Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.2019 й. 337-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 апрелдаги

337-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, Агентлик раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик фуқаро авиацияси ва экспериментал авиацияда ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини, шунингдек, ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси авиация маъмурияти функциясини амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига (кейинги ўринларда Транспорт вазирлиги деб аталади) бўйсунади ва ҳисобот беради.


4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамаси деб аталади), Транспорт вазирлиги қарорлари, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан чет эл валютасидаги ҳисобрақамларига эга. Агентлик ўз эмблемасига эга.


7. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги;

қисқартирилгани - "Ўзавиация" агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ - Civil aviation Agency under the Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилгани - Civil Aviation Agency of Uzbekistan (CAA of Uzbekistan).

в) рус тилида:

тўлиқ - Агентство гражданской авиации при Министерстве транспорта Республики Узбекистан;

қисқартирилгани - Агентство "Узавиация".


8. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): 100015, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус кўчаси, 73б-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишлари, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ва унинг объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, шунингдек, авиацияни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш орқали ҳаво кемалари йўловчилари ҳамда экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш;

парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назоратини олиб бориш;

халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифода этиш.


10. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) ҳаво ҳудудидан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан хавфсиз фойдаланишлари, парвозлар инсонлар соғлиғи ва ҳаётига, атроф-муҳитга ҳамда давлат манфаатларига хавф солмаган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш, ўз ваколатлари доирасида ҳавода ҳаракатланишга хизмат кўрсатиш ташкил этилишини ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасида:

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенция (1944 йилги Чикаго конвенцияси) ва унинг иловалари талабларига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқади;

фуқаро ҳаво кемалари давлат реестрини, фуқаро авиациясининг экспериментал ҳаво кемалари ва учувчисиз учиш аппаратларининг ҳисобини юритади;

ҳаво кемаларидан техник ва учиш мақсадида фойдаланиш ҳужжатларини тасдиқлайди;

фуқаро авиацияси объектларига берилган хорижий сертификатларни, хорижий давлатлар томонидан авиация мутахассисларига берилган сертификатларни (гувоҳномаларни) эътироф этишни таъминлайди;

хорижий давлатларнинг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикасига мунтазам қатновлар бажарилиши учун эксплуатация рухсатномаларини беради ва ҳаво транспорти орқали хавфли юклар, қурол-яроғ, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулк, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек, ҳарбий контингентлар транзитини амалга оширишда ваколатли органлар учун хулосалар тайёрлайди;

ҳаво кемалари эксплуатантларига парвозларни амалга оширишлари учун бир марталик рухсатномалар беради;

парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият турларини амалга ошириш учун рухсатномалар беради;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини таъминлаш давлат дастурини такомиллаштиришни ва амалга оширишни қуйидаги ҳужжатларни бериш билан таъминлайди:

ҳаво кемалари эксплуатантининг сертификати;

ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар сертификати;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродроми, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромлар сертификати;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси кадрларини тайёрлаш ўқув марказининг сертификати;

фуқаро ҳаво кемаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

фуқаро ҳаво кемаси рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

экспериментал ҳаво кемаси давлат ҳисобига олингани тўғрисида гувоҳнома;

фуқаро ҳаво кемасининг учишга яроқлилик сертификати;

фуқаро ҳаво кемаларининг радио жиҳозлари сертификати;

фуқаро ҳаво кемаларининг шовқин бўйича сертификати;

фуқаро авиациясининг тиббий-учиш эксперт комиссиясини тайинлаш тўғрисида гувоҳнома;

фуқаро авиациясининг учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланишга рухсат тўғрисида хулоса;

касбий фаолиятини олиб боришлари учун авиация ходимлари гувоҳномаси;

ушбу кичик бандда кўрсатилган ҳужжатларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб қўяди;


б) Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ва унинг объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, шунингдек, авиацияни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш чораларини амалга ошириш орқали ҳаво кемалари йўловчилари ҳамда экипаж аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасида фуқаро авиациясини ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилишни таъминлаш давлат дастурини амалга ошириш ва такомиллаштиришни таъминлайди;


в) парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фуқаро авиацияси фаолияти соҳасидаги сертификатлаш ишларини ташкил этиш ва таъминлаш соҳасида:

Қуйидагиларни амалга оширади:

ҳаво кемалари эксплуатантларини сертификатлайди;

ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш ташкилотларини сертификатлайди;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромларни сертификатлайди;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси кадрларини тайёрлаш ўқув марказларини сертификатлайди;


г) фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида давлат назоратини олиб боришда қуйидагиларга риоя этилишининг давлат назоратини ташкил этиш ва амалга оширишни таъминлайди:

фуқаро ҳаво кемалари ва учувчисиз учиш аппаратлари парвозларини ташкил этиш, таъминлаш ва бажариш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемаларидан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемаларини ишлаб чиқариш қоидалари (улардан фойдаланиш жараёнида ушбу кемаларнинг парвозлари хавфсизлигига таъсир қилувчи ишлаб чиқариш камчиликлари аниқланган тақдирда);

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларини, биргаликда фойдаланиладиган (жойлашган) аэродромлардан фуқаро ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича фойдаланиш қоидалари, шунингдек, ер устидаги асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидалари;

фуқаро ҳаво кемаларининг парвозлари хавфсизлигини ва авиация хавфсизлигини таъминлаш соҳасида авиация ходимларини тайёрлаш қоидалари (шу жумладан, ходимларни текшириш ва уларга ишлашига рухсат бериш);

фуқаро ҳаво кемаларининг учишга яроқлилик нормалари;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация аэродромларининг фойдаланишга яроқлилик нормалари;

фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш қоидалари;

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш ва ҳавода ҳаракатланишни ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш қоидалари;

Ўзбекистон Республикаси авиация алоқа тизимлари ва аэронавигация воситалари ишончли ишлашини таъминлаш қоидалари;

парвозларни метеорологик таъминлаш қоидалари;

ҳаво кемалари ва махсус транспорт воситаларининг аэродром перронида ҳаракатланишини бошқариш ва ташкил этиш қоидалари;

аэродром эксплуатанти томонидан ҳаво кемаларининг қуш ва ёввойи ҳайвонлар билан тўқнашиш ҳолатларининг олдини олиш тадбирларини бажариш;

парвозлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолиятни амалга ошириш қоидалари;

парвозлар хавфсизлигига таҳдид солувчи объектларни белгилаш қоидалари;

ҳаво транспортида йўловчи, багаж, юк (хавфли юк) ва почта ташиш қоидалари;

фуқаро авиациясининг тегишли ташкилотларида парвозлар хавфсизлигини бошқариш тизимини жорий қилиш ва унинг фаолият кўрсатиши;

Ўзбекистон Республикасига фуқаро авиациясининг ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича нормалари, қоидалари ва тартиби;

парвозларнинг қидирув, авария-қутқарув таъминоти қоидалари;

Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга оширувчи хорижий давлатлар эксплуатантларининг парвозларни амалга ошириш қоидалари;


д) халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси манфаатларини ифода этиш соҳасида:

парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон Республикаси имзолаган меморандумларни амалга ошириш, стандартлар ва тавсияларни жорий қилиш масалалари бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) билан ҳамкорликни амалга ошириш:

Агентлик ваколатларига киритилган масалалар бўйича бошқа давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан алоқаларни белгиланган тартибда амалга ошириш, ўз ваколатига тегишли бўлган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш;

парвозлар хавфсизлиги ва авиация хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ишида, конференцияларда ва семинарларда иштирок этиш, норматив-ҳуқуқий базани, ҳаво кемаларидан учиш ва техник фойдаланиш, ҳаво навигациясини, ҳавода ҳаракатни ташкил қилиш, фуқаро авиацияси инспекторлари таркибини тайёрлашни такомиллаштириш.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни Транспорт вазирлигига белгиланган тартибда киритиш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат статистика органларидан зарур статистика маълумотларини бепул олиш;

Агентлик ходимларини уларнинг тегишли соҳадаги фаолиятининг асосий кўрсаткичларини бажариши ҳисобга олинган ҳолда, моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича Вазирликка, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш;

Транспорт вазирлиги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда белгиланган тартибда иштирок этиш, Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

Транспорт вазирлиги топшириғига асосан Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ифода этиш;

Транспорт вазирлигига фуқаро авиацияси фаолияти соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисидаги таклифларни тақдим этиш;

ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлигини ҳамда фуқаро авиациясини ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилишни таъминлайдиган белгиланган қоидалар ва нормаларга ҳаво кемалари эксплуатантлари ва авиация ташкилотлари томонидан риоя этилишини ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда текшириш;

ички ва халқаро ҳаво йўлларида қатновларни амалга оширишда Агентлик инспекторларини белгиланган тартибда ҳаво кемалари экипажлари таркибига текширувчилар сифатида киритиш, шунингдек, айлана учишлар, ҳаво кемаларини бир жойдан бошқа жойга учириб ўтишда ва авиация ишларининг бошқа турларида Ўзбекистон Республикаси эксплуатантининг ҳаво кемалари экипажлари таркибида парвозларни амалга ошириш;

авиация хавфсизлигини таъминлаш қоидаларига риоя қилиб, Агентлик инспектори хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда ҳаво кемаларига, фуқаро авиацияси ташкилотларининг бинолари ва иншоатларига тўсиқсиз кириш хамда хизмат ҳужжатларини текшириш;

зарур бўлган ҳолларда, юридик ва жисмоний шахсларга текширишлар ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни сўзсиз бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатмалар бериш;

ҳаво кемасининг яроқлилигини ва давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи мажбурий кема ҳужжатларига ва унга қўйилган талаблар бузилган ҳолларда ҳаво кемасининг парвозини тўхтатиб туриш;

агар парвозлар хавфсизлигига таҳдид қилинадиган бўлса, аэродромлар ёки учиш майдони участкаларидан, аэродром ускуналаридан фойдаланишга чекловлар жорий этиш;

ҳаво транспорти органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазоларни қўллашга;

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга ҳам бўлиши мумкин.


