Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 265-сон қарорига 10-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

265-сон қарорига

10-ИЛОВА



Алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий

ҳудудларни ташкил этиш ва уларни

сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида" ва "Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларни (кейинги ўринларда тарихий-маданий ҳудуд деб аталади) ташкил этиш, қайтадан ташкил этиш, тугатиш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган моддий маданий мерос объектлари ҳудудида алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ташкил этилади.


3. Тарихий-маданий ҳудудлар тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналар, тарихий манзилгоҳлар кўринишида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шаклларда ташкил этилади.


4. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш мақсадида тарихий-маданий ҳудудларда муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режими (кейинги ўринларда режим деб аталади) ўрнатилади.



2-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ

ҲУДУДЛАРНИНГ МУЛК ҲУҚУҚИ


5. Тарихий-маданий ҳудудлар давлат мулки, хусусий мулк ва қонунда белгиланган тартибда бошқа мулк шаклларида бўлиши мумкин.


6. Давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмас.


7. Моддий маданий мерос объектлари ва уларнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ер участкалари бўлинмайди.


8. Тарихий-маданий ҳудудлар фуқаролар кириб чиқиши учун очиқдир, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Моддий маданий мерос объектларини, шунингдек, тарихий-маданий қимматга эга бўлган бошқа объектларни сақлаб қолиш мақсадида тарихий-маданий ҳудудларнинг айрим қисмларига фуқароларнинг кириши Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда махсус ваколатли орган деб аталади) ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан чекланиши ёки ман этилиши мумкин.

9. Тарихий-маданий ҳудудларда яшовчи аҳоли ва унда бўлиб турган шахслар мазкур ҳудудларнинг алоҳида тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қиммати, тарихий-маданий муҳитини сақлаб қолиш ҳамда ушбу ҳудуднинг муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режимига риоя этадилар.



3-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДЛАРНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДАГИ НАЗОРАТ


10. Тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш махсус ваколатли орган ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.


11. Тарихий-маданий ҳудудларда жойлашган моддий маданий мерос объектларида олиб бориладиган асрашга доир ишлар, шунингдек, мазкур ҳудуддаги қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.


12. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тадбирларини амалга оширишда давлат органларига кўмаклашиши мумкин. Давлат органлари ушбу тадбирларни амалга ошираётганда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг таклифларини кўриб чиқадилар.


13. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролар тегишли давлат органларидан тарихий-маданий ҳудудлар тўғрисидаги тегишли ахборотларни талаб қилиш ҳамда олиш ҳуқуқига эга.


14. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар тарихий-маданий ҳудудлар ташкил этилаётган, муҳофаза қилинаётган ҳамда улардан фойдаланилаётганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тарихий-маданий экспертизасини ўтказиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан фойдаланишда жамоатчилик назоратини амалга оширишлари мумкин.



4-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ

ҲУДУДЛАРНИ БОШҚАРИШ


15. Тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

16. Тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш мақсадида махсус ваколатли органнинг таклифига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ер участкалари захира қилиниши мумкин.


17. Юридик ва жисмоний шахсларнинг захира қилинган ер участкаларидаги фаолияти, агар бундай фаолият мазкур участкаларда муҳофаза қилиниши мўлжалланаётган моддий маданий мерос объектлари сақланишига хавф соладиган бўлса, чекланиши ёки тақиқланиши лозим. Ушбу ер участкаларининг юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки ижара учун беришга фақат махсус ваколатли органнинг тарихий-маданий экспертиза ижобий хулосаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.



5-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


18. Тарихий-маданий ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.

Тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги тегишли ҳудудлар тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади.


19. Тарихий-маданий ҳудудларни қайта ташкил этиш, уларнинг шаклларини ўзгартириш зарур бўлганда амалга оширилади. Бунда тарихий-маданий ҳудуднинг қаттиқ режимли шаклдан енгил режимли шаклга ўтказилишига алоҳида ҳолларда йўл қўйилади.


20. Тарихий-маданий ҳудудларнинг фаолият юритишини тугатиш табиий офатлар, техноген хусусиятдаги таъсирлар натижасида улардаги моддий маданий мерос объектлари жисман тўла йўқотилган бўлса ёки моддий маданий мерос объекти сифатидаги ўз қимматини йўқотган тақдирда амалга оширилади.



6-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ

ҲУДУДЛАР ПАСПОРТИ


21. Ҳар бир тарихий-маданий ҳудудлар бўйича икки нусхада паспорт тузилади.


22. Тарихий-маданий ҳудуд паспортига:

тарихий-маданий ҳудудни тузиш тўғрисидаги ҳужжат (қарор);

унда мазкур ҳудудни, унинг тарихий-маданий қиммати, режими ва бошқарувини тавсифловчи маълумотлар;

мазкур ҳудудда жойлашган моддий маданий мерос объектлари ва ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари асосий турларининг фотосуратлари;

тарихий-маданий ҳудудлар ва уларнинг қуриқланадиган тегралари доирасида ер участкаларининг чегаралари чизилган тарихий-маданий ҳудуд ва унинг қуриқланадиган теграси харитаси илова қилинади.

Зарурат бўлганда, тарихий-маданий ҳудуднинг паспортига паспортда кўрсатилган маълумотларни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар (материаллар) илова қилиниши мумкин.


23. Тарихий-маданий ҳудудлар паспорти:

юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича махсус ваколатли орган томонидан;

юридик шахс сифатида ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича ушбу юридик шахс томонидан юритилади.


24. Тарихий-маданий ҳудудлар паспортларининг бир нусхаси махсус ваколатли органда сақланади. Паспортнинг нусхаси тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилади.


25. Тарихий-маданий ҳудуднинг паспорти махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.


26. Паспортга киритилган маълумотларнинг тўғрилиги, шунингдек, уни ўз вақтида янгилаб туриш учун жавобгарлик ушбу паспортни юритишга масъул бўлган шахсларга юкланади.


27. Тарихий-маданий ҳудуднинг паспорти унга киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда янгиланиши керак. Янгиланган паспорт махсус ваколатли орган, тегишли юридик шахс ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилади ва уларда сақланади.



7-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДЛАРНИ

БОШҚАРИШ РЕЖАЛАРИ


28. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режалари моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича барча ташкилий, техника ва бошқа тадбирлардан иборат.


29. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларининг лойиҳалари тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда:

юридик шахс бўлмасдан ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича махсус ваколатли орган томонидан;

юридик шахс сифатида ташкил этилган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича ушбу юридик шахс томонидан ишлаб чиқилади.


30. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларининг лойиҳалари махсус ваколатли орган томонидан тарихий-маданий экспертизадан ўтказилади.


31. Тарихий-маданий экспертиза хулосаси ижобий бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қўшма қарорлари билан тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режалари тасдиқланади.

32. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси қуйидаги қисмлардан иборат бўлади:

кириш қисми;

тарихий-маданий ҳудудларнинг тавсифи;

тарихий-маданий ҳудудларни баҳолаш;

тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш стратегияси;

тезкор режа;

иловалар.

Бошқариш режасини тузишда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

ўтган беш йил давр учун табиий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлар ўзгаришининг таҳлили;

ўтган беш йил даврдаги тарихий-маданий ҳудудлар фаолиятини баҳолаш таҳлили;

тарихий-маданий ҳудудларда кейинги беш йиллик давр учун амалга ошириладиган тадбирлар;

бошқариш тузилмаси, норматив-ҳуқуқий базаси, кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро алоқаларни такомиллаштириш йўли билан амалга ошириш бўйича механизмлар.


33. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари инобатга олинади.


34. Бошқариш режасининг мазмуни тарихий-маданий ҳудудлар шакли, тартиби (режими), мақсади ва вазифаларига боғлиқ бўлади.


35. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси янгиланганда тарихий-маданий ҳудудларни аввалги бошқариш режаси йўқ қилинмайди.


36. Тарихий-маданий ҳудудларнинг фаолият кўрсатиши тўхтатилганда тарихий-маданий ҳудудларнинг барча режалари ва унга тааллуқли материаллар махсус ваколатли органнинг архивига топширилиши лозим.


37. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режаси тегишли равишда ушбу ҳудудларда яшовчи, фаолиятини олиб борувчи, ташриф буюрувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


38. Тарихий-маданий ҳудудларни бошқариш режасига киритилган маълумотларнинг ҳақиқийлигига, шунингдек, унинг ўз вақтида янгиланиши учун жавобгарлик тасарруфида тарихий-маданий ҳудудлар бўлган давлат идоралари, юридик ва жисмоний шахслар зиммасига юкланади.



8-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҚЎРИҚХОНАЛАР

ВА УЛАРНИНГ РЕЖИМИ


39. Диққатга сазовор жой ёки унинг бир қисми ҳамда шу теграда жойлашган ёдгорликлар ва ансамбллар биргаликдаги тарихий-маданий ҳудудлар тарихий-маданий қўриқхоналар ҳисобланади.


