Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 265-сон қарорига 11-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

265-сон қарорига

11-ИЛОВА



Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида

асрашга доир ишларни амалга ошириш учун

рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида" ва "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ моддий маданий мерос объектларини асрашга доир ишларга рухсатнома бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза берувчи - моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектини асрашга доир ишларга рухсатнома олиш учун мурожаат қилган юридик шахс шаклидаги тадбиркорлик субъектлари;


асрашга доир ишлар - моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишлари мажмуи;


лойиҳа - тегишли лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилоти томонидан тайёрланган объектларни асрашга доир ишлар ҳажми, тури, режалаштирилган асрашга доир ишларгача ва асрашга доир ишлар бажарилгандан кейинги кўринишини қиёсий таққослаган ҳолда рангли тасвир, ҳажмий-режали, конструктив ва техник ечимларни белгилайдиган, асрашга доир ишларга рухсат бериш учун асос ҳисобланадиган ҳужжатлар;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти;


объект - Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилган бино, иншоотлар ва ер участкалари, шунингдек, уларнинг қўриқланадиган тегралари, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ёки ушбу ҳудудларда жойлашган бино ва иншоотлар;


рухсатнома - ваколатли орган томонидан ариза берувчига, унинг аризасида кўрсатилган объектда асрашга доир ишларни амалга ошириш учун бериладиган расмий ҳужжат.


3. Асрашга доир ишлар ушбу Низомга мувофиқ берилган рухсатнома ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомга мувофиқ берилган лицензия мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади. Асрашга доир ишлар ваколатли орган томонидан маъқулланган лойиҳага мувофиқ амалга оширилиши шарт.

Асрашга доир ишларни амалга ошириш учун ҳар бир объектга алоҳида рухсатнома ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомга мувофиқ берилган лицензия олинади.

4. Ушбу Низом талаблари археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишга татбиқ этилмайди.


5. Рухсатнома ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича берилади.


6. Рухсатнома ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ваколатли орган томонидан берилади.

Рухсатнома бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Рухсатнома бланкалари ваколатли органнинг буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида матбаа усулида тайёрланади.

Ваколатли орган раҳбари рухсатнома бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда шахсан жавобгар ҳисобланади.

Берилган рухсатномаларнинг тасдиқланган нусхалари ваколатли органда сақланади.



2-БОБ. РУХСАТ БЕРИШ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартлари ҳисобланади:

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

асрашга доир ишларни рухсатномада кўрсатилган жой ва муддатда ўтказиш;

ваколатли органга тақдим этилган ва белгиланган тартибда маъқулланган асрашга доир ишларнинг лойиҳасига қатъий риоя қилиш;

асрашга доир ишларни амалга ошириш муддатига ёки лойиҳасига 10 фоиздан кўп бўлмаган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлганда, бу ҳақда ваколатли органни белгиланган муддатларда олдиндан ёзма равишда хабардор қилиш;

асрашга доир ишларда объектга салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни бажариш;

лойиҳа ташкилоти томонидан муаллифлик назорати ва ваколатли орган томонидан шартнома асосида илмий-техник назорат амалга оширилишини ташкил этиш.



3-БОБ. РУХСАТНОМА ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


8. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи қуйидаги ҳужжатларни ваколатли органга тақдим этади:

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза;

рухсатнома олиш учун белгиланган йиғимнинг ариза берувчи томонидан тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати нусхаси;

амалга оширилиши назарда тутилаётган асрашга доир ишларнинг лойиҳаси, ваколатли орган буюртмачи бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектларда бажариладиган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бўйича ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тавсия этилган методика бўйича Меросга таъсирни баҳолаш ҳисоботи.

Ариза берувчининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси ваколатли орган томонидан тегишли давлат органидан олинади.

Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиниши тақиқланади.


9. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун қуйидаги миқдорда йиғим ундирилади:

маҳаллий аҳамиятга эга бўлган объектлар бўйича асрашга доир ишлар учун - қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;

республика аҳамиятига эга бўлган объектлар бўйича асрашга доир ишлар учун - қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектларда бажариладиган йирик асрашга оид ишлар бўйича - қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида.

10. Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, рухсатнома олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Рухсатнома олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар асрашга доир ишларни молиялаштирувчи шахс томонидан тақдим этилиши (юборилиши) мумкин, бундай ҳолда ушбу ҳужжатлар асрашга доир ишларни молиялаштирувчи шахс кўрсатган ариза берувчи номидан расмийлаштирилади.


11. Ишончсиз ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун ариза берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


12. Рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги учун ариза берувчи жавобгар ҳисобланади.



4-БОБ. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

РУХСАТНОМАНИ БЕРИШ ЁКИ УНИ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан қабул қилинади.


14. Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ваколатли орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиб олинган санадан эътиборан ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.


15. Агар ваколатли орган ариза берувчининг рухсатнома бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш, уни бериш ёки беришни рад этиш муддати мобайнида ариза берувчига рухсатномани бермаса ёки уни беришни рад этмаса, ариза берувчи ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган муддат ўтганидан кейин бажарилиши ва (ёки) амалга оширилиши учун рухсатнома олмоқчи бўлган ҳаракатни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, эга бўлади, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолда ваколатли орган ариза берувчининг хабарномасини олганидан кейин беш иш куни ичида унга рухсатномани бериши шарт, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар бундан мустасно.


16. Ваколатли орган қошида рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Илмий-эксперт кенгаш (кейинги ўринларда кенгаш деб аталади) ташкил этилади.


17. Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза ваколатли орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан қабул қилиниб олинган санадан эътиборан йигирма беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кенгаш томонидан кўриб чиқилиши керак.


18. Кенгаш рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани қуйидагиларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқади:

маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилмаслигига, нақш ва бошқа безаклар олдинги ҳолатига уйғун ҳолда амалга оширилишига;

асрашга доир ишларда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишлар амалга оширилишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилган бўлишига;

режалаштирилган асрашга доир ишлар унга туташ объектга қай йўсинда таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузмаслигига, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилишига;

ариза берувчи ёки унда ишлайдиган ходимларнинг асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича олдинги ишларининг сифатига;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишларнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида конвенцияси (Париж, 1972 йил), ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларига мувофиқлигига.


19. Тақдим этилган ҳужжатларни кенгаш томонидан кўриб чиқиш натижалари тегишли баённома билан расмийлаштирилади.


20. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар кенгаш томонидан маъқулланган тақдирда, ваколатли орган ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тавсия этилган методикаси бўйича Меросга таъсирни баҳолаш ҳисоботи билан биргаликда кўриб чиқиб, тегишли муносабат билдириш учун ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси марказига юборади.


21. Рухсатномани бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан кенгаш баённомаси тасдиқлангандан сўнг ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар юзасидан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази ёки бошқа турдош органи томонидан ижобий хулоса олинганидан сўнг икки иш куни ичида чиқарилади.


22. Ариза берувчи томонидан рухсатномани олиш учун ваколатли органга тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллар қайтарилмайди.


23. Қуйидагилар рухсатномани беришни рад этиш учун асос ҳисобланади:

ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши ва ҳужжатларда келтирилган маълумотларнинг ҳақиқий эмаслиги, ушбу ҳолатда ариза кенгашга кўриб чиқишга киритилмасдан ваколатли орган томонидан рад этилади;

режалаштирилган асрашга доир ишлар маданий мерос объектини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинишига номувофиқлиги;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилиши, нақш ва бошқа безаклар билан уйғун ҳолда амалга оширилиши назарда тутилмагани;

асрашга доир ишларда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни амалда бажариш кўзда тутилмагани;

режалаштирилган асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилмагани;

режалаштирилган асрашга доир ишлар унга туташ объектга салбий таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузишига олиб келиши, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилмаслиги;

ариза берувчи ёки унда ишлайдиган ходимларнинг асрашга доир ишларни амалга ошириш бўйича олдинги ишларининг сифатсиз (ёки яроқсиз) бажаргани;

рухсатномани беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатларнинг фаолияти тўхташи ёки вақтинчалик тўхтатилиб қўйилиши;

ариза берувчининг фаолияти тўхтатилиши ёки тугатилиши.

Ушбу бандда кўрсатилмаган асослар билан рухсатномани беришни рад этиш тақиқланади.


24. Рухсатномани беришда рад жавоби берилиши қайта рухсатнома бериш тўғрисидаги мурожаат қилишга тўсқинлик қила олмайди.

Берилган рухсатномага ўзгартиришлар киритилиши ман этилади.

Ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аризани кўриб чиқиш муддати давомида рухсатнома беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатлар ўзгарса, ваколатли органларга муқаддам тақдим қилинган ҳужжатларда амалга оширилган ўзгартиришлар тўғрисида ариза орқали хабардор қилади.


25. Рухсатнома бериш рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотнома ариза берувчига рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда ариза берувчига бу сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисида, тузатиш киритиш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


26. Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун ўн беш иш куни давомида тақдим этишга ҳақли ҳисобланади.

Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


27. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан ариза берувчига ёзма маълумотномада олдин баён қилинмаган рад этиш сабаблари келтирилишига йўл қўйилмайди, олдин кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


28. Ариза берувчи томонидан рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма маълумотномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


29. Ариза берувчи рухсатнома беришни рад этилиши, шунингдек, ваколатли органнинг мансабдор (ваколатли) шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.



5-БОБ. РУХСАТНОМАНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА УНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ

ҲАМДА ДУБЛИКАТЛАР БЕРИШ


30. Ариза берувчи қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган, юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда, ариза берувчи ёхуд унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида ваколатли органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши керак.


31. Асрашга доир ишларни ўтказиш вақти ёки лойиҳага нисбатан 10 фоиздан кўп бўлмаган ўзгартиришлар киритиш зарурат бўлган тақдирда, ариза берувчи бу ҳақда ваколатли органни камида ўн кун олдин ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги аризага рухсатноманинг асл нусхаси илова қилинади.

Лойиҳага нисбатан 10 фоиздан кўп бўлган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган тақдирда, ариза берувчи бу ҳақда ваколатли органга қилган мурожаати янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


32. Ваколатли орган томонидан рухсатнома қайта расмийлаштирилганда рухсатномалар реестрига тегишли ўзгартириш киритилади. Рухсатномани қайта расмийлаштириш ва бериш ваколатли орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.


33. Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ариза берувчининг аризаси бўйича унинг дубликати берилади.

Рухсатнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда ваколатли орган ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда рухсатнома дубликатини бериши (юбориши) шарт.



6-БОБ. РУХСАТНОМАНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШ МУДДАТИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ,

ТУГАТИШ ВА УНИ БЕКОР ҚИЛИШ


34. Рухсатномани амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш ваколатли орган томонидан "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга оширилади.


35. Рухсат бериш талаблари ва шартлари бир марта қўпол равишда бузилишининг қуйидаги ҳоллари рухсатноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиши мумкин:

рухсатнома олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги аниқлангани;

асрашга доир ишлар маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилинмагани;

асрашга доир ишларнинг амалга оширилишини ваколатли орган томонидан маъқулланган эскиз лойиҳасига номувофиқлиги аниқлангани;

асрашга доир ишлар объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилиши, нақш ва бошқа безаклар олдинги ҳолатига уйғун ҳолда амалга оширилмагани;

асрашга доир ишларнинг объектни сақлаш ва муҳофаза қилиш талаблари, унга ҳар қандай салбий таъсирлар ва авария ҳолатига олиб келиши;

асрашга доир ишлар объектни консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, ҳозирги замонда фойдаланишга мослаштириш, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларига қаратилмагани;

асрашга доир ишлар унга туташ объектга салбий таъсир этиши ҳамда уларнинг умумий ансамблини бузишига олиб келиши, объект ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилмаслиги;

рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган ишлар рўйхати билан амалга оширилаётган ишларнинг мувофиқ бўлмаслиги;

рухсатномани беришга асос бўлиб хизмат қилган бир ёки бир нечта ҳужжатларнинг тўхтатилиши ёки вақтинча тўхтатиб қўйилиши;

ариза берувчи фаолиятининг тўхтатилиши ёки тугатилиши.


36. Рухсатномани тўхтатиб қўйишга бўлган асослар ва уни бартараф этиш муддати аниқ баён этилган ҳолда ваколатли орган раҳбари томонидан рухсатномани тўхтатиб қўйиш тўғрисида буйруқ қабул қилинади ҳамда мазкур буйруқ қабул қилинган куни рухсатнома эгасига (ариза берувчига) юборилади (тақдим этилади).



7-БОБ. БЕРИЛГАН РУХСАТНОМАЛАР

РЕЕСТРИ


37. Рухсатнома берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар рухсатномалар реестрига тадбиркорлик субъектига рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан киритилади.


38. Ҳар бир рухсатномалар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги асосий маълумотлар (тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларнинг номи, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони, тадбиркорлик субъектлари - жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг паспортига оид маълумотлар, почта манзили, телефони, лицензия гувоҳномаси рўйхатдан ўтган рақами);

рухсатнома берилган сана ва у тартиб рақами;

Кенгаш мажлисининг баённомаси ва ваколатли орган раҳбари буйруғининг санаси ва рақами;

рухсатноманинг амал қилиш муддатлари;

рухсатномани қайта расмийлаштиришнинг, амал қилиш муддатини узайтиришнинг асоси ва санаси, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш;

рухсатноманинг амал қилишини тўхтатишнинг асоси ва санаси;

рухсатномани бекор қилишнинг асоси ва санаси;

рухсатнома дубликати берилишининг асоси ва санаси;

йиғим тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг тегишли реквизитлари киритилади ҳамда ваколатли орган томонидан юритилади.


39. Рухсатномалар реестри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 августдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган Ваколатли органлар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар реестрларини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ юритилади.


40. Рухсатноманинг нусхаси, шунингдек, рухсатнома бериш билан боғлиқ ҳужжатлар ваколатли органда уч йил сақланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилиш устидан назоратни ваколатли орган ва унинг ҳудудий органлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектини

асрашга доир ишларга рухсатнома бериш

СХЕМАСИ

         

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш

муддатлари

I босқич

Ариза берувчи

1. Рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ваколатли органга ҳужжатларни бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Ариза берувчининг

хоҳишига кўра

V

II босқич

Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда - Ваколатли орган деб аталади)

1. Рухсатнома олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қабул қилади ва кўриб чиқиш учун Илмий-эксперт кенгаш (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) киритади.

Ариза қабул қилиб

олинган санадан эътиборан

7 иш куни мобайнида

V

III босқич

Кенгаш

1. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли баённома билан расмийлаштирилади.


2. Расмийлаштирилган баённомани ваколатли органга тақдим этади.

Ариза қабул қилиб

олинган санадан эътиборан

25 иш куни мобайнида

V

IV босқич

Ваколатли орган

1. Кенгаш томонидан тақдим қилинган баённома асосида рухсатномани бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилади.


2. Рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда рухсатномани расмийлаштиради ва ариза берувчига рухсатномани юборади (беради) ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.

1. Қарор қабул

қилингандан кейин

2 иш куни мобайнида





2. 1 иш куни мобайнида



1. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишлар кенгаш томонидан маъқулланган тақдирда, ваколатни орган ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси томонидан тавсия этилган методика бўйича Меросга таъсирни баҳолаш ҳисоботи билан биргаликда кўриб чиқиб, тегишли муносабат билдириш учун ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос марказига юборади.


2. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мерос маркази ёки бошқа турдош органи томонидан ижобий хулоса олинганидан сўнг Рухсатномани бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган тақдирда рухсатномани расмийлаштиради ва ариза берувчига рухсатномани юборади (беради).

1. Умумжаҳон мерос

марказига юбориш

15 иш куни мобайнида






2. Ижобий хулоса

олинганидан сўнг

иш куни мобайнида


V

V босқич

Ариза берувчи

1. Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун ўн беш иш куни давомида тақдим этишга ҳақли ҳисобланади.

2. Ариза берувчи томонидан рухсатномани бериш рад этилганлиги тўғрисидаги ёзма маълумотномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.

Рухсатнома беришни

рад этиш тўғрисидаги малумотнома

кўрастилган муддатда





Низомга

2-ИЛОВА



рухсатноманинг олд томони



Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДАГИ МАДНИЙ МЕРОС ДЕПАРТАМЕНТИ


Моддий маданий мерос кўчмас мулк

объектини асрашга доир ишлар учун

РУХСАТНОМА

серия

рақам

1. Ушбу рухсатнома берилди


га

(юридик шахснинг номи)


мақсадларда асрашга доир ишлар

,


(асрашга доир ишлар мақсадлари)

жойлашган

(объектнинг жойлашиши, вилоят, туман/шаҳар, қишлоқ/овул/кўча)

2. Кенгаш мажлисининг баённомаси

.

3. Ваколатли органнинг раҳбари буйруғининг санаси ва рақами

Асрашга доир ишларга лойиҳа

(иловалар рақами, варақлар сони)

4. Ушбу рухсатноманинг амал қилиш муддати 20___ йил "___" __________ гача.




(ваколатли шахснинг лавозими)

Ф.И.О.


М.Ў.                                                       (имзо)

20___ йил "____" __________


рухсатноманинг орқа томони



Рухсат беришга доир талаблар ва шартлар


1. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, асрашга доир ишларни амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя қилиш.


2. Асрашга доир ишларни рухсатномада кўрсатилган жой ва муддатда ўтказиш.


3. Ваколатли органга тақдим этилган ва белгиланган тартибда маъқулланган асрашга доир ишларнинг эскиз лойиҳасига қатъий риоя қилиш.


4. Асрашга доир ишларни амалга ошириш муддатига ёки асрашга доир ишларнинг эскиз лойиҳасига 10 фоиздан кўп бўлмаган ўзгартиришлар киритиш зарур бўлганда бу ҳақда ваколатли органни белгиланган муддатларда олдиндан ёзма равишда хабардор қилиш.


5. Асрашга доир ишларда объектга салбий таъсирларнинг олдини олиш ва авария ҳолатига қарши ишларни бажариш.


6. Лойиҳа ташкилоти томонидан муаллифлик назорати ва ваколатли орган томонидан шартнома асосида илмий-техник назоратларнинг амалга оширилишини ташкил этиш.


7. ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича режалаштирилган катта ҳажмдаги асрашга оид ишларнинг Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисида конвенцияси (Париж, 1972 йил), ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси қўмитаси тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш.






Низомга

3-ИЛОВА



Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк

объектини асрашга доир ишларга

рухсатнома бериш тўғрисида

АРИЗА



Маданий мерос департаменти

бошлиғига

(юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли)

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектида асрашга доир ишларни амалга ошириш учун рухсатнома беришингизни сўраймиз.


Ариза берувчининг почта манзили ва СТИР рақами:

.

Ариза берувчининг телефон: ___________________________________,

электрон почтаси:

.

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектининг тўлиқ номи:


.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти жойлашган жойи:


.

Режалаштирилаётган асрашга доир ишлар тўғрисидаги асосий маълумотлар:


.


Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати (ҳужжатнинг номи ва варақлар сони), ҳаммаси _____ варақда, шу жумладан:

а) рухсатнома олиш учун белгиланган йиғим ариза берувчи томонидан тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжати нусхаси;

б) ариза берувчида асрашга доир ишлар бўйича камида уч йил амалий иш стажига эга бўлган камида бир нафар олий ёки ўрта махсус маълумотли соҳа мутахассиснинг мавжуд эканлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

в) амалга оширилиши назарда тутилаётган асрашга доир ишларнинг лойиҳаси.


Раҳбар



М.Ў. (агар мавжуд бўлса)

(имзо)

(Ф.И.О.)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель