Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.04.2019 й. 355-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 25 апрелдаги

355-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инновацион

соғлиқни сақлаш миллий палатаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг (кейинги ўринларда Миллий палата деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Миллий палата республика соғлиқни сақлашни бошқаришга инновацион моделлар жорий этилиши учун масъул бўлган республика тиббиёт ва фармацевтика ходимларини бирлаштирувчи давлат ташкилоти ҳисобланади.


3. Миллий палата ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Миллий палата ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат хокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, хорижий, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш масалаларига тааллуқли бўлган ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий палатада мажбурий экспертизадан ўтказилиши керак.


5. Миллий палатанинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг бўлинмаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти томонидан мувофиқлаштирилади.


6. Миллий палатанинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, қисқартирилган номи - Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - National Chamber of Innovative Healthcare of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - UzHealth;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Национальная палата инновационного здравоохранения Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Национальная палата инновационного здравоохранения.


7. Миллий палата юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида миллий валютада шахсий ғазна ҳисобварақларига, тижорат банкларида валюта ҳисобрақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрига эгадир.



2-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТАНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Миллий палатанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

республика соғлиқни сақлашни ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва энг яхши жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

замонавий клиник қўлланмалар ва баённомалар, ташхис қўйиш ва даволаш сифат стандартлари, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилиши устидан мониторинг олиб бориш;

тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, зарур статистик маълумотлар билан таъминлаш мақсадида нотўғри статистик кўрсатгичлардан фойдаланиш имкониятига йўл қўймайдиган халқаро стандартлар ва усулларни жорий этиш;

республика врачлари ва провизорларини рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш, шунингдек, маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва юритиш;

халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ташкил этишга, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағларни жалб этишга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотларни ташкил этишга кўмаклашиш;

тиббиёт ходимларининг нуфузини ва мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция намоён бўлишига барҳам бериш ва унинг олдини олиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш;

тиббиёт ходимларининг касбий малакаси даражаси, шунингдек, улар фаолияти якка тартибда лицензияланишини жорий этиш орқали кўникмаларининг замонавий талабларга ва энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқлиги мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини йўлга қўйиш;

тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, мамлакат мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировкадан ўтишини ташкил қилиш;

врач (тиббиёт)нинг хатолари, нотўғри ташхис қўйиш ҳолатларини камайтириш ва мамлакатимиздаги тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ва ушбу соҳада энг яхши жаҳон амалиётларини чуқур ўрганиш асосида касалликларни даволаш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида энг яхши хорижий амалиётни мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига мослаштириб жорий этиш, шунингдек, фуқароларнинг тиббий суғурталанишини жорий этиш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш;

хусусий хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этиш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат соғлиқни сақлашига жорий этиш, шунингдек, хусусий соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантириш;

соғлиқни сақлаш масалалари бўйича хорижий (халқаро) тиббиёт ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, республика соғлиқни сақлаш тизимига грант, кредит, донорлик ва бошқа маблағларни жалб қилиш мақсадида учрашувлар, музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, шунингдек, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш;

шу жумладан, бизнес режаларни ишлаб чиқиш йўли билан республика соғлиқни сақлашнинг хусусий тизимини ривожлантиришга инвестиция қўйиш масалалари бўйича потенциал инвесторларга, айниқса хорижий инвесторларга ахборот, маслаҳат, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, ташаббус кўрсатиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини жалб қилиш.


9. Миллий палата ўзига юкланган вазифаларни қуйидаги функцияларни амалга ошириш йўли билан бажаради:


а) республика соғлиқни сақлашни ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва энг яхши жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида:

илғор халқаро тажрибани ва энг яхши жаҳон амалиётларини ўрганади ва республика соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифлар, ривожлантириш дастурлари, лойиҳаларни ишлаб чиқади;

соғлиқни сақлашни ривожлантириш стратегиялари ва дастурларини амалга ошириш бўйича индикаторлар, кўрсаткичлар, усулларни, методологияларни ўрганади ва жорий этади;

соғлиқни сақлаш соҳасида илмий инновацион ишлар ва лойиҳаларни ўрганади ва самарадорлигини таҳлил қилади, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий ва инновацион фаолиятнинг долзарб, истиқболли ва стратегик йўналишлари бўйича таклифлар киритади;

илғор тажрибани ўрганиш ва республика соғлиқни сақлаш соҳасига жорий этиш бўйича илмий, илмий-амалий, ўқув, ишчи ва бошқа тадбирларни (симпозиумлар, конференциялар, кўргазмалар, ишчи йиғилишлар, давра суҳбатлари ва шу кабиларни) ўтказади;

илмий-методик, ўқув адабиётлари, статистик материаллар ва шакллар, ахборот брошюралари, кўргазмали қўлланмалар, тарқатма материаллар ва бошқа ахборот-босма материаллар, шунингдек, даврий маҳсулотларни нашр қилади;


б) замонавий клиник қўлланмалар ва баённомалар, ташхис қўйиш ва даволаш сифат стандартлари, шунингдек, моддий-техник жиҳозлаш стандартлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг ўз вақтида жорий этилиши устидан мониторинг олиб бориш соҳасида:

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда тиббий стандартлаштиришнинг норматив-методик ва ташкилий асосларини, шу жумладан, клиник қўлланмалар ва баённомалар, клиник-ташкилий, клиник-иқтисодий стандартлар, сифат менежменти стандартлари, сифатни бошқариш, хавфсизликни, моддий-техник жиҳозлаш тизимини, тиббиёт ҳужжатларини ва шу кабиларни ишлаб чиқади;

тиббиёт стандартлари ва нормативларини жорий этишда иштирок этади, ташкилий-методик ёрдам беради, консалтинг хизматлари кўрсатади, тиббиёт стандартлари ва нормативларини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа зарур тадбирларни амалга оширади;

айрим стандартлар ва нормативлар самарадорлигини таҳлил қилади, уларни бекор қилиш, алмаштириш ёки ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулосалар тайёрлайди;

халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқ соғлиқни сақлаш муассасаларида сифатни бошқариш тизимлари экспертизасини жорий этади ва ўтказади;

ўқув дастурлари ва материалларни ишлаб чиқишда ва жорий этишда, шунингдек, тиббиёт валеологияси ва клиник стандартлаштириш масалалари бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;

соғлиқни сақлашнинг турли жиҳатлари бўйича ихтисослаштирилган тадқиқотлар ўтказади, таҳлилий шарҳлар ва маърузалар тайёрлайди;

тиббиёт стандартлари ва нормативлари, клиник қўлланмалар ва баённомаларнинг электрон базасини яратишни, жорий этишни ва унинг доимий янгиланишини таъминлайди;


в) тиббиёт статистикасини тўплаш ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, шунингдек, зарур статистик маълумотлар билан таъминлаш мақсадида нотўғри статистик кўрсатгичлардан фойдаланиш имкониятига йўл қўймайдиган халқаро стандартлар ва усулларни жорий этиш соҳасида:

халқаро стандартлар ва методикаларни ҳисобга олган ҳолда ишончли тиббий-статистик маълумотлар тўплаш имкониятини таъминлайдиган тиббиёт статистикаси ва ҳужжатларининг илмий-методик, ташкилий ва амалий асосларини ишлаб чиқади;

манфаатдор органлар билан биргаликда тиббий-иқтисодий маълумотларни тўплаш, таҳлил ва назорат қилишни ташкил қилиш учун ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Миллий палатага соғлиқни сақлаш соҳасидаги зарур статистик маълумотлар тақдим қилиниши тартибини ишлаб чиқади;

соғлиқни сақлашни бошқариш органлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ҳужжатларининг замонавий интерфаол шакллари жорий этилишини, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча субъектлар томонидан уларнинг юритилиши сифати устидан назорат қилинишини таъминлайди;

электрон ҳужжатлар айланиши ва соғлиқни сақлашнинг миллий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва жорий этишда иштирок этади;

тиббиёт ҳужжатлари, тиббиёт статистикаси, тиббий-иқтисодий ҳужжатлар айланиши ва статистика, рақамлаштириш масалалари бўйича ўқув дастурлари, ўқув ва методик адабиётлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида бошқа ўқитиш методикаларининг бошқа турлари ва дастурларни ишлаб чиқади ва жорий этади;

соғлиқни сақлаш соҳасида зарур статистик маълумотларни давлат органлари ва бошқа ташкилотларга уларнинг сўровларига кўра тақдим қилади;


г) республика врачлари ва провизорларини рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш, шунингдек, маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва юритиш соҳасида:

