Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.04.2019 й. 349-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 апрелдаги

349-сон қарорига

1-ИЛОВА



Мувофиқликни баҳолаш органларини

аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон аккредитация маркази" ДУКда (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) қонун ҳужжатларига мувофиқ аккредитациядан ўтадиган мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматлари фаолиятини аккредитациядан ўтказиш ва инспекция назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аккредитация комиссияси - баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, шу жумладан баҳолашда иштирок этмаган халқаро экспертлардан иборат Марказ ҳузурида ташкил этиладиган комиссия бўлиб, аккредитация ва инспекция назорати бўйича ишлар натижаларини кўриб чиқиш ҳамда ушбу Низомда назарда тутилган тегишли қарорларни қабул қилиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади;


аккредитация - мувофиқликни баҳолаш бўйича фаолиятнинг муайян соҳасида ишларни бажаришга юридик шахсларнинг ваколатларининг Марказ томонидан расман тасдиқланиши;


аппеляция комиссияси - аппеляция берган аккредитация объектини баҳолашда иштирок этмаган ва аккредитация комиссияси таркибида бўлмаган, шу жумладан, халқаро баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлардан иборат Марказ томонидан ташкил этиладиган комиссия бўлиб, аккредитация комиссиясининг қарорлари бўйича аппеляцияни кўриб чиқиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади;


иккинчи томон - мувофиқлиги баҳоланаётган объектдан истеъмолчи сифатида манфаатдор бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


ариза берувчи - Марказга аккредитация тўғрисидаги тегишли ариза билан мурожаат қилган юридик шахс ёки у томонидан белгиланган тартибда ваколат берилган шахс;


миллий аккредитация тизими белгиси (кейинги ўринларда аккредитация белгиси деб аталади) - аккредитациядан ўтказилган мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматларининг аккредитация мақомини белгилаш мақсадида улар томонидан қўлланиши учун мўлжалланган Марказ томонидан бериладиган белги;


инспекция назорати - мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматларининг аккредитация даврида белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида Марказ томонидан даврий баҳолаш тартиб-таомили;


аккредитация соҳаси - аккредитация сўралаётган ёки тақдим этилган мувофиқликни баҳолаш бўйича фаолиятнинг муайян соҳаси;


аккредитация объекти - мувофиқликни баҳолаш органлари ва меторология хизматлари, шу жумладан уларни баҳолаш жараёнида;


мувофиқликни баҳолаш органлари - юридик шахслар ҳисобланадиган ва мувофиқликни баҳолаш бўйича ишларни бажариш учун белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган инспекция органлари, тиббий, синов ва калибрлаш лабораториялари (марказлари), провайдерлар, маҳсулотни, хизматларни, менежмент тизимларини, ходимларни сертификатлаштириш органлари;


баҳолаш - аккредитациянинг аниқ бир соҳаси учун техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар асосида аккредитация объекти ваколатли эканини аниқлаш мақсадида Марказ томонидан амалга ошириладиган жараён;


баҳоловчи - мувофиқликни баҳолаш органи ва меторология хизматларини мустақил равишда ёки баҳолаш гуруҳи таркибида баҳолаш учун Марказ томонидан тайинланган шахс;


биринчи томон - ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи манфаатларини ифодаловчи юридик шахс;


баҳолаш гуруҳи раҳбари - зиммасига баҳолаш жараёнига раҳбарлик қилиш учун умумий масъулият юкланган ва Марказ томонидан ваколат берилган баҳоловчи;


аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома - аккредитациянинг белгиланган соҳасида ишларни бажариш учун мувофиқликни баҳолаш органининг ва метрология хизматининг ваколатли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;


техник эксперт - ишларни ташкил этиш, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги жараён ёки фаолият хусусида махсус билим ва тажрибага эга бўлган, шартнома асосида аккредитация объектини баҳолаш ва инспекция назоратини ўтказиш учун Марказ томонидан жалб қилинадиган жисмоний шахс;


учинчи томон - биринчи ва иккинчи томонлардан мустақил бўлган жисмоний ёки юридик шахс.



2-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТАЛАБЛАРИ

ВА ШАРТЛАРИ


3. Қуйидагилар аккредитациянинг умумий талаблари ва шартлари ҳисобланади:

аккредитация учун ариза берувчиларнинг ваколати ва баҳолашга қўйилган талабларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатларга мажбурий риоя қилиш;

аккредитация объектларининг нормал ва самарали фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида (шу жумладан, ижара ҳуқуқлари асосида) тааллуқли бўлган бино ва иншоотлар, техник-технологик ҳамда аппарат-дастурий воситалар мавжудлиги;

жорий этилган ва амалдаги сифат менежменти тизими мавжудлиги ҳамда аккредитация объекти фаолиятида унинг талабларига риоя этиш;

малакаси аккредитация жараёнида Марказ томонидан баҳоланадиган ва аккредитациянинг ариза берилган соҳасида малакали ходимларнинг мавжудлиги, уларнинг ўзаро алмашинувчанлигини таъминлаш;

аккредитациянинг ариза берилган соҳасига мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги;

аккредитация объектлари томонидан ушбу Низомнинг 9-бобида кўрсатилган мажбуриятларга ўз вақтида риоя қилиш.

