Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.03.2019 й. 185-сон "Давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда республика аҳолисини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.03.2019 й.

N 185




ДАВЛАТ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИ

ҲАМДА РЕСПУБЛИКА АҲОЛИСИНИ ДОРИ

ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЁТ БУЮМЛАРИ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, давлат тиббиёт ташкилотларига ҳамда аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини узлуксиз етказиб бериш, ажратилган бюджет ссудасини қайтариш тадбирларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Dori-Darmon" акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва "O'zmedimpеks" давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 22 октябрдаги 849-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган 300 млрд сўм миқдоридаги фоизсиз бюджет ссудасининг:

15,0 млрд сўми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қопланганлиги;

26,5 млрд сўми "O'zmedimpеks" ДУК томонидан 2019 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига белгиланган тартибда қопланиши;

258,5 млрд сўми "O'zmedimpеks" ДУК харид қилган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилишга бўлган эҳтиёжнинг асосланган ҳисоб-китоблари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқарув органларига ва давлат тиббиёт ташкилотларига сотиш орқали тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қопланиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан харид қилишга бўлган эҳтиёжнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича тасдиқланадиган рўйхат ва тақсимотга асосан 2019 йил Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида, шунингдек, зарур ҳолларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан:

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вилоятлар соғликни сақлаш бошқармаларига дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун зарур маблағлар ажратилишини;

давлат тиббиёт ташкилотлари харажатлари сметаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун режалаштирилган бюджет маблағлари ҳудудий соғлиқни сақлаш органларига харажатлар сметасининг тегишли сатрида жамланишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқарув органларига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотилиши ҳамда фоизсиз бюджет ссудасини қолган қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қопланиши иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

Бунда давлат тиббиёт ташкилотлари бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг йиллик эҳтиёжидан ортиқча захираси яратилиши ҳамда бунинг натижасида давлат тиббиёт ташкилотларининг бошқа турдаги зарур дори воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилишга маблағларнинг етишмовчилиги юзага келишига йўл қўймаслик бўйича жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан "O'zmedimpеks" ДУК томонидан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини давлат тиббиёт ташкилотларига етказиб бериш ва сақлаш харажатларини қоплаш учун республика бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Dori-Darmon" акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва "O'zmedimpеks" давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 22 октябрдаги 849-сон қарорининг 8-банди тўртинчи хатбошидаги:

давлат тилидаги матнида "1 мартгача" сўзлари "1 июлгача" сўзлари билан;

рус тилидаги матнида "до 1 марта" сўзлари "до 1 июля" сўзлари билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда эндокринологик ва гемофилия касалликларига чалинган ҳамда буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида давлат тиббиёт ташкилотларининг харажатлар сметасида мазкур тадбирлар учун кўзда тутилган бюджет маблағларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг харажатлар сметасида жамлаш орқали марказлаштирилган ҳолда харид қилишга рухсат берилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 1 мартдаги

185-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий бошқарув

органларига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини

сотилиши ҳамда фоизсиз бюджет ссудасини қолган

қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат

бюджетига қопланишини амалга ошириш

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Масъул ижрочилар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари








I-босқич


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари билан биргаликда республика, вилоят ва туман даражасидаги давлат тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тақсимот рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш.


2019 йил 10 март











II-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган тақсимот рўйхатига асосан 2019 йил давлат бюджети параметрлари доирасида, шунингдек, зарур ҳолларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармаларига дори воситалари ва тиббиёт буюмлар учун зарур маблағларни ажратиш.


2019 йил 1 апрель











III-босқич


"O'zmedimpеks" ДУК


"O'zmedimpеks" ДУК томонидан 26.5 млрд сўм фоизсиз бюджет ссудасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтариш.


2019 йил 1 апрель











IV-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


Тасдиқланган тақсимотга мувофиқ давлат тиббиёт ташкилотлари харажатлари сметаларида дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун режалаштирилган бюджет маблағларини Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари харажатлар сметасининг тегишли сатрига жамлаш.


2019 йил 20 апрель











V-босқич


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари


Тасдиқланган тақсимотга асосан Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқарма органлари ўртасида дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмларини сотиш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузиш.


2019 йил 1 май











VI-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва вилоятлар соғликни сақлаш бошқармалари


Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш юзасидан тузилган шартномага мувофиқ маблағларни тўлаш.


Белгиланган муддатларда











VII-босқич


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги


Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотишдан тушган 258,5 млрд сўм маблағни жамлаш ва фоизсиз бюджет ссудасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтариш.


2019 йил 1 июль




Изоҳ: Зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг қўшма буйруқларига асосан мазкур схемага ўзгартиришлар киритиш мумкин (III ва IV-босқичлардан ташқари).



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 март