манфаатдор органлар ва ташкилотлар билан биргаликда врачлар ва провизорларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини ишлаб чиқади;

республика врачлари ва провизорларини давлат рўйхатидан ўтказади;

соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларнинг миллий реестрини (маълумотлар базасини) ишлаб чиқади ва уларнинг юритилишини таъминлайди;

турли тоифалардаги фойдаланувчилар учун соғлиқни сақлаш соҳасида миллий реестрдан (маълумотлар базасидан) фойдаланиш регламентларини ишлаб чиқади;


д) халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ташкил этишга, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағларни жалб этишга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотларни ташкил этишга кўмаклашиш соҳасида:

тиббиёт инфратузилмасини ташкил этиш ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини ташкил этиш юзасидан соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг жаҳон тенденцияларини таҳлил қилади;

соғлиқни сақлаш муассасалари тизимлари (тармоқлари)ни, мулкчиликнинг барча шаклларидаги тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини, уларнинг жиҳозланганлик ҳолатини, турли тиббиёт хизматларига, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таҳлил қилади;

янги тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, давлат ва хусусий муассасалар ўртасида тиббий хизматларни алоҳида ҳудудларда оқилона тақсимлаш, жаҳон тенденциялари ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқади;

ҳам тиббиёт мақсадларида, ҳам соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш учун қўлланиладиган тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича технологиялар жорий этилишига кўмаклашади;

соғлиқни сақлаш соҳасига самарали инвестиция қўйилиши бўйича тавсияларни тақдим қилади, шунингдек, турли долзарб ва талаб қилинадиган ихтисосликлар бўйича соғлиқни сақлаш соҳасида мустақил ташкилотларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосидаги ўрта ва олий тиббиёт таълим муассасаларини ташкил этади;

тиббиёт, фармацевтика ташкилотларини ва бошқа ташкилотларни таъсис этади;

таълим муассасалари ва маҳаллий давлат хокимияти органлари билан биргаликда болалар, ўсмирлар ва имконияти чекланган шахсларнинг таълим олишини яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва дастурларда иштирок этади;


е) тиббиёт ходимларининг нуфузини ва мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция намоён бўлишига барҳам бериш ва унинг олдини олиш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриш соҳасида:

мулкчилик шаклларидан қатъи назар тиббиёт ташкилотлари ва тиббиёт ходимларининг фаолиятини ўрганади (молия-хўжалик фаолиятидан ташқари);

бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар билан биргаликда соғлиқни сақлаш ходимларининг кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ва касб даражасини оширишга йўналтирилган тадбирларда иштирок этади;

Миллий палата ваколатларига кирадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;

республика давлат тиббиёт ташкилотлари рейтинги натижаларини Миллий палатанинг расмий веб-сайтида мунтазам равишда эълон қилади;


ж) тиббиёт ходимларининг касбий малакаси даражаси, шунингдек, улар фаолияти якка тартибда лицензияланишини жорий этиш орқали кўникмаларининг замонавий талабларга ва энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқлиги мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини йўлга қўйиш соҳасида:

соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларга қўйиладиган амалдаги талабларни таҳлил қилади ва замонавий малакавий, лицензион талабларини ишлаб чиқади;

соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларни лицензиялашнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришда иштирок этади;

замонавий талаблар ва энг яхши дунё амалиётларига биноан соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларнинг янги касб фаолияти стандартлари ва клиник стандартларни ишлаб чиқади, амалдагиларини таҳлил қилади;


з) тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, мамлакат мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировкадан ўтишини ташкил қилиш соҳасида:

соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича муассасалар ва бўлинмалар тизимини (тармоғини) таҳлил қилади ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича методикалар ва тавсияларни ишлаб чиқади ва уларнинг жорий этилишини таъминлайди;

соғлиқни сақлаш соҳасида мутахассисларни чет элда малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга бўлган эҳтиёжни таҳлил қилади;

соғлиқни сақлаш соҳасида манфаатдор ташкилотлар ва экспертлар билан биргаликда, шу жумладан, хорижий экспертлар билан биргаликда қайта тайёрлаш ва малака ошириш мақсадларида чет элга чиқадиган мутахассисларга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади, иштирокчилар таркибини шакллантиради;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасида юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассислар реестрини шакллантиради, республиканинг тиббиёт ташкилотлари ва таълим муассасаларида фаолиятни амалга ошириш учун хорижий мутахассисларни танлайди ва таклиф қилади;