Аккредитация қилишда аккредитация соҳасидаги халқаро қоидалар, Аккредитация бўйича халқаро форум талаблари (IAF) ва Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ташкилот (ILAC) талаблари ҳисобга олинади.


4. Қуйидагилар ариза берувчини аккредитациядан ўтказиш учун қўшимча шартлар ҳисобланади:

а) маҳсулотларни сертификатлаштириш органи органи сифатида:

аккредитация объектининг ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар, ижрочилар ва истеъмолчилардан мустақиллиги;

баҳоланаётган объектнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатида белгиланган мажбурий кўрсаткичларининг аксарият қисми аниқлашини таъминлайдиган, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган ўз синов лабораториясининг (маркази) мавжудлиги ва профессионал жавобгарлиги суғурта қилинганлиги (пахта маҳсулотларини сертификатлаш хизматлари учун);

баҳоланаётган объект мажбурий кўрсаткичларининг етишмаётган қисми аниқлашини таъминловчи аккредитациядан ўтказилган бошқа синов лабораториялари (марказлари) билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимларнинг мавжудлиги;

ариза берувчини маҳсулотнинг мувофиқлик декларацияларини рўйхатдан ўтказиш учун сертификатлаштириш органи сифатида аккредитациядан ўтказишда мазкур банднинг "а" кичик банди учинчи ва тўртинчи хатбошларида кўрсатилган шартларнинг бажарилиши талаб этилмайди;

б) юкларни ортишдан олдин ва/ёки тушириш вақтидаги инспекцияни ўтказиш бўйича инспекция орган сифатида аккредитациянинг ариза берилган соҳасида, маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш учун тегишли техника воситалари ва асбоб ускуналар ёки лабораториянинг мавжудлиги;

в) хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органининг баҳоланаётган тарафдан мустақиллиги;

г) синов, калибрлаш ва тиббиёт лабораториялари (марказлар), метрологик хизматлар сифатида (ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг метрологик экспертизасини ўтказадиган метрология хизматлари бундан мустасно):

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш бинолари ва атроф-муҳит шароитларининг мавжудлиги;

аккредитациянинг ариза берилган соҳасига мувофиқ синовлар ўтказилишини ва/ёки ўлчашларнинг бажарилишини таъминлайдиган синов, ўлчаш воситалари, стандарт намуналар ва синаш асбоб-ускуналарининг мавжудлиги.

6. Аккредитациядан ўтказилган синов, калибрлаш, тиббиёт лабораториялари (марказлари) ва метрологик хизматлар, амалдаги аккредитация доирасига мувофиқ ўзи қўллаётган синов ва ўлчов воситаларидан, стандарт намуналардан ва синаш асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва/ёки уларни қўллаш ҳуқуқларининг, аккредитациядан ўтишга талабгор бўлган ариза берувчилар фойдасига берилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



3-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


7. Ариза берувчиларни аккредитациядан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Ариза берувчи Марказ томонидан белгиланган шакл бўйича Марказга ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилган ҳолда, ёзма ёки электрон шаклда аккредитация қилишга буюртма (кейинги ўринларда буюртма деб аталади) беради.


8. Ариза берувчилар буюртмага қуйидаги ҳужжатларни ва маълумотларни илова қилади:

аккредитация қилиниши сўралаётган аккредитация соҳасини аниқловчи мувофиқликни баҳолаш объектлари ёки синов усуллари (методикалари) ва/ёки ўлчаш турларининг рўйхати;

сифат бўйича қўлланма ва сифат менежменти тизими тартиб-тамоил ҳужжатлари;

маҳсулот, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органлари ва инспекция органи учун қўшимча равишда - ходимлар тўғрисидаги маълумотлар, сертификатлашни (инспекцияни) ўтказиш тартиби тўғрисидаги хужжат ва инспекция органи томонидан қўлланиладиган (зарур ҳолларда) техника воситалари ва асбоб ускуналар тўғрисидаги хужжат;

синов, калибирлаш ва тиббиёт лабораториялари (марказлари), метрология хизматлари учун қўшимча равишда - лаборатория, ходимлар ва улар томонидан қўлланиладиган синов, ўлчаш воситалари ҳамда синов ускунаси тўғрисидаги маълумотлар;

метрология хизматлари учун "Метрология тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига асосан ушбу метрология хизматининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан келишиб олинганлиги тўғрисидаги маълумот.

9. Ариза берувчидан ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи ўз ихтиёрига кўра, аккредитация объектига алоқадор қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим қилиши мумкин.


10. Марказ, тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларни тўлиқлиги юзасидан буюртмани ўрганади. Буюртмани ўрганиш ижобий натижа берса, у рўйхатдан ўтказилади ва икки иш кунидан кечикмай аккредитация хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тайёрланади ва ариза берувчига юборилади.

Ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган барча ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилмаган тақдирда, Марказ бир иш кунидан кечикмай ариза берувчига ҳужжатларни пухта ишлаб чиқиш учун қайтариш ҳақида хабар қилади.


11. Ариза берувчи томонидан тўлов тўлангач, Марказ тақдим этилган аккредитация объекти ҳужжатларини экспертизадан ўтказади. Экспертиза натижалари бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш учун Марказ жойида баҳолаш ўтказишга қадар бу ҳақда аккредитация объектини хабардор қилади. Экспертизадан ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ошмаслиги керак.

Аккредитация объекти аниқланган камчиликлар тўғрисида хабарни қабул қилгандан сўнг жойнинг ўзида баҳолашни ўтказиш учун шартнома имзолашни ва кейинги аккредитация жараёни ўтказишни рад этиш хуқуқига эга ва бу ҳақда Марказни ёзма хабардорқилади.


12. Тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш тугалланганидан сўнг ва аккредитация объекти жойининг ўзида баҳолашни ўтказиш учун тўлов тўлангач, Марказ уч иш куни давомида миллий ва/ёки халқаро баҳоловчилар ва техник экспертлардан иборат баҳолаш гуруҳини шакллантиради.


13. Баҳолаш гуруҳи таркиби ва баҳолаш ўтказиладиган сана аккредитация объектининг асосланган таклифларини инобатга олган ҳолда, у билан келишиб олинади.

Баҳолаш гуруҳи раҳбари ва таркиби Марказ раҳбарининг ёки у томонидан ваколат берилган шахснинг буйруғи билан тайинланади.


14. Аккредитация объектининг аккредитация талаблари ва шартларига мувофиқлигини, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ва аккредитация объекти сўралган функцияларни бажара олиш қобилиятини баҳолаш гуруҳининг асосий вазифалари ҳисобланади.


15. Аккредитация объектини жойнинг ўзида баҳолаш муддатлари унинг фаолияти хусусиятларини, шунингдек, уларни ихтисослаштирилган (лаборатория, ташхис, метрология, методологик, ишлаб чиқариш ва технологик) баҳолаш заруратини ҳисобга олган ҳолда Марказ томонидан аниқланади. Бунда аккредитация объектини баҳолаш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.


16. Баҳолаш тасдиқланган режага мувофиқ ўтказилади. Баҳолаш режаси Марказ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс томонидан тасдиқланади. Буйруқ ва баҳолаш режаси аккредитация объектига жойнинг ўзида баҳолаш ўтказишга қадар танишиш учун тақдим этилади.


17. Баҳолаш гуруҳи аккредитация объектининг аккредитация соҳасига киритилган ҳар бир сўралган фаолият йўналишини баҳолайди.

Аккредитация объекти жойнинг ўзида баҳолаш ўтказиш учун шарт-шароитлар, шу жумладан баҳолаш гуруҳига зарур маълумот, ёзувлар ва ҳужжатлардан (шу жумладан, ички аудит натижаларидан) фойдаланиш, биноларга кириш ҳамда ходимлар малакасини баҳолаш имкониятини яратади.

Ходимлар малакасини баҳолаш уларнинг шахсий карталарини ўрганган ҳолда сўралган соҳадаги малакаси, тайёргарлиги, маълумотини, мувофиқликни баҳолаш бўйича кўникмаларини намойиш қилишини кузатиш ва суҳбатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

Баҳолаш гуруҳи лабораториялар аро қиёсий синовлар натижаларини ва ўлчов воситаларини калибрлаш ҳамда таққослаш текширув натижалари, шунингдек, сўралган соҳаларда назорат синовлари ўтказилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Таркибига аккредитация объекти кирадиган юридик шахсда сифат менежментининг сертификатланган тизимини мавжудлиги аккредитация объекти учун бу борадаги аккредитация талаблари ва шартлари бажарилганининг тасдиғи бўла олмайди.


18. Жойнинг ўзида баҳолаш ўтказиш учун шарт-шароит яратиб берилмаган ҳолатда, баҳолаш гуруҳи раҳбари Марказга тегишли рапорт тақдим этиши шарт, Марказ унинг асосида баҳолаш ишларини бир ойдан ошмайдиган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аккредитация объекти кўрсатилган муддатда жойнинг ўзида баҳолаш ўтказиш учун шарт-шароит яратиб бермаса, аккредитация қилишга берилган буюртма бекор қилинади.


19. Баҳолаш якунлари бўйича баҳолаш гуруҳининг баҳолаш давомида аниқланган номувофиқликларни (улар мавжуд бўлганда) ўз ичига олган ҳисоботи (кейинги ўринларда ҳисобот деб аталади) тузилади.

Ҳисобот баҳолаш гуруҳи аъзолари, шунингдек, ўзининг алоҳида фикрини (зарурат бўлганда) ифодалашга ҳақли бўлган аккредитация объектининг ваколатли вакили томонидан имзоланади.

Ҳисобот икки нусхада тузилади, унинг бир нусхаси аккредитация объектининг ваколатли вакилига берилади.


20. Баҳолаш гуруҳи ижобий ҳисобот расмийлаштирган тақдирда (номувофиқлик мавжуд бўлмаганда), уч иш куни мобайнида ҳисоботни Аккредитация комиссиясининг тегишли қарорини қабул қилиш учун Марказга тақдим этади.