40. Тарихий-маданий қўриқхоналар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.

41. Тарихий-маданий қўриқхоналар давлатга қарашли ёки хусусий бўлиши, юридик шахс ташкил этган ҳолда ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бўлиши мумкин. Хусусий тарихий-маданий қўриқхоналар хусусий моддий маданий мерос объектлар базасида ташкил этилади.


42. Тарихий-маданий қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралиши, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлиги, шунингдек, мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолияти тартибга солиниб турилиши таъминланади.


43. Тарихий-маданий қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият махсус ваколатли орган томонидан давлат назорати шаклида текширилади ва суд томонидан доимий равишда ёки вақтинча чекланади ёки тугатилади.


44. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги тарихий-маданий қўриқхоналар жойлашган ҳудудлар ер эгаларининг, ердан фойдаланувчиларнинг, шунингдек, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг хўжалик мақсадидаги фойдаланишидан олиб қўйилмайди.


45. Тарихий-маданий қўриқхоналар қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларида ташкил этилган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар тарихий-маданий қўриқхоналарнинг белгиланган режимига риоя этишлари шарт.



9-БОБ. МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНАЛАР ВА УЛАРНИНГ

РЕЖИМИ, ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ФАОЛИЯТИ


46. Тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирувчи моддий маданий мерос объектларида музейлар яратилиб, шунингдек, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудида илгари удум бўлган анъанавий хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятлар тикланган тарихий-маданий ҳудудлар музей қўриқхоналар ҳисобланади.


47. Музей қўриқхоналар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат илмий-тадқиқот муассасаси шаклида ташкил этилади.

48. Музей қўриқхоналар, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги тизимига киради, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан тасдиқланадиган музей-қўриқхоналар тўғрисидаги низом асосида фаолият кўрсатади.

49. Музей-қўриқхона ҳудудидаги моддий маданий мерос объектлари теварак атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асралиши, тарихий-маданий қўриқхона ҳудудининг яхлитлиги, шунингдек, мазкур ҳудуд чегараларида қурилиш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиб турилиши таъминланади.


50. Музей-қўриқхона ҳудудидаги маданий мерос объектларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай фаолият махсус ваколатли орган томонидан давлат назорати шаклида текширилади ва суд томонидан доимий равишда ёки вақтинча чекланади ёки тугатилади.


51. Музей-қўриқхоналарида илмий тадқиқотлар музей-қўриқхоналар штатидаги илмий ходимлар томонидан ўтказилади. Шартнома асосида бошқа илмий ташкилотлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.


52. Музей-қўриқхоналарида олимлар кенгашлари (илмий кенгашлар) тузилади.


53. Музей-қўриқхоналардаги илмий-тадқиқот фаолияти натижалари, агар улар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобига олинган бўлса ва қонунда белгиланган бошқа ҳолларда давлат мулки ҳисобланади. Музей-қўриқхоналар, махсус ваколатли орган ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари илмий-тадқиқот фаолияти натижаларидан текин фойдаланадилар.


54. Музей-қўриқхоналарининг маданий мерос объектлари ҳолати тўғрисидаги илмий ахборот эълон қилиниши керак. Музей-қўриқхоналари ўз матбуот нашрларига эга бўлиши мумкин.


55. Музей-қўриқхоналарининг илмий фондлари муддатсиз сақланиши керак.


56. Музей-қўриқхоналарининг илмий тадқиқот фаолияти Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва махсус ваколатли орган томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.


10-БОБ. ТАРИХИЙ МАНЗИЛГОҲЛАРНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ РЕЖИМИ


57. Тарихий манзилгоҳ дейилганда унинг ҳудуди доирасида ўтмишда яратилган, тарихий, эстетик, ижтимоий-маданий, археологик, меъморий ёки шаҳарсозлик қимматига эга бўлган ва халқнинг ўзига хослигини, унинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссасини сақлаб қолиш учун муҳим аҳамиятга молик моддий маданий мерос объектлари жойлашган манзилгоҳлар тушунилади.


58. Маданий мерос объектлари, улар жойлашган ер участкалари ва уларга туташ ҳудудлар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлигининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда киритилган таклифларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тарихий манзилгоҳ деб эълон қилинади.

