Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.04.2019 й. 300-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 апрелдаги

300-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни

чуқурлаштириш бўйича республика

комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолияти тартибини белгилайди.


2. Комиссиянинг фаолияти қишлоқда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилиш, ислоҳотларнинг амалга оширилишини чуқур таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича таклифлар киритиш ташаббуси билан чиқиш ва уларни тайёрлашни ташкил этишга йўналтирилган.


3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


4. Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) фаолиятини мувофиқлаштиради.


6. Ҳудудий комиссияларнинг низомлари ва таркиблари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг қарорлари билан тасдиқланади.



2-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда улар асосида қабул қилинган аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ислоҳ қилишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва Ҳукумат қарорларида берилган топшириқларни ўз вақтида бажарилиши юзасидан мунтазам равишда мониторинг олиб бориш;

вазирликлар, идоралар ва ҳудудий комиссиялар билан биргаликда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аграр ва озиқ-овқат соҳаларида илғор, ресуртежамкор ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш;

пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали усулларини кенг жорий этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардошли маҳсулотлар етиштириш ва ушбу мақсадларда тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш;

кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг самарали фаолиятини ва молиявий барқарорлигини таъминлаш борасида уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.


8. Комиссия унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган вазифаларни амалга оширилишини таъминланишини мунтазам мониторинг қилиб боради;

аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштиради ва улар томонидан қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича тайёрланган маълумотларни таҳлил қилади ва қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва Ҳукумат ҳужжатлари ижросини ўз вақтида бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб боради;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни методик ва ҳуқуқий таъминлаш, хўжалик юритишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш бўйича ваколатли органларга таклифлар киритади;

ер тузиш, қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ишларини мониторинг қилиб боради;

сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ресурстежамкор, яъни томчилатиб суғориш технологияларни кенг жорий этиш ишларини мувофиқлаштириб боради;

фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларини лизинг асосида юқори унумли, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ишларини мониторингини ташкил этади;

жаҳон бозорлари талабларини ўрганади ва нархлар конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда, бозор принципларига асосланган қишлоқ хўжалигида нарх белгилаш тизими ва механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган бозор принциплари ва механизмларини бошқарув тизимига, хўжалик муносабатларига жорий этади;

пахта хомашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали хўжалик юритиш шаклларини жорий этади, агрокластерлар ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарали агрокластер усулларини жорий этишда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш учун тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этиш ишларини мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича республика ва ҳудудлар даражасида ишлаб чиқилган дастурлар ижросини мунтазам мониторинг қилиб боради;

фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган самарали технологияларни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларини мувофиқлаштиради;

кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади, фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг самарали фаолият юритишини ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чораларини кўради;

соҳага ресурстежамкор ва инновацион технологияларни жорий этишни рағбатлантириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.



3-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбар ходимларининг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича улар томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан Комиссияга юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;

тегишли вазирликлар ва идоралар мутахассисларини, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ўқув юртлари олимлари ва ўқитувчиларини тегишли материаллар тайёрлаш учун жалб этиш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш;

жойларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг лаёқатлилигини ва уларнинг амалий фаолияти натижаларини баҳолаш, ўз ваколатлари доирасида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини юқори малакали мутахассислар билан мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш.


10. Комиссия:

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва Ҳукумат қарорларини бажаришга;

Комиссия мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширишга мажбурдир.



4-БОБ. КОМИССИЯ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Комиссияга раис раҳбарлик қилади, ишларни бошқаради, комиссия мажлисларини олиб боради, мажлислар баёнларини, иш режаларини ва комиссиянинг бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди.


12. Комиссия мажлислари тасдиқланган иш режасига мувофиқ йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади. Комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.


13. Комиссиянинг кўриб чиқилаётган масала бўйича қарори, агар унинг учун комиссия аъзоларининг кўпчилиги оддий овоз бериш йўли билан овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


14. Комиссия раиси билан келишувга кўра унинг мажлисда холисона сабаблар туфайли қатнашмаётган комиссия аъзоларини уларнинг овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашувчи ваколатли вакиллари алмаштириши мумкин.


15. Қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида комиссия раиси комиссия аъзолари билан сўров йўли билан келишилган алоҳида масалалар бўйича комиссия қарорларини тасдиқлаши мумкин.


16. Зарурат бўлганда, комиссия мажлисига кўриб чиқилаётган масалаларнинг хусусиятига қараб вазирликлар ва идораларнинг, жамоат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва меҳнат жамоаларининг раҳбарлари таклиф қилинади.


17. Комиссия йилнинг ҳар чорагида амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади.



5-БОБ. КОМИССИЯ МАЖЛИСИГА

МАТЕРИАЛЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


18. Комиссия мажлисига материаллар ишчи орган томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, уларни тайёрлаш учун масъул бўлган комиссия аъзолари билан биргаликда комиссиянинг иш режасига мувофиқ тайёрланади.


19. Комиссия мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масалага доир ҳужжатларда қарор қабул қилиш учун зарур бўлган материаллар (таҳлилий маълумотномалар, жадваллар ва бошқалар) ва комиссия қарори лойиҳаси мавжуд бўлиши керак.



6-БОБ. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ ВА КОТИБИ


20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (1 нафар), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (2 нафар), Сув хўжалиги вазирлиги (1 нафар), Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (1 нафар), Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (1 нафар), Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси (1 нафар), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Аграсаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (1 нафар), Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (1 нафар), "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси (1 нафар)нинг жами ўн нафар юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибдаги доимий ишлайдиган ишчи гуруҳ комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

21. Комиссиянинг ишчи органи:

комиссиянинг навбатдаги давр учун иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;

комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда вазирликлар, идоралар, юридик шахслар бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тижорат банклари, ташкилотлар ва комиссия аъзоларидан зарур материалларни ва эксперт хулосаларини олиш ҳуқуқига эга;

таҳлилий материаллар тайёрланишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил қилади;

комиссия мажлисида кўриб чиқиши учун қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари мониторинги бўйича ахборот ва таҳлилий материаллар тақдим этади;

ҳудудий комиссиялар фаолиятини ва комиссиянинг қабул қилинган қарорлари бажарилишини жойларга бориб ўрганади;

комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни тегишли материалларни жўнатган ҳолда мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Комиссия мажлисида кўриб чиқиши учун унинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни тақдим этади.


22. Комиссия котиби:

ишчи гуруҳ ишларига раҳбарлик қилади;

комиссия қарорларининг бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этади;

комиссия мажлисига материалларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳнинг ишларини ташкил қилади;

комиссия раиси билан мажлислар ўтказиладиган муддатни ва жойни, шунингдек, таклиф этиладиганлар таркибини келишиб олади;

комиссия йиғилиши баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларни комиссия аъзоларига, манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига жўнатади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Комиссияни тугатиш ёки қайта тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 апрель