21. Баҳолаш вақтида номувофиқликлар бартараф этилмаса (шу жумладан, ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган номувофиқликлар), аккредитация объекти номувофиқликларни бартараф этишга доир ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади. Бунда номувофиқликларни бартараф этиш муддати баҳолаш бўйича ҳисобот расмийлаштирилган санадан бошлаб икки ойдан ошмаслиги керак.

Аккредитация объекти асосланган сабабларни ёзма равишда Марказга тақдим этган тақдирда, номувофиқликларни бартараф этиш муддати Марказ томонидан бир маротаба бир ойдан кўп бўлмаган муддатга сурилиши мумкин.


22. Аккредитация объекти томонидан ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумотлар ва номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса, баҳолаш гуруҳи раҳбари ҳисоботни илова қилган ҳолда, аккредитация бўйича ишларни тугатиш тўғрисида Марказга рапорт тақдим этиши шарт.


23. Марказ ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни қабул қилган санадан бошлаб, беш иш куни мобайнида аккредитация объекти томонидан номувофиқликлар амалда бартараф этилганлиги ҳолатини, зарур бўлса, жойнинг ўзига борган ҳолда ўрганиш учун буйруқ билан баҳолаш гуруҳига ваколат беради.

Баҳолаш гуруҳи беш иш куни мобайнида қабул қилинган ҳаракатларни кўриб чиқишни таъминлайди. Агар тақдим этилган маълумот ва тасдиқловчи ҳужжатлар номувофиқликларни бартараф этиш учун етарли бўлмаса, баҳолаш гуруҳи қўшимча маълумот сўрашга ҳақли.

Номувофиқликларнинг амалда бартараф этилганлик ҳолатини ўрганиш муддати ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш кунидан ошмаслиги керак.


24. Баҳолаш гуруҳи, номувофиқликларнинг амалда бартараф этилганлик ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича якуний ҳисоботни расмийлаштиради ва уч иши куни мобайнида Марказга тақдим этади.


25. Марказ, ҳисоботни қабул қилган санадан бошлаб, беш иш куни мобайнида аккредитация комиссияси мажлисида унинг кўриб чиқилишини таъминлайди. Аккредитация комиссияси таркиби Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади.


26. Қуйидагилар Аккредитацияни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос ҳисобланади:

аккредитация объекти у баҳоланаётганда зарур маълумотларни тақдим этишни рад этиши;

аккредитация объекти томонидан кўрсатилган маълумотларда нотўғри маълумот мавжудлиги;

аккредитация объектининг аккредитация талаблари ва шартларига номувофиқлиги;

аниқланган номувофиқликларни белгиланган муддатларда бартараф этмаслик.

Аккредитацияни рад этиш тўғрисида бошқа асослар, шу жумладан мақсадга мувофиқсизлик сабаблари бўйича қарор қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Мазкур банднинг учинчи хатбошига мувофиқ аккредитация объекти томонидан тақдим этилган ҳақиқий ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотлар акси исботланмагунига қадар ишончли ҳисобланади.

Марказда тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа пайдо бўлган тақдирда, аккредитация объектидан қўшимча маълумотлар талаб этмаган ҳолда, Марказ уларнинг ишончлилигини мустақил равишда ва ўз ҳисобидан текшириш учун чоралар кўради.

27. Аккредитация комиссияси томонидан ижобий қарор қабул қилинса, Марказ ва аккредитация объекти ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома тузилади ҳамда уч иш куни мобайнида аккредитация тўғрисида гувоҳнома берилади.

Аккредитациядан кейинги шартномада қуйидагилар акс этади:

Марказ ва аккредитация объекти ўртасидаги ўзаро муносабатлар, шу жумладан томонларнинг хуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

аккредитация белгисини қўллаш шартлари ва давлат реестри рақамидан фойдаланиш;

инспекция назоратини ўтказиш даврийлиги.


28. Учинчи томон ҳисобланган синов, калибрлаш ва тиббий лабораторияга (марказга), метрологик хизматга, техник жиҳатдан ваколат ва мустақиллик юзасидан аккредитация тўғрисида гувоҳнома берилади.

Биринчи ёки иккинчи томон ҳисобланган синов, калибрлаш ва тиббий лабораторияга (марказга), метрологик хизматга техник жиҳатдан ваколат юзасидан аккредитация тўғрисида гувоҳнома берилади.


29. Марказ ўзининг расмий веб-сайтида аккредитациядан ўтказилган мувофиқликни баҳолаш органлари, меторология хизматлари давлат реестрини (кейинги ўринларда Давлат реестрлари деб аталади), шунингдек, баҳоловчилар ва техник экспертлар реестрини юритади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади.

Давлат реестрлари танишиш учун очиқ ҳисобланади.


30. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот юритиладиган бланкалар ҳисобланади, уларни рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади.


31. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома беш йил муддатга берилади.


32. Аккредитация комиссияси салбий қарор қабул қилганда, Марказ аккредитацияни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб, уч иш куни мобайнида аккредитация объектига ёзма шаклда хабарнома юборади.


33. Аккредитация объекти аккредитация комиссиясининг аккредитациядан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан Марказ ҳузуридаги аппеляция комиссиясига ёки суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


34. Қуйидаги ҳолларда аккредитация объекти такрорий аккредитацияга буюртманома тақдим этиши керак:

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида уч ой олдин;

аккредитация объектининг ваколатини баҳолашга қўйиладиган талабларни тартибга солувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги янги ёки янгидан қабул қилинган норматив ҳужжат амалга киритилган вақтдан бошлаб уч ойдан кўп бўлмаган муддатда.

Такрорий аккредитация ушбу Низомнинг 3-бобида белгиланган тартибда ўтказилади.


35. Марказ аввал берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини тегишли қарор қабул қилинадиган санагача узайтириши мумкин, бунда узайтириш муддати ушбу Низом 34-банди талабларига риоя қилган ҳолда, уч ойдан ошмаслиги керак.



4-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ СОҲАСИНИ

КЕНГАЙТИРИШ ВА ҚИСҚАРТИРИШ


36. Аккредитация соҳасини кенгайтириш ишлари аккредитация объекти аризаси бўйича ушбу Низомнинг 7-25, 32 ва 33-бандларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


37. Аккредитация объектининг аккредитация соҳасини қисқартириш аккредитация комиссиясининг қарори билан қуйидагилар асосида амалга оширилади:

аккредитация соҳасини қисқартириш тўғрисида аккредитация объектининг аризаси;

аккредитация объекти фаолиятининг инспекция назорати натижаларига кўра.


38. Аккредитация соҳаси қисқартирилса, Марказ томонидан аккредитация объектининг аккредитация соҳасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Аккредитация соҳасини кисқартириш учун ҳақ олинмайди.



5-БОБ. ИНСПЕКЦИЯ НАЗОРАТИ


39. Инспекция назорати аккредитациядан кейинги шартнома асосида ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ жойнинг ўзига бориб амалга оширилади.

Биринчи инспекция назорати аккредитация санасидан кейин ўн икки ойдан кечикмай ўтказилади. Кейинги инспекция назорати ҳар йили Марказ раҳбари томонидан тасдиқланадиган инспекция назорати режа-жадвалига мувофиқ даврий, бироқ аввалги инспекция назорати ўтказилган вақтдан бошлаб йигирма тўрт ойдан кечикмай (маҳсулотни сертификатлаш органлари учун - ўн икки ойдан кечикмай) ўтказилади.


40. Йигирма тўрт ой даврийлик муддати қуйидаги шартлар бажарилса белгиланади:

жойнинг ўзида аввалги баҳолаш ўтказилганда номувофиқликлар бўлмаган бўлса;

аккредитация объекти фаолияти бўйича шикоятлар бўлмаган бўлса;

аккредитация объекти фаолияти бўйича ўтказилган мониторинг ижобий натижалар берган бўлса.


41. Аккредитация объекти фаолияти бўйича режадан ташқари инспекция назорати аккредитация талаблари ва шартлари, шу жумладан аккредитация белгисидан фойдаланиш бузилганлиги тўғрисида ҳужжатлар билан тасдиқланган ёзма мурожаат Марказга тушган тақдирда ўтказилади.


42. Инспекция назоратини ўтказиш тартиби ушбу Низомнинг 13-17, 19-бандларига мувофиқ амалга оширилади.

Инспекция назорати давомида Марказ мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматлари томонидан аккредитация белгисини ва/ёки аккредитацияга матнли ҳаволалар қўлланилишининг тўғрилигини ҳам ўрганади. Мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматлари томонидан аккредитация белгисини қўллаш қоидалари Марказ томонидан ISO/IEC 17011 халқаро стандарти талабларига мувофиқ белгиланади.


43. Баҳолаш гуруҳи уч иш куни мобайнида Марказга ўтказилган инспекция назорати тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак.


44. Марказ ўтказилган инспекция назорати тўғрисидаги ҳисоботни қабул қилгандан кейин беш иш куни мобайнида унинг аккредитация комиссияси мажлисида кўриб чиқилишини таъминлайди.

Аккредитация комиссияси:

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш;

комиссия аъзоларининг катта қисми баҳолаш гуруҳи ҳисоботига қўшилмаган тақдирда, аккредитация объекти аккредитация талаблари ва шартларига мувофиқлигини хақ олмасдан қўшимча баҳолашни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аккредитация комиссиясининг қарори у қабул қилингандан кейин аккредитация объектига бир иш кунидан кечикмай етказилади.


45. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш) ёки тугатиш ушбу Низомнинг 6-7-бобларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


46. Аккредитация комиссиясининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги қарори юзасидан Марказ ҳузуридаги аппеляция комиссиясига ёки суд тартибида шикоят қилиш мумкин.



6-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ (ТИКЛАШ)


47. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

Аккредитация объекти аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганида;

аккредитация талаблари ва шартлари бузилиши аниқланганда;

аккредитация объекти томонидан аккредитациядан кейинги шартнома қоидаларига риоя этилмаганда.


48. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ушбу Низом 47-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда Марказ томонидан аккредитация комиссияси қарорига кўра, уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга оширилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ушбу Низом 47-бандининг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолда Марказ томонидан амалга оширилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги маълумот қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай, Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва аккредитация объектига ёзма равишда хабар юборилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қабул қилган қарори тўғрисида маълумот Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилган санадан бошлаб тўхтатиб турилади.

Аккредитация объекти аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тиклангунга қадар мувофиқликни баҳолаш фаолиятини тўхтатиб туриши шарт.


49. Аккредитация объекти номувофиқликларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади. Бунда номувофиқликларни бартараф этиш муддати аккредитация комиссиясининг қарорига асосан Марказ томонидан белгиланган муддатдан ошмаслиги керак.


50. Аккредитация объекти томонидан ҳаракатлар режасини бажариш тўғрисидаги маълумот ва номувофиқликлар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаса, баҳолаш гуруҳи раҳбари Марказга аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани амал қилишини тугатиш кераклиги тўғрисида рапорт тақдим этади.


51. Номувофиқликларни бартараф этилганлиги ҳолатларини ўрганиш, ушбу Низомнинг 23 ва 24-бандларига мувофиқ амалга оширилади.


52. Марказ баҳолаш гуруҳи томонидан якуний ҳисобот тақдим этилганидан сўнг беш иш куни мобайнида тегишли қарор қабул қилиш учун аккредитация комиссиясининг мажлисида унинг кўриб чиқилишини таъминлайди.


53. Аккредитация комиссиясининг қарори у қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кундан кечикмай Марказ томонидан аккредитация объектига етказилади.


54. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисидаги маълумотлар аккредитация соҳасидаги тегишли Давлат реестрларига киритилиши ва Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилиши лозим.



7-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТУГАТИШ


55. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

аккредитация объекти аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилса;

юридик шахс (аккредитация объекти) тугатилса;

аккредитация объекти томонидан гувоҳнома амал қилишининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар Марказ томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаса;

аккредитация соҳаси бузилса;

гувоҳнома сохта ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланган бўлса.


56. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қарорига кўра Марказ томонидан тугатилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмай Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва аккредитация объектига ёзма равишда хабар юборилади.

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномасинг амал қилиши аккредитация комиссиясининг қабул қилган қарори тўғрисида маълумот Марказнинг веб-сайтида жойлаштирилган санадан бошлаб тугатилади.

55-банднинг тўртинчи-олтинчи хатбошиларига мувофиқ аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугутилгандан кейин аккредитация учун такрорий ариза камида олти ойдан кейин берилиши мумкин.


57. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотлар аккредитация соҳасидаги тегишли Давлат реестрларига киритилиши лозим.



8-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ БЕЛГИСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ МОНИТОРИНГИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


58. Аккредитация белгисидан фойдаланиш мониторинги мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрологик хизматлар томонидан аккредитация белгисидан фойдаланиш қоидаларига (аккредитацияга матнли ҳаволалар) риоя қилишнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида аккредитациядан кейинги шартнома асосида амалга оширилади.

Мониторинг:

Марказ томонидан мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматларидан вақти-вақти билан сўраладиган аккредитация қилинган соҳада уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот;

истеъмолчиларнинг мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрология хизматлари сифатидан қониқиши тўғрисидаги сўров натижаларини истеъмолчилар билан қайта алоқа орқали;

Марказнинг сўрови бўйича назорат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.


59. Мониторинг натижалари бўйича Марказ уч иш куни мобайнида мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизматини улар томонидан тегишли чора-тадбирлар кўриш учун мониторинг натижалари тўғрисида хабардор қилади.

Бунда мониторинг натижалари бўйича Марказ томонидан мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизмати органига нисбатан бирон-бир чора кўрилишига йўл қўйилмайди.

Мониторинг натижаларидан инспекция назорати давомида фойдаланилиши мумкин.



9-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ СОҲАСИДАГИ

МАРКАЗ ХИЗМАТЛАРИГА ҲАҚ

ТЎЛАШ ТАРТИБИ


60. Марказ томонидан аккредитация соҳасидаги қуйидаги хизматлар учун ҳақ ундирилади:

ҳужжатлар экспертизаси учун;

аккредитация объектини баҳолаш учун;

тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўтказилган аккредитация объектининг инспекция назорати учун;

аккредитация соҳасини долзарблаштириш учун.

Аккредитация объектлари томонидан аккредитация соҳасидаги Марказ хизматларига ҳақ тўлаш уларнинг натижаларидан қатъи назар амалга оширилади.


61. Марказ томонидан аккредитация соҳасидаги қуйидаги хизмат турлари бўйича ҳақ ундирилмайди:

ариза кўриб чиқиш;

олдин берилган (амалдаги) аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш;

аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш (тиклаш) ёки тугатиш;

аккредитация соҳасини қисқартириш;

аккредитация объекти фаолиятининг режадан ташқари инспекция назоратини амалга ошириш;

ушбу Низомнинг 69-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган материаллар долзарблаштирилганлиги учун.


62. Ушбу Низомда назарда тутилган хизматлар учун тўловлар Марказнинг сарфланган вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Сарфланган вақтни ҳисоблаб чиқиш методикаси Марказ томонидан белгиланади ва унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


63. Мувофиқликни баҳолаш органлари ва меторология хизматлари томонидан аккредитация белгиси қўлланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдори ҳақ ундирилади.



10-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМАНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


64. Аккредитация объекти қайта ташкил этилса, номи, юридик манзили ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, йигирма иш куни мобайнида мазкур ўзгартишлар ҳақида олдин берилган (амалдаги) аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхасини илова қилиб, уни қайта расмийлаштириш учун Марказни ёзма равишда хабардор қилиши керак.


65. Агар аккредитация объекти илгари аккредитациядан ўтказилган аккредитация объектининг ҳуқуқий вориси бўлмаса, ҳужжатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ кейинги тартиб-таомиллар ушбу Низомнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда ўтказилади.


66. Аккредитациядан ўтган маҳсулотлар, хизматлар, менежмент тизимлари, ходимларни сертификатлаш органи ва инспекция органининг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарса, янги аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома аккредитация ўтказилмай, амалдаги аккредитация муддатига расмийлаштирилади.


67. Синов, калибрлаш ва тиббий лаборатория (марказ) ёки метрология хизмати жойлашган жой ўзгарса, ушбу Низомнинг 3-бобида назарда тутилган тартибда улар такрорий аккредитациядан ўтказилади.


68. Янги аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома Марказ томонидан уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади.



11-БОБ. АККРЕДИТАЦИЯ ОБЪЕКТИ

МАТЕРИАЛЛАРИНИ ДОЛЗАРБЛАШТИРИШ


69. Аккредитация объекти материаллари қуйидаги ҳолларда долзарблаштирилади:

аккредитация объектининг аккредитация соҳасида кўрсатилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ўрнига янгиси амалга киритилса, уларга ўзгартишлар, қўшимчалар киритилса (бундан қабул қилинаётган норматив ҳужжатда маҳсулотларнинг янги турлари, синов (ўлчов) усуллари кўрсатилган ҳоллар мустасно);

сифат бўйича қўлланмага ва сифат менежменти тизими тартиб-таъмоил ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилса;

аккредитация объектининг ходимлари таркиби ўзгарса.


70. Аккредитация материаллари долзарблаштирилса, аккредитация объектлари бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда, ўзгартиришлар киритилган ҳужжатларни, шунингдек, киритилаётган ўзгартишлар юзасидан қиёсий таҳлилни илова қилиб Марказга ариза тақдим этади.


71. Марказ ўн беш иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва аввал тасдиқланган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритади. Ушбу Низомнинг 69-банди иккинчи хатбошига мувофиқ материаллар долзарблаштирилган тақдирда, аккредитация объектнинг аккредитация соҳаси янги таҳрирда тасдиқланади.



12-БОБ. АППЕЛЯЦИЯЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


72. Аккредитация ёки инспекция назорати натижалари бўйича аккредитация комиссиясининг салбий қарори чиқарилган аккредитация объекти аккредитация комиссиясининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь куни мобайнида Марказга ёзма шаклда апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Аккредитация объекти аккредитация ёки инспекция назорати натижалари бўйича аккредитация комиссиясининг унга нисбатан салбий қарори чиқарилса, аккредитация комиссиясининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз календарь куни мобайнида Марказга ёзма шаклда апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция комиссиясининг қарори қабул қилинган санадан бошлаб ўн календарь кундан ортиқ муддатда берилган апелляциялар кўриб чиқилмайди.


73. Апелляция комиссияси ҳар бир апелляцияни кўриб чиқиш учун заруратга кўра шакллантирилади. Апелляция комиссияси таркиби Марказ директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Апелляция комиссияси таркибини шакиллантириш ва тасдиқлаш муддатлари апелляция олинган кундан бошлаб уч кундан ортиқ бўлмаслиги керак.


74. Апелляция комиссиясининг таркиби, баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, шу жумладан халқаро экспертлар орасидан аппеляция берган аккредитация объектини баҳолашда иштирок этмаган ва аккредитация комиссияси таркибида бўлмаган Марказнинг камида уч вакилидан шакллантирилади.


75. Марказ апелляция берган аккредитация объектини ва баҳолашни ўтказган гуруҳ раҳбарини апелляция кўриб чиқиладиган сана ҳақида хабардор қилади. Апелляция берган аккредитация объекти вакили ва гуруҳ раҳбари апелляцияни кўриб чиқишда иштирок этишлари мумкин.


76. Апелляция комиссияси берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида аккредитация объектига ёзма равишда маълум қилади. Аппеляцияни кўриб чиқиш муттади у берилган санадан бошлаб ўн календарь кундан ошмаслиги керак.


77. Кўриб чиқилган апелляция натижалари бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

аккредитация комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш;

апелляцияни қаноатлантириш.


