Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2019 й. 266-сон "Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студияси" фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2019 й.

N 266




"ДИЙДОР" ЁШЛАР ЭКСПЕРИМЕНТАЛ

ТЕАТР-СТУДИЯСИ" ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3022-сон қарори ҳамда мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлаштирилган тадбирлар ўтказишнинг ғоявий-бадиий савиясини, таъсирчанлигини кучайтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш, юқори малакали театр режиссёрлари ва актёрларини амалий тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Маданият вазирлиги муассислигидаги "Дийдор" режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси" давлат муассасаси негизида "Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студияси" давлат муассасасини (кейинги ўринларда театр-студия деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар театр-студиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мамлакатимизда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлаштирилган оммавий тадбирларнинг ғоявий-бадиий савияси ва таъсирчанлигини кучайтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш, юқори малакали театр ижодкорларини амалий тайёрлаш;

театр санъати соҳасида малакали ёш режиссёрлар, актёрлар, драматурглар, нотиқлик санъати бўйича мутахассисларни излаб топиш ва уларнинг маҳоратини ошириш мақсадида профессионал труппа ҳамда ҳаваскорлик жамоасини ташкил этиш;

актёрлик санъати ва режиссёрлик бўйича театр ва санъат муассасаларининг ижодий ходимлари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг талаба ва ўқувчилари учун амалиёт курслари (ижодий устахона) ташкил этиш;

хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги театрларнинг ёш истеъдодли актёрлари ва бошқа ижодий ходимлари учун доимий равишда тренинг, маҳорат дарслари, театр санъати билан боғлиқ ўқув-тажриба машғулотлари ҳамда махсус лойиҳа бўйича тажриба спектакллари яратиш;

мамлакатимизда ва хорижий давлатларда гастроль фаолияти, фестиваль, кўрик-танлов, театрлаштирилган шоулар, маърузалар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар, дам олиш ва ижодий кечалар, мақсадли театрлаштирилган маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказишни таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студияси" давлат муассасаси штатлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Қуйидагилар театр-студия фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

театр-студиянинг спектакль, томошалар намойиши ва гастроль фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотлар грантлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, театр-студияга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар унинг ўз даромадлари билан қопланмаган қисми учун ажратилади.


5. Белгилаб қўйилсинки, театр-студия "Дийдор" режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси" давлат муассасасининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг театр-студиянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, Марказ-1 мавзеси, 9-уй манзилида жойлашган бинонинг бир қисмини (248 кв.м.) театр-студияга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда мазкур объектни белгиланган тартибда топширсин, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қабул қилиб олсин ҳамда ундан самарали фойдаланилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

бир ой муддатда театр-студиянинг янги таҳрирдаги уставининг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларининг тажриба-амалиёт дарсларини театр-студияда ташкил этиш ҳамда театр-студияда таҳсил олаётган иқтидорли ёш режиссёр ва актёрларнинг Тошкент шаҳрида яшаши учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қарашли ётоқхоналарда зарур шарт-шароитлар яратишни таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Дийдор" режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси" давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида" 2012 йил 20 февралдаги 43-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 80-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

266-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият

вазирлигининг "Дийдор" ёшлар экспериментал

театр-студияси" давлат муассасаси

ШТАТЛАРИ

Т/р

Таркибий бўлинмалар ва

лавозимларнинг номи

Штат бирлигининг сони

Маъмурий бошқарув ходимлари

1.

Директор

1

2.

Бош муҳандис

1

3.

Бош ҳисобчи

1

Бадиий бошқарув ходимлари

4.

Бадиий раҳбар

1

5.

Труппа раҳбари

1

Бадиий ходимлар

6.

Саҳналаштирувчи режиссёр

2

7.

Рассом

1

8.

Овоз режиссёри

1

9.

Либос (костюм) бўйича рассом

1

Ижодий ходимлар

10.

Драма артистлари

20

Мутахассислар

11.

Юрисконсульт

0,5

12.

Кадрлар бўйича инспектор

0,5

13.

Ўқитувчи

10

Техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар

14.

Ишлаб чиқариш ва хизмат хоналари фарроши

*

15.

Қоровул (охранник)

*

16.

Юк автомашинаси ҳайдовчиси

*

17.

Енгил автомашина ҳайдовчиси

*

18.

Автобус ҳайдовчиси

*

19.

Чироқ устаси

1

20.

Бутафор

1

21.

Саҳна машинисти

3

22.

Пардоз устаси (гример-постижер)

1

23.

Либосчи (костюмер)

1

24.

Кийим бичувчи (закройщик)

1

25.

Иш юритувчи (делопроизводитель)

1

   

*) Биноларнинг ички қисми, шу жумладан ишлаб чиқариш ва хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 800 кв.м тозалаш майдони учун 1,0 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.

Театр-студияни кеча-кундуз қўриқлаш учун дам олиш ва байрам кунлари ҳамда таътил даврида ҳар бир ўрин алмашиш иш вақти ҳисобга олинган ҳолда 4,0 бирлик қоровул лавозими киритилади.

Ҳайдовчи лавозими мавжуд бўлган фойдаланилаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун 1,0 бирлик ҳисобида киритилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

266-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида" 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорининг 1-иловасидаги "Дийдор" режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси" давлат муассасаси" сўзлари "Дийдор" ёшлар экспериментал театр-студияси" давлат муассасаси" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2018 й., 25-сон, 500-модда) рус тили матнидаги 2-иловасида "Театра-студии "Дийдор" режиссерского и актерского мастерства" сўзлари "Государственного учреждения "Молодежного экспериментального театра-студии "Дийдор"" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель