Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари" республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.03.2019 й. 237-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 20 мартдаги

237-сон қарорига

3-ИЛОВА



Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари"

республика кўрик-танловини ташкил этиш ва

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари" республика кўрик-танловини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Танлов ижро дастури асосида мазкур Низомга иловадаги схема бўйича ўтказилади.


3. Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан танлов бошланишидан камида уч ой олдин тасдиқланади.

Тасдиқланган ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига беш кун муддатда;

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси томонидан ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати келиб тушгандан кейин уч кун муддатда ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, маданият ва санъат йўналишидаги академик лицейлар, олий таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, бадиий ва ижодий жамоаларга етказилади.


4. Танлов дастури тасдиқлангандан сўнг унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.


5. Танлов 2020 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилади.


6. Танловни ўтказишнинг аниқ санаси ва муддати Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда ушбу танлов бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.



2-БОБ. ТАНЛОВНИНГ МАҚСАДИ


8. Танловнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

ўзбек мусиқа ижрочилиги маданиятини янада юксак даражага кўтариш, миллий мақом санъатини дунё саҳналарига олиб чиқиш, иқтидорли ёшларни кашф этиш, рағбатлантириш ва уларнинг ижодини тарғиб этиш;

ёш мақом ижрочиларининг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён этиш, уларнинг ижрочилик кўникмаларини янада ривожлантириш;

ёшлар орасида мақом санъатига бўлган қизиқишни ошириш.



3-БОБ. ТАНЛОВДА ИШТИРОК

ЭТИШ ШАРТЛАРИ


9. Танловда Ўзбекистон Республикасидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, маданият ва санъат йўналишидаги академик лицейлар ўқувчилари, олий таълим муассасаларининг талабалари, ўқитувчилари, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўқитувчилари, бадиий ва ижодий жамоаларнинг созандалари ва хонандалари иштирок этиши мумкин.


10. Танловда 17 ёшдан 35 ёшгача бўлган халқ чолғулари ижрочилари ва мақом хонандалари иштирок этишлари мумкин.


11. Танловда иштирок этишни истаган ижрочилар танлов бошланишидан ўттиз кун олдин Ўзбек миллий мақом санъати марказига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:

танловда иштирок этиш учун маълумотнома (резюме);

паспорт нусхаси;

маълумот тўғрисидаги ҳужжат (диплом) нусхаси (мавжуд бўлса);

ўқиш ёки иш жойидан берилган ижодий тавсифнома ва маълумотнома;

3 х 4 см ўлчамдаги 2 та ва 9 х 12 см ўлчамдаги 2 та рангли фотосурат;

танловда иштирок этиш учун ижро дастури.


12. Белгиланган муддатдан кеч тақдим этиладиган ҳужжатлар қабул қилинмайди.



4-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ

ШАРТЛАРИ


13. Иштирокчиларнинг танлов давомидаги тегишли йўналишлар бўйича ижро этиш навбати белгиланган тартибда қуръа ташлаш орқали аниқланади ва ушбу тартиб танлов якунига қадар сақлаб қолинади.


14. Асарлар ёддан ижро этилади.


15. Танлов қуйидаги 9 (тўққиз) йўналиш (номинация) бўйича ўтказилади:

мақом хонандалиги - эркак овоз;

мақом хонандалиги - аёл овоз;

най, қўшнай, сурнай ижрочилиги;

чанг, қонун ижрочилиги;

қашқар рубоби, уд ижрочилиги;

дутор, танбур, сато ижрочилиги;

ғижжак ижрочилиги;

доира, ноғора ижрочилиги;

мақом ансамбли.



5-БОБ. ТАНЛОВ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ВА ҒОЛИБЛАРНИ

ТАҚДИРЛАШ


16. Танловни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғи билан 9-11 нафар етакчи мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби, унинг иш йўриқномаси тасдиқланади.


17. Танлов уч босқичдан иборат бўлади.


18. Танловнинг барча босқичларида иштирокчиларнинг ижро маҳорати ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 25 баллик тизим бўйича баҳоланади.


19. Танловнинг 1-босқичида умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг 40 фоизи 2-босқичга, шунингдек, танловнинг 2-босқичида ҳам умумий балл натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган иштирокчиларнинг 40 фоизи ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан танловнинг якуний босқичига ўтказилади.


20. Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга қўйилган баллар тенг бўлиб қолганда, ҳакамлар ҳайъати раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


21. Танловда энг кўп умумий балл тўплаган иштирокчилар орасидан ҳакамлар ҳайъати қарорига асосан ҳар бир йўналиш (номинация) бўйича танловнинг 1, 2, 3-ўрин совриндорлари аниқланади.


22. Иштирокчиларни баҳолашда ҳакамлар ҳайъати мустақилдир.


23. Танловнинг якуний натижалари ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.


24. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори юзасидан танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича бир кун муддатда ҳакамлар ҳайъати раиси номига аппеляция шикояти (ариза) беришлари мумкин. Аппеляция шикояти белгиланган тартибда рўйхатга олинади, бир кун муддатда кўриб чиқилиб, баённома билан расмийлаштирилади ва ўша куннинг ўзида эълон қилинади.


25. Танлов ғолиблари ҳар бир йўналиш бўйича диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:


а) мақом хонандалиги ва анъанавий чолғу ижрочилиги бўйича (8 та йўналиш):

1-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари миқдорида пул маблағлари;

2-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдорида пул маблағлари;

3-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида пул маблағлари.

б) мақом ансамбли бўйича (1 та йўналиш):

1-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баробари миқдорида пул маблағлари;

2-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баробари миқдорида пул маблағлари;

3-ўрин - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари миқдорида пул маблағлари.

26. Танлов ғолиблари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг бадиий раҳбари (устоз, ўқитувчи) ҳамда жўрнавозлари махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.


27. Танловнинг якуний босқичи иштирокчиларига Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари танлови иштирокчиси" сертификати берилади.



6-БОБ. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА

ЎТКАЗИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


28. Танловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Маданият вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, танловлар совриндорларига тўланадиган пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.


29. Танлов иштирокчиларининг танлов ўтказилиши белгиланган ҳудудга келиб-кетиш, меҳмонхона ва овқатланиш харажатлари уларни танловда иштирок этиш учун юбораётган ташкилот ҳамда муассасалар томонидан ёки ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари"

республика кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар

Амалга ошириладиган ишлар

Бажариш муддати

1-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини тасдиқлаш

танлов бошланишидан 3 ой олдин


2-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказиш

танловнинг ижро дастури ва

танловда ижро этиладиган

асарлар рўйхати

тасдиқлангандан сўнг

5 кун муддатда



3-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси

Танловнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхатини ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлар, маданият ва санъат йўналишидаги академик лицейлар, олий таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, бадиий ва ижодий жамоаларга етказиш

танловнинг ижро дастури ва

танловда ижро этиладиган

асарлар рўйхати келиб

тушгандан кейин

3 кун муддатда

4-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Танлов ўтказиладиган сана ва муддатни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш


танловдан 3 ой олдин

5-босқич


Танлов иштирокчилари

Ҳужжатларни тақдим этиш

танлов бошланишидан

30 кун олдин



6-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Танловни Тошкент шаҳрида 3 босқичда ўтказиш

танлов ўтказиладиган йилнинг апрель ойида


7-босқич

Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлиги

Танлов ғолибларини тақдирлаш

танлов якуни бўйича

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 март