78. Аккредитация комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор агар:

апелляция ушбу Низом талаблари бузилган ҳолда тақдим этилган бўлса;

апелляцияда келтирилган сабаблар тасдиқланмаса қабул қилинади.


79. Апелляцияни қаноатлантириш тўғрисидаги қарор қабул қилинса, Марказ томонидан аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани бериш ёки аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тасдиқлаш хақида қарор қабул қилинади.


80. Марказ икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарномани апелляция берган аккредитация объектига ёзма шаклда юборади.


81. Айнан бир масала бўйича апелляцияни такроран беришга йўл қўйилмайди.


82. Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


83. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Аккредитацияни ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


Ариза берувчи

Аккредитация олиш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни таёрлайди.

Аккредитация марказига бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманомани тақдим этади.

Ариза берувчининг

хоҳишига кўра

2-босқич


Аккредитация маркази

1. Тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқлиги юзасидан буюртманомани ўрганади:

а) ижобий натижа бўлганда аккредитация бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тайёрланади;

б) ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда - ҳужжатларни қайтаради.

а) 2 иш куни мобайнида

б) 1 иш куни мобайнида

2. Марказ хизматларига ҳақ тўлангандан кейин тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказади.

2. 15 иш куни мобайнида

3. 3 иш куни мобайнида





4-5. Бир ойгача (аккредитация объекти тайёрлиги натижалари бўйича)

3. Экспертиза натижалари бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда, жойнинг ўзида баҳолаш ўтказишдан аввал марказ бу ҳақда аккредитация объектини уларни бартараф этиш учун хабардор қилади.


4. Тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш тугаллангандан кейин баҳоловчи гуруҳни тузади.

5. Жойнинг ўзида баҳолаш учун шарт-шароитлар таъминланмаган тақдирда, Марказ баҳолаш ишини тўхтатиб туради.

Баҳолаш гуруҳи

6. Жойнинг ўзида баҳолайди ва натижалар бўйича баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни расмийлаштиради.

10 иш куни мобайнида

7. Ижобий ҳисобот расмийлаштирилган тақдирда у аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиш учун Марказга берилади.

3 иш куни мобайнида


3-босқич*


Аккредитация объекти

1.Баҳолаш гуруҳи томонидан баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни расмийлаштиришда аккредитация объектининг белгиланган талабларга номувофиқлиги тўғрисидаги хулоса берилса, номувофиқликни бартараф этиш ва уни бажариш тўғрисидаги ҳисобот бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади ва Марказга тақдим этади.


1. Икки ой мобайнида (аккреди-тация объектининг хоҳишига кўра)

Аккредитация маркази

2. Ҳаракатлар режаси бажарилганлиги тўғрисидаги ахборот ва номувофиқликларни бартараф этиш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб баҳолаш гуруҳига аккредитация объекти томонидан номувофиқликлар бартараф этилиши ҳолатини ўрганиш учун ваколат беради.

2. 5 иш куни мобайнида

Баҳолаш гуруҳи

3. Амалга оширилган ҳаракатларнинг натижаларини ўрганишни таъминлайди.

3. 5 иш куни мобайнида

4. Ўрганиш натижалари бўйича баҳолаш тўғрисидаги якуний ҳисоботни расмийлаштиради ва уни аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқиш учун Марказга тақдим этади.

4. 3 иш куни мобайнида

4-босқич


Аккредитация маркази


1. Аккредитация комиссиясининг мажлисида баҳолаш натижалари кўриб чиқилишини таъминлайди.


1. 5 иш куни мобайнида

2. Аккредитация комиссияси томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Марказ билан аккредитация объекти ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома тузилади ва аккредитация тўғрисида гувоҳнома берилади.

2-3. 3 иш куни мобайнида

3. Аккредитация комиссияси томонидан салбий қарор қабул қилинган тақдирда аккредитация объектига аккредитация қилиш рад этилганлиги тўғрисида ёзма билдиришнома юборилади.

*) 3-босқич белгиланган талабларга номувофиқлик аниқланганда ва номувофиқликларни бартараф этиш учун муддат берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганда бажарилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Инспекция назоратини ўтказиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


Аккредитация маркзи

Инспекция назоратини ўтказишнинг режа-жадвали асосида:

баҳолаш гуруҳи таркибини ва инспекция назоратини ўтказиш муддатларини кўрсатган ҳолда буйруқ тузади;

инспекция назоратини ўтказиш режасини тасдиқлайди.

Режа-жадвалга мувофиқ


2-босқич


Баҳолаш гуруҳи


1. Жойнинг ўзида баҳолайди ва натижалар бўйича баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни расмийлаштиради.


10 иш куни мобайнида

2. Ҳисоботни аккредитация комиссияси мажлисида кўриб чиқиш учун Марказга беради.

3 иш куни мобайнида


3-босқич


Аккредитация маркази


1. Тегишли қарор қабул қилиш учун баҳолаш натижалари аккредитация комиссиясининг мажлисида кўриб чиқилишини таъминлайди.



5 иш куни мобайнида

2. Аккредитация комиссиясининг қарори аккредитация объектига етказилади.

1 иш куни мобайнида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 апрель