12. Агентлик:

Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсатгичларга эришилишини сўзсиз таъминлаш;

Транспорт вазирлигига киритиладиган, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати, якуний натижалари ва амалга оширилиши, оқибатлари;

фуқаро авиацияси соҳасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳамда муҳофаза қилинишини таъминлаш учун масъулдир.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Агентликка Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири тақдимномасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.


14. Агентлик директорининг ўринбосари Агентлик директорининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


15. Агентлик директори моддий таъминот, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


16. Агентлик директори бўлмаган вақтда унинг ваколатлари ўринбосари томонидан амалга оширилади.


17. Агентлик директори низомларни ҳамда белгиланган штатлар сони доирасида Агентлик аппарати тузилмасини ва штатлар жадвалини тасдиқлайди.


18. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



5-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


19. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя қилиш;

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг ва Транспорт вазирлигининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг ва Транспорт вазирлигининг қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастур ва чора-тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилиши бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Транспорт вазирлиги топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг таркибий бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамасининг котибиятлари, шунингдек, тегишли вазирликлар ва идоралар билан Агентлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, масалаларнинг Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, Транспорт вазирлиги раҳбарларининг топшириқларини ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этиш;

ўз ўринбосарининг ва Агентликнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилаш, Агентлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш борасида ўринбосари ва бошқа мансабдор шахсларининг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

Агентлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Агентлик ва ўз ўринбосарининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг ва Транспорт вазирлигининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингининг амалий тизимини яратиш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш борасида амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжат ва топшириқларини самарали ва натижали ижро этиш, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплексларининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек, барча даражадаги ҳокимликларнинг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ҳамда "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарори талабларига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий тузилмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

Агентлик ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

Агентликда кадрларни тайинлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

фаолият соҳаси бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишини, уларнинг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги, Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан тасдиқланган "Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида", Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти деб аталади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида Транспорт вазирлигига киритилишини ташкил этиш, уларни Транспорт вазирлиги аппаратида ишлаб чиқилишида, Транспорт вазирлиги раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида, Вазирлар Маҳкамасида ишлаб чиқилиши ва кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Агентликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини ташкил қилиш;

Агентликка тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларнинг молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Регламентида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентида белгиланган муддатларда келишилишини (визаланишини) таъминлаш;

Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларни хорижий мамлакатларга чиқиши тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига сафарини ташкиллаштириш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларининг талабларига тўлиқ мувофиқ равишда ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

ўз ўринбосари ва таркибий тузилмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам ўтказиш, Агентлик мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини, шу жумладан келгусида унинг эгаллаб турган лавозимида қолиш-қолмаслигининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, унинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (кейинги ўринларда Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) талабларига Агентлик ходимларининг риоя этишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентликда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг содир бўлишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш ва таҳлил қилиш;

Агентлик ишини ташкил қилишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда, шу жумладан, "ягона дарча" тамойилини жорий қилиш ҳамда "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва очиқлигини ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотни йўлга қуйиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатлар ва тартибда мунтазам равишда шахсий қабулларни, шу жумладан жойларга борган ҳолда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакиллари қабулини мунтазам ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирокини йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш;

Агентликнинг молия-хўжалик фаолиятини режалаштириш ва ташкил этиш;

Агентлик аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлаш;

Агентлигининг штат жадвалини, шунингдек, харажатлар сметасини Ўзбекистон Республикасининг Транспорт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш;

Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланган умумий штатлар сони доирасида Агентлик тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Агентлик ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг бажарилишини белгиланган тартибда назорат қилиш;

Транспорт вазирлиги топшириғига асосан давлат органларида ва бошқа ташкилотларда, шунингдек, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган расмий тадбирларда Агентлик номидан вакиллик қилиш;

Транспорт вазирлиги топшириғига асосан фуқаро авиацияси ва экспериментал авиация фаолияти соҳасида музокаралар олиб бориш, икки томонлама ва кўп томонлама битимларни имзолаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


20. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя қилиш;

Агентлик директори вақтинчалик бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

Агентликнинг ўзи мутасаддилик қиладиган таркибий тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат ва бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

Агентлик фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишлари бўйича Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси ва Транспорт вазирлиги қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастур ва комплекс чора-тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар томонидан прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришилиши бўйича амалий чоралар кўриш, бўлинма раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам тинглаб бориш ва белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қиладиган таркибий тузилмалар раҳбарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Транспорт вазирлиги ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик қарорларининг, Агентлик директори буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар тақдим этиш, шунингдек, уларнинг профессионализми, салоҳияти, амалий тажрибаси, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий сифатларининг юксак даражаси кафолатланганлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш бўйича чоралар кўриш, мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Агентликнинг таркибий тузилмаларида тайёрланган ҳужжат лойиҳаларини кейинчалик Агентлик раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентига қатъий мувофиқ ҳолда Транспорт вазирлигига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Агентлик директорининг топшириғига биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Транспорт вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасида ишлаб чиқилишида иштирок этиш;

Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларни хорижий мамлакатларга чиқиши тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига сафарини ташкиллаштириш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларининг талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Агентлик мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

фаолият соҳасига тааллуқли масалалар бўйича Агентлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чоралар кўриш, ушбу соҳада қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик директорига киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимларида келгусида қолиш-қолмаслигининг мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш бўйича таклифларни Агентлик директорига киритиш, функционал мажбуриятларини ва юкланган вазифаларни бажариши юзасидан уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чораларни амалга ошириш;

Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари томонидан кўрсатилган қоидалар талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Агентликда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг содир этишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва очиқлигини ошириш бўйича Агентлик директорига таклифлар киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотни йўлга қуйиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатда ва тартибда шахсий қабулларни, жумладан жойларга борган ҳолда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларининг қабулини мунтазам ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.


21. Қуйидагилар Агентлик таркибий тузилмалари раҳбарларининг функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига риоя қилиш;

таркибий тузилмаларнинг фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкиллаштириш;

прогноз кўрсаткичлари бажарилишини тизимли таҳлил қилиш ҳамда Агентлик директорининг ўринбосарига таркибий тузилмалар томонидан ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришилишига қаратилган қўшимча чораларни қабул қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Транспорт вазирлиги ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон ва "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий тузилмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Агентлик қарорлари, Агентлик директори ва унинг ўринбосарининг буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг иш режалари ишлаб чиқилишини, тасдиқлаш учун киритилишини таъминлаш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш;

таркибий тузилмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорининг ўринбосарига кўриб чиқиш учун таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионализми, салоҳияти, амалий тажрибаси, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий сифатларининг юксак даражаси кафолатланганлигини таъминлаш, профессионал малакасини ошириш бўйича чоралар кўриш, таркибий тузилмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий тузилмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Агентликнинг таркибий тузилмаларида тайёрланган ҳужжат лойиҳаларини кейинчалик Агентлик директори томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (визаланиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентига қатъий мувофиқ ҳолда Транспорт вазирлигига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Агентлик раҳбариятининг топшириғига биноан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Транспорт вазирлигида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

Агентликка киритилган таклифлар ва тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;

хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларни хорижий мамлакатларга чиқиши тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига сафарини ташкиллаштириш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларининг талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарларига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

таркибий бўлинмаларнинг ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, мажлисларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, муҳокама якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилиши, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг ходимлари томонидан кўрсатилган қоидалар талабларига риоя этилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг содир бўлишига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва очиқлигини ошириш бўйича Агентлик директорига таклифлар киритиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқотни йўлга қуйиш, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатда ва тартибда шахсий қабулларни, жумладан, жойларга борган ҳолда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларининг қабулини мунтазам ўтказиш;

Агентлик раҳбарларининг топшириғига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири тоифасига киритилган ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик талабларига риоя қилиш.



6-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРИЯТИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


22. Агентлик директори:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган, ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.


23. Агентлик директорининг ўринбосари:

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

мутасаддилик қилинадиган масалалар бўйича мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган Агентликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.


24. Агентликнинг таркибий тузилмаларининг раҳбарлари:

тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

мазкур Низомнинг 21-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.



7-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШЧИ

ИНДИКАТОРЛАРИ


25. Агентлик фаолияти самарадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.


26. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги Ўзбекистон Республикасининг транспорт вазири тасдиқлайдиган Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари асосида баҳоланади.


27. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра қуйидаги чоралар кўрилади:

Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жавобгарликнинг тегишли чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш.


28. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



8-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ,

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


29. Агентликнинг моддий-техник таъминоти, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тўловлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


30. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофот, қўшимча тўлов, устама ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Агентлик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 апрель