Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Синов лабораторияларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.04.2019 й. 348-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 апрелдаги

348-сон қарорига

3-ИЛОВА



Синов лабораторияларини ташкил этиш

ва уларнинг фаолият кўрсатиш соҳасида

давлат-хусусий шериклик тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом синов (ўлчов) лабораторияларини (кейинги ўринларда давлат-хусусий шериклик деб аталади) ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилган:


давлат-хусусий шериклик - синов (ўлчов) лабораторияларини ташкил қилиш ва фаолиятини йўлга қўйиш соҳасида хусусий инвестицияларни жалб қилиш, ресурсларни бирлаштириш ва таваккалчиликларни тақсимлаш мақсадида давлат ва хусусий шерикларнинг белгиланган муддатга юридик расмийлаштирилган ҳамкорлиги;


давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим (кейинги ўринларда битим деб аталади) - томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ижро этишнинг бошқа шартларини белгилаб берадиган давлат ва хусусий шериклар ўртасида тузилган ёзма шартнома;


давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонлари (кейинги ўринларда - томонлар деб аталади) - давлат шериги ва хусусий шерик;


давлат шериги - Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаш агентлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар;


хусусий шерик - битим тузилган юридик ёхуд жисмоний шахс (инвестор). Хусусий шерик сифатида икки ёки ундан ортиқ юридик ёки жисмоний шахсларнинг бўлишига йўл қўйилади. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари хусусий шерик бўла олмайди, шунингдек, хусусий шериклар тарафида иштирок эта олмайди;


давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти (кейинги ўринларда объект деб аталади) - хавфсизлик, маҳсулот ва хизматлар сифатини таъминлаш мақсадида фойдаланилиши мумкин бўлган синов (ўлчов) лабораториялари;


давлат-хусусий шериклик лойиҳаси - муҳим давлат, ижтимоий, иқтисодий ва илмий-техник аҳамиятга эга бўлган маҳсулот ва хизматларнинг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш борасида инвестиция, инновация, инфраструктура ва бошқа тадбирлар мажмуаси.


3. Давлат-хусусий шериклик қуйидаги тамойилларга асосланади:

давлат сирини ташкил қилган ва қонун томонидан муҳофаза этиладиганбошқа сирларни ташкил қилувчи маълумотларни истисно қилган ҳолда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва фойдаланиш мумкинлиги;

камситишнинг йўқлиги, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;

таваккалчиликлар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик томонлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шартномавий асоси.


4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, танлов ҳужжатлари, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳалари ва уларга киритилган ўзгартиришлар, давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шакллари, шунингдек, синов (ўлчов) лабораторияларини ташкил қилиш ва жалб қилиш шартлари мажбурий тарзда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни риовжлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) билан келишилиши лозим.


5. Давлат-хусусий шериклик қуйидаги мезонларга жавоб бериши шарт:

узоқ муддатли бўлиши;

битим объектини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, ривожлантириш, бошқариш, таъминлашга тегишли бўлиши;

хусусий шерик томонидан молиялаштирилиши;

давлат ва хусусий шериклар ўртасида таваккалчиликлар ва жавобгарликнинг тақсимланиши.


6. Давлат-хусусий шериклик давлат шеригининг хусусий шерикка қуйидагиларни тақдим этиш шакллари орқали амалга оширилади:

а) хусусий шерик томонидан қуйидагилар бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда биноларни тақдим этиш:

лаборатория хоналарини таъмирлаш (реконструкция қилиш), синовларни ўтказиш учун зарур шароитларни яратиш;

замонавий синов ва ўлчов ускуналари билан жиҳозлаш;

лабораторияларнинг тўлақонли фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаш;

лаборатория ускуналарига техник ва сервис хизмати кўрсатиш;

халқаро стандартларга мувофиқ маҳсулотни синовдан ўтказишнинг усулларини жорий қилиш;

халқаро талабларга мувофиқ ҳолда лаборатория ходимларини ўқитиш ва малакасини ошириш;

лабораторияни халқаро даражада аккредитациядан ўтказиш ва синовларнинг (ўлчовларнинг) натижаларини хорижда тан олинишини таъминлаш;

б) хусусий шерик томонидан қуйидаги инвестиция мажбуриятлари олинган ҳолда ер участкаларини тақдим этиш:

янги лаборатория корпусларини қуриш;

туташ ҳудудни ободонлаштириш;

мазкур банднинг " кичик бандида кўзда тутилган мажбуриятлар;

в) Агентлик билан келишилган бошқа шакллар.


7. Давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини таклиф этиш битимни тузиш учун асос ҳисобланади.


8. Юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан белгиланган ер участкаларини кўриб чиқиш ва тақдим этиш тартиби хусусий шерикларга мазкур Низомда кўзда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун мўлжалланган лаборатория хоналарини тақдим этиш тартибига нисбатан жорий этилмайди.



2-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАСИНИ ТАКЛИФ ЭТИШ ТАРТИБИ


9. Давлат шериги тадбиркорлик субъектларига қулай шароитларни яратиш мақсадида ва саноат тармоқларининг синов имкониятларини кенгайтириши учун Агентлик билан келишган ҳолда танлов эълон қилиш орқали давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилиши мумкин.


10. Давлат шериги танлов бошланишидан ўттиз кун олдин мажбурий тартибда, ўз расмий веб-сайти ва оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонни жойлаштиради.


11. Танлов ҳақидаги эълон қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:

давлат шеригининг номи ва юридик манзили, унинг боғланиш учун телефони ва электрон почта манзили;

объектнинг номи, жойлашган жойи, сони, тавсифи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартлари;

давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шаклларидан келиб чиққан ҳолда талаб этиладиган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кичик ҳажми;

танловни ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

танлов таклифлари қабул қилинадиган охирги муддат (куни ва соати кўрсатилган ҳолда).


12. Хусусий шерик сифатида танловда иштирок этиш учун юридик ёки жисмоний шахс (инвестор) давлат шеригига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза беради:

юридик шахснинг рўйхатдан ўтгани ҳақида гувоҳнома (тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бундан мустасно), жисмоний шахснинг манзили ва шахсий маълумотлари;

хусусий шерикнинг соф активлари тўғрисидаги маълумот, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг молиявий имкониятини тасдиқловчи лойиҳа қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағлари ва бошқа ташкилотнинг кафиллиги;

инвестиция лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлари.

Қайта ташкил этилаётган, тугатилаётган ва/ёки тўловга қобилиятсизлик ҳолатида бўлган, мол-мулки хатловга олинган даъвогарларнинг танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Аризани мазкур Низомда кўзда тутилган талаблар бузилган ҳолда тақдим қилинганлиги аниқланганда, ҳужжат талабгорга бир кун мобайнида қайтарилади.


13. Танлов ғолиби давлат шериги томонидан тузилган идоралараро танлов комиссияси томонидан аниқланади.


14. Танлов таклифи давлат-шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун энг мақбул деб ҳисобланган иштирокчи танлов ғолиби деб тан олинади.

Шунингдек, танлов якунлари бўйича таклифларининг параметрлари танлов шартларига мос келадиган, бироқ танлов ҳужжатларига мувофиқ ғолиб томонидан таклиф этилган параметрлар даражасидан пастроқ бўлган захирадаги ғолиб аниқлаб олинади.

Танлов ғолиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган муддатларда имзолашни рад этса ёки имзолашдан бўйин товласа, захирадаги ғолиб билан тегишли битим тузишга рухсат берилади. Танловнинг захирадаги ғолиби билан битим танлов ғолиби билан битим тузиш тартибига ўхшаш тартибда тузилади.


15. Давлат шериги танлов якунлари бўйича қарор қабул қилинган кунда ўз расмий веб-сайтига ахборот жойлаштириш орқали танлов натижалари ҳақида танлов иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.


16. Танлов иштирокчиси қабул қилинган қарорга рози бўлмаган тақдирда, у қарор бўйича судда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. БИТИМНИ ТУЗИШ, ЎЗГАРТИРИШ,

ТЎЛДИРИШ, ШУНИНГДЕК, БЕКОР

ҚИЛИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


17. Идоралараро танлов комиссиясининг ижобий қарори асосида давлат шериги ва хусусий шерик қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига риоя қилган ҳолда битим тузади.