кадрлар салоҳиятини ривожлантириш тадбирларини ташкил этишда иштирок этади, тўлов-контракт асосида соғлиқни сақлаш соҳасида турли ихтисосликдаги мутахассисларни, шунингдек, бошқа соҳалар ва тармоқларнинг ихтисосли мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича хизматлар кўрсатилишини ташкил этади;


и) врач (тиббиёт)нинг хатолари, нотўғри ташхис қўйиш ҳолатларини камайтириш ва мамлакатимиздаги тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ва ушбу соҳада энг яхши жаҳон амалиётларини чуқур ўрганиш асосида касалликларни даволаш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш соҳасида:

врач (тиббиёт) хатоларини аниқлайди ва уларни камайтириш механизмларини такомиллаштириш ишларини таҳлил қилади, тавсиялар, профессионал стандартлар, ўқув ва методик материалларни ишлаб чиқади;

тиббиёт ходимларининг профессионал жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини жорий этиш йўли билан врач (тиббиёт) хатолари натижасида мижозларнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;


к) шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида энг яхши хорижий амалиётни мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига мослаштириб жорий этиш, шунингдек, фуқароларнинг тиббий суғурталанишини жорий этиш борасидаги ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш соҳасида:

соғлиқни сақлашни бошқариш ва ташкил этиш тизимидаги илғор тажриба ва энг яхши хорижий амалиётларнинг тиббиёт ташкилотлари менежментини ўрганади, таҳлил қилади ва мослаштиради;

норматив-ҳуқуқий базани ишлаб чиқишда ва такомиллаштиришда иштирок этади, соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва тиббиёт ташкилотлари менежменти, шу жумладан, халқаро стандартлар асосида тиббиёт ташкилотларининг сифатни бошқариш тизимларини яратиш ва жорий этиш масалалари бўйича консалтинг фаолиятини амалга оширади;

тиббиёт стандартлари ва нормативларини жорий этиш юзасидан тиббиёт ташкилотлари фаолиятини, сифатни бошқариш тизимларини, соғлиқни сақлашни молиялаштириш бўйича янги моделларни, шу жумладан, мажбурий ва ихтиёрий тиббий суғурта қилиш тизимлари жорий этилишини назорат қилиш ва аудитдан ўтказишда иштирок этади;

мажбурий ва ихтиёрий тиббий суғуртани жорий этишда соғлиқни сақлашни бошқариш органларига кўмаклашади, мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

илғор хорижий тажриба асосида бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий ёрдам кўрсатувчи барча даражалардаги тиббиёт ташкилотларини рейтинг баҳолаш методикасини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади, шунингдек, ушбу баҳолаш доимий асосда ўтказилишини таъминлайди;


л) хусусий хорижий инвестицияларни, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб этиш мақсадида давлат-хусусий шерикликнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат соғлиқни сақлашга жорий этиш, шунингдек, хусусий соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантириш соҳасида:

давлат-хусусий шериклик соҳасида илғор хорижий ва маҳаллий тажрибани ўрганади, унинг ҳуқуқий ва методик базасини такомиллаштиришда иштирок этади, хусусий тиббиётни ривожлантиришга кўмаклашади;

соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий ва давлат-хусусий тузилмалар тармоғини режалаштиришда ва шакллантиришда, шу жумладан, тиббий, сервис ва қўшимча ишларни бошқаришда (хизматларни кўрсатишда) иштирок этади;


м) соғлиқни сақлаш масалалари бўйича хорижий (халқаро) тиббиёт ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, республика соғлиқни сақлаш тизимига грант, кредит, донорлик ва бошқа маблағларни жалб қилиш мақсадида учрашувлар, музокаралар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, шунингдек, улардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш соҳасида:

ижтимоий соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш ва республика аҳолисининг фаровонлигини ошириш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш бўйича тадбирларни ташкил қилади ва ўтказади;

етакчи жаҳон рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади ва республика тиббиёт ташкилотлари ушбу рейтингларга кириши юзасидан уларга ҳар томонлама ёрдам беради;

республика соғлиқни сақлаш тизимига грант, кредит, донорлик маблағларини ва бошқа маблағларни жалб қилади;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан, лойиҳаларни амлага ошириш учун ажратилган молиявий маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича қўшма ва халқаро лойиҳалар амалга оширилишини назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш тадбирларида иштирок этади;


н) шу жумладан, бизнес режаларни ишлаб чиқиш йўли билан республика соғлиқни сақлашининг хусусий тизимини ривожлантиришга инвестиция қўйиш масалалари бўйича потенциал инвесторларга, айниқса хорижий инвесторларга ахборот, маслаҳат, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, ташаббус кўрсатиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини жалб қилиш соҳасида:

тижорат асосида маркетинг таҳлиллари ва тадқиқотлар олиб боради, консалтинг фаолиятини амалга оширади, ташкилотларга, шу жумладан, хорижий ташкилотларга маҳаллий тиббиёт ва фармацевтика бозорини таҳлил қилиш ва ўрганиш бўйича ахборот, ҳуқуқий ва бошқа турда ёрдам кўрсатади;

соғлиқни сақлаш соҳасида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

алоҳида ҳудудлардаги мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари тармоғини, жаҳон ва мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш тенденцияларини, мавжуд кадрлар салоҳиятини, мижозларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тижорат асосида давлат ва нодавлат тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари учун бизнес-режаларни ишлаб чиқади.



3-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТАНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Миллий палата ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Миллий палатага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда киритиш;

Миллий палата ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Миллий палата ваколатига тааллуқли масалаларни таҳлил қилиш ва ҳал этиш учун зарур бўлган таҳлилий, статистик ва бошқа маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим, илмий ва ахборот-таҳлил муассасаларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат тиббиёт ташкилотлари ва тиббий таълим муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини, тиббий таълим турлари бўйича ўқув режалари ва дастурлар давлат таълим стандартларига, давлат талабларига ва малака талабларига мувофиқлигини белгиланган тартибда текшириш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳайъати мажлисларида ва бошқа йиғилишларида иштирок этиш;

Миллий палата ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича идоравий мансублигидан қатъи назар соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарларини, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ва экспертларини жалб қилиш ва ҳисоботларини эшитиш;

соғлиқни сақлаш тизимини инновацион ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

Миллий палата фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган масалалар бўйича тадбирлар ўтказиш, таҳлилий материалларни тайёрлаш учун олимлар ва мутахассисларни, илмий ва бошқа ташкилотларни белгиланган тартибда, шу жумладан, шартнома асосида жалб қилиш, ушбу мақсадлар учун эксперт гуруҳлари ташкил қилиш;

Миллий палатанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги таркибий бўлинмалари (кейинги ўринларда таркибий бўлинмалар деб аталади) раҳбарлари ва мутахассислари иштирокида амалий йиғилишлар ўтказиш;

тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ташкилотларнинг муассиси бўлиш; соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича тўлов-контракт асосида хизматларни ва соғлиқни сақлаш соҳасида бошқа ўқув турларини ташкил қилиш;

Миллий палата ваколатига тааллуқли масалалар бўйича тиббиёт ходимларини, бошқа соҳа ва тармоқларнинг ихтисосли мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим муассасаларига таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро даражада белгиланган тартибда ифодалаш, шу жумладан, Миллий палата ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро шартномалар ва битимлар тузиш;

давлат ва халқаро илмий-техник дастурлар доирасида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун грантлар, донорлик дастурлари олишга танловларда иштирок этиш;

халқаро молия институтларининг имтиёзли молиялаштиришини ва қарз маблағларини жалб қилиш;

ўзининг илмий ва инновацион фаолиятини амалга ошириш жараёнида ташкил қилинган интеллектуал мулк объектларига муаллифлик ҳуқуқларини олиш ва улардан фойдаланиш;

аҳолининг декретирланган гуруҳлари, шу жумладан, фаолияти озиқ-овқат хомашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, аҳолига коммунал ва маиший хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган шахслар учун ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиеник ўқитиш бўйича пулли курслар ташкил қилиш;

қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва нусхасини кўпайтириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида миллий валютада шахсий ғазна ҳисобварақларига, шунингдек, тижорат банкларида валюта ҳисобрақамларига, тижорат банкларида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг миллий ва хорижий валюталардаги ҳисобрақамларига эга бўлиш;

хўжалик фаолияти ёки бошқа фаолият натижасида олинган, Миллий палатага тегишли бўлган мулкка, интелектуал маҳсулотларга, даромадларга, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда сотиб олинган бошқа мулкка эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш;

Миллий палата ва унга идоравий мансуб тузилмаларнинг давлат мулкини ўз ташкилий тузилмаси доирасида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан бир бўлинмадан бошқа бўлинмага белгиланган тартибда бериш;

белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, даврий нашрлар чиқариш.

