Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.03.2019 й. ПФ-5691-сон "Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.03.2019 й.

N ПФ-5691



БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ

ФУҚАРОЛАРИ, ШУНИНГДЕК, БИРЛАШГАН

АРАБ АМИРЛИКЛАРИ РЕЗИДЕНТИ МАҚОМИНИ

ОЛГАН ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ФУҚАРОЛАРИ УЧУН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА КИРИШ РЕЖИМИНИ

ЯНАДА СОДДАЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида:


1. 2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун, шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгилансин.

Бирлашган Араб Амирликлари резиденти мақомини олган хорижий давлатлар фуқаролари Ўзбекистон Республикасига кириш вақтида амал қилиш муддати 90 кундан кам бўлмаган резидентлик визасининг асл нусхасини тақдим этадилар.

2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга иш юзасидан келадиган Бирлашган Араб Амирликлари фуқароларига Ўзбекистон Республикасидаги таклиф қилаётган юридик шахснинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиши талаби бекор қилинган ҳолда, бир йил муддатгача бўлган кўп марталик визаларни Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги муассасаларида ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмасдан 3 иш куни мобайнида расмийлаштирсин.


3. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин:


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон Фармони билан тасдиқланган 2019 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатининг 32-банди;


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги ПҚ-3836-сон қарори билан тасдиқланган 2018 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларига Ўзбекистон Республикасига визасиз транзит кириш, вақтинчалик бўлиш ва чиқиш тартиби белгиланган мамлакатлар рўйхатининг 62-банди.


4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев



"Халқ сўзи", 2019 йил 19 март