Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг Асосий йўналишлари (ЎзР ВМ 13.04.2019 й. 310-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 апрелдаги

310-сон қарорига

1-ИЛОВА



2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси

электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари (кейинги ўринларда тариф сиёсати деб аталади) электр энергетика тармоғининг молиявий барқарорлигига эришиш ва энергетика инфратузилмасини янада ривожлантириш принциплари асосида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан барқарор таъминлаш бўйича стратегик вазифаларни ҳисобга олган ҳолда, электр энергияси учун нархни шакллантиришни тартибга солишнинг давлат сиёсатини амалга оширишнинг амалий механизмини белгилайди.

Тариф сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Электр энергетика тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 23 октябрдаги ПҚ-3981-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш ва 2030 йилгача 20 минг мВтга етказиш ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг электр энергетика хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.


2. Қуйидагилар тариф сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

истеъмолчиларнинг электр энергиясидан асосланган ва рақобатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш;

электр энергетика тармоғининг молиявий барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадолигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;

ўтиш даврида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг операцион ва капитал харажатлари, зарур соф фойдасини тўлиқ қоплашни таъминлашга қаратилган электр энергияси учун нархни шакллантириш принципларини белгилаш;

тарифларни белгилашда такрорий субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

электр энергетика тармоғини ошкора, изчил ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи тартибга солишни ўрнатиш, шу жумладан инвесторлар томонидан тартибга солиш таваккалчилигини ҳис қилишни камайтириш мақсадида тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;

барча гуруҳлардаги истеъмолчиларда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этгандан кейин табақалаштирилган тарифни жорий этиш;

илғор халқаро амалиёт ҳисобга олинган ҳолда, 2023 йилгача тарифларни шакллантириш методикасига босқичма-босқич ўтиш.


3. Тариф сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидаги принципларга асосланади:

электр энергияси учун тарифлар операцион ва капитал харажатларни тўлиқ қоплаш, рентабелликни 10 фоиздан кам ва 20 фоиздан кўп бўлмаган оралиқда сақлаш ҳисобга олинган ҳолда, уни ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш бўйича асосланган харажатлардан келиб чиқиб шакллантирилади. Бунда рентабеллик электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар суммасига соф фойда миқдорини бўлиш орқали аниқланади;

электр энергияси учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади;

электр энергиясининг ягона харидори электр энергиясини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси (кейинги ўринларда тартибга солувчи орган деб аталади) томонидан белгиланган тарифлар бўйича сотиб олади ҳамда сотади;

аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади.



2-БОБ. ТАРИФ СИЁСАТИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар тариф сиёсатининг вазифалари ҳисобланади:

ўзаро мақбул тарифларни белгилаш орқали истеъмолчилар ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг манфаатларини мувозанатлаш;

инвестицияларни жалб қилиш мақсадида электр энергетика тармоғи ташкилотларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш;

рақобатни ривожлантириш ва электр энергетика тармоғи ташкилотларининг ишлаш самарадорлигини ошириш, электр таъминоти сифатини ошириш ва ишончлилигини таъминлаш;

электр энергияси истеъмолчилари учун тарифни белгилашда мавжуд такрорий субсидиялашдан босқичма-босқич воз кечиш ва аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларига тарифлар ошишининг таъсирини камайтириш;

тарифли тартибга солишнинг шаффофлиги, изчиллиги ва олдиндан тахмин қилиш ва тартибга солиш таваккалчиликларининг таъсирини камайтириш;

қулай инвестиция муҳитини яратиш (инвесторларга узоқ муддатли режалаштириш имконини бериш) мақсадида электр энергияси учун тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини жорий қилиш;

истеъмолчиларга маслаҳатлар беришга кўмаклашиш ва уларни тариф бўйича қабул қилинадиган қарорлар ҳақида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан маъқулланган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида олинган фойдани (соф фойдани) инвестиция қилинган капиталга, биринчи навбатда, электр энергетика тармоғини реконструкция, модернизация қилиш ва ривожлантиришга тақсимлаш амалиётини жорий этиш.



3-БОБ. ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКА ТАРМОҒИДА

НАРХНИ ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ

АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАРИ


5. Тарифларни шакллантириш қуйидаги принципларга асосланади:

а) оммабоплик - тариф самарали ва оқилона фойдалиликни назарда тутиши лозим, яъни тариф энг кам харажатли вариантларга асосланиши ва самарасизликни истисно қилиш даркор;

б) ахборотнинг очиқлиги - тарифлар ва тарифларни асословчи харажатлар тўғрисидаги ахборот манфаатдор тарафлар учун очиқ бўлиши лозим;

в) тариф белгилашнинг изчиллиги ва олдиндан тахмин қилиш имконияти - тарифлар изчил (календарь йилига ёки узоқ муддатга) белгиланиши лозим ва уларнинг оширилиши ёки пасайтирилиши электр энергетика ташкилотлари ва электр энергияси истеъмолчилари учун асосли ва тушунарли бўлиши лозим;

г) камситмайдиган ёндашув - тарифлар объектив ва адолатли бўлиши лозим;

д) шаффофлик ва алоҳидалик - тарифларни шакллантиришда харажатларни тўлиқ ёритиш. Харажатлар ҳар бир тартибга солинадиган фаолият бўйича алоҳида-алоҳида ажратилиши лозим. Тарифлар тушуниш ва қўллаш учун содда бўлиши зарур;

е) тарифларнинг ўзгарувчанлиги - тарифлар тасдиқлашда умум қабул қилинган макроиқтисодий кўрсаткичлар (инфляция, истеъмол нархлари индекси даражаси) ҳисобга олинган ҳолда тузатилиши лозим;

ж) мустақиллик - тарифлар тартибга солувчи орган томонидан белгиланади ва асосланмаган сиёсий таъсирга дучор бўлмайди;

з) самарадорлик ва натижадорлик - тарифлар электр энергетика тармоғи ташкилотлари фаолиятининг иқтисодий самарадорлигини доимий оширишга қаратилади;

и) ҳисобдорлик - нархни шакллантириш соҳасида содир бўлаётган жараёнлар тўғрисида хабардор қилиш ва қабул қилинган қарорларни муҳокама қилиш мақсадида электр энергетика тармоғи ташкилотлари ва тартибга солувчи орган томонидан тегишли ҳисоботларни жамоатчиликка ўз вақтида тақдим қилиш;

к) харажатларни тушум билан қоплаш - тарифлардан тушум электр энергиясини етказиб бериш бўйича тўлиқ қийматни (шу жумладан таваккалчилик ёки фойда билан боғлиқ мантиқий тузатишлар) ўзида акс эттириши ва қисқа, ўрта ва узоқ муддатли келажакда тармоқнинг иқтисодий ривожланишини, барқарорлигини таъминлаши лозим;

л) самарали фойдаланиш - тарифлар иқтисодий самарадорлик нуқтаи назардан умумий талаб ва таклифни қўллаб қувватлаши ва электр энергиясидан барқарор, самарали ва амалда фойдаланишни рағбатлантириши учун шакллантирилиши зарур;

м) татбиқ қилишнинг паст қиймати - капитал харажатлар ва операцион харажатлар камайтирилиши керак;

н) ижтимоий қўллаб-қувватлаш - тарифлар даражаси ва тузилмаси республика ижтимоий сиёсатини ҳисобга олиши зарур;

о) экологик жавобгарлик - электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш барқарор асосда амалга оширилиши ва атроф-муҳитга таъсирни ҳисобга олиш лозим;

п) ишлаб чиқариш қувватларининг етарлилиги - миллий ресурсларни режалаштиришга мувофиқ кам харажатлар билан ресурсларни ишлаб чиқиш ҳисобига кенгайтириш;

р) давлат субсидиясидан воз кечиш - саноат доимий давлат субсидияларисиз молиявий барқарорликка эришиши ва уни сақлаши лозим;

с) капиталнинг оптимал тузилмаси - хусусий капитал билан қарз капитал ўртасидаги нисбат 40:60 чегарасида бўлиши лозим. Мазкур нисбатдан капиталнинг ўртача қийматини (WACC) ҳисоб-китоб қилиш учун ҳам фойдаланилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 апрель