59. Тарихий манзилгоҳда жойлашган ва шаҳарнинг муайян бўлаги сифатида тарихий қимматга эга бўлган барча объектлар: режавий тарҳ, иморат, композиция, табиий ландшафт, археологик қатлам, шаҳардаги турли (бўш турган, иморатлар қурилган, кўкаламзорлаштирилган) майдонларнинг ўзаро нисбати, катта-кичик ёки узун-қисқа кўринишлари, шаҳар қурилишининг бўлак-бўлак ва хароба ҳолидаги осори атиқалари, саҳни, маҳобати, тузилиши, услуби, материаллари, ранги ва манзарали элементлари билан ажралиб турадиган бинолар, иншоотларнинг шакли ва ташқи қиёфаси муҳофаза қилиниши керак.


60. Тарихий манзилгоҳдаги табиий таркиб топган ва инсон қўли билан яратилган манзаралар уйғунлиги, тарихий манзилгоҳ тараққиёти даврида унга хос бўлиб қолган турли жиҳатлар, шунингдек, бошқа қимматли элементлар сақлаб қолиниши керак.


61. Тарихий манзилгоҳ ҳудуди доирасида шаҳарсозлик, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият моддий маданий мерос объектлари ва мазкур манзилгоҳнинг бошқа қимматли хусусиятларини сақлаб қолиш шарти билан амалга оширилиши лозим.


62. Моддий маданий мерос объектларини, шунингдек, тарихий-маданий ёки табиий қимматга эга бўлган бошқа объектларни сақлаб қолиш мақсадида тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби белгилаб қўйилади.


63. Тарихий манзилгоҳларда шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида тартиби махсус ваколатли органнинг ҳамда архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқаруви органларининг назорати остида ўтказиладиган моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича изчил ва ўзаро боғлиқ тадбирлар тизимидан иборат.

Алоҳида тартиб тарихий-меъморий, тарихий-шаҳарсозлик, архив ва археология тадқиқотлари асосида тарихий манзилгоҳ ҳудуди чегараларида тарихий-маданий қимматга эга бўлган ер участкаларида жойлашган, ҳам сақланиб қолган, ҳам йўқотилган мазкур тарихий манзилгоҳнинг ривожланиш босқичларини кўрсатувчи барча шаҳарсозлик элементлари ва иншоотларини асослаган ҳолда тарихий-маданий таянч режасини тузишни, бинолар ҳамда иншоотларнинг ўлчамлари ва нисбатларига, автомобиллар турадиган жойларни, рекламалар ва лавҳаларни жойлаштиришни тақиқлаш ва чеклашларга ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш учун зарур бўлган бошқа чеклашларга тааллуқли шаҳарсозлик регламентини ўз ичига олади.


64. Тарихий манзилгоҳ қайси юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларида (биргаликдаги ер участкаларида) жойлашган бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар зиммасига бундай манзилгоҳнинг режимини таъминлаш мажбуриятлари юкланади.



11-БОБ. ДАВЛАТЛАРАРО ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ

ҲУДУДЛАР


65. Икки ва ундан ортиқ давлат ҳудудида жойлашган тарихий-маданий ҳудудлар давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланади.


66. Давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ташкил этилиши мумкин.


67. Давлатлараро тарихий-маданий ҳудудлар режими Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.



12-БОБ. МУҲОФАЗА ТЕГРАЛАРИ


68. Тарихий-маданий ҳудуддаги маданий мерос объектларини асрашни таъминлаш мақсадида ҳудуднинг тарихий, шаҳарсозлик ёки табиий атроф-муҳитни асраш ва тиклашга қаратилган махсус тадбирларни қўллашдан ташқари, хўжалик фаолиятини чеклайдиган ва қурилишни тақиқловчи, ердан фойдаланиш учун махсус тартиб ўрнатилган ҳудуд муҳофаза теграларидир.


69. Муҳофаза теграларнинг ўлчамлари ва режими, шунингдек, ер участкаларини сақлаш вазифаси тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш билан бир вақтда белгиланади.


70. Тарихий-маданий ҳудудларнинг муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт теграларининг чегараларини белгилаш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган тартибига асосан амалга оширилади.



13-БОБ. ТАРИХИЙ-МАДАНИЙ ҲУДУДЛАРНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


71. Тарихий-маданий ҳудудлар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

илмий-тадқиқот, реклама-ноширлик ва маърифий фаолиятдан олинган даромадлар;

тарихий-маданий ҳудудларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга қаратилган тушумлар;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

тарихий-маданий ҳудудларнинг режимини бузганлик учун ундирилган жарима пуллари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хомийлик ҳайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



14-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


72. Тарихий-маданий ҳудудларни ташкил этиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


73. Тарихий-маданий ҳудудлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель