Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Электр энергияси учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.04.2019 й. 310-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 апрелдаги

310-сон қарорига

2-ИЛОВА



Электр энергияси учун тарифларни

шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом электр ва иссиқлик энергияси ҳамда электр энергияси учун тарифларни шакллантиришнинг асосий тартибини, шунингдек, электр энергиясини узатиш, тақсимлаш ва сотиш хизматларини (кейинги ўринларда маҳсулот ва хизматлар деб аталади) белгилайди.

Мазкур Низом электр энергиясини харид қилиш тарифи танловлар асосида аниқланган ҳолларда ёхуд қонунчилик ҳужжатларида алоҳида тартиб белгиланган тақдирда, ишлаб чиқарувчи ташкилотларга нисбатан тадбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


тартибга солувчи орган - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси;


тартибга солинадиган фаолият - етказиб берилган маҳсулот ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар давлат томонидан тартибга солинадиган тарифлар бўйича амалга ошириладиган фаолият. Мазкур тушунча фақат тартибга солинадиган фаолиятга тааллуқли харажатларни индентификациялаш мақсадида қўлланилади ва тарифларни белгилашдан ташқари, ушбу фаолиятга нисбатан бошқа бирон-бир бошқача тарзда тартибга солишни ўз ичига олмайди;


ишлаб чиқарувчи ташкилотлар - электр ва (ёки) иссиқлик энергияси ишлаб чиқарадиган иссиқлик электр станциялари, иссиқлик электр марказлари, гидроэлектр станциялар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи электр станциялар, шунингдек, ягона электр энергетика тизимига уланган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи бошқа ташкилотлар;


тақсимловчи ташкилотлар - электр энергиясини магистрал электр тармоқларидан узатиш ва республика истеъмолчиларига сотиш бўйича хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар;


тарифлар - нарх ставкалари тизими бўлиб, унга мувофиқ тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар учун ҳисоб-китоблар амалга оширилади;


устама - электр энергияси учун тарифга тақсимловчи ташкилотлар томонидан электр энергиясини сотишда қийматни ўз ичига оладиган қўшимча (нисбий ёки мутлақ миқдор);


тартибга солиш даври - тариф ҳисобланадиган давр (каландарь йил ва ундан ортиқ);


зарур ялпи тушум - тартибга солинадиган давр мобайнида тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш учун ташкилотга зарур молиявий маблағларнинг иқтисодий асосланган ҳажми;


ишлаб чиқаришнинг ҳисоб-китоб қилинган ҳажми - тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларнинг ҳар бири учун маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажми;


операцион харажатлар - тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар;


капитал қўйилмалар - тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ асосий фондлар ва номоддий активларни шакллантириш билан боғлиқ харажатлар;


активнинг тартибга солинадиган базаси (кейинги ўринларда АТБ деб аталади) - тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотга даромад олиш ҳуқуқини берадиган ва тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ асосий фондлар ва номоддий активлар баланс қийматига тенг бўлган активлар қиймати. Бунда қурилиши тугалланмаган объектлар ва норматив муддатда (белгиланган муддатда) ва ишга туширилмаган ускуналар АТБга киритилмайди. Тартибга солувчи орган бухгалтерия балансининг бошқа моддаларини ҳисобга олиш учун АТБга тузатишлар киритиши мумкин ва бу АТБнинг ортиши ёки камайишига олиб келиши мумкин.


3. Тарифлар тизимига тартибга солинадиган тарифлар ва эркин (тартибга солинмайдиган) тарифлар киради.

Тартибга солинадиган тарифларга қуйидагилар киради:

ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ҳосил қилинадиган электр ва иссиқлик энергияси тарифлари;

электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш хизматлари учун тақсимловчи ташкилотлар томонидан қўлланиладиган устама;

Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ аниқланадиган истеъмолчиларнинг турли гуруҳлари учун электр энергияси тарифлари.

Электр энергияси учун эркин (тартибга солинмайдиган) тарифларга халқаро шартномаларга асосан харид қилинадиган ва сотиладиган электр энергияси тарифлари, шу жумладан миллий тармоқлар бўйича халқаро транзитлар киради.


4. Тартибга солинадиган тарифларни шакллантиришнинг асосий мақсади барча харажатларни тўлиқ қоплашга эришиш ва электр энергиясига ошиб бораётган талабни қондириш мақсадида ишлаб чиқарувчи, узатувчи ва тақсимловчи ташкилотлари қувватларини ривожлантириш учун электр энергетика тармоғи ташкилотларини қўллаб қувватлаш ва уларга молиявий имкониятлар беришдан иборат. Тартибга солинадиган тарифлар ўзида харажатларни акс эттириши, электр энергетика тармоғининг самарали ишлаши рағбатлантирилишини таъминлаши ва ижтимоий компенсацияларни ҳисобга олиши лозим.


5. Тарифларни тартибга солиш тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, шунингдек, электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўйича маҳсулот ва хизматлар, даромадлар ва харажатлар ҳажмларини ҳамда жалб қилинган активларнинг ҳисобини мажбурий тартибда алоҳида юритишга асосланади.

Тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилот қуйидаги фаолият бўйича алоҳида ҳисоб юритишга мажбур:

электр энергиясини ишлаб чиқариш:

иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш;

электр энергиясини магистрал электр тармоқлар бўйича узатиш;

электр энергиясини охирги истеъмолчиларга тақсимлаш ва сотиш.

Тартибга солинадиган тарифларни белгилашда келтирилган фаолиятлар бўйича бир харажатларни қайта ҳисобга олишга йўл қўйилмайди.


6. Тартибга солинадиган тарифларни белгилашда тартибга солувчи орган тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларнинг иқтисодий асосланмаган харажатларни ҳисобдан чиқаришга қаратилган чораларни кўради.

Агарда тартибга солиш даври якуни бўйича статистик ва молиявий ҳисобот маълумотлари ҳамда бошқа материаллар асосида тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларнинг асосланмаган харажатлари аниқланса, тартибга солувчи орган кейинги тартибга солиш даври учун тарифларни белгилашда ҳисобга олинадиган харажатлар суммасидан ушбу харажатларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.

Бунда тартибга солинадиган фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган, статистик ва молиявий ҳисобот маълумотлари ҳамда бошқа материаллар асосида аниқланган харажатлар тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларнинг иқтисодий асосланмаган харажатларига киради.


7. Агарда ташкилот тартибга солинадигандан фаолиятдан бошқа фаолият турларини амалга оширса, уларни амалга ошириш харажатлари ва ушбу фаолиятлардан олинган даромадлар (зарарлар) тартибга солинадиган тарифларни ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинмайди.

Агарда тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар тартибга солиш даврида тартибга солинадиган тарифларни белгилашда ҳисобга олинмаган иқтисодий асосланган харажатларни, шу жумладан тартибга солиш даврида ишлатиладиган маҳсулот нархларининг объектив ҳамда режалаштирилмаган ошиши билан боғлиқ харажатларни амалга оширса, бу харажатлар тартибга солувчи орган томонидан кейинги тартибга солиш даври учун тартибга солинадиган тарифни белгилашда ҳисобга олинади (ёқилғи сотиб олишдан ташқари маблағлар етишмовчилиги учун жалб қилинган қарз маблағларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно).


8. Тарифларни тартибга солишда маҳсулот ва хизматларнинг бирлиги учун қатъий белгиланган ҳажмдаги тарифлар белгиланади.

Келтирилган тарифлар календарь муддатларга (ойлик, чораклик, йиллик) ажратилган, шунингдек, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб истеъмолчилар гуруҳи бўйича ажратилган ҳолда белгиланиши лозим.