Миллий палата ушбу Низомга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Миллий палата:

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион модели жорий этилишининг стратегик мақсадларига сўзсиз эришилишини таъминлаш;

Миллий палата ваколатларига кирадиган масалалар бўйича ишлаб чиқилган таклифларнинг комплекслилиги, асосланганлиги ва амалий аҳамияти учун жавоб беради.

Миллий палата ва унинг мансабдор шахслари уларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТА ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Миллий палатага Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Миллий палата раиси меҳнат, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш шартлари бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига тенглаштирилади.


13. Миллий палата раиси:

Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

ҳар чоракда ўз фаолияти натижалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади;

давлат органлари ва ташкилотлари, илмий ва тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Миллий палатани ифодалайди ёхуд Миллий палата номидан ишончномалар ва ваколатлар беради;

ходимларнинг белгиланган сони доирасида штат жадвалини, шунингдек, белгиланган тартибда Миллий палата харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Миллий палатанинг таркибий бўлинмалари ҳамда уларнинг тузилмалари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

ходимларнинг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни ва уларнинг жавобгарлиги даражасини тақсимлайди;

Миллий палатанинг иш режалари ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаб Миллий палата раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини амалга оширади ва ташкил қилади;

Миллий палата номидан шартномалар, шу жумладан, меҳнат шартномалари тузади, Миллий палата ходимларини ишга қабул қилади, бошқа лавозимларга ўтказади ва ишдан бўшатади;

Миллий палата номидан халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар маблағлари жалб қилинишини назарда тутувчи шартномалар ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, белгиланган тартибда соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвестиция битимларини тузади ва имзолайди;

Миллий палата ходимларини фахрий ёрлиқлар билан мукофотлаш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилади, Миллий палатининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини бериш ва давлат мукофотлари билан тақдирлаш учун тақдим қилади;

Миллий палата ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилади, шу жумладан, уларнинг кейинчалик эгаллаб турган лавозимларда қолишининг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалаларни ҳал қилади, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чоралар амалга оширилишини таъминлайди;

Миллий палата тизими ходимлари томонидан Миллий палата тизими ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари талабларига риоя қилинишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Миллий палата фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳал қилади.


14. Миллий палата раисининг ўринбосари Миллий палата раиси томонидан лавозимга тайниланади ва лавозимдан озод қилинади.

Раис ўринбосари:

Миллий палатанинг мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларига бевосита раҳбарлик қилади;

Миллий палата ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши қарорлари, раиснинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлайди;

Миллий палатага юкланган вазифалар ва функцияларнинг унга бириктирилган масалалар бўйича бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Раис вақтинча бўлмаган вақтда унинг вазифаларини бажариш раиснинг биринчи ўринбосарига юкланади.



5-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТА ҲУЗУРИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СОҒЛИҚНИ

САҚЛАШНИНГ ИННОВАЦИОН МОДЕЛИНИ ЖОРИЙ

ЭТИШ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ


15. Соғлиқни сақлашни инновацион ривожлантириш муаммоларини ҳар томонлама илмий таҳлил қилиш мақсадида Миллий палата ҳузурида Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ташкил этилади.

Кенгашга Миллий палата раиси бошчилик қилади ва у соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари орасидан шакллантирилади.

Кенгаш Миллий палатанинг соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.

Кенгашнинг таркиби, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартиби Миллий палата раиси томонидан тасдиқланадиган Кенгаш ҳақидаги низом билан белгиланади.



6-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТА ҲУЗУРИДАГИ

ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


16. Миллий палата ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда маблағлари тижорат банкларида миллий ва хорижий валюталарда махсус ҳисобрақамларида жамланадиган Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этилади.


17. Жамғарма фаолиятини бошқаришни Миллий палата раиси амалга оширади.


18. Раис Жамғарма фаолиятини бошқаришда:

Кенгашга Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича таклифлар тақдим этади;

кейинги молия йилига жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлаш учун, шунингдек, уларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги таклифларни Кенгашга киритади;

Жамғарма фаолиятини Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини белгиланган тартибда текширишни ташкил этади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;

ярим йилда камида бир марта Кенгашга Жамғарма маблағларидан фойдаланилганлиги ҳақида ҳисобот тақдим қилади;

Жамғарма маблағларидан самарали фойдаланиш ва тушумларни ошириш, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


19. Миллий палата белгиланган тартибда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари юзасидан алоҳида ҳисоб ва ҳисобот юритади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Жамғарма маблағларидан фойдаланганлиги ҳақида ҳар чоракда ҳисобот тақдим қилади.

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасини тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан мақсадли фойдаланиш тартибига риоя қилиш учун жавобгарлик Миллий палата раисига юкланади.

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат қилиш давлат молиявий назорати органларига юкланади.


20. Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Врачлар ва провизорлар рўйхатдан ўтказилганлиги, шунингдек, уларнинг фаолияти лицензияланганлиги учун тушадиган маблағлар;

шартнома асосида пулли хизматлар кўрсатишдан ва бошқа хўжалик фаолияти амалга оширилганлиги учун тушадиган тушумлар;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


21. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:

Миллий палата фаолиятини моддий-техник таъминлаш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш;

халқаро стандартларга мувофиқ илғор тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини ташкил этиш, шунингдек, уларни замонавий ускуналар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш;

замонавий клиник қўлланмалар ва баённомалар, ташхис қўйиш ва даволаш сифати стандартлари, тиббиёт ташкилотларини моддий-техник жиҳозлаш стандартлари ишлаб чиқилиши ва жорий этилишини ташкил этиш;

республиканинг тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари бинолари, иншоотлари ва бошқа инфратузилмаларини қуриш учун қайтариб бериш ва имтиёзли асосларда маблағлар бериш, уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, шу жумладан, лизинг шартларида жиҳозлаш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини, шу жумладан, чет элда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, республикада ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштириш;

республика врачлари ва провизорларининг ягона умум фойдаланувдаги электрон маълумотлар базасини ташкил этиш ва юритиш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида хайр-эҳсон фаолиятини амалга ошириш;

Миллий палатага юкланган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилган бошқа тадбирларни молиялаштириш.



7-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТА ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ ТАЪМИНЛАШ


22. Миллий палата ходимларини моддий таъминлаш Жамғарма маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартибига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади ҳамда Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларининг лавозим маошларига рағбатлантирувчи тусдаги ҳар ойлик устама ва қўшимча ҳақларни ўз ичига олади.


23. Миллий палата ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофот пуллари, қўшимча ҳақ, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантирувчи тўловлардан иборат.

Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари учун, тегишли равишда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.


24. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларига қуйидаги тўловлар тўланади:

лавозим маошига мувофиқ иш ҳақи;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат хизматчилари учун назарда тутилган лавозим маошига ҳар ойлик 20 фоизли устама (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти);

бир йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг икки баравари миқдорида мукофот;

бир йилда бир марта меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг бир ойлиги миқдорида моддий ёрдам;

йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантириладиган ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобига шахсий устамалар.

Миллий палата ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларини моддий мукофотлаш ва рағбатлантириш бўйича бошқа харажатлар Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


25. Миллий палата раиси фаолият самарадорлигининг энг юқори кўрсаткичларини таъминловчи ходимларга Миллий палатани таъминлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобига бўшайдиган (фойданилмайдиган) маблағлар ҳисобига улар лавозим маошининг икки баравари миқдорда шахсий устамалар белгилашга ҳақлидир.



8-БОБ. МИЛЛИЙ ПАЛАТАНИНГ

ҲИСОБОТ БЕРИШИ


26. Миллий палата раиси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


27. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти Миллий палатага юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича унинг фаолиятининг доимий мониторингини олиб боради, Миллий палата фаолияти самарадорлигини холисона баҳолайди.


28. Мониторинг ва фаолиятни баҳолаш якунларига кўра Миллий палатанинг мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан юкланган вазифалар виждонан ва ўз вақтида бажарилганлиги учун рағбатлантириш ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимдан озод қилишгача жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29. Миллий палатани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 апрель