Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг билет нархларини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.04.2019 й. 329-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 апрелдаги

329-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат театрлари ва концерт-томоша

муассасаларининг билет нархларини

шакллантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг билет нархларини шакллантириш тартибини белгилайди.


2. Билетлар нархи давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаси раҳбарининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.


3. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида блокчейн технологиясидан фойдаланган ҳолда билет операцияларининг ягона электрон тизимини жорий этиш ва унинг ишлаш тартиби, электрон билетларни сотиш, ҳисобга олиш ва тасдиқлашнинг автоматик тизимларидан фойдаланиш ҳамда электрон билетлар билан боғлиқ бошқа масалалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 26 августдаги ПҚ-3920-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг "Билет операцияларининг ягона электрон базасини яратиш ва жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 10 январдаги 18-сон қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилади.


4. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


билет - тадбирларга бир марта ташриф буюриш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (электрон ёки қоғозда белгиланган тартибда чоп этилган билет, бепул таклифнома, абономент);


тадбирлар - давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан билет сотиладиган концертлар, спектакллар, театрлаштирилган ва цирк томошалари, ижодий учрашувлар, турли шоу-дастурлар, фестиваллар, томошаларнинг шакли ва жанридан қатъий назар, бошқа маданий-оммавий тадбирлар ҳамда томоша тадбирлари.



2-БОБ. БИЛЕТЛАРНИНГ БАЗАВИЙ НАРХЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ ВА МЕЗОНЛАРИ


5. Тадбирларга кириш ҳуқуқини берувчи битта билетнинг базавий нархи (Бт) давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджет ва бюджетдан ташқари харажатлар сметаларини ҳар йили шакллантириш даврида қуйидаги формула асосида аниқланади:

ўтган йилги асосий фаолиятдан тушган тушум - Ат;

ўтган йилги томошабинлар сони - Тс;

Бт = Ат/Тс.

Тадбирларга кириш ҳуқуқини берувчи битта билетнинг нархи қуйидагиларни инобатга олиб, базавий нархга нисбатан дифференциал оширилган ҳолда шакллантирилади:

томоша залидаги жойларнинг жойлашуви (олд, ўрта, орқа ва балкон ўриндиқлар);

ўтказиладиган тадбирларнинг тури (оддий, байрам, премьера);

ўтказиш куни ва вақти (кундузги, кечки, иш куни, дам олиш ёки байрам кунлари) ҳамда бошқалар.


6. Тадбирларга кириш ҳуқуқини берувчи билет нархларини белгилашда ҳамда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларини сақлаш билан боғлиқ харажатларнинг бюджетдан ташқари тушумлари ҳисобига қопланадиган улушни босқичма-босқич ошриб бориш режа-жадвалига қатъий риоя қилиш лозим.


7. Кўчма ва гастроль тадбирларига билетларнинг нархлари индивидуал ҳисоб-китоб ёки қабул қилувчи томон билан тузилган шартнома асосида белгиланади (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирлар бундан мустасно).


8. Аҳолининг кам таъминланган қатламларига (меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилалар аъзолари) ушбу муассасаларнинг ёзма мурожаатига асосан давлат театри ва концерт-томоша муассасаси раҳбарининг тегишли буйруғига асосан тадбирларга билет нархининг 50 фоизигача чегирма берилиши мумкин, бироқ, чегирма берилган билетлар сони умумий билетлар сонининг 50 фоизидан ошмаслиги зарур.


9. Тадбирларга кириш ҳуқуқини берувчи таклифномалар сони умумий билетлар сонининг 5 фоизидан ошмаслиги лозим.


10. Таълим муассасаларида тадбирларни ўтказишда, очиқ майдонлар ва кичик заллардаги чиқишларда билетларнинг нархлари театрлар ва концерт-томоша муассасалари директорларининг буйруғи асосида мазкур театрлар ва концерт-томоша муассасаси асосий залининг билетларига белгиланган базавий нарх даражасидан паст қилиб белгиланиши мумкин.


11. Хорижий жамоалар ва алоҳида ижрочиларнинг спектакллари ва концертларига, халқаро, республика, минтақавий санъат фестивалларига, шунингдек гастроль ва тадбирларига билетларнинг нархлари томонлар келишувига асосан шакллантирилади.


12. Тадбирларга томошабинлар кам келганда, ушбу муассасалар томошабинлар залининг тўлдирилиш даражасини ошириш мақсадида билет нархлари ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилиши мумкин.


13. Тадбирларга электрон билетларни сотиш Вазирлар Маҳкамасининг "Билет операцияларининг ягона электрон базасини яратиш ва жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 10 январдаги 18-сон қарорига асосан амалга оширилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари директорлари мазкур Низом талабларига қатъий риоя этиш бўйича масъул ҳисобланадилар.


15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 апрель