9. Тартибга солинадиган тарифлар тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларнинг зарур ялпи тушуми ҳамда тартибга солиш даврида маҳсулот ва хизматларнинг тегишли турлари бўйича ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажми асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Бунда тартибга солинадиган тариф (устама) зарур ялпи тушумни ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмига қуйидаги формула бўйича бўлиш асосида аниқланади:

Маҳсулот ва хизматларнинг бирлиги учун тариф (устама)

=

Зарур ялпи тушум

ишлаб чиқаришнинг ҳисоб-китоб қилинган ҳажми

Маҳсулот ва/ёки хизматлар ишлаб чиқаришнинг ҳисоб-китоб қилинган ҳажми Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан шакллантириладиган электр энергиясини ишлаб чиқариш ва етказиб беришнинг йиғма прогноз балансидан келиб чиқиб аниқланади.


10. Дастлаб тарифларни тартибга солиш даври 1 йилга белгиланади, кейинчалик беш йилгача узайтирилади.



2-БОБ. ЗАРУР ЯЛПИ ТУШУМНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


11. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ҳар бир ташкилот учун зарур ялпи тушум қуйидаги харажатларни қоплаш учун етарли даражада белгиланиши лозим:

операцион харажатларнинг самарали даражаси;

тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ активлар бўйича амортизация ажратмалари;

инвестиция қилинган капиталга фойда.

Тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар учун зарур ялпи тушум қуйидаги формула бўйича аниқланади:


ЗЯТ = ОХ + Амор +ИҚКФ,


бунда:


ЗЯТ - зарур ялпи тушум;

ОХ - йиллик умумий операцион харажатлар;

Амор - йиллик амортизация ажратмалари;

ИҚКФ - инвестиция қилинган капиталга фойда.


12. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш учун асосланган ва зарур ҳисобланадиган операцион харажатлар зарур ялпи тушумни ҳисоб-китоб қилиш учун харажатлар таркибига киритилади. Тартибга солувчи орган мустақил эксперт баҳолаш, таққослаш таҳлили ёки оқилона ва асосланган харажатларни аниқ акс эттиришни таъминлайдиган бошқа усуллар асосида тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар тақдим этган операцион харажатларни тасдиқлаши ёки уларга тузатишлар киритиши мумкин.


13. Операцион харажатларга ёқилғи, материаллар, меҳнатга ҳақ тўлаш, сақлаш ва техник хизмат кўрсатиш харажатлари, маъмурий харажатлар, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича даромад харажатлари ҳамда фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатларни ўз ичига олади. Бунда узоқ муддатли қарз маблағларининг фоизлари бўйича харажатлар операцион харажатлар таркибига киритилмайди, мазкур Низоминг 25-бандини ҳисобга олган ҳолда зарур ялпи тушумни шакллантириш бундан мустасно.


14. Юқорида келтирилган харажатлар электр энергетикаси тармоғи хусусиятидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади.


15. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 147-моддасида назарда тутилган харажатлар операцион харажатларда ҳисобга олинмайди.


16. Тартибга солувчи орган инвестицияларни капитализация жадвалидан келиб чиқиб, харажатларни қоплаш ҳақида қарор қабул қилади. Инвестиция дастурларига мувофиқ амалга оширилган ва электр энергетика тармоғи ташкилотлари билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра фойдаланилмаган инвестициялар учун харажатлар истеъмолчиларнинг барча тоифалари бўйича ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган тақсимлаш коэффициентига асосан тақсимланиши керак.


17. Активлар ва фойдаланиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш, захиралар, йиғимлар ва божлар каби улар билан боғлиқ харажатлар учун тақсимлаш коэффициентлари истеъмолчилар тоифалари учун қуйидаги тавсиялар асосида аниқланиши лозим:

а) активлар ва улар билан боғлиқ харажатлар фақат истеъмолчиларнинг муайян тоифалари томонидан фойдаланилган ҳолларда, улар ушбу истеъмолчилар тоифалари бўйича тақсимланади;

б) активлар ва улар билан боғлиқ харажатлар экспорт мақсадларига мўлжалланган бўлса, барча тақсимотлар экспорт тоифасига киритилади;

в) агар электр энергияси ишлаб чиқарувчи, магистрал электр тармоқлари ва ҳудудий электр тармоқлари ташкилотларининг активлари ҳамда улар билан боғлиқ харажатлар турли истеъмолчилар томонидан биргаликда фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, тақсимлаш коэффициенти қувватга бўлган талабга асосланиши лозим;

г) истеъмолчиларнинг барча тоифалари учун тақсимлашнинг ўртача коэффициентлари ушбу банднинг "а", "б" ва "в" кичик бандларига тааллуқли бўлмаган активлар ва улар билан боғлиқ бўлмаган харажатлар, шу жумладан йиғимлар ва божларни тақсимлаш учун аниқланиши лозим.


18. Тариф маҳсулот ва хизматларга тўғри келадиган зарур ялпи тушум кўрсаткичлари базасида ҳисоб-китоб қилинади ҳамда қуйидагилар бўйича:

нормаланадиган харажатлар бўйича - норматив-техник ҳужжатларни (рецептура, хомашё ва материаллар, иссиқлик ва электр энергияси, меҳнат сарфлаш нормаларини ва бошқалар) ҳамда тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланган стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни (ДС, ТС, ТШ, ТБ ва шу кабиларни) ҳисобга олган ҳолда;

нормаланмайдиган харажатлар бўйича - ҳисобот кўрсаткичларининг таҳлили асосида ва нархларнинг прогноз бўйича ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Хомашё, материаллар, ёқилғи, энергия ва бошқа ресурслар сарфланишининг техник ва технологик нормалари тегишли ваколатли органлар томонидан ушбу ресурсларни энг кам ва энг кўп сарфлаш диапазонларида тасдиқланган тақдирда, тарифни ҳисоб-китоб қилиш мақсадида тартибга солувчи орган томонидан уларнинг ўртача кўрсаткичидан нормаларнинг ушбу диапазони доирасида фойдаланилади.

Маҳсулот ва хизматларга тарифни шакллантиришда билвосита моддий харажатлар, меҳнатга ҳақ тўлашга билвосита харажатлар, ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган бошқа харажатлар, давр харажатлари маҳсулотнинг солиштирма меҳнат сиғими (маҳсулот ва хизматларнинг муайян турига тўғри келадиган асосий ишлаб чиқарувчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари) бўйича амалга оширилади. Бунда харажатларни тақсимлаш учун тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар, тартибга солувчи орган билан келишган ҳолда, бухгалтерия ҳисобига оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мезонлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


19. Агар олдинги тартибга солиш даврида тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилот тасдиқланган норматив-техник ҳужжатлар, қувватлардан фойдаланиш даражасининг ва меҳнат самарадорлигининг ошиши, эксплуатация ва қўшимча харажатларнинг қисқариши, харид қилинадиган ёқилғи, материаллар ва бутловчи буюмлар қийматининг пасайиши, ходимлар сонининг оптималлаштириш доирасида ёқилғи ва материал харажатларини сарфлаш нормаларининг ўзгаришига (ўсиши ёки камайишига) олиб келадиган ресурсларни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ва технология жараёнларини такомиллаштириш ҳисобига маблағларни тежашга эришган бўлса, тартибга солинадиган тарифларни навбатдаги қайта кўриб чиқишда тежалган маблағлар суммаси соф фойда таркибида ҳисобга олинмайди, юқорида санаб ўтилган харажатлар эса аниқлаштирилган параметрларни ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.


20. Асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари операцион харажатлар таркибига киритилмайди ва улар операцион харажатлардан алоҳида инвестиция қилинган капиталнинг қайтарилиши сифатида акс эттирилади. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади. Беғараз олинган асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари зарур ялпи тушум таркибига киритилмайди.

Тарифларни ҳар бир қайта кўриб чиқиш пайтида амортизация ажратмалари узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш прогнозини ҳисобга олган ҳолда келгусидаги беш йилга прогноз қилинади.


21. Инвестиция қилинган капитал фойдаси тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар томонидан ўзининг капитал қўйилмалари натижасидан олинган ва кейинчалик кредиторларга фоиз харажатларини тўлашга ҳамда соф фойдани тақсимлашга ишлатилиши мумкин бўлган опрецион фойдани ифода этади. Ушбу фойда тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилот капиталининг ўртача қийматини (капиталнинг ўртача қиймати) тарифларни тартибга солиш даврининг ҳар бир йилида унинг инвестицияларига кўпайтириш орқали ҳисобланади. Инвестицияларнинг умумий ҳажми АТБга тақдим этилади.

Капиталнинг ўртача қиймати (WACC) молиялаштириш умумий ҳажмида қарз ва хусусий капиталнинг улушини ҳисобга олган ҳолда, қарз ва хусусий капитал қийматининг ўртача қиймати сифатида аниқланади ва қуйидаги формула бўйича ҳисоб-китоб қилинади:


WACC = ((1- g) x Re) + (g x Rd) x (1 - t)),


бунда:


g - капитал умумий тузилмасида қарзнинг қисми;

Re - улушли молиялаштириш қиймати, фоизда;

Rd - қарзли молиялаштириш қиймати, фоизда;

t - ташкилот учун фойда солиғи ставкаси.


22. Капитал тузилмаси икки қисмдан иборат: хусусий ва қарз капитали. Капиталнинг ўртача қийматини ҳисоб-китоб қилиш учун хусусий капитал ва қарз капитал нисбати 40:60 доирасида қўлланилади.


23. Қарз капиталининг қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоиз ставкалари асосида аниқланади, улушли молиялаштириш қиймати эса Ўзбекистон Республикаси суверен халқаро облигацияларининг аввалги тартибга солиш даври учун ўртача фоиз ставкаси сифатида аниқланади.


24. Тартибга солувчи орган АТБдан тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланилмайдиган ёки фойда келтирмайдиган айрим моддаларни чиқариб ташлаш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган ёки фойда келтирадиган беғараз олинган асосий воситалар ва номоддий активлар АТБ таркибига киритилмайди.

Ҳар йили тартибга солинадиган ва прогноз даврлар учун ушбу йилдаги инвестициялар қўшилиши ва чиқиб кетишини ҳисобга олиб, бухгалтерия ҳисоби принципларига мувофиқ АТБга тузатишлар киритилиши лозим. Инвестициялар тартибга солиш даври давомида инвестиция дастурига мувофиқ жалб қилиниши зарур.

АТБ қайта баҳоланган активларга асосланиши лозим.


25. "Иссиқлик электр станциялари" АЖ ва "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг тартибга солинадиган фаолият амалга оширадиган ташкилотларининг тарифлари мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ шакллантирилади. Бунда ўтиш даврида зарур ялпи тушум инвестиция қилинган фойда ўрнига соф фойда ҳажми қўлланилган ҳолда шакллантирилади.

Маҳсулот ва хизматларга тарифни (устамани) шакллантиришда (тасдиқлашда) ҳисобга олинадиган соф фойда миқдори қуйидагилар учун зарур бўлган маблағлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда аниқланади:

бошқа манбалар мавжудлиги ҳисобга олинган ҳолда кредитлар, қарзлар ва лизинг бўйича асосий қарзни қайтариш учун. Бунда кейинги тартибга солиш даврларида муайян кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин соф фойда миқдорига тузатиш киритилиши керак;

капитал қўйилмаларни, кредитлар, амортизация ажратмалари ва ушбу капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун бошқа манбалардан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш учун;

дивидендлар тўлаш учун. Ушбу маҳсулот ва хизматларга тўғри келадиган дивидендларнинг йиллик суммаси ташкилот устав фонди (капитали) суммасининг йигирма беш фоизидан ошмайдиган миқдорда белгиланади.


26. Инфляция даражасидан молиявий прогнозга мувофиқ даромад/тарифнинг ўзгариш динамикасини аниқлаш учун фойдаланилади. Прогноз ва тегишли тарифлар тасдиқлангандан кейин кўриб чиқиладиган давр учун базавий даража аниқланади.

Инфляция даражасининг прогноз даражасидан четга чиқиши сабабли тарифни ўзгартириш динамикасида назарда тутилган тафовутлардан харажатлар ўзгаришидаги фарқ автоматик тузатиш механизми ёрдамида тўлдирилади. Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинадиган инфляция даражалари индекси харажатларга инфляция билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш учун асос ҳисобланади. Мазкур харажатлар алоҳида кўриб чиқилиши мумкин бўлган харажатларнинг алоҳида муҳим таркибий қисмларини ифода этадиган ёқилғи ва сотиб олинадиган энергияни ўз ичига олмайди.

Инфляция ҳисобга олинган ҳолда тузатиш киритиш механизмини қуйидаги формула орқали тақдим этиш мумкин:

бунда:


t - жорий давр;

t-1 - аввалги давр;

IAdj - инфляцияни ҳисобга олиб тузатиш киритиш (сўм/кВт.с);

BNFC - харажатларнинг базавий даражаси (сўм);

AII - инфляция даражасининг амалдаги индекси;

FII - инфляция даражасининг прогноз индекси;

AS - сотишнинг амалдаги ҳажми (кВт.с);

FS - сотишнинг прогноз ҳажми (кВт.с).


Тузатишлар учун кўп йиллик тариф режими ҳолатида ойлик, чораклик ёки йиллик даврлар каби даврлар белгиланиши мумкин.


27. Ёқилғи қийматидаги ўзгаришларга тузатиш киритиш қуйидаги формула орқали амалга оширилади:

бунда:

t - жорий давр;

t-1 - аввалги давр;

FAdj - ёқилғи бўйича тузатиш (сўм/кВт.ч);

AFC - ёқилғи бўйича амалдаги харажатлар (сўм);

BFC - ёқилғи бўйича харажатларнинг базавий даражаси(сўм);

AS - сотишнинг амалдаги ҳажми (кВт.с);

FS - сотишнинг прогноз ҳажми (кВт.с);

OA - бошқа тузатишлар (сўм).


Юқорида келтирилган тартибда тузатиш киритиш сотиб олинган энергияга нисбатан қўлланилиши мумкин.



3-БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ТУРЛИ

ГУРУҲЛАРИ УЧУН ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИНГ

ТАРИФЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


28. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарор билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ белгиланган истеъмолчиларнинг турли гуруҳлари учун электр энергиясининг тарифлари ягона харидорнинг маҳсулот бирлигига тўғри келадиган қуйидаги харажатлари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилади:

барча ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан электр энергиясини сотиб олиш харажатлари;

ягона электр энергияси тармоқлари бўйича узатиш харажатлари;

электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўйича ташкилотларнинг устамалари.

Бунда охирги истеъмолчи учун тариф электр энергияси ишлаб чиқарувчи ташкилотдан сотиб олиш тарифларининг ўртача суммаси, электр энергиясини узатиш харажатлари қиймати ҳамда тақсимлаш ва сотиш учун устамаларининг ўртача суммасини жамлаш орқали шакллантирилади.


29. Ташкилотлар фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида тартибга солувчи орган макроиқтисодий кўрсаткичлар ва бошқа асосланган материалларни ҳисобга олган ҳолда, кейинги тартибга солиш даврига прогноз тарифни тайёрлаши мумкин.



4-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ АСОСЛАНГАН

ТАРИФЛАР БЎЙИЧА ТАҚДИМ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


30. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар тарифни шакллантириш лойиҳасини тартибга солувчи органга кўриб чиқиш учун бевосита тақдим этади.


31. Тарифни шакллантириш лойиҳасини кўриб чиқиш учун тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар тартибга солувчи органга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ариза билан мурожаат қилади:

а) мазкур Низомга 1 ёки 1а-иловага* мувофиқ шакл бўйича тасдиқланадиган тариф ҳисоб-китоби;

б) молиявий ҳисобот нусхалари;

в) меҳнат бўйича статистика ҳисоботи нусхаси;

г) даромадлар ва харажатлар тўғрисида тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилот бўйича харажатлар ва ҳар бир хизмат бўйича алоҳида харажатлар моддалари акс эттирилган ва қуйидагилар илова қилинган йиғма маълумотлар:

мазкур Низомга 2-иловага* мувофиқ шакл бўйича тўғридан-тўғри ишлаб чиқариш моддий харажатларининг мазмуни (хомашё ва материаллар, ёқилғи, электр энергиясидан фойдаланишнинг тасдиқланган нормалари кўрсатилган ҳолда);

мазкур Низомга 3 ёки 3а-иловаларга* мувофиқ шакл бўйича ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлашга тўғридан-тўғри харажатлар ва ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар мазмуни (меҳнатга харажатларнинг тасдиқланган нормаларини кўрсатган ҳолда);

ушбу Низомга 4-иловага* мувофиқ шакл бўйича асосий воситалар ва номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари суммасининг ҳисоб-китоби (дастлабки ва қолдиқ қиймат, асосий воситалар ва номоддий активлардан фойдаланиш муддатлари, фойдаланишга топшириш санаси кўрсатилган ҳолда);

ушбу Низомга 5-иловага* мувофиқ шакл бўйича ишлаб чиқариш мақсадидаги қўшимча харажатлар, материаллар ва меҳнатга билвосита харажатлар мазмуни;

капитал ва жорий таъмирлаш харажатлари мазмуни;

ушбу Низомга 6-иловага* мувофиқ шакл бўйича давр харажатлари, молиявий фаолият бўйича харажатлар ва соф фойда мазмуни;

ушбу Низомга 7-иловага* мувофиқ шакл бўйича капитал қўйилмаларнинг мазмуни;

ушбу Низомга 8-иловага* мувофиқ шакл бўйича фаолиятнинг асосий молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;

д) ушбу Низомга 9-иловага* мувофиқ шакл бўйича маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш тўғрисидаги маълумотлар (ишлаб чиқариш (етказиб бериш) ҳажми пасайган тақдирда пасайиш сабаблари ёзма равишда асосланиши зарур);

е) ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун маблағларга бўлган эҳтиёж ҳисоб-китоби кўрсатилган ҳолда (мавжуд бўлган тақдирда) ривожланиш давлат дастурларининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;

ж) ўтган ҳисобот даври учун ривожланиш давлат дастурларининг амалга оширилиши (ёки амалга оширилаётган) натижасида кўрсатиладиган хизматларнинг материал, энергия ва меҳнат талаб қилиш даражасини ўзгартириш тўғрисидаги ахборот;

з) давлат дотацияларига ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа чораларига бўлган эҳтиёж (зарурат бўлганда) тўғрисидаги маълумотлар.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар билан биргаликда барча ҳисоб-китоб материалларининг электрон вариантлари ҳам тақдим этилади.

Тартибга солувчи орган маҳсулот ва хизматларга тарифни шакллантириш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда идоралараро ахборот ҳамкорлиги орқали, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


32. Ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ва тартибга солувчи органнинг сўрови бўйича қўшимча равишда тақдим этилган ҳужжатлар қуйидаги талаблар ҳисобга олинган ҳолда расмийлаштирилади:

а) тақдим этилган материаллар тикилган, тартиб рақами қўйилган, ташкилотнинг муҳри ва раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак, молиявий ҳужжатлар эса ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери томонидан биргаликда имзоланган бўлиши керак;

б) ҳужжатлар аввалги тартибга солиш даври учун тақдим этилади (янгидан ташкил этилган ташкилотлардан ташқари).


33. Тартибга солинадиган фаолиятни амалга оширувчи ташкилот томонидан тарифларни асослаш бўйича ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда ёки иқтисодий асосланмаган ҳисоб-китоблар билан тақдим этилган тақдирда, тартибга солувчи орган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб беш кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни мавжуд камчиликлар ёзма равишда баён қилинган (тушунтирилган) ҳолда қайта ишлаш учун қайтаради.



5-БОБ. ТОВАРЛАР УЧУН ТАРИФЛАР

ШАКЛЛАНТИРИЛИШИ ВА ҚЎЛЛАНИШИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ


34. Монополияга қарши давлат органи тартибга солинадиган тарифлар тўғри шакллантирилиши ва қўлланилишини давлат томонидан назорат қилади.

Монополияга қарши давлат органи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу Низом талабларига риоя этилишни текширади ва ўрганади (таҳлил қилади).



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 апрель