Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институти тўғрисидаги Устави (ЎзР ВМ 14.03.2019 й. 220-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 14 мартдаги

220-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш

агентлигининг Ўзбекистон стандартлар

институти тўғрисидаги

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон стандартлар институтининг (кейинги ўринларда Институт деб аталади) ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг буйруқлари, қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга амал қилади.

3. Институт фаолиятини молиялаштириш Институтга ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига, "Ўзбекистон илмий - синов ва сифат назорати маркази" давлат муассасасининг ялпи фойдасидан 20 фоиз тўлов, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларида ман қилинмаган бошқа манбалар ва маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

4. Институт юридик шахс ҳисобланади, ўзининг алоҳида мулкига, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва давлат тилидаги ўз номи ёзилган муҳрга, миллий ва хорижий валютадаги ҳисобрақамларига эга бўлади.


5. Институт стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида давлат илмий муассаса ҳисобланади.


6. Институтнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - "Standartlashtirish, sertifikatlashtirish va teхnik jihatdan tartibga solish ilmiy-tadqiqot instituti" davlat muassasasi;

қисқартирилган номи - Standartlar instituti;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - State institution "Scientific-research institute for standardization, certification and technical regulation";

қисқартирилган номи - Institute of Standards;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Государственное учреждение "Научно-исследовательский институт стандартизации, сертификации и технического регулирования";

қисқартирилган номи - Институт стандартов.


7. Институт жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Ташкент шаҳри, Чўпон ота кўчаси, 9-В уй.



2-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича шартнома асосида ишлаб чиқиш ва реализация қилиш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимларининг ишлашини ва ривожланишини таъминлашда иштирок этиш ва мазкур соҳаларда илмий-техник ахборотни тарқатиш, шунингдек, уларни халқаро, давлатлараро ва хорижий мамлакатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштириш.


9. Институт ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар фаолиятини мувофиқлаштиради, фаолиятини ташкил этиш, тугатишда иштирок этади;

стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ҳамкорлигини ривожлантиришни ва ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлайди;

стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарни ташкил этади ва стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар котибияти фаолиятини бошқаради;

стандартлаштириш бўйича халқаро техник қўмиталар ва минтақавий ташкилотлар фаолиятида ҳамда давлат стандартларини халқаро даражада тарқатишда фаол иштирок этади;


б) стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш соҳасида:

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида кадрлар малакасини даврий ошириш ва қайта тайёрлашни, шунингдек,таснифлаштириш ва кодлаштиришни амалга оширади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, шунингдек,таснифлаштириш ва кодлаштириш соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш режа-жадвали тасдиқланишини таъминлайди;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, таснифлаштириш ва кодлаштириш масалалари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув-мавзули режаларини тузади ва тасдиқлайди;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш, таснифлаштириш ва кодлаштириш соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтган кадрларнинг ягона ахборот-маълумот базасини яратади ва кузатиб боради;

олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органларива бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, хусусий сектор билан стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида инновацияларни жорий этишга йўналтирилган ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

бакалавриат ва магистратура мутахасисликлари учун тегишли таълим йўналишларида янги ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратишга кўмаклашиш орқали ўқув-методик ишларнинг сифати ва даражасини оширади;

бакалавр ва магистрларни тайёрлашда илмий-методик кўмаклашади, шунингдек,Институт базасида стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолашнинг тегишли мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасасидан кейинги таълимни ташкил этиш йўли билан олий малакали илмий ва педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

иқтисодиёт тармоқлари учун стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш жараёнларига замонавий инновацион педагогик технологияларни, ўқитишнинг самарали шакл ва усулларини жорий этади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида мутахассислар тайёрловчи таълим муассасалари учун илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини нашр этишга тайёрлаш ишларида иштирок этади;


в) стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва реализация қилиш соҳасида:

хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни шартнома асосида ишлаб чиқади, экспертизадан ўтказади ва реализация қилади;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун киритади;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва илмий-методик кўрсатмалар беришда кўмаклашади;

маҳсулотлар ва технологияларнинг тубдан янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга кўмаклашадиган, шу асосда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини таъминлайдиган илғор стандартларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларнинг янгисини ишлаб чиқиш, амалдагиларини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар киритади;

умумий ва махсус техник регламентларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

стандартлаштириш бўйича давлат норматив ҳужжатлар фондини халқаро меъёрлар билан уйғунлаштириш даражасини ошириш чораларини кўради;

стандартлаштириш бўйича давлат норматив ҳужжатлар фондини яратади, юритади ва долзарблаштиради, шунингдек, назорат нусхалари сақланишини таъминлайди;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларнинг йиллик кўрсаткичи (каталог)ни тайёрлайди;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларнинг ягона ахборот-маълумот базасини яратади ва кузатиб боради, ундан барча манфаатдор томонларнинг шартнома асосида фойдаланиши имкониятини беради;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар ахборот ресурслари маълумотлар базаларини шакллантириш, сақлаш ва фойдаланишнинг ягона тизимини яратади;

стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқувчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталари ва манфаатдор томонларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат стандартларини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишнинг ҳар йилги жадвалларини шакллантиради;

маҳсулотга стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларга мувофиқ каталоглаштирилган рўйхат асосида маҳсулотларни каталоглаштиради;

халқаро стандартлаштириш ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг стандартлаштириш идораларининг қоидалари ва шартномаларига мувофиқ халқаро ва хорижий давлатлар стандартларини республикада тарқатиш;

стандартларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва қўллашда Жаҳон савдо ташкилоти Савдодаги техник тўсиқлар келишувининг Виждонан ёндашиш амалиёти кодекси талабларининг бажарилишини таъминлайди;

г) стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида илмий-тадқиқот ишларини ўтказишда стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимларининг ишлашини ва ривожланишини таъминлашда иштирок этиш ва мазкур соҳаларда илмий-техник ахборотларни тарқатиш, шунингдек, уларни халқаро, давлатлараро ва хорижий мамлакатларнинг миллий тизимлари билан уйғунлаштириш соҳасида:

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида устувор йўналишларни шакллантиришда, фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб боришда, инновацион лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ривожланишинингзамонавий жаҳон тенденцияларини таҳлил қилишда иштирок этади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида илмий материалларни нашр этади;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳалари янги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалдагиларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, стратегияси, истиқболли дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида халқаро амалиётни доимий равишда ўрганади, унинг натижалари бўйича илғор амалиётларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритади;

стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш тизимини халқаро талабларга уйғунлаштириш мақсадида транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро идентификация коди (WMI-код)ни беради;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида эришилган ютуқларнинг илмий-техник тарғиботини амалга оширади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида, шу жумладан,манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, олий таълим муассасалари ва вазирликлар ва идораларнинг тасарруфида бўлган бошқа илмий муассасалари билан илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида илмий конференциялар, семинарлар, ҳамкорликдаги тадқиқотлар, лойиҳалар, ходимларнинг тажриба алмашиши ва уларни ўқитиш бўйича халқаро, хорижий илмий-тадқиқот муассасалари, институтлар ва марказларбилан ҳамкорликни ривожлантиради;

хорижий мамлакатларнинг стандартлаштириш бўйича миллий институтлари билан яқин ва фаол ҳамкорликни амалга оширади;

халқаро, минтақавий ва давлатлараро илмий-техник ҳамкорликни ривожлантиради;

мувофиқликни баҳолаш, шу жумладан, маҳсулотларни путур етказмасдан текшириш, шунингдек, хорижий давлатларнинг сертификатлаштириш бўйича ишлари натижаларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эътироф этиш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишда иштирок этади.



3-БОБ.ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Институт ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлардан унга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ташкил этиш, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарини ташкил этишда иштирок этиш;

Институтга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан, хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

техник регламентлар, мажбурий стандартлар, метрология ва мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига таклифлар киритиш;

ўз ваколатларини бажариш доирасида халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни, жумладан, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш тизимини ривожлантиришнинг долзарб ва истиқболли вазифаларини ҳал қилиш учун ташкил этилган ишчи гуруҳлар йиғилишларида иштирок этиш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида эксперт кенгашлари ва комиссиялар ишида иштирок этиш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида дастурлар, ўқув қўлланмалар, илмий асарлар тўпламлари, илмий-амалий конференциялар материаллари, методик кўрсатмалар, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича қўлланмалар тайёрлаш ва нашр қилиш;

