Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 265-сон қарорига 9-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

265-сон қарорига

9-ИЛОВА



Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг

қўриқланадиган теграларини белгилаш ва

уларни сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ тарихий-маданий қимматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар), моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари лойиҳаларини ишлаб чиқиш тартиби, ушбу теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига бўлган талабларни белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


объект - Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган ёки тарихий-маданий қимматга эга эканлиги аниқланган бино, иншоотлар, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектлари;


махсус ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги;

қўриқланадиган тегралар - муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт теграларини ўзи ичига олади;


қўриқланадиган теграларнинг чегаралари - олиб бориладиган шаҳарсозлик, хўжалик ва бошқа фаолият объектнинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш учун бевосита ёки билвосита салбий таъсир кўрсатмайдиган объектдан ташқаридаги ҳудудни белгилайдиган чизиқлар;


муҳофаза теграси - объектларни асрашни таъминлаш мақсадида ҳудуднинг тарихий, шаҳарсозлик ёки табиий атроф-муҳитни асраш ва тиклашга қаратилган махсус тадбирларни қўллашдан ташқари хўжалик фаолиятини чеклайдиган ва қурилишни тақиқловчи, ердан фойдаланиш учун махсус тартиб ўрнатилган ҳудуд;


иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш теграси - қурилиш ва хўжалик фаолиятини чеклайдиган, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш талаблари белгиланган ҳудуд;


қўриқланадиган табиий ландшафт теграси - объектлар ҳамда унинг тегралари билан боғлиқ бўлган ердан фойдаланиш, хўжалик фаолиятини тақиқлаш ёки чеклаш, табиий ландшафтни муҳофаза қилиш (тиклаш) учун бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш, дарё водийлари ва қирғоқлари, сув омборлари, ўрмонлар, очиқ жойлардан фойдаланиш тартиби ўрнатилган ҳудуд;


тарихий-маданий тадқиқотлар - қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун амалга ошириладиган тарихий-меъморий, тарихий-шаҳарсозлик, архив, археологик ва бошқа изланишлар мажмуаси.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАНАДИГАН ТЕГРАЛАРНИ

БЕЛГИЛАШ ВА УЛАРГА РИОЯ ҚИЛИШ


§ 1. Қўриқланадиган теграларни аниқлаш


3. Объектнинг ўзгартирилиши мумкин бўлмаган ўзига хос хусусиятларини ва унинг тарихий муҳитини сақлаб қолиш мақсадида унга туташ ҳудудда қўриқланадиган тегралар ўрнатилади.


4. Қўриқланадиган тегралар лойиҳада белгиланади. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси матн ва хариталар (чизмалар) шаклида тузилади.


5. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳасида, ушбу теграларда жойлашган объектларнинг қўриқланадиган тегралар чегаралари ҳамда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қайд этилади.


6. Қўриқланадиган теграларнинг чегаралари ер участкаларининг чегаралари билан мос келмаслиги мумкин.


7. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳалари махсус ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, объектларнинг эгалари ёки фойдаланувчилари, ер участкаларининг эгалари, устав (низом) фаолиятларида объектларни муҳофаза қилиш белгиланган юридик шахслар ташаббуси ёки суднинг ҳужжатига мувофиқ ишлаб чиқилиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли орган ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан мувофиқлаштирилади.


8. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳалари (ушбу теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига бўлган талаблар билан бирга) архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича тегишли (А гуруҳ, архитектура ёдгорликларини таъмирлаш учун ҳужжатлар) лицензияга эга бўлган ва штатида моддий маданий мерос объектлари соҳаси бўйича камида бир нафар олий ёки ўрта махсус маълумотли ва соҳада камида уч йиллик амалий тажрибага эга мутахассиси бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади.

Махсус ваколатли орган, унинг ҳудудий органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, объектларнинг эгалари ёки фойдаланувчилари, ер участкаларининг эгалари ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи бўлиши мумкин.


9. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишни режалаштириш объектларни муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича мақсадли дастурларга киритилиши мумкин.

Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ харажатлар объектнинг текин фойдаланувчиси, ҳуқуқ эгаси, бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши мумкин.


10. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш тарихий-маданий тадқиқотлар, кадастр маълумотлари ва қўриқланадиган теграларни асослаш бўйича бошқа материаллар асосида амалга оширилади.


11. Қўриқланадиган теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ушбу Низомнинг 18-20-бандларида кўрсатилган талабларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.


12. Бир нечта объектларнинг тарихий муҳити сақланишини таъминлаш мақсадида ушбу объектлар учун ягона муҳофаза тегралари, ягона қуриш ёки хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ва ягона табиий ландшафт тегралари (ягона қўриқланадиган тегралар) ўрнатилади.


13. Қўриқланадиган теграларнинг чегараларини лойиҳалаштиришда табиий чегаралар (йўллар, темир йўллар, дарёлар, адирлик, жарлик ва бошқалар) инобатга олинади.


14. Қўриқланадиган тегралар лойиҳасини асослаш бўйича материаллар қуйидагилардан иборат:

объектнинг Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ўтказилган тарихий-маданий тадқиқотлар бўйича ҳисоботлар, шу жумладан археологик тадқиқотлар бўйича илмий ҳисоботлар;

лойиҳалаштирилган тегралар ва ушбу тегралар ҳудудида жойлашган объектлар, бошқа бино ва иншоотлар тўғрисида матн ва хариталар (схемалар, фото тасвирлар) шаклидаги маълумотлар;

объектнинг асосий турдаги кўриниш нуқталаридан ва кўриш майдончаларидан ҳис қилиш бўйича матн ва хариталар (схемалар, фото тасвирлар) кўринишидаги маълумотлар;

лойиҳалаштирилаётган тегралардаги табиий ландшафтнинг объект билан композицион боғлиқлиги, шунингдек, унда жой рельефи, сув иншоотлари, тупроқлар ва ўсимликлар муайян турларининг мослашуви тўғрисидаги маълумотлар;

қўриқланадиган теграларнинг лойиҳасини асослаш ва такомиллаштириш учун зарур бўлган бошқа материаллар.


15. Ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган материалларнинг таркиби ва мазмуни тарихий-маданий тадқиқотлар асосида аниқланади.

Тарихий манзилгоҳ ҳудудида жойлашган объектнинг қўриқланадиган теграсининг лойиҳасини асослаш бўйича материаллар тарихий-маданий таянч режа ёки унинг фрагменти кўринишида тақдим этилиши мумкин.


16. Махсус ваколатли орган тарихий-маданий тадқиқотларни ўтказиш, ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган материалларни тайёрлаш ва улар асосида қўриқланадиган тегралар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича методик тушунтириш беради.



§ 2. Қўриқланадиган теграларда ердан

фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари

ва қоидаларини белгилаш


17. Муҳофаза теграларида ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:

объектнинг табиий ёки тарихий-шаҳарсозлик муҳитини асраш ва тиклашга йўналтирилган махсус чора-тадбирлардан ташқари бошқа капитал қурилиш ишларини тақиқлаш;

реконструкция қилиш ишларини чеклаш, шу жумладан уларнинг ўлчами, нисбати, параметри, қисмларининг хусусиятлари ва кичик архитектура шаклларини сақлаш, уларда алоҳида қурилиш материалларидан фойдаланиш ва ранг ечимларини қўллаш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун хўжалик фаолиятини чеклаш, шу жумладан рекламани жойлаштириш, белгиларни ўрнатиш, бино ва иншоотларни (автотураргоҳлар, вақтинчалик иншоотлар, киоскалар ва бошқалар) қуришни тақиқлаш ёки чеклаш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича олиб бориладиган ишларни назорат қилиш;

объектнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва уни динамик таъсирлардан ҳимоя қилиш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган гидрологик ва экологик шароитларни сақлаб қолиш;

объектни сақлаш, фойдаланиш, тарғиб қилиш ҳамда унинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитининг шаҳарсозлик хусусиятларини сақлаб қолиш ва тиклашга қаратилган ҳудудини ободонлаштириш;

объектнинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитида визуал қабул қилинишини таъминлаш, шу жумладан табиий ландшафтдаги очиқ ва ёпиқ жойлар нисбатини сақлаш ва тиклаш;

тарихдан ташкил топган ер участкалари чегараларини сақлаш, шу жумладан ерларни бошқариш ва ер участкаларини тақсимлашда ўзгаришларни чеклаш;

объект ва унинг тарихий ҳамда ландшафт муҳити сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа талаблар.


18. Иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш теграларида ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:

объектнинг сақланишини таъминлаш учун қурилиш ишларини чеклаш, шу жумладан капитал қурилишнинг бино ва иншоотлари ва унинг қисмига доир ўлчам, нисбат ва параметрлар, алоҳида қурилиш материалларидан фойдаланиш ҳамда ранг ечимларини қўллаш;

капитал қурилиш ҳамда бино ва иншоотларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни чеклаш, шу жумладан уларнинг ўлчами, нисбати ва параметрларига, алоҳида қурилиш материалларидан фойдаланиш ҳамда ранг ечимларини қўллаш;

тарихдан ташкил топган ер участкалари чегараларини сақлаш, шу жумладан ерларни бошқариш ва ер участкаларни тақсимлашдаги ўзгаришларни чеклаш;

объектнинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитда визуал қабул қилинишини таъминлаш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун хўжалик фаолиятини чеклаш, шу жумладан рекламани жойлаштириш, белгиларни ўрнатиш, бино ва иншоотларни (автотураргоҳлар, вақтинчалик иншоотлар, киоскалар ва бошқалар) қуришни тақиқлаш ёки чеклаш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича олиб бориладиган ишларни назорат қилиш;

объектнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва уни динамик таъсирлардан ҳимоя қилиш;

объектнинг сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган гидрологик ва экологик шароитларни сақлаб қолиш;

тарихий аҳамиятга эга бўлган барча шаҳарсозлик иншоотларнинг бутлигини таъминлаш;

объект ва унинг тарихий ҳамда ландшафт муҳити сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа талаблар.


19. Қўриқланадиган табиий ландшафт теграларида ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қуйидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда белгиланади:

табиий ландшафтнинг, шу жумладан дарё водийлари ва қирғоқлари, сув ҳавзалари, ўрмон ва очиқ жойларнинг объект билан композицион боғлиқлигини сақлаш ва қайта тиклаш мақсадида капитал қурилишни, бино ва иншоотлар ҳамда уларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни, хўжалик фаолиятини тақиқлаш ёки чеклаш;

қўриқланадиган табиий ландшафт ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва уни динамик таъсирлардан ҳимоя қилиш;

қўриқланадиган табиий ландшафтни сақлаш ва қайта тиклашни таъминлаш учун зарур бўлган гидрологик ва экологик шароитларни сақлаб қолиш;

объектнинг тарихий-шаҳарсозлик ва табиий муҳитида визуал қабул қилишни таъминлаш мақсадида қўриқланадиган табиий ландшафтда очиқ ва ёпиқ жойлар ўртасидаги мутаносибликни сақлаш ва тиклаш;

қўриқланадиган табиий ландшафтни сақлаш ва тиклаш учун зарур бўлган бошқа талаблар.



§ 3. Қўриқланадиган теграларни тасдиқлаш

ёки тасдиқлашни рад этиш


20. Қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли орган томонидан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда тарихий-маданий экспертизадан ўтказилади.

Тарихий-маданий экспертиза хулосаси махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланган тақдирда, у бўйича ижобий тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган ҳисобланади.

Тарихий-маданий экспертизанинг ижобий хулосаси объектнинг қўриқланадиган тегралари чегарасини тасдиқлаш, ердан фойдаланиш режими, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини (регламентини) белгилаш ўрнатиш учун асос ҳисобланади.


21. Ижобий тарихий-маданий экспертиза хулосаси олинган қўриқланадиган теграларнинг чегаралари (лойиҳаси) махсус ваколатли орган раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.


22. Тасдиқланган қўриқланадиган тегралар лойиҳасининг (чегараларининг) нусхалари, улар аслига тўғри эканлиги тасдиқланган ҳолда қуйидагиларга уч иш куни давомида буюртма почта орқали махсус ваколатли орган томонидан юборилади ёхуд тақдим этилади:

махсус ваколатли органнинг ҳудудий органларига - қўриқланадиган теграларга риоя қилинишини назорат қилиш, объектнинг Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига, Давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни киритиш, архивда доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг тегишли туман (шаҳар) бўлимларига - аҳоли пунктининг бош режаси, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат бериш, шаҳарсозлик регламенти ва фаолияти, ердан фойдаланишда қўриқланадиган теграларга риоя қилиш, архивда доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналарининг тегишли туманлардаги (шаҳарлардаги) филиалларига - ердан фойдаланиш, ер участкаларини ажратиш (таклифлар тайёрлаш), бино ва иншоотлар, ер участкаларининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда қўриқланадиган теграларга риоя қилиш, Давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни киритиш, доимий (муддатсиз) сақлаш ва қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун;

қўриқланадиган тегра лойиҳасини ишлаб чиқувчига - қонун ҳужжатларига асосан фойдаланиш учун.

Махсус ваколатли орган зарур ҳолларда, қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этиши (юбориши) мумкин.

Тасдиқланган қўриқланадиган тегралар лойиҳаларнинг асл нусхаси махсус ваколатли органда доимий (муддатсиз) сақланади ва қатъий ҳисобга олинади.


23. Ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига зид равишда ишлаб чиқилган ёки улардаги нормаларга мос бўлмаган қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли орган томонидан тарихий-маданий экспертизадан ўтказилмасдан, бузилган қонун ҳужжатларини аниқ кўрсатган ҳолда ўн кун муддатда рад этилади. Ушбу ҳолатларда тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тўланган йиғим қайтарилади.

Рад этилган қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси махсус ваколатли органга умумий тартибда киритилади.


24. Тарихий-маданий экспертиза хулосаси махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланмаган тақдирда, илмий-эксперт кенгаш баёнида маъқулламасликнинг (рад этишнинг) асослари илмий-экспертлик нуқтаи назардан баён этилади. Ушбу ҳолатларда тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш учун тўланган йиғим қайтарилмайди.

Махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши ушбу бобнинг 1 ва 2-параграфларида белгиланган талабларга зид бўлганда рад этади.

Махсус ваколатли органнинг илмий-эксперт кенгаши томонидан маъқулланмаган (рад этилган) қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси уни маъқулламаслик (рад этиш) бўйича келтирилган камчиликлар бартараф этилган ҳолда, икки ой муддат ичида қайта киритилиши мумкин. Икки ой муддат ўтганидан кейин қўриқланадиган теграларнинг лойиҳаси умумий тартибда киритилади ва бундай ҳолатларда тўланган йиғим қайтарилмайди.



§ 4. Қўриқланадиган теграларга риоя қилиш


25. Қўриқланадиган теграларни белгилаш тўғрисидаги қарор асосида юзага келадиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг чекланиши Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхоналарининг тегишли туманлардаги (шаҳарлардаги) филиаллари томонидан давлат рўйхатига олиниши керак.


26. Қўриқланадиган теграларнинг тасдиқланган чегаралар, ушбу теграларда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари тўғрисидаги маълумотлар шаҳарсозлик фаолиятини таъминлаш ахборот тизимларига киритилиши шарт, қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашлар бундан мустасно.


27. Тасдиқланган қўриқланадиган теграларнинг чегаралари, ушбу теграларда жойлашган ер тузиш (фойдаланиш) режимлари ва шаҳарсозлик, ҳудудни режалаштириш ҳужжатлари, ердан фойдаланиш ва қурилиш қоидаларида ҳисобга олиниши ва ифодаланиши лозим, зарурат бўлса, мазкур ҳужжатларга ўзгартириш киритилиши мумкин.


28. Маҳаллий аҳамиятдаги объектларнинг қўриқланадиган теграларида республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда республика аҳамиятидаги объект учун белгиланган қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.


29. Республика аҳамиятдаги объектларнинг қўриқланадиган теграларида маҳаллий аҳамиятдаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда республика аҳамиятидаги объект учун белгиланган қўриқланадиган теграларда белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.


30. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган теграларида маҳаллий ва (ёки) республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.


31. Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида маҳаллий ва (ёки) республика аҳамиятидаги объект жойлашган бўлса, бундай ҳолатларда алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларида белгиланган қоида ва талаблар амал қилади.


32. Янги аниқланган ёки давлат муҳофазасига янги олинган объект бўйича ушбу Низомга мувофиқ қўриқланадиган тегралар белгиланиши ва шу муносабат билан тегишли шаҳарсозлик, ердан фойдаланиш ҳужжатлари ва режими (регламенти) қайта кўриб чиқилиши керак.


33. Қўриқланадиган тегралар белгиланмаган ҳолларда:

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) режалаштирилаётган чегарасидан 300 метргача;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудуднинг режалаштирилаётган чегарасидан 200 метргача;

республика аҳамиятидаги объект, шу жумладан археология ёдгорликларининг режалаштирилган чегарасидан 100 метргача бўлган ҳудудда ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари (капитал қурилиш ҳамда бино ва иншоотларнинг қисмларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш) махсус ваколатли орган билан келишилади.


34. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари (тарихий ҳудуд ва буфер зона) ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ёки Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсиялари инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори кучга киргунга қадар ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг (объектларнинг) қўриқланадиган тегралари (тарихий ҳудуд ва буфер зона) чегараси ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази тавсия этган чегаралар ҳисобланади.


35. Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг чегаралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади.


36. Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар), объект ва унинг қўриқланадиган теграларида ердан фойдаланиш, қурилиш-монтаж ва шаҳарсозлик ишларига рухсатнома Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги низомга асосан берилади.


37. Қўриқланадиган тегралар, шу жумладан уларнинг чегараларини, унда белгиланган ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ўзгартириш қўриқланадиган теграларнинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш йўли билан амалга оширилади.


38. Объектнинг маҳаллий ёки республика аҳамияти ўзгарганда, ушбу объект бўйича янги қўриқланадиган тегралар ушбу Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади.


39. Ердан фойдаланиш, шаҳарсозлик, хўжалик ва бошқа фаолиятларни амалга оширишда қўриқланадиган тегралардаги қоидаларга риоя қилинади.


40. Объект Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастридан чиқарилса, ушбу объект бўйича ўрнатилган қўриқланадиган тегралар ўз кучини йўқотади.

Бошқа объектнинг қўриқланадиган теграсида жойлашган объект Моддий маданий мерос объектлари кадастридан чиқарилса, ушбу бошқа объектнинг қўриқланадиган теграсига тегишли ўзгартириш киритилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Қўриқланадиган теграларнинг чегараси, ушбу теграларда белгиланган қоидалар (тақиқлаш, чеклаш) натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган (бузиладиган) жисмоний ва юридик шахслар судга шикоят қилиш (суд орқали эътироз билдириш) ҳуқуқига эга.


42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель