларининг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида бериладиган хулосалар асосида;

жисмоний шахсларга товарлар (хизматлар) фискал белгили касса чеки асосида етказиб берилган (хизматлар кўрсатилган) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда барча туман (шаҳар)ларда аҳоли ва муҳтож оилаларни фойдали меҳнатга жалб этган ҳолда экспортбоп, бозор талабига тўлиқ жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнини қамраб олган кластер тизимини кенг жорий этиш бўйича аниқ чораларни кўрсин.

Бунда:

маҳсулотларни етиштириш ва қайта ишлаш жараёнида аҳолининг, биринчи навбатда, муҳтож оилаларнинг иштирокини ва моддий манфаатдорлигини ошириш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш асосида улардан маҳаллий шароитларда кенг фойдаланиш, кластер тизимини жорий қилишда хорижий мутахассисларни ва мазкур соҳада юқори кўрсаткичларга эришган етакчи тадбиркорларни жалб қилиш;

серҳосил мева-сабзавот экинларини экиш, наслли чорва молларини етиштириш, тайёр маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнига замонавий инновацион, ресурс тежайдиган технологияларни жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин.


10. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи ва Марказлар билан биргаликда:

тадбиркорлик соҳасида муайян тажриба ва ютуқларга эришган тадбиркорни уларнинг соҳа ва имкониятларини ўрганган ҳолда тажриба орттириш, кўникма шакллантириш мақсадида "Устоз-шогирд" анъанаси асосида маслаҳатларни бериш бўйича имтиёзли кредитлар олаётган ташаббускор, айниқса ёш тадбиркорларга бириктириш;

аҳолининг, айниқса ёшларнинг бизнес ғоя ва стартапларини амалиётга татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда "бизнес инкубаторлар"ни ташкил этиш чораларини кўрсин.


11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва Марказларга:

ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олиб, "бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, имтиёзли кредитларни мавжуд шароит ва оилаларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда ажратилишига эътибор қаратиш;

шаҳар ва туманлар марказларида фойдаланилмасдан турган биноларни тадбиркорлик субъектларига уларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш шарти асосида доимий ёки узоқ муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш вазифалари юклатилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3182-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган сектор раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилиши таъминланишида ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишига масъул эканлиги белгилаб қўйилсин ҳамда бу борада тижорат банкларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва лойиҳада иштирок этаётган тижорат банкларига, хонадонларга ташриф буюрган ҳолда имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самараси, натижадорлиги ва белгиланган муддатларда қайтарилишини мунтазам равишда назорат қилиб бориш вазифаси юклатилсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 мартдаги

ПҚ-4231-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка

кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни

ривожлантиришга доир ишларни мувофиқлаштириш

бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

   

Ж.А. Қўчқоров


-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Комиссияси раиси

М.Б. Нурмуратов

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банк раиси


Н.Б. Хусанов

-

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

А.И. Икрамов

-

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси


А.А. Ҳайитов

-

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси


Қ.Х. Тапаров

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари

С.М. Холхўжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари

А.А. Камалов

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари

Ш.А. Вафаев

-

Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари - Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори


лавозими бўйича

-

Лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этаётган тижорат банклари раҳбарлари


лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари


лавозими бўйича

-

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари

        

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 11 март, 10-сон, 177-модда