18. Битимда уни амалга ошириш шаклига қараб, қуйидагилар акс эттирилган бўлиши керак:

хусусий инвестициялар объекти ва ҳажми;

битимнинг амал қилиш шартлари;

битим объектининг фойдаланишга топширилиш муддатлари;

битим томонларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, пудрат ишлари учун шартномалар тузиш муддатлари, лойиҳани молиялаштириш манбалари, амалга ошириш жадваллари, лойиҳа бажарилиши юзасидан техник назорат қилиш тартиби тўғрисида ахборот;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг бажарилиши бўйича мониторинг ўтказиш ва уни амалга ошириш даражасини баҳолаш тартиби;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида тақдим этиладиган объектларнинг сифатига қўйиладиган талаблар;

хусусий шерик томонидан ўз мажбуриятларини бажариш жараёни тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш тартиби ва муддатлари;

давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида битим тузиш билан боғлиқ таваккалчиликларни тақсимлаш тартиби ва шартлари;

давлат шериги томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўтказиб бериладиган лаборатория ва ускуналарга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби;

битим объектидан фойдаланиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни лойиҳалаштириш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, модернизациялаш тартиби;

битимнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин битимни ижро этиш жараёнида яратилган объектга ва бошқа мулкка доир ҳуқуқларни тақсимлаш тартиби;

битим шартларига риоя қилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

битимни бекор қилиш тартиби, шунингдек, битимни муддатидан олдин бекор қилиш натижасида етказилган зарарларнинг ўрнини тўлдириш ёки қоплаш тартиби;

хусусий шерик томонидан мажбуриятлар бажарилмаслиги ёки тегишлича бажарилмаслиги учун санкциялар;

битимни амалга оширишда юзага келадиган низоларни ҳал қилиш тартиби.

Битимда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар ҳам келтирилиши мумкин.


19. Битимни имзолашга тайёрлаш учун давлат шериги танлов тугаган кундан бошлаб уч иш куни давомида хусусий шерикка битим лойиҳасининг матнини тақдим этади.


20. Агар зарур бўлса, битим қоидаларини давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида келишиб олиш мақсадида музокаралар ўтказилади.


21. Битим давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида икки нусхада, томонларнинг ҳар бири учун биттадан нусхада имзоланади.


22. Битим томонлар тарафидан имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради ва битим муддати тугашигача ёки бекор қилинишигача амал қилади.


23. Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар қуйидаги ҳолларда киритилиши мумкин:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

давлат шеригининг талаби бўйича - давлат шериги ва хусусий шерикнинг шартнома асосидаги муносабатларига доир стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ўзгариши муносабати билан;

суднинг қарори бўйича.


24. Битим қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

томонларнинг ўзаро розилиги билан;

хусусий шерикнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатида ва/ёки тугатилган тақдирда;

давлат шеригининг талаби бўйича - хусусий шерик ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда;

хусусий шерикнинг талаби бўйича - давлат шериги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда.

Ушбу банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда битим суд орқали бекор қилинади.


25. Битим унинг амал қилиш муддати тугагандан кейин тўхтатилади.

Битимнинг амал қилиш муддати тўхтатилиши томонларни уни бузганлик учун жавобгарликдан озод қилмайди.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Агар зарур бўлса, томонларнинг ўзаро розилигига кўра, давлат-хусусий шериклик битимига қўшимча келишувни талаб қилган лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш қисмига доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


27. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.






Низомга

ИЛОВА



Синов лабораторияларини ташкил этиш ва уларнинг

фаолият кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шериклик

тўғрисида битим тузиш учун танлов ўтказиш

СХЕМАСИ

  

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

       

1-босқич


Давлат шериги


Расмий сайтда ва оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказилаётгани тўғрисидаги эълонни жойлаштириш.


танлов бошланишидан ўттиз календарь кунидан аввал

     

2-босқич


Талабгор


Низом талабларига мувофиқ давлат шеригига ариза ва унга бириктирилган ҳужжатларни (кейинги ўринларда ариза деб аталади) бериш.


Танлов эълон қилинган кундан ўттиз календарь кун мобайнида

     

3-босқич


Давлат шериги


Аризани мазкур Низом талабларига мувофиқлигига текшириш, Низом талаблари бузилган ҳолларда аризани қайтариш.


Бир иш куни мобайнида

  

4-босқич


Танлов комиссияси


Ўтказилган танлов натижалари бўйича қарор қабул қилиш.


Етти иш куни мобайнида

   

5-босқич


Давлат шериги


Ўзининг расмий веб-сайтида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш йўли билан иштирокчиларни хабардор этиш.


Қарор қабул қилинган кунда








6-босқич


Давлат шериги ва хусусий шерик


Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузиш.


Танлов комиссиясининг ижобий қарори қабул қилинган кундан кейин ўн иш куни мобайнида

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 апрель