ўз ваколатлари доирасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича йўриқномалар, чора-тадбирлар режалари, жадваллар ва бошқа фармойиш берувчи ҳужжатларни тасдиқлаш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

маҳсулотлар, хизматлар, ходимларни сертификатлаштириш, маҳсулотни синаш усулларини валидатлаш (аттестациядан ўтказиш), ўлчов ва синов воситаларини тайёрлаш, калибрлаш, қиёслаш, таъмирлаш, стандарт намуналар, моддалар ва материалларни тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш йўли билан илмий-тадқиқот ишлариниолиб бориш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида ноширлик фаолиятини амалга ошириш, илмий-техник ахборотни тарқатиш;

аҳоли ва турли ташкилотларга пулли таълим хизматлари, мувофиқликни баҳолаш бўйича хизматлар ва бошқа хизматлар кўрсатиш, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа турдаги фаолиятни амалга ошириш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг ишчи кенгашларида ва йиғилишларида иштирок этиш;

хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича стандартлаштирш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, таржима қилиш, жорий қилишни шартнома асосида амалга ошириш;

стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш масалалари бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар, форумлар, "давра суҳбатлар"и ва бошқа тадбирлар ўтказиш;

халқаро сертификатлаштириш тизимига қўшилиш, маҳсулотларни мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхатига киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига киритиш;

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Институт ўзига юкланган вазифалар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Институт ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

13. Институт фаолиятига Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори тақдимномасига асосан Инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор умумий раҳбарлик қилади.

14. Институт директори:

Институт ваколатига кирадиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади ва Институтга юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун шахсан жавоб беради;

Институтда илмий-тадқиқот ва илмий-методик ишлар олиб бориш учун шарт-шароитлар яратади;

Институт Илмий кенгашининг тавсиялари асосида ўқув-мавзули режалар, дастурлар ва илмий-методик ишлар режаларини тасдиқлайди;

Институт фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, дастурлар ва комплекс тадбирлар бажарилишини танқидий ва чуқур таҳлил қилади;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, Институтнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилайди;

Институт ходимлари, шунингдек, Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази тингловчилари учун бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар, йўл-йўриқлар ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида Институтнинг штат жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Институт ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Институт номидан хўжалик шартномалари тузади, ишончномалар беради;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан келишган ҳолда ишларнинг ҳақиқий ҳажмидан келиб чиқиб зарур бўлганда Институтнинг тузилмаси ва штатдаги ходимлар сонига ўзгартиришлар киритади (бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига молиялаштириладиган тузилмалар ва штат бирликлари юзасидан).

Директор қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа ваколатларни амалга оширади.


15. Институт директори Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарга эга бўлади.

16. Директор ўринбосарлари:

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этади;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги қарорлари, Институт директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун директорга киритади;

директорга Институтнинг таркибий бўлинмаларида ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифларини киритиш, уларнинг касбий маҳоратини, малакасини,амалий тажрибасини, ишчанлик ва ахлоқий фазилатларини юқори даражада таъминлаш, уларнинг касбий малакаларини ошириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

Институтнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилади, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитади, якунлар бўйича зарур чораларни кўради.


17. Директор бўлмагандаврдаунинг ваколатларини стандартлаштириш бўйича директорнинг биринчи ўринбосари амалга оширади.

18. Институт ҳузурида директор (Илмий кенгаш раиси), фаолиятнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), Институт таркибий бўлинмалари раҳбарлари, Фанлар академияси вакиллари, шунингдек,турдош илмий-тадқиқот институтларида ва ташкилотларда ишловчи етакчи олимлар, малакали мутахассислардан иборат таркибда Илмий кенгаш ташкил этилади.

Институт Илмий кенгашининг шахсий таркиби, аъзолари сони ва низоми Институт директори тақдимига биноан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқлайди.

Институт Илмий кенгашининг иш тартиби Институтнинг иш режаларига мувофиқ ташкил этилади.



5-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ ҲАМДА УНИНГ ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИ

ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАРИ


19. Институт фаолияти самарадорлиги мунтазам равишда баҳоланади.


20. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан тасдиқланадиган институт фаолиятини баҳолаш мезонларига ҳамда унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги ишчи индикаторларига асосланади.

21. Институт фаолияти самадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Институт раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (тақдирлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Институт фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


22. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатларида белгиланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 март